Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Латвия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
САНОАТ ВА ИҚТИСОДИЙ ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Латвия Республикаси Ҳукумати, бундан буён «Томонлар» деб аталувчилар,
1996 йил 21 июндаги бир томондан Ўзбекистон Республикаси ва иккинчи томондан Европа ҳамжамиятлари ва уларнинг аъзо давлатлари ўртасида шерикчиликни ўрнатувчи Шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисида Битим қоидаларига асосланиб,
узоқ муддатли анъанавий иқтисодий муносабатларни инобатга олиб,
Латвия Республикасининг Европа Иттифоқига аъзо-давлат бўлганлигини эътиборга олиб,
иқтисодий, саноат ва илмий-техникавий соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, мустаҳкамлаш ҳамда кенгайтиришга интилиб,
халқаро ҳуқуқ принципларига амал қилган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Томонлар икки мамлакат манфаатлари доирасида иқтисодий ва саноат соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга, мустаҳкамлашга ва кенгайтиришга интиладилар.
2-модда
Узоқ йиллик икки томонлама муносабатларни ҳамда эришилган иқтисодий, саноат ва илмий-техникавий ҳамкорлик даражасини инобатга олиб, Томонлар асосан қуйидаги соҳаларда узоқ муддатли ҳамкорлик учун қулай имкониятлар мавжудлиги тўғрисида якдил фикрдалигини билдирадилар:
енгил саноат;
транспорт, шу жумладан, транспорт воситалари, транзит ва портлардан фойдаланиш;
озиқ-овқат саноати;
соғлиқни сақлаш ва фармацевтика саноати;
кимё ва нефть-кимё саноати;
машинасозлик, қишлоқ хўжалиги техникалари ва қайта ишлаш саноати учун ускуналарни ўз ичига олган ҳолда;
энергетика;
электрон ва электротехника саноати;
қурилиш саноати;
туризм;
фан, техника ва технология;
телекоммуникация;
экологик хавфсизлик ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш;
ўзаро манфаатларни ифодаловчи ҳамкорликнинг бошқа соҳалари.
3-модда
Томонлар икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш, ўзаро кўмаклашиш ва рағбатлантириш орқали:
ҳукумат органлари, ишбилармон доиралар вакиллари, турли профессионал ва жамоат ташкилотлари, агентликлар ва уюшмалар, савдо-саноат палаталари, ҳудудий ва маҳаллий ташкилотлар ўртасида ўзаро манфаатли ахборотлар алмашишни рағбатлантириш, шунингдек уларнинг вакиллари ва бошқа иқтисодий ва техник делегациялар ташрифини уюштириш орқали алоқалар ва ҳамкорликни;
Томонлар давлатларининг юқорида таъкидланган субъектларини икки томонлама иқтисодий муносабатларда фаол иштирокини;
Томонлар давлатлари ҳудудида ўтказиладиган ярмарка ва кўргазмалар, ишбилармонлар учрашувлари, семинарлар, симпозиумлар ва конференцияларда иштирок этишни;
ўзаро манфаатлар доирасида маркетинг ва консалтинг хизматлари соҳасидаги ҳамкорликни;
Томонлар давлатларининг молия ва банк ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик алоқалари ва уларни мустаҳкамлашни;
инвестиция фаолияти, жумладан қўшма корхоналар тузиш, компанияларнинг ваколатхоналари ва филиалларини таъсис этишни;
кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари ўртасида ҳамкорлик, жумладан учинчи давлатлар ва халқаро молия институтлари томонидан молиялаштириладиган дастурлар доирасидаги ҳамкорликни;
Томонлар ўртасида келишилган бошқа ҳамкорлик шаклларини ривожлантиришга, мустаҳкамлашга ва кенгайтиришга интиладилар.
4-модда
Ушбу Битимнинг 2-моддасида белгиланган соҳаларда ҳамкорликни таъминлаш мақсадида ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Латвия Республикаси Ҳукумати ўртасида 1995 йил 6 июнда имзоланган фан-техника соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Битим қоидаларини инобатга олиб, Томонлар ҳукумат органларининг тегишли вакилларидан ташкил топадиган Ўзбекистон Республикаси ва Латвия Республикаси ўртасида иқтисодий, саноат ва фан-техника соҳасида ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро Комиссия (келгусида — «Ҳукуматлараро Комиссия») тузилади.
Ҳукуматлараро Комиссия ўз ишига ишбилармон доиралар вакилларини иштирок этиш учун таклиф этиши мумкин.
5-модда
Ҳукуматлараро Комиссия йиғилишлари лозим бўлганда, бироқ бир йилда камида бир марта навбатма-навбат Ўзбекистон Республикаси ва Латвия Республикасида ўтказилади. Ҳукуматлараро Комиссия Регламенти у томонидан қабул қилинадиган Низомда белгиланади.
6-модда
Ҳукуматлараро Комиссия фаолиятининг асосий вазифалари қуйидагилардир:
а) ўзбек—латиш иқтисодий, саноат ва илмий-техникавий ҳамкорлик ҳолатини таҳлил қилиш ва баҳолаш, унинг устувор йўналишларини ва ўзаро ҳамкорлик шаклларини такомиллаштириш йўлларини аниқлаш;
б) ўзаро манфаатларни акс эттирувчи соҳаларда Томонларнинг иқтисодий, саноат ва илмий-техникавий ҳамкорлик дастурларини ишлаб чиқиш;
в) икки давлат ҳукуматларига иқтисодий, саноат ва илмий-техник ҳамкорликни такомиллаштириш ва юзага келувчи муаммоларни ҳал қилишга қаратилган таклифларни тайёрлаш ва киритиш;
г) Ўзбекистон Республикаси ва Латвия Республикаси ўртасида имзоланган иқтисодий, саноат ва фан-техника соҳаларидаги халқаро шартномалар ҳамда бошқа икки томонлама келишувлар, жумладан ҳукуматлараро комиссия йиғилишларида қабул қилинган қарорларни ижро этишни назорат қилиш ва эришилган келишувлар қоидаларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирларни қўллаш;
д) Томонлар давлатларининг вазирликлари, идоралари, ташкилотлари ва ишбилармон доиралари ўртасида иқтисодий, саноат ва илмий-техникавий ҳамкорлик дастурларини ишлаб чиқишда ва ижро этишда кўмаклашиш;
е) иқтисодий, саноат ва илмий-техникавий соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, мустаҳкамлаш ҳамда кенгайтиришга йўналтирилган бошқа вазифалар.
7-модда
Ушбу Битим қоидалари бир томондан Ўзбекистон Республикаси ва иккинчи томондан Европа ҳамжамиятлари ва уларнинг аъзо давлатлари ўртасидаги халқаро шартномалар ҳамда Томонлар аъзо бўлган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқувчи мажбуриятларига таъсир этмайди. Мазкур Битим қоидалари Латвия Республикасининг Европа Иттифоқига аъзолигидан келиб чиқадиган мажбуриятларига ҳар қандай таъсир этувчи ёки ўзгартирувчи тарзда қўлланилиши ёки талқин қилиниши мумкин эмас.
8-модда
Томонларнинг ўзаро келишувига мувофиқ, ушбу Битимга унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ҳамда ушбу Битимнинг 10-моддасида белгиланган тартибга мувофиқ кучга кирадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
9-модда
Ушбу Битимнинг қўлланилиши ва талқин этилиши билан боғлиқ низолар Томонларнинг музокара ва маслаҳатлар ўтказиши йўли билан Ҳукуматлараро Комиссия доирасида ҳал этилади.
10-модда
1. Ушбу Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради.
2. Ушбу Битим кучга кирган кундан бошлаб 1997 йил 11 апрелда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Латвия Республикаси Ҳукумати ўртасида Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ўзбек—латвия Ҳукуматлараро Комиссиясини тузиш тўғрисидаги Битим ўз кучини йўқотади.
3. Мазкур Битим номуайян муддатга тузилади.
4. Ҳар бир Томон бошқа Томонни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда Битимни денонсация қилиши мумкин. Ушбу ҳолда Битим иккинчи Томон шундай ёзма хабар олган ойдан кейин келувчи олтинчи ойнинг биринчи кунида ўз кучини йўқотади.
Рига шаҳрида 2006 йил 29 июнда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, латиш ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битимни талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келса, Томонлар рус тилидаги матнга амал қиладилар.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2006 й., 1-2-сон)