Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумати ўртасида
Битим
ТУРИЗМ СОҲАСИДА ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумати (қуйида «Томонлар» деб аталувчилар),
Томонлар ўртасида икки тарафлама туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кучайтириш мақсадида,
Иккала мамлакатни иқтисодий, ижтимоий ва маданий ривожланишида туризмнинг муҳим аҳамиятга эга эканлигини инобатга олган ҳолда,
Икки мамлакат фуқаролари ўртасидаги дўстлик ришталарининг кучайиши йўлида туризм соҳасидаги ўзаро ҳамкорликнинг муҳим эканлигини англаган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар ўз фуқароларининг икки мамлакат иқтисодий, ижтимоий ва маданий ютуқлари, табиати ва ёдгорликлари, тарихий обидалари ва урф-одатлари билан танишуви йўлида туризм соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлайдилар ва кенгайтирадилар.
2-модда
Томонлар тенглик ва ўзаро манфаатдорлик асосида, ўз давлатларининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ ҳолда туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантирадилар.
3-модда
Томонлар ўзларининг туризм соҳасига оид бўлган идоралари ва бошқа манфаатдор ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш учун ташқи ва ички туризмнинг барча тармоқларида, ҳамда соҳаларида олиб борилаётган тадбирлар, туризмни ривожлантиришга доир жараёнлар бўйича ўзаро тажриба алмашиш ишларини олиб борадилар. Томонлар икки мамлакат ўртасида туристлар алмашинуви жараёнини жадаллаштириш мақсадида ҳамкорлик қиладилар, жумладан:
(а) мамлакатларда олиб борилаётган туризм соҳасидаги тадбирлар ҳамда туризмнинг турли йўналишларини ривожлантиришга оид жараёнлар юзасидан ўзаро тажриба алмашиш;
(б) туризм соҳасига оид нашриётлар билан ўзаро алмашиш;
(в) икки мамлакат ҳудудида ўзаро кўргазмалар, фильм намойишлари, симпозиум ва семинарлар ўтказиш имкониятларини ўрганиш;
(г) ҳар икки мамлакатда меҳмонхоналар ва бошқа туризм муассасаларини қуриш ҳамда улардан фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик қилиш имкониятларини ўрганиш ва шу соҳадаги ўзаро ҳамкорликни рағбатлантириш;
(д) маданият ва туризм фестивалларини ташкил этиш имкониятларини ўрганиш, фольклор ва ҳаваскор жамоалар гастролларини ташкил этиш ва ўтказиш.
4-модда
Томонлар икки мамлакат ўртасида туризм соҳасида техникавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш мақсадида кадрларни тайёрлаш имкониятларини рағбатлантирадилар. Туризм соҳасига оид инвестициявий лойиҳаларнинг амалга ошириш ҳамда қўшма корхоналар ташкил қилиш борасида ўзаро ҳамкорлик ишларини олиб борадилар.
5-модда
Томонлар икки мамлакатда мавжуд туристик агентликлар орқали янги ҳамкорлик йўналишларини ўрганиб чиқадилар ва халқаро туристик ташкилотлар бўйича мавжуд бўлган тажриба алмашиш ишларини олиб борадилар.
6-модда
Туризм соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни жадаллаштириш мақсадида, Томонлар ўзларининг миллий қонунчилигига амал қилган ҳолда, икки мамлакат ҳудудида ўз ваколатхоналарини ташкил қилиш имкониятларидан фойдаланишга ҳаракат қиладилар.
7-модда
Ушбу Битимни амалга ошириш мақсадида Томонлар ҳар бир мамлакатнинг вакиллари таркибида Қўшма ишчи гуруҳ тузадилар (қуйида «Ишчи гуруҳ» деб номланади).
Барча масалалар Томонларнинг келишувлари ва иштирокчиларнинг таклифига кўра, Ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқилади ва ҳал қилинади. Ишчи гуруҳ учрашувлари Томонлар билан келишилган ҳолда, ҳар бир мамлакатда навбатма-навбат билан ўтказилади.
8-модда
Томонларнинг ўзаро келишувига кўра, ушбу Битимга унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштирилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
9-модда
Ушбу Битим қоидаларини қўллаш ва талқин қилишда юзага келадиган баҳс ва келишмовчиликлар Томонлар ўртасида музокара ҳамда маслаҳатлашувлар орқали ҳал қилинади.
10-модда
Ушбу Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва уч (3) йил давомида амал қилади. Агар Томонларнинг бири Битим муддати тугашидан олти (6) ой олдин ёзма равишда унинг фаолиятини тўхтатиш нияти тўғрисида ёзма хабарнома тақдим этмаса, ушбу Битимнинг муддати ўз-ўзидан кейинги шундай муддатларга узайтирилаверади.
Ушбу Битим амал қилишдан тўхтатилгунга қадар туризм соҳасида амалга оширилган инвестициявий лойиҳаларга ва келишувларга нисбатан 1 — 7-моддаларнинг қоидалари кейинги ўн (10) йиллик давр мобайнида ўз кучини сақлаб қолади.
Абу Даби шаҳрида 2008 йил 17 мартда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, араб ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Талқин этишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2008 й., 1-2-сон)