Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИ ИНФРАТУЗИЛМАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА ОИД ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Қимматли қоғозлар бозори инфратузилмасини янада ривожлантириш, унинг субъектларини институционал жиҳатдан мустаҳкамлаш, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари фаолиятига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш ҳамда уларнинг фаолиятини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ва қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларининг 2011 йилдан бошлаб:
қимматли қоғозлар бозори инфратузилмаси институтлари фаолиятини ва уларнинг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштиришни кучайтиришни, ҳисобга олиш тизимини соддалаштиришни, шунингдек қимматли қоғозларга оид битишувларга ҳисоб-китоб-клиринг хизмати кўрсатишни такомиллаштиришни;
қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларининг дастурий-техник таъминотини бирхиллаштириш ва стандартлаштиришни, электрон ҳужжат айланишини кенг кўламда жорий этишни ва ундан фойдаланишни;
жисмоний шахсларнинг қимматли қоғозларга оид операцияларда, шу жумладан қимматли қоғозларнинг пластик карточкалардан фойдаланган ҳолда олди-сотди операцияларида иштирокини соддалаштиришни;
қимматли қоғозлар бозори маълумотларнинг ягона ахборот базасини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратишни таъминлайдиган Қимматли қоғозлар бозорининг Ягона дастурий таъминот комплексини (кейинги ўринларда матнда Ягона дастурий таъминот комплекси деб юритилади) жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги Қимматли қоғозлар марказий давлат депозитарийси, «Тошкент» республика фонд биржаси ва «Элсис-клиринг» ҳисоб-китоб-клиринг палатаси билан биргаликда бир ой муддатда, ишлаб чиқиш ва жорий этишнинг босқичлилигини, унинг сифат ва хавфсизлик стандартларига мувофиқлигини таъминлаш чора-тадбирларини, шунингдек қимматли қоғозлар бозорида илғор ахборот технологияларини қўллаш соҳасида мутахассислар тайёрлашни назарда тутувчи Ягона дастурий таъминот комплексини жорий этиш чора-тадбирлари дастурини тасдиқласинлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Белгилансинки:
Қимматли қоғозлар марказий давлат депозитарийси Ягона дастурий таъминот комплексини ишлаб чиқиш ва жорий этишнинг мувофиқлаштирувчиси ва буюртмачиси ҳисобланади;
Ягона дастурий таъминот комплекси Қимматли қоғозлар марказий давлат депозитарийси, «Тошкент» республика фонд биржаси, «Элсис-клиринг» ҳисоб-китоб-клиринг палатаси, иккинчи даража депозитарийлари ҳамда қимматли қоғозлар бозорининг бошқа манфаатдор профессионал иштирокчиларининг ўз маблағлари ва жалб қилинган маблағлари ҳисобига ишлаб чиқилади ва жорий этилади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ягона дастурий таъминот комплексини ишлаб чиқиш ва жорий этиш учун маблағлар қимматли қоғозлар бозорининг манфаатдор ташкилотлари ўртасида тузиладиган оддий ширкат шартномаси доирасида Қимматли қоғозлар марказий давлат депозитарийси томонидан махсус ҳисоб рақамида жамланади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ва Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази Ягона дастурий таъминот комплексининг ўз вақтида жорий этилиши юзасидан назоратни таъминласинлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. «Тошкент» республика фонд биржаси акциядорларининг унинг устав фондини 1 млрд. сўмгача кўпайтириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
Тижорат банкларига қўшимча равишда чиқарилган акцияларни харид қилиш йўли орқали «Тошкент» республика фонд биржаси устав фондини кўпайтиришда белгиланган тартибда иштирок этиш тавсия қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, ушбу биржанинг устав фондидаги давлат улушини 26 фоизгача етказган ҳолда, қўшимча равишда чиқарилган акцияларни иштирокчи акциядорлар учун жойлаштириш нархидан ошмайдиган нарх бўйича харид қилиш йўли билан «Тошкент» республика фонд биржаси устав фондини кўпайтиришда иштирок этсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази инвестиция институтлари бирлашмалари, «Тошкент» республика фонд биржаси ҳамда рейтинг агентлари билан биргаликда қимматли қоғозлар бозори амалиётига қимматли қоғозлар ва уларнинг эмитентларини рейтинг баҳолаш ҳамда уни кенг тарғиб қилиш чора-тадбирларини кўрсинлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги молия-иқтисодиёт, ҳуқуқшунослик ихтисосликлари бўйича мутахассислар тайёрлайдиган олий ўқув юртларининг ўқув дастурларига қимматли қоғозлар ва корпоратив бошқарув бўлимлари киритилишини назарда тутсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази икки ой муддатда:
Қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг мажбурий нормативлари тизими тўғрисидаги;
Қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларини ички назорат қилиш тўғрисидаги низомларни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2008 йил 28 июль,
160-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 31-32-сон, 298-модда; 2009 й., 52-сон, 568-модда; 2012 й., 21-сон, 230-модда)