Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Покистон Ислом Республикаси Ҳукумати ўртасида
АНГЛАШУВ МЕМОРАНДУМИ
САВДО-ИҚТИСОДИЙ ВА ИНВЕСТИЦИЯВИЙ ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Покистон Ислом Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Покистон Ислом Республикаси Ҳукумати ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида 1992 йил 27 июнда имзоланган Битим ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Покистон Ислом Республикаси Ҳукумати ўртасида инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоялаш тўғрисида 1992 йил 13 августда имзоланган Битим қоидаларини эътиборга олиб,
Томонлар давлатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, илмий-техника ва ишлаб чиқариш муносабатларини тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро манфаат принциплари асосида ривожлантириш ва мустаҳкамлаш мақсадида,
инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш, замонавий илғор технологияларни жорий қилиш соҳасида ҳамкорлик, шунингдек иқтисодиёт соҳасида ишлаб чиқаришнинг иттифоқ алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш муҳимлигини эътироф этиб,
Томонлар давлатларининг хўжалик субъектлари ўртасида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам шартнома—ҳуқуқий асос ва қулай шарт-шароитлар яратиш зарурлигидан келиб чиқиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Томонлар давлатлари ўртасида барқарор ва узоқ муддатли иқтисодий алоқаларнинг ривожланиши учун Томонлар барча зарур чораларни кўрадилар ва шу мақсадларда энг қулай шарт-шароитларни яратадилар.
2-модда
Томонлар устувор асосда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг қуйидаги муҳим йўналишларига диққат-эътиборни қаратиш зарур деб ҳисоблайдилар:
а) углеводород хом ашёсини қидириш, разведка қилиш, қазиб олиш, қайта ишлаш ва ташиш;
б) бошқа минерал-хом ашё ресурсларини ишлаб чиқиш;
в) энергетика;
г) транспорт коммуникациялари;
д) кимё саноати;
е) текстил саноати;
ж) қурилиш материалларини ишлаб чиқариш;
з) доришунослик саноати;
и) кичик ва хусусий тадбиркорлик соҳасида ҳамкорлик;
к) қишлоқ хўжалиги;
л) сув хўжалиги ва табиатни муҳофаза қилиш соҳалари;
м) ўзаро манфаат уйғотувчи бошқа соҳалар.
3-модда
1. Томонларнинг ҳар бири ўз ҳудудида бошқа Томон инвесторининг капитал сарфлашга қаратилган фаолиятини қўллаб-қувватлайди ва ўз қонун ҳужжатларига мувофиқ қайд этилган фаолиятга кўмаклашади.
2. Томонларнинг ҳар бири ўзининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа Томон инвесторлари киритган сармояларни тўлиқ ва сўзсиз ҳуқуқий ҳимоясини кафолатлайди.
4-модда
Томонлар ўз давлатларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ Томонлар давлатлари ҳудудлари ўртасида юк оқими ва юкларнинг транзитини таъминлаш мақсадида транспорт инфратузилмаси соҳасида ҳамкорликни фаол ривожлантирадилар, потенциал транспорт, транзит имкониятларини аниқлаш бўйича иш олиб борадилар.
5-модда
Томонлар иккала давлатнинг экспорт потенциалини ошириш, икки томонлама савдо айланмасини кўтариш ва унинг мувозанатини таъминлаш мақсадида жаҳон бозорида замонавий рақобатбардош технологияларни жорий қилиш асосида ҳамкорлик лойиҳаларини режа билан амалга оширадилар.
6-модда
Томонлар ҳамкорликнинг устувор лойиҳаларини амалга ошириш учун миллий қонунларига мувофиқ бир-бирини имкониятидан келиб чиққан ҳолда қўллаб-қувватлайдилар ва ёрдам берадилар, шунингдек икки томонлама ҳамкорлик лойиҳаларини молиялашда иккала давлатнинг молиявий институтларини рағбатлантирадилар ва биргаликда халқаро молиявий институтларнинг пул маблағларини жалб қиладилар.
7-модда
Томонлар ушбу Меморандум мақсадларини амалга ошириш учун қуйидаги йўналишларда қулай шарт-шароитлар яратадилар:
— икки давлатнинг ваколатли ҳукумат органлари, ишбилармон доираларнинг вакиллари, турли профессионал уюшмалар, савдо-саноат палаталари, илмий-тадқиқот институтлари ўртасида алоқалар ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш;
— кўргазмалар, ярмаркалар ва форумларни ташкил этиш;
— семинарлар, илмий симпозиумларни ташкил этиш;
— маслаҳат бериш;
— кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларини икки томонлама иқтисодий ҳамкорликда иштирок этишга жалб қилиш.
8-модда
Томонлар ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестицияларнинг миллий ҳуқуқий тартибга солиниши тўғрисида мунтазам равишда ахборот алмашадилар.
9-модда
Томонлар товарлар сифатини текшириш ва карантин инспекцияси соҳасида ҳамкорликни кучайтирадилар.
10-модда
Томонларнинг ўзаро розиликларига кўра ушбу Меморандумга унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ва тўлдиришлар киритилиши мумкин.
Мазкур Баённомалар ушбу Меморандумнинг 12-моддасида белгиланган тартибда кучга киради.
11-модда
Ушбу Меморандумнинг қоидаларини талқин қилишда баҳслар юзага келган ҳолда, Томонлар уларни ўзаро маслаҳатлашув ва музокаралар орқали ҳал қиладилар.
12-модда
Ушбу Меморандум имзоланган санадан бошлаб кучга киради ва беш йил давомида ўз кучини сақлаб қолади.
Томонлардан биронтаси ушбу Меморандумнинг навбатдаги амал қилиш муддати тугашидан камида олти ой илгари унинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида бошқа Томонни ёзма равишда хабардор қилмаса, у кейинги бир йиллик муддатга ўз-ўзидан узаяверади.
Мазкур Меморандумнинг амал қилишини тўхтатиш мазкур Меморандум бўйича амалга оширилаётган ва бажарилиши бошланган ҳар қандай лойиҳанинг амал қилиши давомийлигига таъсир этмаслиги лозим.
Исломобод шаҳрида 2006 йил 2 майда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Меморандум қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолларда инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2006 й., 1-2-сон)