ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИ БИЛАН БЕЛАРУСЬ РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИ ЎРТАСИДА
Битим
ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ КУРАШ СОҲАСИДА ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Беларусь Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
барча шаклдаги жиноятчилик давлат, жамият ва шахс хавфсизлигига жиддий таҳдид солиши, ҳаётнинг барча соҳаларида намоён бўлиши ҳамда жамиятнинг сиёсий, иқтисодий, ахлоқий, маданий ва маънавий асосларига путур етказишини эътироф этган ҳолда,
жиноятчилик ривожланишининг кўламлари ва йўналишларидан жиддий ташвишга тушганини ифода этиб,
наркотик воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорлар ноқонуний айланиши ҳамда терроризм ва уюшган жиноятчилик ўртасида алоқаларнинг кучайиб бориши ҳолатини қайд этиб,
Томонлар давлатлари ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг жиноятчилик, хусусан унинг уюшган шаклларига қарши кураш соҳасида халқаро шартномаларига амал қилган ҳолда,
жиноятчиликка қарши кураш соҳасида халқаро ҳамкорликка катта эътибор қаратган ҳолда ва инсоннинг умумэътироф этилган ҳуқуқлари ва эркинликларига тегишлича риоя этиш билан ушбу соҳада имкон қадар кенгроқ ва самаралироқ ҳамкорлик қилиш истагини билдириб,
тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик тамойилларига асосан, шунингдек, миллий қонунчилик ҳамда Томонлар давлатлари иштирокчи бўлган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган Томонлар давлатларининг халқаро мажбуриятларига мувофиқ фаолият олиб борган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда. Ҳамкорлик соҳалари
1. Томонлар жиноятчиликнинг олдини олиш, аниқлаш, бартараф этиш ва фош этишда ҳамкорлик қиладилар, хусусан:
шахснинг ҳаёти, соғлиғи, озодлиги ва қадр-қимматига, шунингдек, мулкка қарши жиноятлар;
террористик актлар;
коррупция;
наркотик воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний ишлаб чиқарилиши ҳамда айланиши;
қурол-яроқ, шу жумладан, биологик, кимёвий ва радиологик қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар, ядро ва радиоактив ашёлар, шунингдек, заҳарловчи моддаларнинг ноқонуний айланиши;
иқтисодиёт, шу жумладан, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, шунингдек қалбаки пул белгилари, молиявий ҳужжатлар, қимматли қоғозлар, нақд пулсиз тўловлар воситаларини тайёрлаш ва сотиш соҳасидаги жиноятлар;
контрабанда;
ноқонуний миграция, одам ўғирлаш, одам савдоси, шунингдек, трансплантация учун одам аъзолари ва тўқималари савдоси билан боғлиқ жиноий фаолият;
маданий ва тарихий бойликларга алоқадор буюмлар, санъат асарлари, қимматбаҳо тошлар ва металлар, интеллектуал мулк, шунингдек, бошқа бойликларнинг ноқонуний айланиши;
экология соҳасидаги жиноятлар;
ахборот технологиялари, шу жумладан, компьютер-ахбороти соҳасидаги жиноятлар;
ҳаракатланиш хавфсизлигига ва транспортдан фойдаланишга қарши жиноятлар;
транспорт воситаларини талон-торож қилиш ва ноқонуний айланиши.
2. Томонлар шунингдек, қуйидаги соҳаларда ҳамкорлик қиладилар:
кадрларни ўқитиш, махсус тайёрлаш ва малакасини ошириш;
жиноятчиликка қарши курашиш мақсадида илмий тадқиқотлар ўтказиш ва ахборот тизимлари, алоқа воситалари на махсус техникани ривожлантириш;
жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш мақсадида ўзаро манфаатдор бошқа соҳалар, шу жумладан, бедарак йўқолган шахсларни қидириш, ўғирланган ёки йўқотилган буюмларни қидириш ҳамда мурдалар шахсини аниқлаш.
3. Ушбу Битим тутиб топшириш ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш масалаларига дахл қилмайди.
2-модда. Ҳамкорлик шакллари
Томонлар ҳамкорликни қуйидаги асосий шаклларда амалга оширадилар:
трансмиллий жиноятчиликнинг ҳар қандай шакллари, хусусан, терроризм, уюшган жиноятчилик, наркотик моддалар, психотроп моддалар, прекурсорлар, қурол-яроқлар, ўқ-дорилар ва портловчи моддалар, радиоактив материалларнинг ноқонуний ишлаб чиқарилиши ҳамда айланиши, миграция билан боғлиқ жиноий фаолиятнинг олдини олиш ва бартараф этиш мақсадида ахборот алмашиниш, шу жумладан, трансмиллий жиноятчиликка жалб этилган шахслар ва жиноий ташкилотлар ҳақидаги ахборот билан алмашиниш;
жиноий ташкилотларга қарши мувофиқлаштирилган ҳаракатларни режалаштириш ва амалга ошириш;
жиноий таъқибдан яшириниб юрган ёки жиноий жазодан бўйин товлаган шахслар, шунингдек, бедарак йўқолган шахсларни қидириш;
жиноятларнинг янги турлари, уларнинг олдини олиш, бартараф этиш, аниқлаш ва фош этишнинг усуллари ва шаклларига дахлдор ахборот билан алмашиниш;
иқтисодиёт соҳасидаги, шу жумладан, ноқонуний халқаро молиявий ва экспорт операциялари, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, қалбаки пул белгилари, молиявий ҳужжатлар, қимматли қоғозлар, нақд пулсиз тўловлар воситаларини тайёрлаш ва сотиш соҳасидаги жиноятларни аниқлашга ёрдам бериш;
илмий ва техникавий усуллар ҳамда криминологик ва криминалистик тадқиқот воситаларидан фойдаланиш тажрибаси билан алмашиниш;
контрабанда, айниқса наркотик воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг яширин олиб ўтилишининг олдини олиш мақсадида чегара ҳамда божхона назоратини мустаҳкамлаш бўйича зарурий ҳуқуқий, маъмурий ва муҳофаза чораларини кўриш;
наркотик воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорларни ташиш, яшириш ва тарқатиш усуллари, ноқонуний муомалада пайдо бўлган уларнинг янги турлари, тайёрлаш технологиялари, бунда қўлланиладиган моддалар, шунингдек, наркотик моддалар, психотроп моддалар ва прекурсорларни таҳлил қилиш ва аниқлашда қўлланиладиган тадқиқотларнинг янги усуллари ҳақидаги ахборот билан алмашиниш;
қалбаки ҳужжатларни аниқлаш ва жиноят содир этганликда гумон қилинаётган шахсларнинг ноқонуний тарзда кириб келишини ҳамда миграция билан боғлиқ жиноятларни олдини олиш мақсадида чегара назорати ва назорат қилувчи ваколатли органларнинг моддий-техника таъминоти соҳасида ахборот алмашиниш;
амалий тажриба билан алмашиниш, шу жумладан, маслаҳатлар, семинарлар ва ўқув курсларини ўтказиш;
статистика маълумотлари, миллий қонунчилик ҳужжатлари, рисолалар ва нашрлар, шунингдек, ушбу Битимга дахлдор соҳалардаги илмий тадқиқотлар натижалари билан алмашиниш;
умумий манфаатни ифодаловчи шошилинч масалаларни кўриб чиқиш зарур бўлган ҳолатларда экспертлар йиғилишларини ўтказиш;
рақамга ва специфик фарқловчи белгиларига эга ўғирланган буюмлар, жумладан, маданий ва тарихий бойликлар, транспорт воситалари ва ўқотар қуроллар, шунингдек, рақамли қимматли қоғозлар ва паспортларни (шахсни тасдиқловчи гувоҳномалар) миллий қонунчиликка мувофиқ қидириш ва қайтариш.
3-модда. Назорат остида етказиб бериш
1. Томонлар миллий қонунчилик ва Томонлар давлатларининг халқаро мажбуриятларига мувофиқ наркотик воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорларни ноқонуний айланмасида иштирокчи шахсларни аниқлаш ва жиноий таъқиб қилиш мақсадида, шундай восита ва моддаларни назорат остида етказиб бериш учун зарур шароитлар билан таъминлайдилар.
2. Томонлар ноқонуний айланмада бўлган бошқа буюмларга нисбатан назорат остида етказиб бериш усулларини қўллаш имкониятини кўриб чиқадилар.
4-модда. Ҳамкорликни амалга оширувчи органлар
1. Томонлар жиноятчиликка қарши курашда ўз давлатларининг қонунчилиги ва халқаро мажбуриятларига риоя этган ҳолда ушбу Битим; қоидаларига мувофиқ ўз ваколатли органлари орқали ҳамкорлик қиладилар. Ушбу Битим қоидаларини амалга ошириш мақсадида қуйидагилар Томонларнинг ваколатли органлари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси учун:
Ички ишлар вазирлиги;
Миллий хавфсизлик хизмати;
Давлат божхона қўмитаси;
Бош прокуратура.
Беларусь Республикаси учун:
Ички ишлар вазирлиги;
Давлат хавфсизлик қўмитаси;
Давлат божхона қўмитаси;
Давлат чегара қўмитаси;
Давлат назорати қўмитаси;
Бош прокуратура.
2. Ушбу Битим кучга киргандан сўнг бир ой муддатда Томонлар ўз ваколатли органлари манзиллари ва бошқа зарур маълумотлар билан алмашинадилар ҳамда ушбу Битимни амалга ошириш мақсадида Томонлар ўз ваколатли органларининг ҳар қандай ўзгаришлари ҳақида бир-бирларини хабардор қилишлари зарур.
3. Томонларнинг ваколатли органлари бир-бирлари билан алоқани бевосита амалга оширадилар.
5-модда. Ёрдам кўрсатиш ҳақида сўров
1. Ушбу Битим доирасидаги ҳамкорлик манфаатдор Томонлар давлатларининг ваколатли органлари томонидан юбориладиган ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўровлар асосида амалга оширилади.
Агар ахборот Томонларнинг бирини қизиқтириши мумкинлиги ҳақида асос бўлган тақдирда, ахборот бошқа Томонга сўровсиз тақдим этилиши мумкин.
2. Ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўров ёзма шаклда юборилади. Шошилинч ҳолатларда сўров оғзаки тарзда юборилиши мумкин, бироқ бу уч сутка ичида матнни юбориш техник воситаларидан фойдаланилган ҳолда ёзма тарзда тасдиқланиши зарур.
Ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўров ҳақиқийлиги ёки мазмунида шубҳа юзага келган тақдирда, ушбу сўровни тасдиқлаш ҳақида илтимоснома юборилиши мумкин.
3. Ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўров қуйидагилардан иборат бўлиши лозим:
а) ёрдам кўрсатишни сўраётган ваколатли орган номи ва сўров юборилаётган орган номи;
б) иш моҳияти баёни ёки жавоб олиш зарур бўлган саволлар рўйхати;
в) мақсадни кўрсатиш ва сўров асоси;
г) сўралаётган ёрдам мазмуни.
4. Шу билан бирга, сўров қуйидагилардан иборат бўлиши лозим:
а) ишга дахлдор шахслар исми, отасининг исми, фамилияси, лақаби, алоҳида белгилари, фуқаролиги, уларнинг туғилган жойи ва санаси, касб тури, яшаш жойи ва турар жойи ҳақида маълумотлар;
б) ишга дахлдор юридик шахслар номи ва манзили ҳақида маълумотлар;
в) содир этилган қилмишлар ёки воқеалар баёни, жиноий ишлар бўйича сўров юбораётган Томон давлати қонунчилигига мувофиқ қилмишнинг тавсифи ва қўлланилаётган қонун матни;
г) сўровни бажаришда амал қилиш мақбул бўлган ўзига хос тартиб баёни ҳамда бундай тартибга риоя этиш ҳақида илтимосномани асослаш;
д) сўровнинг тегишлича ижро этилишига ёрдам берадиган исталган бошқа ахборот.
5. Ёзма шаклда бериладиган ёки тасдиқланадиган ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўров, сўров юбораётган ваколатли орган раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланади ҳамда гербли муҳр билан тасдиқланади.
6. Ҳар бир Томон, агар сўровни бажариш унинг давлати мустақиллиги, хавфсизлиги, жамоат тартиби ёки мавжуд манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган тақдирда ёки сўров юборилишига сабаб бўлган ҳаракат сўралаётган Томон давлати қонунчилигига кўра жиноят ҳисобланмаган тақдирда ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўровни бажаришдан тўлиқ ёки қисман воз кечиши мумкин.
Ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўровни бажаришдан воз кечиш ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда сўраётган Томон бу ҳақида кечиктирилмасдан сабабларини кўрсатган ҳолда ёзма тарзда хабардор этилади.
7. Агар ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўров сўровни олган органнинг ваколатлари доирасига кирмаса, ушбу орган уни сўралаётган Томон давлатининг тегишли ваколатли органига юборади ҳамда бу ҳақида сўров юбораётган Томонни хабардор қилади.
8. Сўралаётган Томон давлати ваколатли органи сўраётган Томон давлати ваколатли органининг илтимосига кўра сўров ва унинг мазмуни махфийлигини таъминлаш учун зарур чораларни кўради.
Сўралаётган Томон давлати ваколатли органи сўровни, унинг махфийлигини сақлаган ҳолда ижро этиш имконияти бўлмаган тақдирда бу ҳақида сўраётган Томон давлати ваколатли органига хабар беради, у эса сўровни бундай шартларда бажариш имкониятларини ҳал этади.
9. Фойдаланиши чекланган ахборотни бериш ва ишлатиш Томонлар давлати қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
10. Томонлар давлатлари ваколатли органлари ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўровнинг тезкор ва тўлиқ бажарилишини таъминлаш учун барча тегишли чораларни кўрадилар.
6-модда. Тил
Ушбу Битим доирасида ҳамкорликни таъминлаш мақсадида Томонлар давлатлари ваколатли органлари рус тилидан фойдаланадилар.
7-модда. Харажатлар
Ҳар бир Томон ушбу Битимни бажариш давомида юзага келаётган харажатларни, агар ҳар бир муайян ҳолатда ўзгача қарор қабул қилинмаса, мустақил зиммасига олади.
8-модда. Ушбу Битим бажарилиши
1. Ушбу Битим бажарилиши Томонлар давлатларининг қонунчилиги ва халқаро мажбуриятларига мувофиқ амалга оширилади.
2. Ушбу Битимни ижро этиш мақсадида идоралараро халқаро битимлар тузилиши мумкин.
3. Ушбу Битим Томонларнинг бошқа халқаро мажбуриятларини ижро этишларига тўсқинлик қилмайди.
4. Ушбу Битимга мувофиқ олинган ахборот ва ҳужжатлар тақдим этган Томон илтимосига кўра махфий сақланади ҳамда ўша Томон белгилаган мақсадларда ишлатилади.
Ушбу Битим доирасида олинган ҳужжатлар ва ахборот уни тақдим этган Томоннинг олдиндан ёзма розилигисиз учинчи томонга тақдим этилмайди.
5. Ушбу Битим қоидаларини талқин этиш ва қўллашда юзага келадиган баҳсли масалалар Томонлар давлатларининг манфаатдор ваколатли органлари томонидан халқаро ҳуқуқ қоидаларига мувофиқ маслаҳатлашувлар ёки музокаралар ўтказиш йўли билан ҳал этилади.
9-модда. Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш
Томонларнинг ўзаро келишувига кўра, ушбу Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин, улар ушбу Битимнинг таркибий қисми ҳисобланган алоҳида баённомалар билан расмийлаштирилади.
Ушбу баённомалар ушбу Битимнинг 10-моддасига мувофиқ кучга киради.
10-модда. Якуний қоидалар
1. Ушбу Битим уни кучга кириши учун зарур давлат ички процедуралари бажарганлиги тўғрисида ҳар бир Томоннинг дипломатик каналлар орқали охирги ёзма хабарномаси олинган санадан эътиборан ўттизинчи кунда кучга киради.
2. Ушбу Битим беш йил муддатга тузилади. Агар Томонлардан бири дипломатик каналлар орқали Битимни бекор қилиш нияти ҳақида жорий даври тугагунига қадар камида олти ой олдин ёзма шаклда хабарнома юбормаса, унинг амал қилиши кейинги беш йиллик муддатга ўз-ўзидан узайтирилади.
Минск шаҳрида 2008 йил 19 июнда икки асл нусхада, ўзбек ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Ушбу Битим қоидаларини қўллашда ва талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келганда рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2008 й., 3-4-сон)