Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг
Қарори
ТЎЛОВ ТЕРМИНАЛЛАРИ БИЛАН ЖИҲОЗЛАШ ВА АҲОЛИ БИЛАН ПУЛ ҲИСОБ-КИТОБЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШДА УЛАРНИ ҚЎЛЛАШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2009 йил 27 июлда 1986-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2021 йил 10 мартдаги 28/17-сонли ва Давлат солиқ қўмитасининг 2021 йил 1 мартдаги 2021-08-сонли ««Тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ва аҳоли билан пул ҳисоб-китобларини амалга оширишда уларни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарор, шунингдек унга ўзгартириш ва қўшимчаларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 1986-4, 03.04.2021 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси, 1995 й., 12-сон, 247-модда) 7-моддаси, Ўзбекистон Республикаси «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 9-сон, 232-модда) 7-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 23 майдаги 147-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарорининг (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 22-сон, 258-модда) 2-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви ва Давлат солиқ қўмитаси қарор қиладилар:
1. Тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ва аҳоли билан пул ҳисоб-китобларини амалга оширишда уларни қўллаш тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.
Марказий банк раиси Ф. МУЛЛАЖОНОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 20 июнь,
18/1-сон
Давлат солиқ қўмитаси раиси Б. ПАРПИЕВ
Тошкент ш.,
2009 йил 20 июнь,
2009-20-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви ва Давлат солиқ қўмитасининг 2009 йил 20 июндаги 18/1, 2009-20-сонли қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ва аҳоли билан пул ҳисоб-китобларини амалга оширишда уларни қўллаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида» (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси, 1995 й., 12-сон, 247-модда), «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 9-сон, 232-модда) қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 6 апрелдаги ПҚ-1090-сонли «Тижорат банклари депозитларига аҳоли ва хўжалик субъектлари бўш пул маблағларини жалб этишни янада рағбатлантириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 15-сон, 181-модда), 2006 йил 3 августдаги ПҚ-433-сонли «Пластик карточкалар асосида нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизимини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 31-32-сон, 309-модда) қарорлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 23 майдаги 147-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 22-сон, 258-модда), 2004 йил 24 сентябрдаги 445-сонли «Пластик карточкалар асосида ҳисоб-китоб қилиш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами, 2004 й., 9-сон, 94-модда) қарорларига мувофиқ савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ва аҳоли билан пул ҳисоб-китобларини амалга оширишда уларни қўллаш тартибини белгилайди.
I. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
банк пластик карточкаси — унинг эгасига банк ҳисобварағи бўйича операцияларни, шу жумладан ҳисобварақ орқали нақд пулсиз ҳисоб-китобларни (тўловларни) амалга ошириш ва ундан нақд пул маблағларини олиш имконини берувчи электрон тўлов воситаси;
савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари — мулкчилик шаклларидан, сотув ҳажмидан, иншоотнинг ўлчамидан ва ҳоказолардан қатъи назар, товарлар сотиш ва хизматлар кўрсатишга мўлжалланган (мослаштирилган) жой ёки иншоот;
Кейинги таҳрирга қаранг.
слип — банк пластик карточкасидан фойдаланган ҳолда операция ўтказилганлигини тасдиқловчи ва ўзида операция суммаси, тури, санаси, шунингдек банк пластик карточкасини ҳамда ушбу слипни шакллантирган терминални идентификация қилиш имконини берувчи ахборотларни акс эттирувчи терминал квитанцияси;
тўлов терминали — товарлар (ишлар, хизматлар) учун тўловларни банк пластик карточкаси орқали нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилиш имкониятини берувчи ва бажарилган операциялар бўйича слипларни шакллантирувчи қурилма.
II. Савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини тўлов терминаллари билан жиҳозлаш тартиби
2. Қуйидаги савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида тўлов терминали мажбурий ўрнатилиши лозим:
авиация ва темир йўллар патталарини сотиш кассалари;
уй-жой коммунал хизматлар кўрсатувчи корхоналар ҳузурида очилган аҳолидан тўловларни қабул қилиш шохобчалари;
телефон, шу жумладан уяли алоқа телефонлари хизматлари учун тўловларни қабул қилиш шохобчалари;
аҳолидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни қабул қилиш шохобчалари;
автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари;
савдо зали майдони 150 квадрат метрдан ортиқ бўлган турғун савдо шохобчалари;
ресторанлар;
иш ҳақи тўлаш пластик карточкалардан фойдаланиб амалга ошириладиган корхоналар ва муассасалардаги умумий овқатланиш объектлари;
меҳмонхоналар;
алоқа бўлимлари.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Савдо ва хизмат кўрсатиш объекти раҳбари ўз савдо ва хизмат кўрсатиш объектига ўрнатиш учун тўлов терминалларини ажратиш бўйича ёки ўзида мавжуд бўлган тўлов терминалларига дастурий таъминотни ўрнатиш (банк пластик карточкалари бўйича тўловларни амалга оширувчи тизимга уланиш) юзасидан хизмат кўрсатувчи тижорат банкига ёзма мурожаат қилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Ёзма мурожаатлар ушбу Низомнинг 2-бандида келтирилган савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари раҳбарлари томонидан тижорат банкларида талаб қилиб олингунча асосий депозит ҳисобварағини очган кундан бошлаб ёки тўлов терминали мажбурий ўрнатилиши лозим бўлган ҳолатлар вужудга келган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида амалга оширилиши керак.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Тижорат банклари тўлов терминалини ажратиш бўйича мурожаатлар келиб тушган кундан бошлаб бир ой муддат ичида тўлов терминалларини ажратади.
Савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг ўзларида мавжуд бўлган тўлов терминалига дастурий таъминотни ўрнатиш юзасидан қилинган мурожаатлар бир ҳафта муддат ичида кўриб чиқилади ва уларга тегишли дастурий таъминотлар ўрнатилади.
Тўлов терминаллари билан жиҳозланган савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари тўғрисидаги маълумотлар тижорат банклари томонидан давлат солиқ хизмати органларига тақдим этиб борилади.
6. Тижорат банклари савдо ва хизмат кўрсатиш объектларига тўлов терминалларини ижарага бериши ёки уларни сотиб олиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кредит ажратиши ёхуд улар билан лизинг шартномаси тузиши мумкин.
Айланма маблағлар тақчиллигига дуч келаётган чакана савдо ва хизматлар соҳаси ташкилотларининг тўловларни банк пластик карточкалари орқали қабул қилиш бўйича тўлов терминаллари сотиб олиши учун тижорат банклари ўз мижозларининг сўровлари бўйича имтиёзли кредитлар (Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасининг 50 фоизи ставкаси бўйича) бериш чора-тадбирларини кўриши лозим.
III. Пул ҳисоб-китобларини амалга оширишда тўлов терминалларидан фойдаланиш тартиби
7. Тўлов терминаллари ўрнатилган савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда тўловларни қабул қилишлари шарт.
8. Савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг сотувчи-ходимлари тўлов терминалларидан фойдаланиш тартибини билиши лозим. Савдо ва хизмат кўрсатиш объекти раҳбари сотувчи-ходимни тўлов терминалларидан фойдаланиш тартиби билан таништириши шарт.
9. Савдо ва хизмат кўрсатиш объектларига хизмат кўрсатувчи тижорат банки тўлов терминалларидан фойдаланиш юзасидан уларга тушунтириш беради ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари билан тўлов терминалидан фойдаланиш бўйича шартнома (битим) тузади.
10. Савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари раҳбарлари тўлов терминалларининг узлуксиз ишлашини таъминлашлари шарт.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Тўлов терминали техник ёки дастурий носоз ҳолатга келиб қолганда, савдо ва хизмат кўрсатиш объекти раҳбари бу ҳақда бир кундан кечиктирмасдан давлат солиқ хизмати органига ва хизмат кўрсатувчи тижорат банкига ёзма равишда хабар бериши шарт.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари раҳбарлари ўн кун муддат ичида тўлов терминалларини соз ҳолатга келтириш чораларини кўришлари лозим.
Хизмат кўрсатувчи тижорат банки савдо ва хизмат кўрсатиш объектларидан тўлов терминалларини асоссиз равишда олиб қўйишига йўл қўйилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
IV. Якуний қоидалар
11. Савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг сотувчи-ходимлари томонидан тўлов терминалларидан фойдаланишни билмаслик сабаби билан банк пластик карточкалари орқали тўловларни қабул қилмаслик ҳолати савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларининг бузилиши деб ҳисобланади.
Савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари сотувчи-ходимлари (масъул шахслар) томонидан тўлов терминалининг носозлиги баҳона қилиниб, банк пластик карточкалари орқали тўловлар қабул қилинмаса, улар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.
12. Банк пластик карточкалари орқали тўловлар амалга оширилганда товарлар (ишлар, хизматлар) нархлари асоссиз равишда оширилишига йўл қўйилмади.
13. Мазкур Низомнинг 2-бандида келтирилган савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари томонидан тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ҳамда улардан фойдаланиш талабларига риоя этилмаганлиги назорат-касса машиналарини ўрнатиш ҳамда фойдаланиш тартиби, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузишга тенглаштирилади, шунингдек улар зиммасига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарлик юкланади.
14. Савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида банк пластик карточкалари орқали тўловларни қабул қилиш бўйича тўлов терминалларининг мавжудлиги ва улардан мажбурий равишда фойдаланиш устидан назорат давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилади.
15. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси А. ШАЙХОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 15 июнь
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 30-31-сон, 351-модда; 2010 й., 23-сон, 190-модда; 2013 й., 14-сон, 187-модда; 2015 й., 6-сон, 76-модда)