ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУЛКИ ҚЎМИТАСИ ҲУЗУРИДАГИ ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИ ФАОЛИЯТИНИ МУВОФИҚЛАШТИРИШ ВА НАЗОРАТ ҚИЛИШ МАРКАЗИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУЛКИНИ БОШҚАРИШ ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИНИНГ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУЛКИНИ БОШҚАРИШ ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИНИНГ
ҚАРОРИ
ИНСТИТУЦИОНАЛ ИНВЕСТОРЛАР ТОМОНИДАН КОРПОРАТИВ ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАРГА ҚИЛИНАДИГАН ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИНГ СИФАТИ ВА МИНИМАЛ ДАРАЖАСИГА ЎРНАТИЛГАН МЕЪЁРИЙ ТАЛАБЛАР ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2008 йил 2 декабрда 1875-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 27 сентябрдаги ПҚ-475-сонли «Қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорини (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 йил 39-сон, 387-модда, 51-52-сон, 507-модда) ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази, Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банк Бошқаруви қарор қилади:
1. Институционал инвесторлар томонидан корпоратив қимматли қоғозларга қилинадиган инвестицияларнинг сифати ва минимал даражасига ўрнатилган меъёрий талаблар тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киритилсин.
Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази бош директори К. ТОЛИПОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 7 ноябрь,
2008-33-сон
Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси раиси Д. МУСАЕВ
Тошкент ш.,
2008 йил 7 ноябрь,
01/ҚҚБФМНҚМ-18/19-сон
Молия вазири Р. АЗИМОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 7 ноябрь,
103-сон
Марказий банк раиси Ф. МУЛЛАЖОНОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 7 ноябрь,
305-В-сон
Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази, Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси, Молия вазирлиги ҳамда Марказий банк Бошқарувининг 2008 йил 7 ноябрдаги 2008-33, 01/ҚҚБФМНҚМ-18/19, 103, 305-В-сонли қарори билан
ТАСДИҚЛАНГАН
ТАСДИҚЛАНГАН
Институционал инвесторлар томонидан корпоратив қимматли қоғозларга қилинадиган инвестицияларнинг сифати ва минимал даражасига ўрнатилган меъёрий талаблар тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 27 сентябрдаги ПҚ-475-сонли «Қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 йил 39-сон, 387-модда, 51-52-сон, 507-модда) мувофиқ, институционал инвесторлар томонидан корпоратив қимматли қоғозларга қилинадиган инвестицияларнинг сифати ва минимал даражасига ўрнатилган талабларни белгилаб беради.
I. Умумий қоидалар
1. Қимматли қоғозлар бозорида институционал инвестор (кейинги ўринда – институционал инвестор) бўлиб, инвестиция фондлари, суғурта компаниялари ва тижорат банклари ҳисобланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Институционал инвесторлар қимматли қоғозлар билан операцияларни қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ амалга оширадилар.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
II. Корпоратив қимматли қоғозларга қилинадиган инвестицияларнинг сифатига нисбатан ўрнатилган асосий меъёрий талаблар
3. Корпоратив қимматли қоғозларга қилинадиган инвестицияларнинг сифатини таъминлаш мақсадида, институционал инвестор унинг бошқарув органи томонидан белгиланган тартибда тасдиқланадиган инвестиция сиёсати тўғрисидаги низомни ишлаб чиқади.
4. Институционал инвесторнинг инвестиция сиёсати тўғрисидаги низомида қуйидагилар назарда тутилиши лозим:
а) қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга оширадиган шахслар учун битимлар бўйича қарорлар қабул қилиш ва чекловлар ўрнатиш ваколатлари;
б) қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга оширадиган шахсларга нисбатан қўйиладиган малака талаблари;
в) қимматли қоғозлар билан амалга ошириладиган операциялар устидан мониторинг юритадиган ахборот тизимига қўйиладиган талаблар;
г) инвестицион стратегияси ва мақсадлари (масалан, фойда олиш, институционал инвесторнинг акциядорлик жамиятини бошқаришда иштирок этиши, ликвидлиликни сақлаш, гаров талабларига мувофиқ келиш ва ҳ.к.);
д) институционал инвестор маблағларини инвестиция қилишни режалаштираётган қимматли қоғозларнинг хиллари ва турлари (тоифалари), инвестиция муддатлари;
е) институционал инвестор қандай усуллар ёрдамида:
эмитент ва уларнинг фаолият тармоқлари бўйича акциялар концентрациясини чегаралашни;
қимматли қоғозларга қилинган қўйилмаларнинг хавфсизлигини ва уларнинг сифатини баҳолашни;
қимматли қоғозлар эмитентларининг молиявий ҳолатини ва бошқариш тажрибасини баҳолашни;
инвестициялар диверсификациясини амалга оширишни режалаштирмоқда;
ж) корпоратив қимматли қоғозларга қилинадиган инвестицияларнинг минимал даражасига нисбатан меъёрий талаблар.
III. Корпоратив қимматли қоғозларга қилинадиган инвестицияларнинг минимал даражасига ўрнатилган меъёрий талаблар
5. Молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадида, институционал инвесторлар ўз активларини ишончлилик, диверсификациялик, қайтаришлилик, фойдалилик ва ликвидлилик тамойиллари асосида инвестиция қиладилар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
6. Институционал инвесторнинг битта корхона устав капиталига, шунингдек, ушбу корхонанинг бошқа қимматли қоғозларига қилинадиган қўйилмалари, қонунчилик ҳужжатларига ҳамда юқорида келтирилган инвестиция сиёсати тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
7. Институционал инвестор корпоратив қимматли қоғозларнинг хиллари ва турларини ҳамда уларга режалаштираётган инвестицияларнинг минимал даражаси миқдорини мустақил белгилайди. Бунда, корпоратив қимматли қоғозларга инвестицияларнинг минимал даражаси миқдори институционал инвесторнинг ваколатли органи томонидан унинг инвестиция сиёсати тўғрисидаги низомига мувофиқ амалга оширилади.
IV. Якуний қоидалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. Мазкур Низом талабларини бузган айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
9. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси билан келишилган.
Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш Давлат қўмитаси раиси в.б. Б. УЛАШОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 7 ноябрь
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 49-сон, 484-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)