ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИНИНГ
Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУДУДИДА ХОРИЖИЙ ДАВЛАТЛАРНИНГ БАНКЛАРИ ВАКОЛАТХОНАЛАРИНИ АККРЕДИТАЦИЯ ҚИЛИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2008 йил 23 декабрда 1883-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди]
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунининг 7, 9 ва 17-моддаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатларнинг банклари ваколатхоналарини аккредитация қилиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор кучга кирган кундан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви томонидан 1996 йил 20 июлда 241-сон билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл банклари ваколатхоналарини очиш, уларни рўйхатдан ўтказиш ва аккредитациялаш тартиби тўғрисида»ги низом (1999 йил 16 январь, рўйхат рақами 598) ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин амалга киритилсин.
Марказий банк Бошқаруви раиси Ф. МУЛЛАЖОНОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 22 ноябрь,
26/6-сон
Марказий банк Бошқарувининг 2008 йил 22 ноябрдаги 26/6-сонли қарори билан
ТАСДИҚЛАНГАН
ТАСДИҚЛАНГАН
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатларнинг банклари ваколатхоналарини аккредитация қилиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида», «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида» ва «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатларнинг банклари ваколатхоналарини аккредитация қилиш тартибини белгилайди.
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:
хорижий давлатнинг банки (кейинги ўринларда — Банк) хорижий давлат ҳудудида рўйхатга олинган ва у жойлашган ҳамда рўйхатга олинган жойдаги банк назорати органи томонидан берилган банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга банк;
хорижий давлатнинг банки ваколатхонаси (кейинги ўринларда — Ваколатхона) — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида унинг аккредитация қилинганлиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг сертификатига эга бўлган, банк ва бошқа тижорат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқисиз Банк манфаатларини кўзлаб иш юритадиган алоҳида Банк бўлинмаси;
ваколатхонани аккредитация қилиш — хорижий давлатнинг банки Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз Ваколатхонасини очиш ва унинг фаолият олиб бориши учун рухсат бериш;
аккредитация тўғрисида сертификат (кейинги ўринларда — Сертификат) — Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан Ваколатхона аккредитация қилинганлигини тасдиқловчи ёзма ҳужжат.
2. Ваколатхона Ўзбекистон Республикаси банк соҳасидаги иқтисодий вазиятни ва ҳолатни ўрганиш мақсадида, маслаҳат бериш, Ўзбекистон Республикасида Банк манфаатларини ифодалаш, кредит ташкилотлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш учун Банк томонидан ташкил этилади.
II. Банк Ваколатхонасини очиш ва аккредитация қилиш тартиби
3. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикасида Банкнинг Ваколатхонасини аккредитация қилиш масаласини Банк ариза тақдим этганда кўриб чиқади. Бунда, Банк ўзининг давлатида камида беш йил мобайнида фаолият кўрсатаётган, банк тизимида яхши обрў-эътиборга ва мустаҳкам молиявий ҳолатга эга бўлиб, ушбу маълумотлар Банкни рўйхатдан ўтказган давлатнинг банк назорати органи томонидан тасдиқланиши лозим.
4. Ваколатхона очишда, қисқа муддатли мажбуриятлари IBCA, Moodyʼs ёки Standart and Poorʼs агентликлари таснифлари бўйича А1 (ёки А+) дан паст бўлмаган рейтингга эга Банклар афзалликка эгадир.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Ўзбекистон Республикасида ўз ваколатхонасини очиш истагини билдирган Банк Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
а) Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси номига, қуйидагилар қайд этилган ҳолда ариза:
ваколатхонани ташкил этиш зарурияти тўғрисидаги асос;
мўлжалланаётган фаолият дастури;
Банкнинг Ўзбекистон Республикаси банклари билан амалий ва бошқа турдаги алоқалар, Ваколатхона томонидан бажарилишига кўмаклашишни кўзда тутадиган шартнома ва битимлар тўғрисида батафсил маълумотлар;
ҳамкорликнинг ривожланиш истиқболлари;
Банк номидан ишларни олиб бориш ваколатига эга бўлган шахс;
б) Банкнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ваколатхона очиш тўғрисидаги қарори;
в) Банк устави;
г) Банкнинг рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси ёки банк реестридан кўчирма;
д) Банкни рўйхатга олган мамлакат назорат органининг Ваколатхонани очишга берган розилиги;
е) Банкнинг йиллик ҳисоботлари, жумладан, аудиторлик фирмаси томонидан тасдиқланган, охирги уч молия йили учун йиғма баланси ҳамда фойда ва зарарлар тўғрисидаги ҳисоботи;
ж) Ваколатхона очиш юзасидан музокаралар олиб борувчи шахсга Банкнинг ваколатли органи томонидан берилган ишончнома;
з) Банкнинг бошқарув органлари тузилмаси тўғрисида ахборот билан бирга Банк тўғрисида маълумотнома;
и) Банкнинг ваколатли органи томонидан тасдиқланган Ваколатхона тўғрисидаги низом;
к) Ваколатхона офиси учун бинони ижарага олиш тўғрисидаги шартнома ёки бино эгасининг бинони ижарага беришга тайёрлигини тасдиқловчи (ижара шартлари ва муддатини кўрсатган ҳолда) кафолат хати.
Ҳужжатлар нотариал тасдиқланган давлат тилидаги таржимаси билан икки нусхада тақдим этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Агар ушбу Низомнинг 5-бандида кўрсатиб ўтилган ҳужжатларнинг айримлари Банк мамлакатининг қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган бўлса, Банк Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига Банк таъсис этилган мамлакатнинг ваколатли органининг ёхуд Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик ваколатхонасининг бу ҳақидаги тасдиқномасини тақдим этади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Ваколатхонани рўйхатдан ўтказиш учун хорижий валютада тўлов ундирилади, у Банк томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган миқдорда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг бирор бир хорижий корреспондент-банкдаги ҳисобварағига ўтказилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Оффшор ҳудудларда рўйхатга олинган Банкларга Ўзбекистон Республикасида Ваколатхона очиш тақиқланади.
9. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ваколатхонани аккредитация қилиш (аккредитациянинг амал қилиш муддатини узайтириш ёки аккредитация қилишни рад этиш) тўғрисидаги қарорни ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар қабул қилинган вақтдан бошлаб бир ой муддат ичида қабул қилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. Қуйидагилар Ваколатхонани аккредитация қилишни ёки аккредитациянинг амал қилиш муддатини узайтиришни рад этиш учун асос бўлади:
а) қасддан қалбаки ҳужжатлар тақдим этиш;
б) Ваколатхона тўғрисидаги низомнинг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига зидлиги;
Кейинги таҳрирга қаранг.
в) тақдим этилган ҳужжатларнинг ушбу Низом талабларига номувофиқлиги.
11. Ваколатхонага аккредитация қилиш тўғрисидаги сертификат берилган кундан бошлаб, у аккредитация қилинган ҳисобланади.
12. Ваколатхонани аккредитация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан беш кун мобайнида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳисобварағига аккредитация қилиш учун тўлов амалга оширилгандан сўнг, Ваколатхона аккредитация қилинганлиги тўғрисидаги сертификат берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
13. Аккредитация қилинганлиги тўғрисида сертификат берилганда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аккредитация қилинган хорижий давлатларнинг банклари ваколатхоналарини рўйхатга олиш китобида қайд этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
14. Ваколатхона аккредитация қилинганлиги тўғрисидаги сертификатни олгандан кейин қонунчиликда белгиланган муддатда, Ваколатхона жойлашган ҳудуддаги солиқ органларида ҳисобда туриши ва унинг ҳисобга қўйилгани тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига маълумотнома тақдим этишга мажбурдир.
15. Ваколатхона кўпи билан 3 йил муддатга аккредитация қилинади. Аккредитация қилиш муддатини узайтириш зарурати туғилган тақдирда, Ваколатхона Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига аккредитацияни амал қилиш муддати тугашидан 1 ой олдин хабар бериши шарт.
16. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ваколатхонага эга бўлган Банк қайта ташкил этилганда, тугатилганда ёки номи ўзгарганда ҳамда Ваколатхонанинг жойлашган манзили ўзгарган тақдирда, Ваколатхона Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига бу ҳақда икки ҳафта муддатда маълум қилиши шарт.
17. Ваколатхонани аккредитация қилиш муддатини узайтириш учун Банк Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига қуйидаги ҳужжатларни топширади:
а) аккредитация қилиш муддатини узайтириш тўғрисида ёзма ариза;
б) Банк томонидан Ваколатхона бошлиғига берилган ваколатлар ҳамда унинг паспорти маълумотлари тўлиқ кўрсатилган ҳолда берилган ишончнома (Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига илгари берилган ишончноманинг муддати ўтган тақдирда);
Кейинги таҳрирга қаранг.
в) ўз почта манзилини ёзма равишда тасдиқловчи ҳужжат (ижара шартномаси нусхасини илова қилган ҳолда).
18. Ваколатхона раҳбарини аккредитация қилиш учун Банк Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ваколатли шахс томонидан имзоланган ёзма ариза беради.
19. Ваколатхона раҳбарини аккредитация қилиш учун берилган аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
а) Банк томонидан тайинланган шахснинг ваколати, ҳуқуқ ва мажбуриятлари кўрсатилган ҳолда, нотариал тасдиқланган ишончнома;
б) ўзбек ва инглиз тилларида ёзилган икки нусхада шахсий варақа;
в) иккита фотосурат (3х4 ўлчамда);
г) паспорт нусхаси.
Кейинги таҳрирга қаранг.
20. Марказий банк томонидан Ваколатхона раҳбарига шахсий аккредитация карточкасини бериш ариза берилган кундан бошлаб ўн иш куни мобайнида амалга оширилади.
21. Ваколатхона бошлиғининг аккредитация муддатини узайтириш зарурияти туғилган тақдирда, Банк ушбу Низомнинг 19-бандида кўрсатилган ҳужжатларни тақдим қилади.
III. Ваколатхонанинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки олдидаги ҳисоботи ва фаолияти
22. Ваколатхона иш фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги талабларига ва Ваколатхона тўғрисидаги Низомга мувофиқ амалга оширади.
23. Ваколатхона ўз фаолиятини тасдиқланган Ваколатхона тўғрисидаги низомда белгиланган ваколатлар доирасида уни ташкил қилган Банк номидан амалга оширади ва у юридик шахс ҳисобланмайди ҳамда банк ёки бошқа тижорат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга эмас.
24. Ваколатхона харажатлари Банк томонидан молиялаштирилади.
25. Ваколатхона ўз фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасининг резидент банкларидан бирида банк ҳисобварағини очади.
26. Ваколатхона бошлиғи Банкнинг ишончномаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан берилган аккредитация карточкаси асосида фаолият юритувчи Ваколатхона раҳбари ҳисобланади.
27. Ваколатхона Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига бир йилда икки марта ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этади (жорий йилнинг 15 июлигача биринчи ярим йиллик учун, келгуси йилнинг 15 январигача йиллик).
28. Ҳисоботда қуйидагилар кўрсатилади:
а) Ваколатхонанинг шахсий таркиби тўғрисидаги маълумотлар;
б) Банкнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга ошираётган асосий лойиҳалари бўйича муддати, ҳажми ва ҳамкорлари кўрсатилган ҳолда қисқача тавсифнома;
в) Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки ва тижорат банклари билан ҳамкорликлари тўғрисида маълумотлар;
г) ҳисобот даврида Банк ходимларининг Ўзбекистон Республикасига ташрифлари тўғрисида маълумотлар;
д) ҳамкорлик соҳасидаги бошқа масалалар.
29. Ваколатхона бошлиғи ходимлар штатининг ўзгариши ҳамда Ваколатхона фаолияти билан боғлиқ фавқулодда ҳодисалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкини ўз вақтида хабардор қилади.
30. Ваколатхона Ўзбекистон Республикасининг меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг фуқароларини ҳамда чет эл фуқароларини ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга.
31. Ваколатхона ўз эҳтиёжларини қоплаш юзасидан ҳисоб-китобларни амалга оширишга ҳақлидир.
32. Ваколатхона Банк томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан ҳисоб-китобларни амалга оширади.
IV. Ваколатхона фаолиятини тугатиш
33. Қуйидаги ҳолларда Ваколатхона фаолияти тугатилади:
Ваколатхонани ташкил этган Банкнинг ваколатли органи қарорига мувофиқ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига мажбурий равишда хабар берган ҳолда;
аккредитация муддати тугаганда, агар Банк бу муддатни узайтириш тўғрисида илтимос билан мурожаат қилмаган бўлса.
34. Қуйидаги ҳолларда Ваколатхонадан Сертификат қайтариб олиниши мумкин:
Сертификат берилишида асос бўлган маълумотлар нотўғрилиги аниқланса;
Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги бузилган ҳолда;
банк операциялари ва тасдиқланган низомда кўзда тутилмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланилса;
Банк фаолияти тугатилса.
35. Ваколатхона фаолияти қонунларда кўзда тутилган бошқа асосларга кўра ҳам тугатилиши мумкин.
36. Ваколатхона фаолияти Банк қарорига асосан тугатилган тақдирда, Ваколатхона икки ҳафта муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига Ваколатхона тугатилиши тўғрисида Банк қарорининг нусхасини ва аккредитация ҳужжатларини тақдим этади.
37. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ваколатхона фаолияти тугатилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аккредитация қилинган хорижий давлатларнинг банклари ваколатхоналарини рўйхатга олиш китобидан чиқарилганлиги тўғрисида Банкка ва унинг Ваколатхонасига хабар беради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатларнинг банклари ваколатхоналарини аккредитация қилиш тартиби тўғрисида Низомга
ИЛОВА
ИЛОВА
| | | |
|
АККРЕДИТАЦИЯ ТЎҒРИСИДАГИ СЕРТИФИКАТ | ||
| 1. Ушбу аккредитация тўғрисидаги сертификат __________________________ | ||
| | |
(банк номи) |
| Ваколатхонасини очилиши ва фаолият олиб бориши учун ҳуқуқ берилганлигини тасдиқлайди. 2. Ваколатхона бошлиғи ваколатлари __________________________________ банкнинг ишончномаси ҳамда Марказий банк берган аккредитация гувоҳномаси билан тасдиқланади. Ушбу ҳужжатлар бир йўла кўрсатилганда юридик кучга эга. 3. Ваколатхона Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан 20___ йил ___ _______ да ___-сон билан аккредитация қилинган. 4. Ваколатхона _____________________________________________ банк номидан ва унинг манфаатларини кўзлаб, банк ҳамда бошқа тижорат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқисиз вакиллик вазифаларини бажаради. 5. Сертификат 20___ йил ___ _______ да берилди ва 20___йил ___ _________ гача (кўпи билан уч йиллик муддат кўрсатилади) амал қилади. | ||
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси ўринбосари |
| |
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 52-сон, 535-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон, 14.01.2022 й., 10/22/1883-1/0025-сон; 07.05.2025 й., 10/25/1883-2/0417-сон)