Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИ РАИСИНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИНИНГ 2007 ЙИЛДАГИ ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДАГИ ҲИСОБОТИ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2007 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тинглаб ва муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қайд этадики, 2007 йилда юритилган қатъий пул-кредит сиёсати, шунингдек банк тизимини янада ислоҳ этиш ва эркинлаштириш юзасидан амалга оширилган чора-тадбирлар инфляцияни жиловлаб туришга ҳамда молия бозорини жадал ривожлантиришни рағбатлантиришга ёрдам берди.
Ҳисобот даврида иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлаш, инфляциянинг белгиланган мақсадли кўрсаткичлар даражасида бўлишини таъминлаш мақсадида «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23 ва 28-моддаларига мувофиқ пул-кредит сиёсатини бошқариб боришнинг бозор воситаларидан кенг фойдаланилди.
Кўрилган чора-тадбирлар монетар кўрсаткичлар белгиланган мақсадли параметрлар даражасида бўлишини таъминлаш ва монетар омилларнинг инфляция даражасига таъсирини бартараф этиш имконини берди.
Юқорида айтилган Қонуннинг 40-моддасига мувофиқ самарали валюта сиёсати юритилганлиги ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси ялпи ички маҳсулотга нисбатан 17,2 фоизни ташкил этишига ҳамда мамлакатнинг олтин-валюта захиралари 1,5 баробар кўпайишига олиб келди.
Аҳолининг ва хўжалик юритувчи субъектларнинг банк тизимига бўлган ишончини янада ошириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилганлиги банк кассаларига тушаётган нақд пуллар ҳажми 46 фоиз ва аҳолининг банклардаги омонатлари 47 фоиз кўпайишига олиб келди.
Банк тизимида ислоҳотларни янада чуқурлаштиришнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва қарорлари билан белгилаб берилган энг муҳим устувор вазифаларини амалга ошириш жараёнида салмоқли натижаларга эришилди.
Хусусан, 2007 йилда тижорат банкларининг устав капитали қарийб икки баробар ошди, уларнинг умумий капитали эса 2006 йилга нисбатан 40 фоиздан ҳам зиёдроқ кўпайди ва 1,5 триллион сўм даражасига етди.
Банкларнинг акциядорлари сони 12,5 мингтага кўпайди ва жорий йилнинг бошларида 200 мингтага етди, жами акциядорларнинг 68 фоизини жисмоний шахслар ташкил этиб турибди.
Амалга оширилган тадбирлар натижасида бешта тижорат банки — Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, Республика акциядорлик-тижорат саноат-қурилиш банки, «Пахта-банк», «Ғалла-банк» ва «Ҳамкорбанк» акциядорлик-тижорат банклари етакчи халқаро рейтинг компанияларининг кредитга лаёқатлилик бўйича халқаро рейтингини олди.
«Мудис» халқаро рейтинг компанияси томонидан Ўзбекистон банк тизимига бир йўла учта йўналиш: банк-молия тизимининг барқарорлиги, миллий валютадаги узоқ муддатли депозит рейтинги ва чет эл валютасидаги узоқ муддатли депозит рейтинги бўйича «барқарор» рейтинги берилди.
Банклар тармоғини кенгайтириш, янги мини-банк ва филиаллар очиш, шунингдек кредит уюшмалари ҳамда бошқа турдаги микрокредит ташкилотларини ташкил этиш ҳисобига банк тизимида рақобат муҳити доирасини кенгайтириш учун зарур шароитлар яратилмоқда.
Ҳисобот йилида хўжалик юритувчи субъектларни модернизация қилишга, техника ва технология билан қайта жиҳозлашга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишга қарийб икки триллион сўм йўналтирилди ҳамда иқтисодиётнинг реал секторига миллий валютада берилган кредитлар ҳажми 66 фоиз кўпайди.
Кичик бизнес субъектларини ва хусусий тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш учун банклар томонидан ажратилган кредитлар ҳисобот йилида 36 фоиз, шу жумладан микрокредитлар 70 фоиз кўпайди.
Иқтисодий ислоҳотларнинг ҳозирги босқичи банк тизими барқарорлигини янада мустаҳкамлаш ва капиталлашув даражасини ошириш, пул муомаласини такомиллаштириш, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада ривожлантириш, банклар кўрсатаётган хизматлар соҳасини кенгайтириш ва сифатини яхшилаш, барча йирик акциядорлик банклари томонидан кредитга лаёқатлилик бўйича халқаро рейтинг олиш тадбирларини амалга оширишни 2008 йилда ҳам давом эттиришни тақозо этади.
Юқорида баён этилганларга асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2007 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига:
2008 йилга мўлжалланган мақсадли макроиқтисодий кўрсаткичларни бажаришга қаратилган қатъий пул-кредит сиёсати юритишни давом эттириш;
миллий валюта барқарорлигини таъминлашга ва хўжалик юритувчи субъектларнинг экспортга йўналтирилган фаолиятини рағбатлантириш орқали иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга қаратилган валюта сиёсатини, шу жумладан алмашув курси сиёсатини юритиш;
банк тизимидаги ислоҳотлар кўламларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтиришнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва қарорлари билан белгилаб берилган комплекс тадбирлари бажарилишини таъминлаш;
тижорат банклари фаолиятини назорат қилиш жараёнида халқаро назорат ва тартибга солиш стандартларини қўлланиш соҳасини кенгайтириш;
пул муомаласини такомиллаштириш, хусусан аҳолининг нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада кенгайтириш;
банк инфратузилмасини, микромолиявий хизматлар соҳасини янада ривожлантириш ва банк тизимида рақобатни кучайтириш юзасидан қабул қилинган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлаш топширилсин.
3. «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ банк тизими субъектларига:
банкларнинг капиталлашув даражаси янада оширилишини таъминлаш, аҳолининг, тадбиркорлик субъектлари ва чет эллик инвесторларнинг маблағларини банкларнинг устав капиталига жалб қилиш жараёнини янада фаоллаштириш;
инвестиция жараёнларида, айниқса корхоналарни модернизация қилиш, техника ва технология билан қайта қуроллантириш лойиҳаларини молиялаштиришда банкларнинг иштирокини янада кенгайтириш тадбирларини давом эттириш, кредитлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;
кредитга лаёқатлилик бўйича халқаро рейтинглар олиш, чет эл кредит линияларини жалб қилиш ва уларни миллий иқтисодиётнинг энг муҳим устувор тармоқларига йўналтириш ишларини давом эттириш;
банк хизматларининг янги ва илғор турларини жорий этиш, уларнинг сифатини яхшилаш ҳамда банк муассасалари тармоғини кенгайтириш юзасидан мўлжалланган комплекс чора-тадбирларни бажара бориб, аҳолининг ва хўжалик юритувчи субъектларнинг банк тизимига бўлган ишончи янада мустаҳкамланишини таъминлаш;
кичик бизнес субъектлари ва хусусий тадбиркорларга, шу жумладан деҳқон ва фермер хўжаликларига, тадбиркор аёлларга, ёш оилаларга кўрсатилаётган молиявий-воситачилик хизматлари соҳасини кенгайтириш тавсия этилсин.
4. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 27 июнь,
504-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 й., 7-сон, 369-модда)