ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ ВАЗИРИНИНГ
буйруғи
АКТУАР ХИЗМАТЛАРИНИ КЎРСАТИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2009 йил 26 июнда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 1975]
«Суғурта фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 й., 4-5-сон, 68-модда) ижросини таъминлаш мақсадида буюраман:
Кейинги таҳрирга қаранг.
1. Актуар хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтган кундан бошлаб ўн кундан кейин кучга киради.
Молия вазири Р. АЗИМОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 7 апрель,
42-сон
Молия вазирининг 2009 йил 7 апрелдаги 42-сонли буйруғи билан
ТАСДИҚЛАНГАН
ТАСДИҚЛАНГАН
Актуар хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
Мазкур Низом «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 й., 4-5-сон, 68-модда) мувофиқ актуар хизматларини кўрсатиш тартибини белгилайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
I. Умумий қоидалар
1. Актуар хизматлари мустақиллик, холислик, профессионал малакалилик ва махфийлик принциплари асосида амалга оширилади.
2. Мазкур Низом мақсадларида қўлланиладиган асосий тушунчалар:
актуарий — актуарий малака сертификатига эга бўлган жисмоний шахс;
Кейинги таҳрирга қаранг.
актуар ташкилот — актуар хизматларини кўрсатувчи ва ўз штатида камида битта актуарийга эга бўлган юридик шахс;
актуар текшируви — амалга оширилаётган суғурта ва инвестиция операцияларининг хавфлилик даражасини аниқлаш, шунингдек суғурталовчининг молиявий ҳолатини баҳолаш мақсадида суғурталовчининг суғурта ва молиявий фаолияти кўрсаткичларининг таҳлилини ўз ичига олувчи актуар хизматлари мажмуаси;
актуар кузатуви — суғурта воқеаси юз беришининг математик жиҳатдан эҳтимоллиги ҳисоб-китобини амалга ошириш, такрорийлик ва зарар етказилиш оқибатларининг оғирлик даражасини аниқлаш, суғурта захираларини ҳисоб-китоб қилиш, суғурта жараёнини ташкил этиш учун зарур харажатлар ҳажмини аниқлаш, суғурта хизматлари таннархини ҳисоб-китоб қилиш, суғуртанинг (қайта суғурта қилишнинг) ҳар бир тури бўйича тариф ставкаларини белгилаш, инвестиция фаолияти натижаларини баҳолаш, даромадларни суғуртанинг (қайта суғурта қилишнинг) ҳар хил турлари бўйича режалаштириш ва бошқа актуар хизматларини кўрсатишни ўзи ичига олувчи актуар хизматлари мажмуаси.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Суғурталовчилар йилига бир марта — ҳар бир молия йили тугаганидан кейин олти ой давомида молия йилидаги фаолият якунлари бўйича актуар ташкилотни актуар текширувини амалга ошириш учун жалб этишлари шарт.
Актуар текширувини амалга ошириш натижалари бўйича актуар ташкилот томонидан актуар ҳисоботи тузилади ва қуйидаги саволлар бўйича актуар хулосаси чиқарилади:
амалга оширилаётган суғурта операцияларининг хавфлилик даражаси;
амалга оширилаётган инвестиция операцияларининг хавфлилик даражаси;
суғурталовчининг молиявий ҳолати.
4. Актуар текшируви ўтказилаётганда актуар хизматларини мустақиллик ва холислик принциплари асосида кўрсатилишини таъминлаш учун қуйидаги шартларга риоя этилиши лозим:
актуар хизматларини кўрсатиш учун актуар ташкилотни жалб этаётган суғурталовчи ушбу актуар ташкилотнинг мулкдори, муассиси (акциядори) бўлмаслиги лозим;
суғурталовчига актуар хизматларини бевосита кўрсатувчи актуарий ушбу суғурталовчининг ходими бўлмаслиги ёки ушбу суғурталовчининг мулкдори, муассиси (акциядори), раҳбари билан яқин қариндош (ота-она, эр-хотин, ака-укалар, опа-сингиллар ва болалар, шунингдек эрнинг-хотиннинг ота-онаси, ака-укалари ва опа-сингиллари) бўлмаслиги лозим.
5. Актуар текшируви мазкур Низомнинг 4-бандида назарда тутилган шартлар бузилган ҳолда ўтказилганда, актуар текширувини амалга ошириш натижалари бўйича тузилган (чиқарилган) актуар ҳисоботи (актуар хулосаси) ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
6. Актуар текширувини амалга ошириш шартномасининг тарафи томонидан мазкур Низомнинг 4-бандида кўрсатилган ҳолатлар бошқа тарафдан яширилганда ушбу ҳолатларни яширган тараф бошқа тарафнинг шартномани тузиш ва ижро этиш билан боғлиқ барча харажатларини қоплаб беради.
7. Актуар ташкилот айнан бир суғурталовчида кетма-кет уч йилдан ортиқ актуар текширувини амалга оширишга ҳақли эмас.
8. Актуар кузатуви суғурталовчининг хоҳиш-истагига кўра амалга оширилади.
Актуар кузатуви ўтказилаётганда кўрсатиладиган актуар хизматларининг турлари ва ҳажмлари суғурталовчи томонидан белгиланади.
Актуар кузатувини ўтказиш натижалари бўйича актуар ташкилот томонидан актуар ҳисоботи тузилади ва актуар хизматларини кўрсатиш шартномасида назарда тутилган саволлар бўйича актуар хулосаси чиқарилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. Актуар ташкилотнинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.
Актуар хизматларининг мустақиллик ва холислик принциплари асосида кўрсатилишига тўсқинлик қилиш мақсадида актуарий, актуар ташкилот ва унинг ходимларига ҳар қандай шаклдаги таъсир ўтказиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарликка олиб келади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
II. Актуар хизматларини кўрсатиш тартиби ва шартлари
10. Актуар хизматлари суғурталовчи ва актуар ташкилот ўртасида ёзма шаклда тузилган шартнома асосида ва унга мувофиқ кўрсатилади. Бунда актуар текширувини ва актуар кузатувини битта шартнома доирасида кўрсатишга йўл қўйилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Актуар хизматларини кўрсатиш шартномаси қуйидаги муҳим шартларни назарда тутиши лозим:
актуар хизматларининг турлари ва ҳажмлари (шу жумладан, актуар хулосаси чиқарилиши лозим бўлган саволлар, шундайлар мавжуд бўлганда), шунингдек қиймати. Бунда актуар хизматлари ҳар бир турининг қиймати алоҳида кўрсатилади;
актуар хизматларини кўрсатиш муддати;
ўзаро ҳисоб-китоблар тартиби;
тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
тарафларнинг шартнома мажбуриятларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганликдаги жавобгарлиги;
низоларни ҳал этиш тартиби;
тарафларнинг реквизитлари;
шартнома тузилган сана ва жой.
12. Актуар хизматларини кўрсатиш шартномасининг тарафлари қуйидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга:
а) суғурталовчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Кейинги таҳрирга қаранг.
актуар ташкилотдан актуар хизматларини бевосита кўрсатадиган актуарийнинг малака сертификатини танишиб чиқиш учун тақдим этишини талаб этиш;
актуар хизматларини кўрсатиш натижалари бўйича актуар ҳисоботи ва актуар хулосасини олиш;
актуар ташкилотдан актуар хизматларини кўрсатиш давомида аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш бўйича маслаҳатлар ва тавсиялар олиш;
суғурталовчи қуйидагиларга мажбур:
Кейинги таҳрирга қаранг.
актуарийга актуар хизматларини кўрсатиш учун зарур бўлган ахборотни у талаб қилаётган тартибда ва ҳажмда тақдим этиш;
актуарийга (актуар ташкилотга) актуар хизматларининг мустақиллик ва холислик принциплари асосида кўрсатилишига тўсқинлик қилувчи ҳолатларнинг мавжудлиги ёки вужудга келганлиги тўғрисида хабар бериш;
б) актуар ташкилот қуйидаги ҳуқуқларга эга:
актуар ҳисоб-китобларнинг усулларини мустақил белгилаш;
суғурталовчидан актуар хизматларини кўрсатиш учун зарур бўлган ҳужжатлардан фойдаланиш ҳуқуқини сўраш, оғзаки ва ёзма тушунтиришлар ҳамда қўшимча маълумотларни олиш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
актуар ташкилот қуйидагиларга мажбур:
актуар хизматларининг мустақиллик ва холислик тамойиллари асосида кўрсатилишига тўсқинлик қилувчи ҳолатлар вужудга келганда, актуар хизматларини кўрсатиш имконияти йўқлиги тўғрисида суғурталовчига хабар бериш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
актуар хизматларини кўрсатиш давомида олинган ҳужжатларнинг сақланишини таъминлаш;
суғурталовчининг талабига кўра бевосита актуар хизматларини кўрсатадиган актуарийнинг малака сертификатини танишиб чиқиш учун тақдим этиш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
актуар хизматларини кўрсатиш давомида суғурталовчидан олинган махфий ахборотни тарқатмаслик, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Актуар хизматларини кўрсатиш шартномасининг тарафлари шартнома шартларига мувофиқ бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларга ҳам эга бўлишлари мумкин.
13. Актуар ташкилот актуар хизматларини сифатли ёки лозим даражада бажармаганлиги натижасида суғурталовчига етказган зарар учун суғурталовчи олдида жавобгардир.
Суғурталовчи томонидан тўлиқ бўлмаган ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар тақдим этилиши оқибатида актуар ташкилот актуар хизматларини сифатли ёки лозим даражада бажармаганлиги натижасида суғурталовчига етказган зарар учун суғурталовчи олдида жавобгар бўлмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
III. Актуар ҳисоботи
14. Актуар ҳисоботи икки нусхада тузилади (суғурталовчи ва актуар ташкилот учун биттадан), актуар хизматларини бевосита кўрсатган актуарий томонидан имзоланади, актуар ташкилотнинг раҳбари томонидан имзоланади ва ушбу ташкилотнинг муҳри билан тасдиқланади. Актуар ҳисоботининг варақлари рақамланган, тикилган ва актуар ташкилотнинг муҳри билан тасдиқланган бўлиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
15. Актуар ҳисоботидаги маълумот махфийдир.
16. Актуар ҳисоботи суғурталовчига актуар хизматларини кўрсатиш шартномасида назарда тутилган актуар хизматларини кўрсатиш муддати тугаганидан кейин 10 иш куни давомида тақдим этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
17. Актуар ҳисоботида актуар хизматларини кўрсатишнинг бориши, аниқланган хато ва камчиликлар тўғрисидаги батафсил маълумотлар, шунингдек актуар хизматларини кўрсатиш натижасида олинган бошқа маълумотлар акс эттирилади.
18. Актуар ҳисоботи қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:
ҳисоботнинг номи, тузилган санаси ва жойи;
кириш қисми;
таҳлилий қисми;
якуний қисми.
19. Актуар ҳисоботининг кириш қисмида актуар ташкилотнинг (шу жумладан, бевосита актуар хизматларини кўрсатган актуарийнинг фамилияси, исми, отасининг исми, малака сертификатининг серияси, рақами ва берилган санаси) ва суғурталовчининг (шу жумладан, суғурта фаолиятини амалга ошириш учун лицензиянинг серияси, рақами ва берилган санаси) реквизитлари, шунингдек актуар хизматларини кўрсатишнинг асоси ва суғурталовчи фаолиятининг умумий тавсифи баён этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
20. Актуар ҳисоботининг кириш қисмида қуйидагилар баён этилади:
актуар хизматларини кўрсатишнинг бориши тавсифи ва умумий натижалари;
актуар хизматларини кўрсатиш учун суғурталовчи томонидан тақдим этилган маълумотларнинг тавсифи;
Кейинги таҳрирга қаранг.
суғурталовчи молиявий йил бошига молиявий ҳолатининг базавий тавсифи, суғурталовчи томонидан олдинги актуар хизматларини кўрсатиш натижасида аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш бўйича амалга оширилган чоралар (актуар текшируви амалга оширилганда);
молиявий йил давомида амалга оширилган суғурта операцияларининг таҳлили, таваккалчилик сиёсатини, ушлаб қолиш сиёсатини, захираларни шакллантириш сиёсатини, тариф сиёсатини баҳолаш, суғурталовчи томонидан мажбуриятларни бажара олмаслик эҳтимолини олиб борилаётган суғурта операцияларининг таваккалчилик ўлчови сифатида баҳолаш (актуар текшируви амалга оширилганда);
молиявий йил давомида амалга оширилган инвестиция операцияларининг, инвестиция портфелининг диверсификацияси, қайтарилиши, фойдалилиги ва ликвидлигининг таҳлили, умумий инвестиция портфелида захираларнинг (ажратилган активларнинг) ҳолати (диверсификация, қайтарилиш, фойдалилик ва ликвидлик талабларига мувофиқ келган ҳолда) (актуар текшируви амалга оширилганда);
таҳлил, баҳолаш ва ҳисоб-китобнинг бошқа турлари;
актуар хизматларини кўрсатиш натижасида аниқланган хато ва камчиликлар, шундайлар мавжуд бўлганда;
актуарий ихтиёрига кўра бошқа ахборот.
21. Актуар ҳисоботининг якуний қисмида актуарийнинг хулосалари, маслаҳатлари ва таклифлари баён этилади (шу жумладан, актуар текшируви амалга оширилганда аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш бўйича, амалга оширилаётган суғурта ва инвестиция операцияларининг самарадорлигини ошириш, суғурталовчининг умумий молиявий ҳолатини яхшилаш бўйича маслаҳатлари ва таклифлари).
22. Актуар ҳисоботи бир-бирини истисно этувчи, бир-бирига зид бўлган ва янглиштирувчи фактларни, маълумотларни, хулосаларни ва уларнинг ҳар хил талқинларини ўз ичига олмаслиги лозим.
23. Била туриб ёлғон актуар ҳисоботларини тузиш қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка олиб келади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Актуар хизматларини кўрсатиш давомида актуарий томонидан олинган суғурталовчи ҳужжатларининг мазмунига мос келмайдиган актуар ҳисоботи била туриб ёлғон тузилган ҳисобланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
24. Актуар ҳисоботлари 5 йил давомида сақланади.
IV. Актуар хулосаси
25. Актуар хулосаси икки нусхада тузилади (суғурталовчи ва актуар ташкилот учун биттадан), актуар хизматларини бевосита кўрсатган актуарий томонидан имзоланади, актуар ташкилот раҳбари томонидан имзоланади ва ушбу ташкилотнинг муҳри билан тасдиқланади. Актуар хулосасининг варақлари рақамланган, тикилган ва актуар ташкилотнинг муҳри билан тасдиқланган бўлиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
26. Актуар хулосасининг тегишли нусхаси ва актуар ташкилот томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаси актуар ташкилот томонидан тегишлича суғурталовчига ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта назорати давлат инспекциясига (бундан буён матнда Давсуғуртаназорат деб юритилади) актуар хизматларини кўрсатиш шартномасида назарда тутилган актуар хизматларини кўрсатиш муддати тугаганидан кейин 10 иш куни давомида тақдим этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
27. Актуар хулосасини чиқариш учун зарур бўлган маълумотлар суғурталовчи томонидан тақдим этилмаганлиги оқибатида актуар текширувини амалга ошириш натижалари бўйича актуар хулосасини чиқариш имконияти бўлмаган тақдирда, актуар ташкилот энг қисқа, аммо актуар хизматларини кўрсатиш шартномасида назарда тутилган актуар хизматларини кўрсатиш муддати тугаганидан кейин 3 иш кунидан кечиктирмасдан Давсуғуртаназоратга актуар хулосасини чиқариш имконияти бўлмаганлигининг сабабларини кўрсатган ҳолда ёзма хабарнома тақдим этади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
28. Актуар хулосасида актуар хизматларини кўрсатиш шартномасида назарда тутилган саволлар юзасидан актуарийнинг фикри акс эттирилади.
29. Актуар хулосаси қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:
актуар хулосасининг номи, чиқарилган санаси ва жойи;
кириш қисми;
констатация қисми;
якуний қисми.
30. Актуар хулосасининг кириш қисмида актуар ташкилот (шунингдек, актуар хизматларини бевосита кўрсатган актуарийнинг фамилияси, исми, отасининг исми, актуарий малака сертификатининг рақами ва берилган санаси) ва суғурталовчининг (шунингдек, суғурта фаолиятини амалга ошириш учун берилган лицензия рақами, серияси ва берилган санаси) реквизитлари акс эттирилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
31. Актуар хулосасининг констатация қисмида қуйидагилар баён этилади:
актуар хулосаси чиқарилаётган саволлар;
актуарий фикрини тасдиқловчи суғурталовчи фаолиятининг кўрсаткичлари;
Кейинги таҳрирга қаранг.
аниқланган хато ва камчиликлар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар, шундайлар мавжуд бўлган тақдирда.
32. Актуар хулосасининг якуний қисмида кўрилаётган саволлар бўйича актуарийнинг фикри аниқ кўрсатилиши лозим.
33. Актуар хулосаси бир-бирини истисно этувчи, бир-бирига зид бўлган ва янглиштирувчи фактларни, маълумотларни, хулосаларни ва уларнинг ҳар хил талқинларини ўз ичига олмаслиги лозим.
34. Била туриб ёлғон актуар хулосаларини тузиш қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка олиб келади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Актуар хизматларини кўрсатиш давомида актуарий томонидан олинган суғурталовчи ҳужжатларининг мазмунига мос келмайдиган актуар хулосаси била туриб ёлғон тузилган ҳисобланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
35. Актуар хулосалари 5 йил давомида сақланади.
V. Якуний қоидалар
36. Актуар хизматларини кўрсатиш шартномасини тузиш ва ижро этиш жараёнида юзага келадиган барча баҳс ва келишмовчиликлар музокаралар йўли билан ҳал этилиши, келишувга эришилмаган тақдирда эса, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
37. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 26-сон, 309-модда; 2012 й., 23-24-сон, 270-модда; 2017 й., 22-сон, 436-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 28.05.2020 й., 10/20/1975-3/0675-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон; 24.07.2023 й., 10/23/1975-4/0517-сон; 28.12.2024 й., 10/24/3595/1086-сон)