ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БИЛАН ГРЕЦИЯ РЕСПУБЛИКАСИ ЎРТАСИДА
Шартнома
ДЎСТЛИК ВА ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА
Бундан кейин Юқори Аҳдлашувчи Томонлар деб аталаётган Ўзбекистон Республикаси ва Греция Республикаси,
иккала мамлакат халқлари ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга жуда катта аҳамият бериб,
Ўзбекистон Республикаси билан Греция Республикаси ўртасида кўп томонлама ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш истагини билдириб,
давлатлараро муносабатларни қонуннинг устуворлиги, бирдамлик ва инсон ҳуқуқларини ва асосий эркинликларини ҳурмат қилиш принциплари асосида ривожлантириш зарурлигига ишонч ҳосил қилиб,
иккала мамлакат тинчлик ва демократиянинг олий мақсадларига қўшилишини эътироф этиб,
ядросиз ва зўравонликсиз тинчлик ўрнатишга интилиб,
халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган норма ва принципларига асосланиб,
қуйидагилар ҳақида аҳдлашиб олдилар:
1-модда.
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар ўзларининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомининг мақсад ва принциплари, Хельсинки Якунловчи актининг, Янги Европа учун Париж хартиясининг ва шунингдек Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг бошқа ҳужжатларининг принцип ва қоидаларига содиқ эканликларини тасдиқлайдилар.
2-модда.
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар суверен, тенг ҳуқуқли ва дўстона давлатлар сифатида ўз муносабатларини давлат суверенитетини ва мустақиллигини ўзаро ҳурмат қилиш, тенг ҳуқуқлилик ва бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик, куч ишлатмаслик ёки куч билан қўрқитмаслик, мавжуд давлат чегараларининг бузилмаслиги, ҳудуд яхлитлиги, низоларни тинчлик йўли билан ҳал қилиш, инсоннинг ҳуқуқ ва асосий эркинликларини ҳурмат этиш, ўзаро ҳамкорлик қилиш ва халқаро мажбуриятларни виждонан бажариш принципларига амал қилган ҳолда ривожлантирадилар.
3-модда.
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар халқаро муносабатларда куч ишлатиш ёки куч билан қўрқитишга йўл қўйиб бўлмаслик ва шунингдек барча халқаро низоларни БМТнинг Низомига мувофиқ тинчлик усуллари билан ҳал қилиш зарурлигини тасдиқлайдилар.
Юқори Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бири бошқа Юқори Аҳдлашувчи Томонга қарши қаратилган бирорта ҳаракат ва тадбирда иштирок этиш ёки қўллаб-қувватлашдан ўзини тутади.
4-модда.
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар бор кучларини минтақа ва дунё миқёсида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга берадилар.
5-модда.
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар дунё ҳамжамиятининг ядро қуроли соҳасида ва оммавий қириб ташлаш қуролининг бошқа турлари соҳасида қуролсизланиш жараёнини ривожлантиришга қаратилган ҳаракатлари доирасида ҳамкорлик қиладилар.
6-модда.
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар ўзлари иштирок этадиган халқаро ташкилот ва анжуманлар доирасида ўзаро қизиқиш уйғотадиган масалалар бўйича маслаҳатлашишлар ўтказадилар ва ҳамкорликни кенгайтирадилар.
7-модда.
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Шартноманинг қоидаларини амалга ошириш мақсадида ўзаро қизиқиш уйғотадиган масалалар бўйича давлатлараро муносабатларнинг турли даражаларида доим алоқа қилиб турадилар.
Улар шунингдек иккала мамлакатнинг ижтимоий ташкилотлари ва фуқаролари ўртасида алоқалар ривожланишига кўмаклашадилар.
8-модда.
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар иқтисод, фан ва техника соҳасида ва шунингдек инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш соҳасида ҳамкорликни ривожлантирадилар.
9-модда.
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар энергетика, саноат, қурилиш, транспорт ва коммуникациялар, қишлоқ хўжалиги, табиий бойликлардан фойдаланиш соҳасида ва шунингдек ўзаро қизиқиш уйғотадиган бошқа соҳаларда яқиндан ҳамкорлик қилишга кўмаклашадилар.
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар, миллий қонунларига мувофиқ, икки мамлакатнинг хўжалик юргизаётган субъектлари ўртасида ҳамкорлик ва бевосита алоқа ўрнатишга ва шунингдек қўшма корхоналар тузишга ва ҳамкорликнинг бошқа самарали шаклларига кўмаклашадилар.
10-модда.
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар, миллий қонунларига мувофиқ, иккала давлатнинг туристик фаолият билан шуғулланаётган ташкилот, муассаса, компания ва фирмалари ўртасидаги ҳамкорликка кўмаклашадилар.
11-модда.
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик қилишга кўмаклашадилар ва шу мақсадларда қўшма программа ва лойиҳаларнинг амалга оширилишини, олимлар алмашинишини рағбатлантирадилар.
12-модда.
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар, иккала мамлакат халқлари ўртасидаги мавжуд маданий алоқалардан келиб чиқиб, маданият, таълим, ахборот ва спорт соҳасида икки мамлакатнинг марказий ва маҳаллий муассасалари, ташкилотлари ва фуқаролари ўртасидаги алоқа ва мулоқотлар ривожини рағбатлантирадилар.
13-модда.
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар, экология соҳасида ўзаро манфаатлардан келиб чиқиб, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва яхшилаш, табиий фалокатларни олдиндан айтиб бериш, уларнинг оқибатларининг олдини олиш ва камайтириш соҳасида ва шунингдек бу борада ўзаро қизиқиш уйғотадиган бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилишга кўмаклашадилар.
14-модда.
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар аҳолининг соғлиғини сақлаш, тиббиёт фанини ва амалиётини ривожлантириш, касалликларнинг олдини олиш соҳасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар.
15-модда.
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар халқаро жиноятчилик, барча шаклларидаги терроризм, фуқаролар авиацияси, кемачилик ва транспортнинг бошқа турлари хавфсизлигига қаратилган жиноятлар, гиёҳванд моддалар ва қуроллар, маданий ва тарихий бойликларнинг ноқонуний халқаро савдосига қарши курашишда ҳамкорлик қиладилар. Шу мақсадларда, миллий қонунларга мувофиқ, зарурат туғилганда, Томонлар, ўзаро келишиб, алоҳида битимлар тузиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқадилар.
16-модда.
Ушбу Шартнома Юқори Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзлари иштирок этаётган икки томонлама ва кўп томонлама шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
Ушбу Шартнома Томонларнинг учинчи давлатлар билан муносабатларига қарши қаратилмаган ва уларга таъсир қилмайди.
17-модда.
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар, зарурат туғилганда, ушбу Шартнома қоидаларини амалга ошириш учун алоҳида битимлар тузадилар.
18-модда.
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Шартномани талқин қилиш ва татбиқ этиш билан боғлиқ масалаларни маслаҳатлашиш ва музокаралар йўли билан ҳал қиладилар.
19-модда.
Ушбу Шартнома ратификация қилиниши лозим ва ратификация ёрлиқлари билан алмашилган куни кучга киради.
20-модда.
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар, ўзаро келишган ҳолда, ушбу Шартномага қўшимча ва ўзгартиришлар киритишлари мумкин, улар тегишли протоколлар билан расмийлаштирилади. Бу протоколлар 19-модданинг қоидаларига мувофиқ кучга киради ва ушбу Шартноманинг ажралмас қисми ҳисобланади.
21-модда.
БМТ Низомининг 102-моддасига мувофиқ ушбу Шартнома БМТнинг Котибиятида рўйхатдан ўтказилиши лозим.
22-модда.
Ушбу Шартнома ўн йиллик муддатга тузилади.
Агар Юқори Аҳдлашувчи Томонлардан бирортаси ҳам тегишли муддатнинг тамом бўлишидан энг камида 6 ой илгари ёзма шаклда ушбу Шартномани бекор қилиш нияти тўғрисида бошқа Томонга хабар қилмаса, Шартноманинг амал қилиши кейинги беш йиллик даврларга ўз-ўзидан чўзилаверади.
Афина шаҳрида 1997 йил 1 апрелда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, грек ва инглиз тилларида имзоланди, барча матнлар бир хил кучга эга. Келишмовчилик пайдо бўлганда инглиз тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2008 й., 3-4-сон)