Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Польша Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
ИҚТИСОДИЙ ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Польша Республикаси Ҳукумати, бундан буён «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
1995 йил 11 январда Варшава шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси ва Польша Республикаси ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Шартноманинг қоидаларига амал қилиб,
иқтисодий ҳамкорлик соҳасида Аҳдлашувчи Томонлар имзолаган халқаро шартномалар қоидаларини ҳисобга олиб,
Польша Республикасининг Европа Иттифоқига аъзолигини инобатга олиб,
Ўзбекистон Республикаси ва Польша Республикаси ўртасидаги иқтисодий муносабатларни келажакда мустаҳкамлаш ва ривожлантириш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар ўз давлатларининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ ўзаро тенглик ва манфаатдорлик тамойиллари асосида иқтисоднинг барча соҳа ва тармоқларида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга имконият яратадилар.
2. Мазкур Битим доирасида амалга оширилаётган ҳамкорлик:
1) икки томонлама иқтисодий муносабатларни келажакда мустаҳкамлаш мақсадида иқтисодий потенциалдан фойдаланишга;
2) икки томонлама иқтисодий муносабатларни жадаллаштиришга, жумладан савдо айланмасини ошириш соҳасида, ҳамда инвестиция, инновация ва иқтисодий тадбирларни молиялаштириш соҳаларида;
3) транспорт инфраструктурасини ривожлантиришга;
4) ҳудудлараро иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга йўналтирилган.
2-модда
1-моддада белгиланган ҳамкорлик жумладан қуйидаги йўналишларда амалга оширилади:
1) Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг хўжалик юритувчи субъектлари ўртасидаги ҳамкорликни асосан қуйидаги соҳаларда ривожлантириш:
— енгил саноат;
— кимё саноати;
— электроэнергетика, нефть ва газ соҳалари;
— автомобилсозлик;
— қайта ишлаш саноати;
— озиқ-овқат саноати.
2) Аҳдлашувчи Томонлардан бири давлатининг хўжалик юритувчи субъектлари томонидан лойиҳалаштириш, қурилиш, таъмирлаш, реконструкция ва янги технологияларни жорий этиш, ҳамда объектларнинг технологик модернизациялашувини ўз ичига олган инвестицион лойиҳаларни иккинчи Ахдлашувчи Томон давлати ҳудудида амалга ошириш ёки иккала Аҳдлашувчи Томонлар хўжалик юритувчи субъектларнинг биргаликда иштирокида амалга ошириш (ўзларининг ҳудудида ёки учинчи давлатлар ҳудудларида);
3) кафиллик бериш ва суғурталаш, молиялаштиришнинг ҳар хил турларини жорий этиш;
4) сертификатлаш ва стандартлаш соҳаларида ўзаро ҳамкорлик;
5) Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари хўжалик юритувчи субъектларини бирлаштирувчи палаталар, ассоциациялар ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик;
6) Аҳдлашувчи Томонлар, ҳамда учинчи давлат ҳудудларида инвестицион лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашадиган консалтинг, юридик, банк ва техник хизматларни ривожлантириш;
7) ҳамкорликнинг ҳар хил кўринишларини таклиф этиш ва кўмаклашиш, техник персоналлар ва мутахассислар билан алмашиш, ўқув, ярмарка ва кўргазмаларда иштирок этиш, иқтисодий миссияларни ташкил этиш ва иқтисодий ҳамкорлик билан боғлиқ бошқа чора-тадбирларни жорий қилиш;
8) туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш.
3-модда
1. Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари уларнинг давлатлари ҳудудида иқтисодий фаолият олиб бораётган ваколатхоналар, филиаллар ва аралаш иқтисодий палаталар ҳамда бошқа муассасаларни фаолиятига ва ташкил этилишига кўмаклашадилар.
2. Ваколатхоналар, филиаллар, аралаш иқтисодий палаталар ва иқтисодий фаолиятни олиб бораётган бошқа муассасаларни ташкил этиш ва фаолият олиб бориш тамойиллари, улар фаолият олиб бораётган ҳудуд давлати қонунчилиги билан тартибга солинади.
4-модда
Иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари аҳдлашувчи Томонларнинг амалдаги қонунчилигига биноан қуйидаги соҳаларда ахборотлар алмашинувини амалга оширадилар:
1) Иқтисодий фаолиятни, инвестиция, стандартлаштириш, сертификатлаштириш, концессия, лицензия ва рухсатномалар тақдим этиш шартлари, интеллектуал ва саноат мулки ҳимояси, муаллифлик ва у билан боғлиқ бўлган ҳуқуқлар, шунингдек ўзаро манфаатли бошқа соҳаларни тартибга солувчи қонунчилик;
2) Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг хўжалик юритувчи субъектлари ўртасида ҳамкорликни ўрнатишга кўмаклашувчи тадбирлар, шу қаторда иқтисодий миссиялар ва ярмаркалар, кўргазмалар ўтказиш соҳасида.
5-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар, келгусида «Комиссия» деб аталувчи Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Польша Ҳукуматлараро Комиссиясини тузадилар.
2. Комиссиянинг вазифалари, хусусан:
1) иқтисодий ҳамкорликнинг ҳолатини даврий баҳолаш ва кузатишни олиб бориш;
2) иқтисодий ҳамкорликнинг ривожланишига тўсқинлик қилувчи муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш;
3) икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни келгусида мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга йўналтирилган таклифларни тайёрлаш;
4) мазкур Битим қоидаларига шарҳ бериш ёки уларни қўллаш билан боғлиқ баҳсларни муҳокама қилиш.
3. Комиссия Аҳдлашувчи Томонлардан тайинланадиган вакиллар томонидан бошқариладиган ўзбек ва поляк қисмларидан ташкил топган. Алоҳида масалаларини кўриш учун Комиссия ўз ваколати доирасида ишчи гуруҳларини ташкил этиши ва уларнинг вазифаларини белгилаши мумкин.
4. Комиссия йиғилишлари лозим бўлганда, бир йилда камида бир марта навбатма-навбат Ўзбекистон Республикаси ва Польша Республикасида ўтказилади. Раислардан бирининг ташаббуси билан Комиссиянинг навбатдан ташқари йиғилиши чақирилиши мумкин ёки раислар учрашуви таклиф этилиши мумкин.
5. Комиссия ишининг бориши у томонидан ўрнатилган регламент билан белгиланади.
6. Комиссия йиғилиши ўзбек, поляк ва рус тилларидаги Баённомалар билан расмийлаштирилади.
6-модда
1. Ушбу Битим қоидалари Ўзбекистон Республикаси ва Польша Республикаси иштирокчилари ҳисобланган халқаро шартномалардан ва улар аъзо бўлган халқаро ташкилотлардан келиб чиқадиган Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
2. Ушбу Битим қоидалари Польша Республикасининг Европа Иттифоқига аъзолигидан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
3. 1996 йил 21 июнда Флоренция шаҳрида имзоланган бир томондан Ўзбекистон Республикаси ва иккинчи томондан Европа Ҳамжамиятлари ва уларнинг аъзо давлатлари ўртасидаги Шерикчилик ва Ҳамкорлик тўғрисидаги Битим билан тартибга солинувчи мазкур Битим билан қамраб олинган масалаларга нисбатан Шерикчилик ва Ҳамкорлик тўғрисидаги Битим ҳолатлари устуворлик қилади.
7-модда
1. Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзаро келишувига мувофиқ, ушбу Битимга унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
2. Ушбу модданинг 1-бандида кўрсатилган баённомалар, агарда баённомада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса мазкур Битимнинг 8-моддасида белгиланган тартибга мувофиқ кучга киради.
8-модда
1. Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисида охирги хабарнома олинган санадан бошлаб кучга киради.
2. Мазкур Битим номуайян муддатга тузилади. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири бошқа Аҳдлашувчи Томонга ёзма равишда хабар бериш орқали ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиши мумкин. Бу ҳолда мазкур Битим шундай хабарнома олинган санадан бошлаб олти ой ўтгач амал қилишдан тўхтайди.
2007 йил 2 октябрда Тошкентда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, поляк ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битимни талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келса, Аҳдлашувчи Томонлар рус тилидаги матнга амал қиладилар.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2008 й., 1-2-сон)