Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2009 йил 15 майдаги ПҚ-1112-сон қарори)
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 майдаги 266-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан 2024 йил 1 сентябрдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2009 йил 15 майдаги ПҚ-1112-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Қуйидагилар:
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг уй-жой фондини давлат йўли билан ҳисобга олиш тўғрисида» 2000 йил 20 январдаги 18-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2000 й., 1-сон, 5-модда) 1-бандининг бешинчи хатбоши ҳамда қарорга 4-илова;
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2005 йил 18 майдаги 127-сон қарорига 1-илованинг 3-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2005 й., 5-сон, 26-модда);
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2007 йил 1 мартдаги 43-сон қарорига илова 3-бандининг учинчи хатбоши (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2007 й., 2-3-сон, 13-модда) ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сонли қарорига асосан 2017 йилнинг 1 апрелидан ўз кучини йўқотади — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 7-сон, 89-модда)
4. Вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ушбу қарорга мувофиқлаштирилишини таъминласинлар.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С.Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2009 йил 5 июнь,
152-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 5 июндаги 152-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги 533-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1994 й., 11-сон, 49-модда) билан тасдиқланган Давлат божи ставкаларига қуйидаги мазмундаги 9 — 11-бандлар қўшилсин:
«9. Тадбиркорлик субъектларини туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекцияларида юридик шахсларни ва юридик шахс бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказганлик учун — энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида;
10. Тижорат фаолияти учун мўлжалланган товарларни олиб келувчи юридик шахс бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорларни давлат солиқ хизмати органларида давлат рўйхатидан ўтказганлик учун — энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида;
11. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан кредит уюшмаларини давлат рўйхатидан ўтказганлик учун — энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари миқдорида».
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида давлат экологик экспертизаси тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида» 2001 йил 31 декабрдаги 491-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2001 й., 11-12-сон, 65-модда):
а) Ўзбекистон Республикасида давлат экологик экспертизаси тўғрисидаги Низомда:
иккинчи—тўртинчи хатбошидаги «70», «50» ва «25» рақамлари тегишли равишда «50», «30» ва «15» рақамлари билан алмаштирилсин;
бешинчи хатбошидаги «энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдорида» сўзлари «энг кам ойлик иш ҳақининг 1 баравари миқдорида» сўзлари билан алмаштирилсин;
тўққизинчи хатбошидаги «техника, технология, материаллар, моддалар, маҳсулотларнинг янги турларини яратишга доир ҳужжатлар» сўзлари чиқариб ташлансин;
қуйидаги мазмундаги ўнинчи хатбоши қўшилсин:
«Техника, технологиялар, материаллар, моддалар, маҳсулотларнинг янги турларини яратишга доир ҳужжатлар лойиҳаларининг давлат экологик экспертизасидан ўтказилганлиги учун ҳақ энг кам ойлик иш ҳақининг 30 баравари миқдорида белгиланади»;
ўнинчи ва ўн биринчи хатбоши ўн биринчи ва ўн иккинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
илованинг «Давлат экологик экспертизаси ўтказилганлиги учун ҳақ тўлаш тартиби» устунида:
4, 7 ва 10-бандлардаги «70», «50», «25» ва «3» рақамлари тегишли равишда «50», «30», «15» ва «1» рақамлари билан алмаштирилсин;
6-банддаги «70» рақами «30» рақами билан алмаштирилсин;
б) Давлат экологик экспертизаси амалга ошириладиган фаолият турлари рўйхатида:
Атроф муҳитга таъсир кўрсатишнинг I тоифасига кирадиган (ўта хавфли) фаолият турларида:
3-банддаги «ва II» сўзлари чиқариб ташлансин;
20-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«20. Тўғонлар»;
39-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«39. Фармацевтика заводлари ва фабрикалари (тайёр доривор воситаларни қадоқлаш корхоналари бундан мустасно)»;
Атроф муҳитга таъсир кўрсатишнинг II тоифасига кирадиган (ўртача даражада хавфли) фаолият турларининг 1—48-бандлари қуйидаги мазмундаги 1 — 47-бандлар билан алмаштирилсин:
«1. Вилоят аҳамиятига эга бўлган автомобиль йўллари.
2. Аэродромлар.
3. II тоифадаги нефть ва нефть маҳсулотлари базалари.
4. Нефть ва газ қудуқлари қазиш.
5. Вилоят аҳамиятга эга бўлган ер ости сувларини олиш иншоотлари.
6. Республика ва вилоятлараро аҳамиятга эга бўлган сув ўтказгичлар.
7. Ҳажми 200 млн куб метргача бўлган сув омборлари.
8. Қуввати 30 МВт ва ундан кам бўлган гидроэлектрстанциялар.
9. Шаҳар маиший чиқинди полигонлари (100 мингдан 200 минг кишигача истиқомат қиладиган аҳоли пунктлари учун).
10. Йиллик иш унуми 1 млн тоннагача бўлган кон-бойитиш фабрикалари.
11. Темир йўл деполари.
12. Йилига 2 млн куб метргача рудани ва кондан олинадиган кимёвий хом ашёни қазиб чиқариш ҳамда қазиб чиқаришда вужудга келган карьерларни рекультивация қилиш.
13. Йилига 30 минг куб метрдан ортиқ умумий тарқалган фойдали қазилмаларни қазиб чиқариш ва қайта ишлаш.
14. Идоравий аҳамиятга эга бўлган темир йўллар.
15. Суткалик иш унуми 50 мингдан 280 минг куб метргача бўлган канализация тозалаш иншоотлари.
16. Озиқ-овқат маҳсулотлари ва биологик қўшимчалар ишлаб чиқариш комплекслари.
17. Биотехнологиялардан фойдаланувчи, шу жумладан пиллани қайта ишловчи корхоналар.
18. Вилоят аҳамиятга эга бўлган электр узатиш линиялари.
19. Луб саноати.
20. Сув ўтказиш қуввати секундига 50 куб метрдан ортиқ бўлган магистрал каналлар, дарёлар ва лойиҳа бўйича ҳисобланган қуввати секундига 20 куб метрдан ортиқ бўлган коллекторлар.
21. Мебель комбинатлари ва фабрикалари.
22. Ун тортиш комбинатлари.
23. Чиқиндиларни қайта ишлаш заводлари.
24. Вилоят аҳамиятга эга бўлган нефть ва газ қувурлари.
25. 100 гектардан ортиқ янги ерларни ўзлаштириш.
26. Дамбалар.
27. Алкоголли ичимликлар ишлаб чиқарувчи корхоналар.
28. Чармни бўяш ва локлаш корхоналари.
29. Йилига 300 тоннадан ортиқ газмол ва қоғозни лок билан кимёвий тўйинтириш корхоналари.
30. Хавфлилиги III классга мансуб чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналари.
31. Қурилиш индустрияси корхоналари, асбест ва цемент ишлаб чиқаришлар бунга кирмайди.
32. Қоғоз ва картон ишлаб чиқариш.
33. Ёғоч-қипиқ ва ёғоч-тола плиталар ишлаб чиқариш.
34. Шиша тола ишлаб чиқариш.
35. Инерт газлар ишлаб чиқариш.
36. Пардоз-андоз препаратлари ишлаб чиқариш.
37. Бўёқлар, шу жумладан лок-бўёқ ишлаб чиқариш корхоналари.
38. Полимер буюмлар ва синтетик материаллар, шу жумладан ювиш ва тозалаш моддалари ишлаб чиқариш.
39. Электротехника асбоб-ускуналари ишлаб чиқариш.
40. Бўяш ва оқартириш цехлари бўлган йигирув ва тўқув фабрикалари.
41. Паррандачилик фабрикалари.
42. Фойдали қазилмаларни қидириб топиш ва разведка қилиш.
43. Радиотехника ва электрон саноати.
44. Эскидан суғориб келинган 1000 гектардан кўпроқ ерларни реконструкция қилиш ва мелиоратив ҳолатини яхшилаш.
45. Вилоят аҳамиятга эга бўлган заҳарли кимёвий моддалар, шу жумладан ўғитлар омборхоналари.
46. Иссиқлик қуввати 100 МВтдан 300 МВтгача бўлган иссиқлик электр станциялари ва бошқа ёндириш қурилмалари.
47. Пахтани қайта ишлаш саноати»;
Атроф муҳитга таъсир кўрсатишнинг III тоифасига кирадиган (паст даражада хавфли) фаолият турларининг 1—62-бандлари қуйидаги мазмундаги 1 — 53-бандлар билан алмаштирилсин:
«1. Маҳаллий аҳамиятга эга бўлган автомобиль йўллари.
2. Автопарклар.
3. Автомобилга ёнилғи ва газ қуйиш станциялари.
4. III тоифадаги нефть ва нефть маҳсулотлари базалари.
5. Вилоят аҳамиятига эга бўлган ер ости сувлари чиқариш иншоотлари.
6. Вилоят ва туман аҳамиятига эга бўлган сув ўтказгичлар.
7. Шаҳарча аҳамиятига эга бўлган газ қувурлари.
8. Йилига 30 минг куб метрдан кам умумий тарқалган фойдали қазилмаларни қазиб чиқариш ва қайта ишлаш.
9. Чорвачилик комплекслари.
10. Ҳайвонотчилик хўжаликлари.
11. Суткалик иш унуми 50 минг куб метрдан кам бўлган канализация тозалаш иншоотлари.
12. Гилам фабрикалари.
13. Алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқариш ва қадоқлаш.
14. Хом ғишт ишлаб чиқариш ва уларни ер усти хумдонларида пишириш.
15. Терига ишлов бериш.
16. Ҳар секундда 50 куб метрдан кам сув ўтказадиган магистрал каналлар ва ҳар секундда лойиҳа бўйича ҳисобланган қуввати 20 куб метрдан кам бўлган коллекторлар.
17. Гўшт саноати (сўйиш ва қайта ишлаш).
18. Корхона ва ташкилотларнинг нефть омборхоналари.
19. 100 гектаргача янги ерларни ўзлаштириш.
20. Аҳолиси 100 минг кишидан кам бўлган аҳоли пунктлари учун маиший чиқиндилар полигонлари.
21. Жунни қайта ишлаш корхоналари.
22. Хавфлилик даражаси IV классга мансуб чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналари.
23. Пахта толасини қайта ишлаш корхоналари.
24. Сутни қайта ишлаш корхоналари.
25. Йиллик иш унуми 300 тоннадан кам бўлган газмол ва қоғозни лок билан кимёвий тўйинтириш корхоналари.
26. Қурилишда фойдаланиладиган пардозлаш материаллари ишлаб чиқариш.
27. Пойабзал ишлаб чиқариш.
28. Омихта ем ишлаб чиқариш.
29. Совун ишлаб чиқариш.
30. Шишадан таркибида заҳарли моддалар бўлмаган буюмлар ишлаб чиқариш.
31. Чинни буюмлар ишлаб чиқариш.
32. Бўяш ва оқартириш цехлари бўлмаган йигирув ва тўқув фабрикалари.
33. Паррандачилик фермалари.
34. Тайёр доривор воситаларни қадоқлаш корхоналари.
35. 100 гектардан 1000 гектаргача майдонда суғориладиган ерларни реконструкция қилиш ва мелиоратив жиҳатдан яхшилаш.
36. Двигатель ва машиналарни таъмирлаш, шунингдек уларни бўяш.
37. Майдони 30 гектардан ортиқ бўлган балиқ урчитиш ҳавзалари ва балиқни қайта ишлаш.
38. 50 тадан ортиқ савдо ўрнига эга бўлган бозорлар.
39. Электр асбоб-ускуналарини йиғиш ва таъмирлаш, металлга ишлов бериш.
40. Чўчқачилик фермалари.
41. Сел сувини тўплаш омборлари.
42. Туман аҳамиятига эга бўлган заҳарли кимёвий моддалар, шу жумладан ўғитлар омборлари.
43. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг махсус объектлари.
44. Босмахоналар.
45. 100 мегаваттдан кам қувватга эга бўлган иссиқлик электр станциялари ва бошқа ёндириш қурилмалари.
46. Трамвай-троллейбус депоси.
47. Пахта тайёрлаш пунктлари.
48. Хлораторлар.
49. Нон комбинатлари.
50. Кимёвий тозалаш корхоналари.
51. 50 тоннадан ортиқ сиғимли совутгич қурилмалари.
52. Кальций карбиди ишлаб чиқариш цехлари.
53. Чой қадоқлаш фабрикалари»;
Атроф муҳитга таъсир кўрсатишнинг IV тоифасига кирадиган (маҳаллий таъсир кўрсатиш) фаолият турларининг 1—30-бандлари қуйидаги мазмундаги 1—32-бандлар билан алмаштирилсин:
«1. Автосервис пунктлари.
2. Умумий равишда фойдаланиладиган ҳаммом ва сауналар.
3. Ички хўжалик аҳамиятига эга бўлган сувўтказгичлар ва сув хўжалиги тармоқлари.
4. Ветеринария шифохоналари.
5. Резино-техника буюмларини тиклаш, вулканизация ва автомобилларни жузъий таъмирлаш.
6. Майдони 30 гектаргача бўлган балиқ урчитиш ҳавзалари, балиқни қайта ишлаш бунга кирмайди.
7. Корхоналар ва ташкилотларга қарашли ҳамда умумий равишда фойдаланиладиган гаражлар ва автомобиль тўхташ жойлари.
8. Қабристонлар.
9. Дон омборлари.
10. Гилам тўқиш цехлари.
11. Тикиш ишлаб чиқариши.
12. Мебель ишлаб чиқариш ва таъмирлаш.
13. Пахта титиш корхоналари.
14. Кичик тегирмонлар.
15. Автомобилларни ювиш.
16. Тошга ишлов бериш.
17. Буғ қозони ва тозалаш иншоотларига эга бўлмаган рекреация ва уй-жой-хўжалик объектлари, шунингдек ижтимоий-маданий-маиший объектлар.
18. Хўжалик ичидаги ерларни ўзлаштириш.
19. Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш майдончалари.
20. Заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш.
21. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва консервалаш.
22. Умумий овқатланиш корхоналари.
23. Пиллани қабул қилиб олиш ва сақлаш пунктлари.
24. 50 тадан кам савдо ўрнига эга бўлган бозорлар.
25. Эскидан суғориб келинган 100 гектардан кам ерни реконструкция қилиш ва мелиоратив жиҳатдан яхшилаш.
26. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш омборлари.
27. Хўжаликлар ичида сув хўжалиги тизимларини қуриш.
28. Теплица ва парниклар, шахсий ёрдамчи хўжаликлардан ташқари.
29. Новвойхоналар, нон-булка ва макарон маҳсулотлари ишлаб чиқариш.
30. Оҳак ишлаб чиқариш цехлари.
31. Қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш.
32. Қорамол, йилқи ва қўй фермалари».
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сонли қарорига асосан 2017 йилнинг 1 апрелидан ўз кучини йўқотади — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 7-сон, 89-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сонли қарорига асосан 2017 йилнинг 1 апрелидан ўз кучини йўқотади — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 7-сон, 89-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сонли қарорига асосан 2017 йилнинг 1 апрелидан ўз кучини йўқотади — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 7-сон, 89-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 24-сон, 269-модда; 2011 й., 31-сон, 327-модда; 2017 й., 7-сон, 89-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.11.2018 й., 09/18/949/2214-сон; 16.06.2020 й., 09/20/384/0770-сон)