Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ БЮДЖЕТИНИНГ 2008 ЙИЛ ТЎҚҚИЗ ОЙИДАГИ ИЖРОСИ ЯКУНЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2008 йил тўққиз ойидаги ижроси якунлари тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2008 йил тўққиз ойидаги ижроси якунлари тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.
Ҳисобот даврида Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1,9 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси иқтисодиётда тузилмавий ўзгаришлар амалга оширилишини, аниқ мақсадга йўналтирилган пул-кредит сиёсати ўтказилишини, солиқ тушуми механизми такомиллаштирилишини, самарали инвестиция сиёсати амалга оширилишини, Давлат бюджети харажатлари самарадорлиги оширилиши ва унинг ижтимоий йўналтирилганлиги кучайтирилишини таъминласин, бунда Мактаб таълимини ривожлантиришнинг 2004 — 2009 йилларга мўлжалланган давлат умуммиллий дастурини ва «Ёшлар йили» Давлат дастурини амалга ошириш давом эттирилишига алоҳида эътибор қаратсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг эътибори бюджет интизомига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш, бюджетга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўлиқ тушишини, минтақаларнинг молиявий салоҳиятини кенгайтириш юзасидан таъсирчан чоралар кўриш ва шу асосда маҳаллий бюджетлар харажатларини молиялаштиришни таъминлаш зарурлигига қаратилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2008 йил 25 ноябрь,
927-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 й., 11-сон, 603-модда)