ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ ПАТЕНТ ИДОРАСИ БИЛАН ЛАТВИЯ РЕСПУБЛИКАСИ ПАТЕНТ ИДОРАСИ ЎРТАСИДА
Битим*
САНОАТ МУЛКИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ СОҲАСИДА АХБОРОТ АЛМАШИШ ТЎҒРИСИДА
* Имзоланган кундан кучга кирган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат патент идораси ва Латвия Республикаси Патент идораси, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
иқтисодий ва илмий-техник ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида,
саноат мулкини муҳофаза қилиш соҳасида ахборот билан таъминланганликни ошириш мақсадга мувофиқлигини тан олиб,
Ўзбекистон Республикаси ва Латвия Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик чуқурлашиб бораётганини эътиборга олган ҳолда,
қуйидагилар ҳақида келишиб олдилар:
1-модда.
Томонлар ўз давлатларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ва ўз ваколатлари доирасида саноат мулкини муҳофаза қилиш соҳасида қуйидаги ахборот билан беғараз алмашадилар:
а) саноат мулкини муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқий актлар билан;
б) Битим Томонларининг расмий даврий нашрлари билан.
Ҳамкорлик даврида Томонларнинг бири оладиган ахборот учинчи Томонга фақат ушбу ахборотни тақдим этган Томон розилиги шарти билан берилиши мумкин.
2-модда.
Томонлар Битим имзоланган вақтдан эътиборан икки ой мобайнида 1-моддада қайд этилган ахборот билан алмашиш бўйича Вакиллар тайинлайдилар.
Томонлар Вакиллари 1-моддага мувофиқ ҳар ойда бир марта алмашинадиган ахборотни ўзаро келишиб оладилар,
Томонлардан бири ўз Вакилини бошқа шахсга алмаштирганда, у бошқа Томонни 20 кун мобайнида бу ҳақида хабардор қилади.
3-модда.
Томонларнинг ўзаро келишувига биноан Битимга ушбу Битимнинг ажралмас қисми бўлган баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
4-модда.
Ушбу Битим имзоланган санадан бошлаб кучга киради, беш йил мобайнида амал қилади ва, агар Томонлардан бири иккинчи Томонни навбатдаги давр ўтмасдан камида 6 ой аввал Битимнинг амал қилишини тугатмоқчи эканлиги тўғрисида ёзма равишда хабардор қилмаса, унинг амали кейинги беш йиллик муддатга давом эттирилади.
Ушбу Битим қоидаларига тегишли масалаларни шарҳлашда келиб чиқадиган баҳс ва мунозаралар маслаҳатлашув ва музокаралар йўли билан ҳал этилади.
5-модда.
Ушбу Битимнинг амал қилиши тугаганда, мазкур Битим доирасида бошланган ва охирига етказилмаган тадбирларга нисбатан унинг қоидалари қўлланиши давом этади.
6-модда.
Ушбу Битим Тошкент шаҳрида 2008 йил 6 октябрда ўзбек, латиш ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини изоҳлашда келишмовчиликлар келиб чиққан ҳолларда Томонлар инглиз тилидаги матнга мурожаат қиладилар.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2008 й., 3-4-сон)