Судлар томонидан жиноят учун жазонинг тўғри тайинланиши одил судловни амалга оширишнинг муҳим кафолатидир.
Адолатли жазо тайинланиши ундан кўзланган мақсадларга — маҳкумни ахлоқан тузатиш, маҳкум ва бошқа шахслар томонидан янги жиноятлар содир этилишининг олдини олишга эришиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Суд амалиёти таҳлили судлар томонидан жазо тайинлашда қонун нормалари асосан тўғри қўлланилаётганлигини кўрсатади. Шу билан бирга, суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг муҳим таркибий қисми бўлган жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши моҳиятини судлар ҳар доим ҳам чуқур тушунишмаётганлиги оқибатида айрим жиноят ишлари бўйича жазо тури ва меъёрини белгилашда хатога йўл қўйилмоқда.
Жазо тайинлаш масалаларини тартибга солувчи қонун нормалари тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида, «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми судларга қуйидаги тушунтиришларни беришга қарор қилади:
1. Судларнинг эътибори жиноят учун жазо тайинлашда қонунийлик, инсонпарварлик, одиллик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига қатъий амал қилишга қаратилсин.
2. Судларга тушунтирилсинки, Жиноят кодексининг 10-моддасида назарда тутилган жавобгарликнинг муқаррарлиги принципи жазо қўлланилиши шартлигини англатмайди.
Шу туфайли судлар, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган, етказилган зиённи қоплаган шахсларни ЖК 65, 66, 70, 71-моддаларига мувофиқ жавобгарликдан ва жазодан озод қилиш масаласини муҳокама қилишлари лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Жиноят кодексининг 8, 54-моддалари мазмунига кўра, жазо адолатли бўлиши — ҳар бир ҳолатда индивидуал тайинланиши, жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига, айбдорнинг шахсига, шунингдек жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак.
Жиноятнинг ижтимоий хавфлилик хусусияти тажовуз объекти (инсон ҳаёти ва соғлиғи, мулк, жамоат хавфсизлиги ва ҳ.к.), айб шакли, жиноий қилмишнинг қонунда қайси тоифага (ЖК 15-моддаси) киритилганлиги билан белгиланади.
Жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси қилмиш содир этилиши ҳолатлари (жиноий ниятнинг амалга оширилганлиги даражаси ва босқичлари жиноятни содир этиш усули, зарар миқдори ёки келиб чиққан оқибатлар оғирлиги, иштирокчиликда содир этилган жиноятда судланувчининг роли) билан белгиланади.
4. Қонун тайинланадиган жазо тури ва меъёрини айбдорнинг шахсини тавсифловчи объектив ва ижтимоий омиллар билан боғлиқ қилиб қўйганлиги туфайли судлар жиноят ишларини кўриб чиқиш пайтида мазкур ҳолатларни аниқлашлари шарт.
Объектив омилларга, хусусан, айбдорнинг ёши, жинси, ҳомиладорлик ҳолати, ижтимоий омилларга — судланганлиги, оиладаги, жамиятдаги хулқ-атвори, машғулоти, давлат ёки ижтимоий мавқеи ва ҳ.к. лар киради.
5. Судлар ижтимоий хавфи катта бўлмаган, шунингдек унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган ва жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатилиши мумкин бўлган шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинлаш учун қонунда мавжуд барча имкониятлардан тўлиқ фойдаланишлари керак.
Қонун нормаси санкциясида альтернатив жазолар мавжуд бўлганда ҳукмда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазони қўллаш зарурлиги тўғрисидаги масала муҳокама этилиши шарт.
6. Жиноят-процессуал кодекси 467-моддасининг биринчи қисми талабига кўра ҳукмда жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар кўрсатилиши лозим.
7. Қонун (ЖК 55-моддаси) жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар доирасини чекламайди. Шу сабабли жазо тайинлаш пайтида ушбу моддада кўрсатилмаган бошқа ҳолатлар ҳам жазони енгиллаштирувчи ҳолат сифатида ҳисобга олиниши мумкин (масалан, ижтимоий хавфлилиги катта бўлмаган жиноятнинг биринчи марта содир этилиши, судланувчининг ёш боласи борлиги, жиноятнинг бировга раҳмдиллик кўрсатилиши сабабли содир этилиши, айбдор томонидан бевосита жиноят содир этилганидан сўнг жабрланувчига тиббий ёки бошқа тарзда ёрдам кўрсатилиши ва ҳ.к.). Бундай ҳолатнинг жазони енгиллаштирувчи деб топилганлиги ҳақидаги хулоса ҳукмда асослантирилиши керак.
Айбни бўйнига олиб келиш кўринишидаги жазони енгиллаштирувчи ҳолат бор ёки йўқлиги тўғрисидаги масалани ҳал этишда судлар тергов органларига берилган ариза ёки жиноят тўғрисида тергов органи мансабдор шахсига қилинган хабар (ҳар қандай шаклда) ихтиёрий бўлган-бўлмаганлигини ва бу ҳолат шахс жиноят содир этишдаги ўз иштирокини у гумон қилинувчи (айбланувчи) сифатида ушланган ёки гумон қилинувчи (айбланувчи) тариқасида жиноят ишида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарор унга эълон қилингандан сўнг тасдиқлаганлиги билан боғлиқ ёки боғлиқ эмаслигини текшириб кўришлари лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Агар жиноят содир этилганлиги факти бўйича қўзғатилган иш бўйича уни содир этган шахс аниқланган бўлмаса, шахснинг ўз қилмиши тўғрисида ихтиёрий равишда берган аризаси ёки хабари айбни бўйнига олиш деб баҳоланиши керак. Шунингдек, жиноий жавобгарликка тортилган шахснинг ўзи содир этган бошқа, тергов органларига маълум бўлмаган жиноятлар тўғрисидаги аризаси ҳам айбни бўйнига олиш деб қаралиши лозим.
Икки ёки ундан ортиқ жиноят содир этилиб, улардан айримлари бўйича шахс айбини бўйнига олиб келган бўлса, бу ҳолат жазони енгиллаштирувчи сифатида фақат бўйинга олиш тўғрисида ариза берилган жиноятлар учун жазо тайинлаш пайтида ҳисобга олиниши керак.
8. Жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар доираси (ЖК 56-моддаси) қатъий белгиланган бўлиб, у суд томонидан кенгайтирилиши мумкин эмас. Бироқ, муайян жиноятнинг хусусиятларидан келиб чиқиб, сабабларини ҳукмда асослантирган ҳолда суд улардан бирортасини ҳам жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб топмаслиги мумкин.
Жиноят кодекси 56-моддаси биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар, агар улар жиноят таркибининг белгиси сифатида назарда тутилган бўлса, жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб саналиши мумкин эмас.
9. Такроран ва рецидив жиноят содир этилиши қонунда белгиланган асослар ва доирада оғирроқ жазо тайинланишига олиб келишини инобатга олиб, ҳар бир иш бўйича ЖК 77—80-моддаларига мувофиқ тугалланган ёки олиб ташланган судланганлик ҳолати мавжудлиги ҳақидаги материаллар текшириб чиқилиши ва шунга асосланиб, рецидив жиноят бор-йўқлиги тўғрисидаги масала ҳал этилиши керак.
Жиноят кодекси 34-моддаси мазмунига кўра, рецидив жиноят мавжудлиги ҳақидаги масалани ҳал этишда шахс судланаётган ёки муқаддам судланган қасддан содир этилган жиноят тамом бўлган ёки тамом бўлмаган жиноят эканлиги, шунингдек ушбу жиноятлардан қай бирида бўлсин шахс бажарувчи ёки иштирокчи бўлганлиги аҳамиятга эга эмас.
Шахсни ўта хавфли рецидивист деб топиш ҳақидаги масалани ҳал этишда шуни назарда тутиш лозимки, ЖК 34-моддасининг олтинчи қисмига кўра, ўн саккиз ёшгача содир қилинган жиноят учун судланганлик шахсни ўта хавфли рецидивист деб топишда ҳисобга олинмайди. Шундан келиб чиқиб, агар шахс муқаддам бир нечта жиноят учун судланган бўлиб, улардан айримларини вояга етмаган ёшда содир этган бўлса, фақат вояга етган даврда содир этилган жиноятлар учун судланганлик эътиборга олиниши лозим.
10. Қасддан такроран ёки илгари содир этилган жиноят учун судлангандан сўнг қасддан янги жиноят содир этилиши, агар биринчи жиноят учун жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетган, судланганлик белгиланган тартибда тугалланган ёки олиб ташланган ёхуд шахс муқаддам содир этган жиноий хатти-ҳаракат учун қонунда жавобгарлик бекор қилинган бўлса, шунингдек ЖК 65, 66, 661, 68, 69, 70, 71, 76-моддаларига биноан шахс илгари содир этган жинояти учун жиноий жавобгарликдан ва жазодан озод этилган бўлса, жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида эътироф этилиши мумкин эмас.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Шуни назарда тутиш лозимки, иштирокчиликда содир этилган жиноят ишлари бўйича суд ишдаги муайян ҳолатларни, ҳар бир иштирокчининг шахси ҳақидаги маълумотлар ва жиноятни содир этишдаги иштироки даражасини эътиборга олиб, жазони индивидуаллаштириши ҳамда биринчи марта жиноят содир этган шахсга қонун санкцияси доирасида енгилроқ жазо тайинлаш масаласини муҳокама қилиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
12. Вояга етмаганларга нисбатан жазо тайинлашда судлар ЖК 81—90-моддаларида белгиланган хусусиятларни инобатга олишлари шарт.
Вояга етмаганларга жазо тайинлаш пайтида ЖК 54-моддасида назарда тутилган ҳолатлардан ташқари, ҳар бир муайян ҳолда, шунингдек унинг ривожланиш даражаси, турмуш шароити ва тарбияси, соғлиғи, жумладан, руҳий ривожланиш даражаси, жиноятни содир этиш мотивлари, катта ёшдаги шахсларнинг унинг хулқ-атворига салбий таъсири ҳақидаги маълумотлар, шахсига таъсир қилувчи бошқа ҳолатлар аниқланиши ва баҳоланиши лозим.
Ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар жиноят содир этган шахс иш судда кўрилаётган вақтда вояга етган бўлса ҳам, унга нисбатан тайинланаётган жазо муддати ёки миқдори ЖК 82—85-моддаларида белгиланган максимал муддат ва миқдорлардан ошиши мумкин эмас.
Вояга етмай туриб жиноят содир этган шахсга жиноятлар мажмуи ёки бир неча ҳукм юзасидан узил-кесил жазо тайинлашда унинг миқдори:
жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, қамоқ тариқасидаги жазолар — ЖК 82—84-моддаларида назарда тутилган муддат ва миқдорлардан;
Кейинги таҳрирга қаранг.
озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо — ЖК 86-моддасининг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмида назарда тутилган муддатлардан ортиқ бўлиши мумкин эмас.
Шахс томонидан бир неча жиноят содир этилиб, улардан айримлари вояга етмаган, қолганлари вояга етган даврда содир этилган бўлса, суд жиноятлар мажмуи бўйича жазо тайинлаётганида аввал ЖК 82—86-моддалари талабларига риоя этган ҳолда ўн саккиз ёшгача содир этилган жиноятлар учун, кейин эса, вояга етгандан сўнг содир этилган жиноятлар учун жазо тайинлаб, сўнгра ЖК 59-моддасига асосан узил-кесил жазо тайинлайди.
13. Ишларни апелляция, кассация ва назорат тартибида кўришда, судлар томонидан ҳукм чиқариш пайтида жазо тайинлашнинг умумий асосларига риоя қилинганлиги, тайинланган жазо жиноятнинг оғирлиги ва маҳкумнинг шахсига мутаносиблиги синчиклаб текширилиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Суднинг содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, етказилган зарар миқдори, айбланувчининг шахси, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар, айблов ҳажми, айб шакли, иштирокчиликнинг тури ва шакли ҳақидаги хулосалари нотўғри деб топилган ва шу муносабат билан ҳукмга ўзгартиришлар киритилган тақдирда, апелляция, кассация ва назорат инстанцияси суди ўз қарорини асослантирган ҳолда маҳкумга нисбатан тайинланган жазони енгиллаштириш масаласини муҳокама қилиши шарт.
Кейинги таҳрирга қаранг.
14. Апелляция, кассация ва назорат инстанцияси судларининг эътибори ўта хавфли рецидивистлар, уюшган гуруҳ ташкилотчилари ва фаол иштирокчиларига нисбатан жазони асоссиз равишда камайтириш ёки бошқа енгилроқ жазо билан алмаштириш ҳолларига йўл қўйилмаслиги лозимлигига қаратилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
15. Судларга жарима тариқасидаги жазо турини нафақат ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар, балки оғир жиноятлар содир этишда айбдор деб топилган шахсларга нисбатан ҳам, агар бу жазо қонун санкциясида назарда тутилган бўлса, кенгроқ қўллаш тавсия этилсин.
16. Судлар шуни назарда тутишлари керакки, жарима тариқасидаги жазо тайинланганда ҳукмнинг қарор қисмида жарима миқдори билан бир қаторда унинг жиноят содир этилган вақтдаги энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланган, пул бирлигида ифодаланган жами суммаси ҳам кўрсатилиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Жарима тариқасидаги жазони тайинлаш ва миқдорини белгилашда суд, одатда, унинг амалда тўлана олиниши имкониятидан келиб чиқиши лозим. Бунда, чунончи, судланувчининг моддий аҳволи, шунингдек қарамоғида вояга етмаганлар фарзандлари, кекса ота-онаси борлиги ва ҳ.к.лар инобатга олиниши лозим.
17. Қонунга мувофиқ жазо тариқасида тайинланган жаримани маҳкум ҳукм қонуний кучга кирган кундан бошлаб уч ой, вояга етмаган маҳкум эса — олти ой мобайнида ихтиёрий равишда тўлаши лозим. Бироқ суд, маҳкумнинг моддий аҳволини инобатга олиб, ЖПК 533-моддаси иккинчи қисмига асосан ҳукмнинг ушбу қисми ижросини олти ойгача кечиктириши ёки бўлиб-бўлиб тўлаш масаласини ҳал қилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Бундай ҳолда жаримани тўлаш учун Жиноят кодекси 44-моддасининг учинчи қисмида ва 82-моддасининг иккинчи қисмида белгиланган муддатларнинг ўтиши кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) муддати тугагандан сўнг бошланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
18. Ахлоқ тузатиш ишлари меҳнатга лаёқатли шахсга нисбатан у содир этган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини ҳисобга олган ҳолда уни жамиятдан ажратиш зарурати бўлмаганда олти ойдан уч йилгача (вояга етмаганларга нисбатан — бир ойдан бир йилгача) бўлган муддатга тайинланади.
Ахлоқ тузатиш ишлари, шунингдек ЖК 44-моддасининг учинчи қисми ва 82-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда илгари тайинланган жарима жазосини алмаштириш тартибида ҳам қўлланилиши мумкин. Бундай ҳолда ахлоқ тузатиш ишларининг минимал муддати тўланмаган жарима суммасидан келиб чиқиб, олти ойдан (вояга етмаганларга нисбатан — бир ойдан) камроқ бўлиши мумкин, бироқ уч йилдан (вояга етмаганларга нисбатан — бир йилдан) ошмаслиги лозим.
меҳнатга лаёқатсиз (белгиланган тартибда биринчи, иккинчи, учинчи гуруҳ ногирони деб топилган) шахсларга;
ҳомиладор ва болани парваришлаш билан боғлиқ таътилда бўлган ёки банд бўлган аёлларга (бола уч ёшга тўлгунга қадар);
янги туғилган чақалоқни бевосита туғуруқхонадан фарзандликка олган ёки унга нисбатан васий бўлиб, болани парваришлаш билан боғлиқ таътилда бўлган шахсларга (бола уч ёшга тўлгунга қадар);
Кейинги таҳрирга қаранг.
20. Ахлоқ тузатиш ишлари, одатда, иш жойида ўташ шарти билан тайинланиши лозим. Шу билан бирга, шахс ўз касб ёки хизмат вазифасини бажариш билан боғлиқ ҳолда жиноят содир этиб, унинг олдинги иш жойида қолдирилиши жазонинг тарбиявий аҳамияти пасайишига олиб келиши мумкин бўлса, ахлоқ тузатиш ишларини ушбу жазо ижросини амалга оширувчи орган томонидан белгиланган жойда ўташ тайинланиши мумкин.
Ахлоқ тузатиш ишлари муддатлари ҳамда айбдорнинг иш ҳақидан чегирма миқдори ҳақидаги масалани ҳал қилиш учун судлар судланувчининг, айниқса вояга етмаганларининг моддий аҳволини аниқлашлари лозим.
Жиноят кодексининг бир неча моддаси бўйича ахлоқ тузатиш ишлари тайинланаётганда, жазо муддати ва иш ҳақидан чегирма миқдори ҳар бир модда бўйича алоҳида, сўнгра эса, уларнинг мажмуи бўйича белгиланади. Бунда жазонинг узил-кесил муддати ва чегирма миқдори ЖК 46-моддасида белгиланган чегарадан ошиши мумкин эмас.
Кейинги таҳрирга қаранг.
21. Қонун мазмунига кўра, (ЖК 46-моддасининг тўртинчи қисми) тайинланган жазо муддатининг жами бўлиб ўндан бир қисмидан кўпроғини ўташдан бўйин товланган тақдирда, суд ахлоқ тузатиш ишининг ўталмаган муддатини шу муддатга озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазо тури билан алмаштириши мумкин. Бунда Жиноят кодексининг айбдор судланган моддаси санкцияси ахлоқ тузатиш ишлари алмаштирилиши натижасида келиб чиққан муддатдан кам озодликдан маҳрум қилиш жазосини кўзда тутишининг ёки умуман озодликдан маҳрум қилиш жазосини кўзда тутмаслигининг аҳамияти йўқ.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Вояга етмаган шахс тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари муддатининг ўндан бир қисмидан кўпроғини ўташдан бўйин товласа, суд ушбу жазонинг ўталмаган қисмини ахлоқ тузатиш ишларининг ҳар уч кунини қамоқнинг бир кунига ҳисоблаган ҳолда қамоқ жазоси билан алмаштиради, аммо бунда қамоқ муддати уч ойдан ошмаслиги керак (ЖК 83-моддасининг иккинчи қисми).
Кейинги таҳрирга қаранг.
22. Ахлоқ тузатиш ишларини озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога алмаштириш масаласини ҳал қилишда, суд, ахлоқ тузатиш иши ижросини амалга оширувчи орган томонидан ушбу жазо ижросини таъминлаш бўйича чоралар кўрилганлиги, маҳкум қонун талабига мувофиқ жазони ўташдан бош тортганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилганлиги ҳақидаги маълумотларга эга бўлиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Агар тақдим этилган ҳужжатларда бундай маълумотлар мавжуд бўлмаса, судья тегишли текшириш ўтказиш учун ҳужжатларни ушбу жазо ижросини амалга оширувчи органга юбориш ҳақида ажрим чиқаради
23. Жиноят-процессуал кодексининг 541, 542-моддаларига мувофиқ ахлоқ тузатиш ишининг ўталмаган қисмини озодликдан маҳрум қилиш ёки қамоқ жазоси билан алмаштириш ҳақидаги ишлар суд мажлисида, одатда, маҳкум иштирокида кўрилиши лозим. Бу масала маҳкум яшириниб юрганлиги ёки судга келишдан бўйин товлаётганлиги тўғрисида ишончли маълумотлар ишда мавжуд бўлган ҳолдагина унинг иштирокисиз ҳал этилиши мумкин.
Агар ахлоқ тузатиш ишининг ўталмаган қисмини озодликдан маҳрум қилиш ёки қамоқ жазоси билан алмаштириш ҳақидаги материални кўриш вақтида ЖПК 533-моддасида кўрсатилган ҳолатлар аниқланса, суд ҳукмнинг ижросини кечиктириш масаласини муҳокама қилиши шарт.
Кейинги таҳрирга қаранг.
24. Қамоқ жазоси маҳкумни жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатиш имконияти бўлмаган ҳолларда бир ойдан олти ойгача (вояга етмаганларга нисбатан — бир ойдан уч ойгача) бўлган муддатга тайинланиши мумкин.
Қамоқ ЖК 44-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда илгари тайинланган жарима жазосини алмаштириш тартибида ҳам тайинланиши мумкин. Бундай ҳолда қамоқнинг минимал муддати бир ойдан кам бўлиши мумкин, бироқ олти ойдан ошмаслиги керак.
Кейинги таҳрирга қаранг.
25. Судлар шуни назарда тутишлари керакки, эҳтиёт чораси сифатида шахснинг қамоқда сақланиши ўз-ўзидан қамоқ жазосини тайинлаш учун асос бўла олмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
26. Озодликдан маҳрум қилиш жазо тариқасида, одатда, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этган шахсларга, алоҳида ҳолларда эса, судланувчининг шахсини инобатга олган ҳолда — ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир қилган шахсларга нисбатан, агар бундай шахсларни жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатишнинг имкони бўлмаса, қўлланилади. Ушбу жазо турини қўллаш сабаблари ҳукмда асослантирилиши шарт.
Кейинги таҳрирга қаранг.
27. Озодликдан маҳрум қилиш жазоси олти ойдан йигирма йилгача (вояга етмаганларга нисбатан — олти ойдан ўн йилгача) бўлган муддатга тайинланади.
Озодликдан маҳрум қилиш жазоси ЖК 60-моддасида назарда тутилган ҳолларда йигирма беш йилгача, вояга етмаганларга нисбатан эса, ЖК 86-моддасига кўра, — ўн беш йилгача муддатга тайинланиши мумкин.
Озодликдан маҳрум қилиш жазоси ЖК 46-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда ахлоқ тузатиш ишлари жазосини алмаштириш тартибида ҳам тайинланиши мумкин. Бундай ҳолда озодликдан маҳрум қилиш жазоси олти ойдан камроқ муддатга ҳам тайинланиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
28. ЖК 50-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ, аёлларга, шунингдек 60 ёшдан ошган эркакларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо муддати Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган озодликдан маҳрум қилиш жазоси максимал муддатининг тўртдан уч қисмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Жиноятлар ёки ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланаётган ҳоллар ҳам бундан мустасно эмас.
Кейинги таҳрирга қаранг.
29. Судлар қисқа муддатга (бир йилгача) озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўллашда ишнинг барча ҳолатларидан, айбдорнинг шахсидан келиб чиқишлари ва озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо қўлланилиши имконияти йўқлиги сабабларини ҳукмда асослантиришлари лозим.
30. Бир неча жиноятлар учун жазо тайинлашда жазо муддати Жиноят кодексининг ҳар бир моддаси бўйича алоҳида кўрсатилади. Озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўташ колониясининг тури жиноятлар мажмуи бўйича жазо тайинлангандан сўнг белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
31. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, ЖК 72-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ шартли ҳукм фақат ахлоқ тузатиш ишлари, хизмат бўйича чеклаш, интизомий қисмга жўнатиш ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазолар тайинланган ҳолда қўлланилиши мумкин.
Агар суд бир ёки бир неча жиноят содир этган шахсга нисбатан шартли ҳукм қўллаш лозимлиги ҳақида хулосага келса, бундай қарор ҳар бир жиноят учун алоҳида эмас, балки жиноятлар мажмуи бўйича узил-кесил жазо тайинлаш пайтида қабул қилинади.
Шартли ҳукм фақат ЖК 72-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган бир ёки бир неча жазо тури тайинланган шахсларга нисбатан қўлланилиши мумкин. Агар тайинланган жазо туридан бири қонуннинг ушбу нормасида кўрсатилмаган бўлса, суд ЖК 72-моддаси биринчи қисмида қайд этилган жиноятларга нисбатан шартли ҳукм қўллаб, бошқа турдаги жазони (масалан, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, жарима) реал ижро этиш тўғрисида қарор қилади.
32. Қонунга кўра, шартли ҳукм қилишда қўшимча жазолар ҳам қўлланилиши мумкинлигини ва улар реал тарзда ижрога қаратилишини назарда тутиб, бу ҳақда ҳукмнинг қарор қисмида алоҳида кўрсатиш лозим.
33. Шартли ҳукм асослантирилган бўлиши ва маҳкумни ахлоқан тузатиш мақсадига хизмат қилиши лозим. Шу сабабли суд, шартли ҳукм қилинган маҳкумга ЖК 72-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган мажбуриятларни бажаришни юклаши мумкин.
34. Шартли ҳукм қўлланилганда, бир йилдан уч йилгача бўлган синов муддати белгиланади ва бу муддат ҳукм чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланади.
Қонун синов муддати давомийлилигини тайинланган жазо миқдори билан боғламайди. Бу масала суд томонидан ҳар сафар содир этилган жиноятнинг хусусияти ва судланувчининг шахсидан келиб чиқиб ҳал этилади.
Агар шартли ҳукм апелляция, кассация ёки назорат инстанцияси суди томонидан қўлланилган бўлса, бундай ҳолда ҳам синов муддати ҳукм эълон қилинган кундан бошлаб ҳисобланади (ЖК 72-моддаси иккинчи қисми).
Кейинги таҳрирга қаранг.
Шартли ҳукм қилишда белгиланган синов муддатини қисқартириш масаласи ЖПК 541-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ маҳкумнинг яшаш жойидаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди судьяси томонидан ҳал қилинади.
35. ЖК 72-моддасининг олтинчи қисмига мувофиқ, агар шартли ҳукм қилинган шахс синов муддати давомида суд томонидан унга юклатилган мажбуриятларини бажармаса ёхуд жамоат тартиби ёки меҳнат интизомини бузганлиги учун унга маъмурий ёки интизомий таъсир чораси қўлланилган бўлса, суд бундай шахснинг хулқи устидан назорат олиб борувчи орган тақдимномасига биноан жазонинг шартлилигини бекор қилиб, ҳукмда белгиланган жазони ижро этиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.
Шу билан бирга, содир этилган ҳуқуқбузарликнинг хусусияти ва муайян ҳолатларини, маҳкумнинг шахси ва синов муддати давомидаги хулқ-атворига доир маълумотларни ҳисобга олиб, суд шартли ҳукмни аслича қолдириш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.
36. Қонун бўйича (ЖК 72-моддасининг саккизинчи қисми) шартли ҳукм қилинган шахс томонидан синов муддати давомида янги жиноят содир этилса, суд унга ЖК 60-моддасида назарда тутилган қоидалар бўйича жазо тайинлайди. Бунда суд, узил-кесил жазо тайинлашдан олдин, шартли ҳукм қилинган шахснинг хулқи устидан назорат олиб борувчи орган тақдимномаси бор-йўқлигидан қатъий назар, биринчи ҳукмнинг шартлилигини бекор қилади.
Бундай ҳолда, бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш пайтида суд, ЖК 72-моддасининг еттинчи қисмида назарда тутилган шартларга риоя этган ҳолда яна шартли ҳукм қўллаши мумкин.
Айни пайтда, шуни назарда тутиш керакки, ЖК 72-моддасида шартли ҳукмни бекор қилиш учун асос бўладиган ҳолатлар доираси қатъий белгиланган. Шу сабабли, агар шартли ҳукм қилинган шахснинг ўша иш бўйича ҳукм чиқарилгунга қадар содир этилган бошқа жиноятда ҳам айбдорлиги аниқланса, ушбу ҳолат жазонинг шартлилигини бекор қилиш учун асос бўла олмайди. Бундай ҳолда ЖК 59-моддаси қоидалари қўлланилмайди (чунки шартли ҳукм юридик табиатига кўра жиноий жазодан озод қилишнинг бир тури ҳисобланади) ва биринчи ҳамда иккинчи иш бўйича чиқарилган ҳар қайси ҳукм алоҳида ижро қилинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
37. ЖК 57-моддасига мувофиқ, содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар аниқланган тақдирда, Жиноят кодекси Махсус қисми моддаси санкциясида назарда тутилган энг кам жазодан ҳам камроқ ёки шу моддада назарда тутилмаган бошқа енгилроқ жазо тайинланиши мумкин.
Бунда, қонунга мувофиқ, судлар, нафақат шахс жиноят содир этиш вақтида кўзлаган мотив ва мақсад, айб шакли ва даражасини, балки, айбдорнинг шахси, жиноят иштирокчилари орасидаги роли, жиноят содир этилиш пайтидаги ёки содир этилганидан кейинги хулқ-атвори, жиноятни содир этиш сабаблари ва бунга олиб келган шарт-шароитни ҳам эътиборга олишлари лозим.
Жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи алоҳида ҳолатлар рўйхати қонунда кўрсатилмаганлигини назарда тутиб, суд қабул қилган қарорини ҳукмда асослантирган ҳолда жазони енгиллаштирувчи айрим ҳолатни ҳам, уларнинг мажмуини ҳам бундай ҳолат сифатида тан олиши мумкин (масалан моддий зарарнинг тўлиқ қопланганлиги, судланувчи ёки ота-онасининг оғир касаллиги, уларнинг меҳнатга лаёқатсизлиги, айбдор ота-онасининг ёки боласининг бошқа боқувчиси йўқлиги, судланувчининг кекса ёшда эканлиги, унинг бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган жиноятни очишда фаол иштирок этганлиги, жабрланувчининг жиноят содир этилишига туртки берган ҳуқуққа хилоф хулқ-атвори, жабрланувчининг судланувчи билан ярашганлиги ва ҳ.к.).
38. Жиноят кодексининг 57-моддасида белгиланган қоидага кўра, ушбу кодекс Махсус қисми моддаси санкциясида назарда тутилмаган ҳар қандай енгилроқ асосий жазо тури, жумладан, жарима, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, ахлоқ тузатиш ишлари, хизмат бўйича чеклаш, интизомий қисмга жўнатиш каби жазолар ЖК 44—49-моддаларига риоя қилинган ҳолда тайинланиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
қонун санкциясида назарда тутилганидан ҳам енгилроқ жазо тайинлаш пайтида ҳукмнинг қарор қисмида фақат Жиноят кодексининг тегишли моддаси (қисми, банди) бўйича ЖК 57-моддаси қўлланилиб тайинланган узил-кесил жазо чораси кўрсатилиши лозим бўлиб, енгилроқ жазо қўллаш сабаблари ҳукмнинг тавсиф қисмида кўрсатилиши керак;
шахс жиноят қонунининг турли моддаларида (моддаси қисмларида) кўзда тутилган бир неча жиноят содир этганлик учун судланаётган бўлса, ЖК 57-моддаси жиноятлар жами бўйича тайинланган жазодан кейин эмас, балки алоҳида жиноятлар учун жазо тайинлаш пайтида қўлланилади;
қонун санкциясида назарда тутилганидан ҳам енгилроқ асосий жазонинг тайинланиши айбдорнинг ҳаракатлари квалификация қилинаётган қонун санкциясида назарда тутилган қўшимча жазоларни тайинлаш имкониятини истисно қилмайди.
40. Қўшимча жазо чораларининг янги жиноятлар содир этилиши олдини олишда катта аҳамиятга эга эканлигидан келиб чиқиб, судларга ҳукм чиқариш пайтида асосий жазо билан бирга тегишли қўшимча жазо қўллаш масаласини ҳам муҳокама қилиш тавсия қилинсин.
41. Жиноят кодексининг 43-моддасига мувофиқ, маҳкумларга нисбатан муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ҳамда ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш каби қўшимча жазолар қўлланилиши мумкин.
Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш тариқасидаги қўшимча жазо шахс айбдор деб топилган Жиноят кодекси Махсус қисми моддаси санкцияси доирасида тайинланади. Агар муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо Жиноят кодекси Махсус қисми моддаси санкциясида назарда тутилмаган бўлса, у ЖК 45-моддасида белгиланган асослар ва доирада, қабул қилинган қарор ҳукмда асослантирилган ҳолда қўлланилиши мумкин.
Ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш тариқасидаги қўшимча жазо ЖК 52-моддасида кўрсатилган ҳоллардагина қўлланилиши мумкин.
42. Агар жиноий қилмиш квалификация қилинаётган қонунда қўшимча жазо мажбурий тарзда тайинланиши белгиланган бўлса, уни фақат ЖК 57-моддасида назарда тутилган ҳоллар мавжуд бўлганда қўлламаслик мумкин бўлиб, бундай қарор ушбу моддага ҳавола қилинган ҳолда ҳукмда асослантирилиши лозим.
43. Қонун бўйича тайинланиши мажбурий бўлган қўшимча жазони қўлламаслик (ЖК 57-моддаси қўлланилган ҳоллар бундан мустасно), ҳукмда муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш тариқасидаги қўшимча жазо муддатини кўрсатмаслик, тайинланган жазога илгариги ҳукм бўйича тайинланган қўшимча жазонинг ўталмаган қисмини қўшмаслик, қўшимча жазони фақат жиноятлар жами бўйича тайинлаш каби ҳоллар жиноят қонуни нотўғри қўлланилган деб баҳоланишига ва ЖПК 484-моддаси тўртинчи банди ҳамда 488-моддаси талабига кўра ҳукмнинг бекор бўлишига асос бўлади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
44. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, қонунда назарда тутилганидан ҳам енгилроқ асосий жазо белгиланиши ёки Жиноят кодекси Махсус қисми моддасида кўрсатилмаган бошқа енгилроқ асосий жазо турига ўтилиши айбдорга нисбатан қўшимча жазо тайинлаш имкониятини истисно этмайди.
45. Жиноят кодексининг 45-моддасига мувофиқ, айбдор ўзи эгаллаган лавозим ёки хизмат фаолияти билан бевосита боғлиқ ҳолда жиноят содир этган ҳар бир ҳолда, суд, жиноятнинг хусусиятидан келиб чиқиб, маҳкумни у ёки бу мансабни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласини муҳокама қилиши шарт. Бундай жазони тайинлаш пайтида ҳукмнинг қарор қисмида судланувчи шуғулланиши мумкин бўлмаган мансаб характери ёки фаолият тури аниқ кўрсатилиши керак.
Ҳукм чиқарилаётган пайтда маҳкум жиноят содир этилиши билан боғлиқ бўлган мансабни эгалламаслиги ёки фаолият тури билан шуғулланмаслиги ҳолати қўшимча жазо қўллаш учун тўсиқ бўлмайди.
46. Бир неча жиноят содир этганликда айбдор деб топилган шахсга нисбатан қўшимча жазо тури ва миқдори асосий жазо сингари ҳар бир ҳаракат учун алоҳида, сўнгра эса жиноятлар мажмуи бўйича узил-кесил тайинланиши лозим. Агар қўшимча жазо жиноятлар мажмуига кирувчи бирорта ҳам жиноят учун тайинланмаган бўлса, у жиноятлар мажмуи бўйича қўлланилиши мумкин эмас.
Агар жиноятлар мажмуига кирувчи икки ва ундан кўп жиноят учун айнан бир турдаги қўшимча жазо тайинланган бўлса, унинг узил-кесил миқдори кўпроқ қўшимча жазо муддатини кўзда тутувчи модда санкцияси доирасида уларни тўла ёки қисман қўшиш орқали, жиноят қонуни моддасида муддат белгиланмаган ёки қўшимча жазо ЖК 45-моддаси асосида қўлланилган бўлса, ушбу жазо тури учун белгиланган максимал муддат доирасида белгиланади.
47. Агар, суд муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш тариқасидаги қўшимча жазони тайинлаш чоғида мансаб номи ёки фаолият турини ҳукмда аниқ кўрсатмаган бўлса, апелляция, кассация, назорат инстанцияси суди маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирмаган ҳолда ҳукмга тегишли аниқлик киритишга ҳақли.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Бундай аниқликлар ҳукм чиқарган суд томонидан ҳам ЖПК 541-моддасида кўзда тутилган тартибда киритилиши мумкин.
Агар ҳукм уни чиқарган суд фаолият кўрсатувчи ҳудуддан ташқарида ижро қилинаётган бўлса, ушбу масала ҳукм ижро қилинаётган жойдаги суд томонидан ҳал қилинади.
48. Судларга муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тариқасидаги қўшимча жазони, тегишли асослар мавжуд бўлган ҳамда жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда, ушбу фаолият касб ёки тирикчилик манбаи бўлган шахсларга нисбатан (масалан тадбиркорлик фаолияти, транспорт воситаларини бошқариш ва ш.к.) қўллашнинг қанчалик мақсадга мувофиқлиги масаласини муҳокама қилиш тавсия этилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
49. Судлар шуни назарда тутишлар лозимки, ЖК 59-моддасида белгиланган жиноятлар мажмуи бўйича жазо тайинлаш қоидалари қуйидаги ҳолларда қўлланилади:
қилмиш Жиноят кодекси муайян моддасининг бир неча қисмлари билан квалификация қилинганда, башарти ушбу қисмлар турли жиноятлар учун жавобгарликни назарда тутса (масалан, ЖК 228, 248, 273-моддалари);
Кейинги таҳрирга қаранг.
шахс бир неча айнан ўхшаш қилмишни содир этган бўлиб, улардан айримлари тугалланган жиноят, бошқалари эса — жиноятга тайёргарлик, суиқасд тариқасида квалификация қилинганда ёки айримлари мустақил, бошқалари эса иштирокчиликда содир этилганда;
иш бўйича ҳукм чиқарилгандан кейин маҳкумнинг биринчи иш бўйича чиқарилган ҳукмгача яна бошқа жиноятда айбдорлиги аниқланганда.
Шахс Жиноят кодекси Махсус қисми айнан бир моддасининг турли қисмларида назарда тутилган ўхшаш қилмишни содир этганликда айбдор деб топилганда жазо шу модданинг оғирроқ жазо белгиланган қисми бўйича тайинланади (ЖК 33-моддаси).
50. Жиноят кодекси 59-моддаси ва Жиноят-процессуал кодекси 468-моддасида белгиланган суднинг ҳар бир жиноят учун алоҳида жазо тайинлаб, сўнгра жиноятлар мажмуи бўйича узил-кесил жазо белгилаши шартлиги тўғрисидаги талаблар ҳам асосий, ҳам қўшимча жазо тайинлашга тааллуқлидир.
51. Икки ёки ундан ортиқ жиноятлар мажмуи бўйича асосий жазо белгилашда, суд, алоҳида жиноятлар учун тайинланган жазоларнинг енгилроғини оғирроғи билан қоплаш ёки уларни тўла ёки қисман қўшиш қоидаси бўйича узил-кесил жазо тайинлайди.
агар жиноятлар мажмуини фақат ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар ташкил этса, суд жазо тайинлашнинг умумий асосларига риоя этган ҳолда енгилроқ жазони оғирроғи билан қоплаш ёки жазоларни тўла ёки қисман қўшиш қоидасидан бирини танлашга ҳақли;
агар жиноятлар мажмуини ташкил этувчи жиноятлардан лоақал биттаси оғир ёки ўта оғир жиноят бўлса, суд Жиноят кодекси Умумий қисмида муайян жазо тури учун белгиланган доирада жазоларни тўла ёки қисман қўшиш қоидасига амал қилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Жазони тўла ёки қисман қўшиш қоидаси алоҳида жиноятлар учун ҳар хил турдаги жазолар тайинланганда ҳам қўлланилади. Бунда судлар Жиноят кодекси 61-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган жазоларни қўшиб ҳисоблаш қоидаларига амал қилишлари лозим.
Айни пайтда судлар шуни назарда тутишлар керакки, ЖК 61-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ жарима ва муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазолар бошқа турдаги жазолар билан қўшиб ҳисобланмайди ва алоҳида ижро қилинади.
52. Икки ёки ундан ортиқ жиноятлар мажмуи бўйича қўшимча жазо белгилашда, агар алоҳида жиноятлар учун тайинланган жазо бир турга мансуб бўлса, суд ушбу қўшимча жазо тури учун белгиланган максимал муддат доирасида уларнинг енгилроғини оғирроғи билан қоплаш ёки уларни тўла ёки қисман қўшиш қоидаси бўйича узил-кесил жазо тайинлайди.
Агар жиноятлар ёки ҳукмлар мажмуига кирувчи жиноятлар учун тайинланган қўшимча жазо турлича бўлса, улар алоҳида ижро этилади.
Судлар шуни эътиборга олишлари лозимки, қўшимча жазоларни қоплаш қоидасини қўллаш имконияти қонунда жиноятнинг оғирлиги билан чекланмаган.
53. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, жиноятлар мажмуи учун ЖК 59-моддасининг олтинчи қисми бўйича жазо тайинланганда, узил-кесил жазо биринчи ҳукм бўйича тайинланган жазодан кам бўлиши мумкин эмас, чунки бундай ҳолларда, суд, биринчи ҳукм бўйича тайинланган жазонинг ўталмаган қисмидан эмас, балки унинг тўлиқ миқдоридан келиб чиқиши зарур.
ЖК 59-моддасининг олтинчи қисмига мувофиқ тайинланган узил-кесил жазо муддатини белгилашда биринчи ҳукм бўйича ўталган жазо ҳисобга олинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
54. Жиноят кодексининг 60-моддасида назарда тутилган бир неча ҳукмлар бўйича жазо тайинлаш қоидалари биринчи ҳукм эълон қилинганидан сўнг, лекин ўша ҳукм бўйича тайинланган асосий ва қўшимча жазолар тўлиқ ўталганга қадар маҳкум томонидан янги жиноятни содир этилган ҳолларда қўлланилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
55. Судлар шуни ҳисобга олишлари керакки, ҳукмлар мажмуи бўйича белгиланган жазо янги жиноят учун белгиланган жазо муддатидан ҳам илгариги ҳукм бўйича белгиланган жазонинг ўталмаган қисмидан ҳам кўпроқ бўлиши керак.
Бунда озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги узил-кесил жазо муддати йигирма беш йилдан, вояга етмаганлар, олтмиш ёшдан ошган эркаклар ҳамда аёлларга нисбатан эса, ўн беш йилдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.
Кейинги таҳрирга қаранг.
56. Ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинлаш ҳақидаги масала ҳал қилинаётганда олдинги ҳукм бўйича тайинланган асосий ва қўшимча жазонинг қанча қисми шахс томонидан реал ўталмаганлиги аниқланиши лозим.
жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод этилганда — жазонинг маҳкум ўтамай қолган қисми;
Илгариги ҳукм бўйича тайинланиб, ўталмай қолган қўшимча жазо ҳукмлар мажмуи бўйича тайинланган асосий жазога фақат қўшимча жазо сифатида қўшилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
57. Суд биринчи ҳукм бўйича шартли тайинланган жазони охирги ҳукм бўйича тайинланган жазога қўшишда, шахс эҳтиёт чораси ёки ушлаб туриш сифатида қамоқда бўлган вақтни ҳукмлар мажмуи бўйича тайинланган узил-кесил жазога қўшиб ҳисоблаши керак.
Агар янги жиноят шахс томонидан биринчи ҳукм бўйича тайинлаган жазо ЖК 74-моддасига асосан ёки афв этиш, ёхуд амнистия акти асосида енгилроғи билан алмаштирилганидан сўнг содир этилган бўлса, иккинчи ҳукм бўйича тайинланган жазога алмаштирилган енгилроқ жазонинг ўталмаган қисми қўшилади.
Янги жиноят озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаётган шахс томонидан содир этилганда, жазонинг ўталмаган қисми деб янги жиноят учун қамоқда сақлаб туриш сифатида эҳтиёт чораси танланганидан сўнг қолган муддатни ҳисоблаш лозим. Агар бундай эҳтиёт чораси танланмаган бўлса, жазонинг ўталмаган қисми муддати охирги ҳукм чиқарилган вақтдан бошлаб ҳисобланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
58. Агар иш бўйича маҳкум бошқа жиноятларда ҳам айбдор эканлиги аниқланиб, улардан айримлари биринчи ҳукм чиқарилгунга, бошқалари эса, ҳукм чиқарилгандан сўнг содир этилган бўлса, иккинчи ҳукм бўйича жазо аввал биринчи ҳукм чиқарилгунга қадар содир этилган жиноятлар мажмуи бўйича, кейин ЖК 59-моддаси олтинчи қисми қоидасига кўра, сўнгра биринчи ҳукм чиқарилганидан кейин содир этилган жиноятлар мажмуи бўйича ва охирида бир неча ҳукм юзасидан (ЖК 60-моддаси) узил-кесил тайинланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Шахс давомли ёки узоққа чўзилган, яъни биринчи иш бўйича ҳукм чиқарилгунча қадар бошланиб, ҳукм чиқарилгандан сўнг ҳам давом этган жиноят учун судланаётган бўлса, суд иккинчи ҳукм бўйича жазо тайинлашда ЖК 60-моддасини қўллаши лозим.
ЖК 59-моддасининг олтинчи қисми ва 60-моддаси қоидаларига мувофиқ тайинланган узил-кесил жазо муддати охирги иш бўйича судгача эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақлаш ёки ушлаб туриш вақти ҳисобга олинган ҳолда охирги ҳукм чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
59. Қонунга кўра, агар маҳкумнинг аҳволи ёмонлашмаса ва ҳимояга бўлган ҳуқуқи бузилмаса, суд жиноий қилмишни жиноят қонунининг битта моддасидан енгилроқ жиноятлар учун жавобгарликни назарда тутувчи бир неча моддасига қайта квалификация қилишга ҳақли.
Бунда жиноятлар мажмуи бўйича тайинланган жазо жиноий қилмиш айбланувчи сифатида ишга жалб қилиш ҳақидаги қарорда ва айблов хулосасида квалификация қилинган Жиноят кодекси моддаси санкциясида назарда тутилган максимал жазодан оғирроқ бўлиши мумкин эмас.
Кейинги таҳрирга қаранг.
60. Судларга тушунтирилсинки, ҳар бир қилмиш учун алоҳида жазо тайинламасдан туриб жиноятлар мажмуи бўйича жазо белгиланиши ёки алоҳида жиноятлар учун жазо тайинланиб, жиноятлар мажмуи бўйича узил-кесил жазо тайинланмаслиги ёхуд тайинланган жазога илгариги ҳукм бўйича тайинланган ва судга маълум бўлган жазонинг ўталмаган қисми қўшилмаслиги жиноят қонуни нормаларининг нотўғри қўлланилиши сифатида баҳоланиб, ҳукмнинг бекор қилинишига олиб келади.
61. Ўзбекистон Республикаси ҳарбий суди, жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар суди:
Кейинги таҳрирга қаранг.
ишларни барча суд инстанцияларида кўришда жиноят учун жазо тайинлаш ҳақидаги қонун нормаларининг тўғри қўлланилишини таъминласинлар;
жазо тайинлаш амалиётини доимий равишда ўрганиб бориш ва умумлаштириш, қонунни қўллашда йўл қўйилган хатоларни таҳлил қилган ҳолда, камчиликларни бартараф қилиш юзасидан тегишли чоралар кўрсинлар.
62. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қуйидаги қарорлари ўз кучини йўқотган деб топилсин:
1999 йил 14 майдаги «Жиноий жазо чораларини қўллаш бўйича суд амалиётида юзага келган айрим масалалар ҳақида»ги 11-сонли;
2000 йил 22 декабрдаги «Жиноят учун жазо чораларини тайинлаш борасида суд амалиётида вужудга келган айрим масалалар тўғрисида»ги 31-сонли;
2002 йил 14 июндаги «Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 10-сонли қарорнинг 5, 20, 26-бандлари;