Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Маркази билан Бирлашган Араб Амирликларининг қимматли қоғозлар ва товарлар бўйича Маъмурияти ўртасида
АНГЛАШУВ МЕМОРАНДУМИ
ҲАМКОРЛИК ВА ЎЗАРО ЁРДАМ КЎРСАТИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Маркази ва Бирлашган Араб Амирликларининг қимматли қоғозлар ва товарлар бўйича Маъмурияти, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ўз давлатининг ваколатли органи ҳисобланиб,
қимматли қоғозлар бозори қатнашчиларининг ўз давлатида қонунчилик талабларига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширадиган,
капитал бозорида халқаро фаолиятнинг кенгайиб бораётганлиги ва ушбу соҳада ўзаро фойдали ҳамкорликни жадаллаштириш зарурияти туғилаётганлигини эътиборга олган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда. Меморандум мақсади
Қимматли қоғозлар бозорини интеграллаштиришда Томонлар ўртасида бажариладиган ишлар самарадорлигини ошириш, маълумотлар билан алмашиш ва қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонунбузилишлари аломатларини ўрганишда ёрдам кўрсатиш билан ҳамкорлик доирасини янада кенгайтиришни таъминлашда Томонлар ўртасида самарали ҳамкорлик қилиш учун шароитлар яратиш мазкур Меморандумнинг мақсади ҳисобланади.
2-модда. Асосий тушунчалар
Мазкур Меморандумнинг мақсадларида қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
1. «Сўраётган Томон» — мазкур Меморандумга мувофиқ сўровни амалга оширувчи Томон.
2. «Сўралаётган Томон» — мазкур Меморандумга мувофиқ сўров амалга оширилган Томон.
3. «Қимматли қоғозлар» — акциялар, облигациялар, ҳосилавий қимматли қоғозлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари қонунчилигига мувофиқ тааллуқли бўлган бошқа молиявий воситалар.
4. «Қимматли қоғозлар бозори» — қимматли қоғозларни чиқарилиши, муомала қилиниши ва сўндирилиши билан боғлиқ қимматли қоғозлар бозори қатнашчилари муносабатлари тизими.
5. «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар» — Бирлашган Араб Амирликларида ва Ўзбекистон Республикасида қабул қилинган қонунлар, қўлланмалар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар.
3-модда. Меморандум татбиқ этиладиган соҳа
1. Томонлар Бирлашган Араб Амирликлари ва Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига зид бўлмаган, Сўраётган Томоннинг давлат қонунчилиги бузилишида келиб чиқадиган сўровларга жавоб беришда яқиндан ёрдам беришни назарда тутади.
2. Бундай мақсадларда Сўралаётган Томон ўз давлатида амалда бўлган ўзининг ваколатлари ва тегишли механизмларидан фойдаланади.
3. Сўралаётган Томон агарда унда зарур ҳуқуқ ва ваколатлар бўлса мавжуд маълумотларни олиш учун имкониятни таъминлайди.
4-модда. Умумий тамойиллар
1. Мазкур Меморандум Томонлар ҳамкорлиги учун асос сифатида хизмат қилади ва халқаро ҳуқуқий мажбуриятларни келтириб чиқармайди ва шу билан биргаликда, Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари амалиётида қўлланилаётган ёки ишлаб чиқилган бирорта норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўзгартирмайди ёки алмаштирмайди. Меморандум учинчи шахслар учун ҳеч қандай ҳуқуқни вужудга келтирмайди ва бошқа битимлар асосида ҳеч қандай аҳдлашувларга олиб келмайди. Мазкур Меморандум шартларининг бажарилиши Томонлар давлатининг тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига зид келмаслиги лозим ва у Томонларнинг тегишли имкониятлари доирасида амалга оширилади. Мазкур Меморандум шартларининг бажарилиши Сўраётган Томон мамлакатининг манфаатларига зид келмаслиги лозим.
2. Мазкур Меморандумга мувофиқ, агарда:
а) сўровнинг бажарилиши, Сўралаётган Томон давлатининг мустақиллигига, хавфсизлигига, иқтисодий манфаатларига ёки ижтимоий тартибларига зиён етказса;
б) сўров, ушбу Меморандумда ифодаланган шартларга мувофиқ бўлмаса;
в) Сўралаётган Томон давлатида худди шундай аломатлар асосида ва худди шу шахсларга нисбатан жиноий иш очилган бўлса;
г) Сўралаётган Томон давлатида худди шу шахслар, худди шундай ҳуқуқбузарликлар учун қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилган бўлса, ёрдам рад этилиши мумкин.
5-модда. Кўмаклашиш тўғрисида сўровлар
1. Кўмаклашиш тўғрисида сўровлар ёзма шаклда Томон раҳбари манзилига юборилиши лозим.
2. Кўмаклашиш тўғрисидаги сўров қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:
а) Сўраётган Томонни қизиқтирган маълумотларнинг умумий таърифи;
б) Сўров сабаби ҳисобланган ҳолатларнинг, шунингдек, маълумотлар сўраш мақсадларининг умумий таърифи;
в) Сўров сабаби ҳисобланган ҳолатларга алоқаси бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар;
г) Жавобни тақдим этиш муддати ва шакли тўғрисида кўрсатма.
6-модда. Мазкур Меморандум масалалари бўйича боғланиш шахслари
Кўмаклашиш тўғрисида сўровлар ва мазкур Меморандумга мувофиқ, Томонларнинг бошқа мурожаатлари ёзма шаклда тузилиши ва Томонлар раҳбарлари манзилига юборилиши лозим.
Мазкур Меморандум масалалари бўйича боғланиш учун куйидаги шахслар белгиланган:
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Маркази томонидан:
1. Ж-б Обидов Асқар Акбар ўғли,
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш марказининг Бош директор ўринбосари
Манзил: 100047, Ўзбекистон Республикаси, Тошкент ш. Бухоро кўчаси 10.
Телефон: (998 71) 136-3791, 136-0635
Факс: (998 71) 132-0731
Электрон почта: obidov_aa@csm.gov.uz
info@csm.gov.uz
2. Боғланиш учун альтернатив масъул шахс:
М-а Якубова Нигорахон Камолдиновна
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш марказининг Қонунчиликни такомиллаштириш ва қимматли қоғозлар бозори таҳлили бошқармаси бошлиғи
Манзил: 100047, Ўзбекистон Республикаси, Тошкент ш., Бухоро кўчаси 10.
Телефон: (998 71) 136-3227
Факс: (998 71) 132-0731
Электрон почта: уакubоvа_nk@csm.gov.uz
info@csm.gov.uz
Бирлашган Араб Амирликларининг қимматли қоғозлар ва товарлар бўйича Маъмурияти томонидан:
Ж.О. Абдулла Салем Ал-Турифи
Бош Администратор
Бирлашган Араб Амирликларининг қимматли қоғозлар ва товарлар бўйича Маъмурияти
Ал-Хаит Тауэр
Почта қутиси 33733
Абу-Даби ш., Бирлашган Араб Амирликлари
Тел.: (971 2) 612 0140
Факс: (971 2) 627 3332
Электрон почта: alturifi@sca.ae
3. Боғланиш учун альтернатив масъул шахс:
Ж-б Иброхим Ал Зааби
Назорат Департаментининг Раҳбари
Бирлашган Араб Амирликларининг қимматли қоғозлар ва товарлар бўйича Маъмурияти
Ал-Хаит Тауэр
Почта қутиси 33733
Абу-Даби ш., Бирлашган Араб Амирликлари
Тел.: (971 2) 612 0300
Факс: (971 2) 627 7751
Электрон почта: eod@sca.ae
Юқорида кўрсатилган шахслар бошқа ишга ўтган ҳолларда, мазкур Меморандумга мувофиқ уларнинг вазифаларини ушбу лавозимларга тайинланган шахслар бажаради.
7-модда. Маълумотлардан фойдаланишни йўлга қўйиш
1. Сўраётган Томон ҳавола этилган маълумотлардан фақат:
а) сўровда кўрсатилган ва амалдаги қонунчиликка риоя этган ҳолда, сўровда билдирилган мақсадларда;
б) қимматли қоғозлар бозори бўйича тадқиқот ўтказилиши, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари бўйича маслаҳатлар ва тушунтиришлар берилиши, сўровда кўрсатилган қонун ёки бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бузилиши ҳисобланган ҳуқуқбузарлик билан боғлиқ аломатларнинг ўрганилиши билан бирга ҳамкорликнинг умумий меъёри доирасида фойдаланиши лозим.
2. Агарда Сўраётган Томон тақдим этилган маълумотлардан 1-моддада билдирилган ёки мазкур модданинг биринчи қисмида кўрсатилганлардан фарқ қиладиган ва мазкур Меморандумга зид бўлмаган, шунингдек, ушбу маълумотларни қимматли қоғозлар бозори соҳасидаги бошқа ҳуқуқий органларга бериш мақсадларида фойдаланишни хоҳласа, олдиндан Сўралаётган Томоннинг ёзма рухсатини олиши зарур.
8-модда. Сўровлар ва тақдим этилган маълумотлар бўйича конфиденциаллик
1. Ҳар бир Томон мазкур Меморандум доирасида амалга оширилган сўровларга нисбатан конфиденциалликка, бундай сўровлар ва мазкур Меморандум шартларини бажариш вақтида келиб чиқадиган бошқа ҳар қандай масалалар, шу жумладан, Томонлар ўртасидаги ўзаро маслаҳатлар мазмунига риоя этиши лозим.
2. Сўраётган Томон мазкур Меморандумга мувофиқ олинган ҳар қандай маълумотларга нисбатан, ушбу маълумотлар Сўралаётган Томоннинг давлатида конфиденциал ҳисобланса, мазкур Меморандумнинг 7-моддасига мувофиқ ахборотларни очиш ва Сўралаётган Томоннинг дастлабки рухсатисиз маълумотларни учинчи шахсларга бериш бўйича конфиденциалликка риоя этиши мумкин бўлмаган ҳолатлар бундан мустасно.
9-модда. Ўзгартиш ва қўшимчалар
Ваколатли органларнинг ўзаро келишувига кўра, мазкур Меморандумнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида баённома билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
10-модда. Низоларни ҳал этиш
Мазкур Меморандум қоидаларини қўллаш ва талқин этиш билан боғлиқ низолар Томонлар ўртасида музокаралар ва маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал этилади.
11-модда. Харажатларни тақсимлаш
Агарда мазкур Меморандумга мувофиқ кўмаклашиш тўғрисидаги сўровга жавоб муқим харажатларга олиб келса, Сўралаётган ва Сўраётган Томонлар кўмаклашиш тўғрисидаги сўров бўйича тадбирларни давом эттиришдан олдин харажатларни тақсимлаш тўғрисида шартнома тузишлари лозим.
12-модда. Меморандумни бекор қилиш
1. Мазкур Меморандум имзоланган кундан эътиборан кучга киради.
2. Томонларнинг ҳар бири дипломатик йўллар билан иккинчи Томонни ёзма хабардор этиш йўли билан мазкур Меморандум ҳаракатини тўхтатиши мумкин. Мазкур Меморандум ҳаракати шундай хабарнома олинган кундан ўттиз кун ўтгандан кейин тўхтатилади.
Абу Даби шаҳрида 2008 йил 17 мартда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, араб ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Талқин этишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2008 й., 1-2-сон)