Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
Қарори
ТИЖОРАТ БАНКЛАРИНИНГ КАПИТАЛЛАШУВ ДАРАЖАСИНИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ ФОЙДАСИ ҲИСОБИДАН ЯНАДА ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2008 йил 27 июнда қабул қилинган 504-I-сонли Қарорининг 3-бандига биноан, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг тижорат банкларининг капиталлашув даражасини янада оширишга қаратилган 2008 йил 13 августдаги ПҚ-944-сонли, 2008 йил 16 октябрдаги ПҚ-986-сонли ва 2008 йил 13 ноябрдаги ПҚ-998-сонли қарорлари, 2008 йил 10 ноябрдаги ПФ-4051-сонли Фармони талабларига мувофиқ 2008 йилда тижорат банкларининг устав капиталини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки маблағлари ҳисобидан қўшимча равишда 114,6 миллиард сўмга ошириш кўзда тутилган.
2008 йил учун тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетида юқорида қайд этилган мақсадларга, яъни тижорат банкларининг устав капиталини инвестициялаш учун маблағлар ажратиш назарда тутилмаганлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2009 йилда республика бюджетига йўналтирилиши лозим бўлган 2008 йилги фойдасининг бир қисмидан 2008 йилда фойдаланиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Молия вазирлиги томонидан таклиф киритилган.
Юқорида баён этилганларга асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Молия вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2009 йилда республика бюджетига йўналтирилиши лозим бўлган 2008 йилги фойдаси ҳисобидан 2008 йилда:
Ўзбекистон Республикаси давлат-тижорат Халқ банкининг капиталлашувини 10,2 миллиард сўмга, Республика акциядорлик-тижорат саноат-қурилиш банкининг капиталлашувини 35,0 миллиард сўмга ва «Асака» давлат-акциядорлик тижорат банкининг капиталлашувини 19,6 миллиард сўмга оширишга мақсадли йўналтириш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига 64,8 миллиард сўм миқдорида;
Ўзбекистон Республикаси давлат-тижорат Халқ банкининг капиталлашувини оширишга 9,8 миллиард сўм ва Акциядорлик-тижорат «Микрокредитбанк»нинг капиталлашувини оширишга 40,0 миллиард сўм миқдорида пул маблағларини ўтказиб бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 19 ноябрь,
559-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 й., 11-сон, 627-модда)