ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АДЛИЯ ВАЗИРИНИНГ
БУЙРУҒИ
АДВОКАТЛАРНИНГ КАСБИЙ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2009 йил 6 октябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2012]
Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2020 йил 19 декабрдаги 279-мҳ-сонли ««Адвокатларнинг касбий малакасини оширишни ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги буйруқ, шунингдек унга ўзгартиришларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 2012-4, 21.12.2020 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 27 августдаги 370-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисидаги низомга (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 15-16-сон, 138-модда) мувофиқ буюраман:
Кейинги таҳрирга қаранг.
1. Ўзбекистон Республикаси «Адвокатура тўғрисида»ги Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 2-сон, 48-модда) 7-моддасига мувофиқ адвокат ҳар уч йилда камида бир марта касбий малакасини ошириши шартлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки:
адвокатларнинг касбий малакасини ошириш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш марказида ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда фақат кундузги шаклда амалга оширилади;
адвокатларнинг малака ошириш муддатининг давомийлиги икки ҳафтадан кам бўлиши мумкин эмас;
синовларни муваффақиятли топширган адвокатга белгиланган намунадаги сертификат берилади;
адвокатнинг малака оширишдан бўйин товлаши ҳамда ўқиш якунлари бўйича синовлардан ўтолмаслик ҳолати Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги малака комиссияси томонидан кўриб чиқилади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
адвокат томонидан охирги уч йил ичида ўзининг касбий малакасини оширмаслик тарзида адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларининг бузилиши унинг адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиясининг амал қилишини қонунчиликда ўрнатилган тартибда тугатишга асос бўлади.
3. Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази билан келишган ҳолда Адвокатларнинг касбий малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тавсия этилсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари адвокатлар томонидан касбий малакасини оширишга доир қисми бўйича лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан доимий назорат олиб борсинлар.
5. Мазкур буйруқ давлат рўйхатига олинсин ва бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идоралари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг Давлат реестрига тегишли ёзув киритилсин.
6. Қонун ҳужжатларини туркумлаш ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси (Д. Саъдуллаев) ҳамда Нотариат, ФҲДЁ ва адвокатура бошқармаси (Д. Якубова) ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ўн кун муддат ичида барча манфаатдор шахслар эътиборига етказилиши ва «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами» — «Собрание законодательства Республики Узбекистан»да нашр этилишини таъминласин.
7. Мазкур буйруқ давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.
8. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилиш вазир ўринбосари Е. Каньязов зиммасига юклансин.
Вазир Р. МУҲИТДИНОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 6 октябрь,
221-мҳ-сон
Келишилган:
Адвокатлар палатаси раиси в.б. Р. АХМЕДОВ
2009 йил 6 октябрь
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 41-сон, 444-модда; 2011 й., 40-сон, 444-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.05.2018 й., 10/18/2012-2/1250-сон, 30.09.2019 й., 10/19/2012-3/3844-сон)