Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Англашув Меморандуми
ТОШКЕНТ ШАҲРИДА (ЎЗБЕКИСТОН) ЎЗБЕК—ҲИНД ТАДБИРКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ МАРКАЗИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар, Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати,
иккала мамлакат кичик ва хусусий тадбиркорлигини ривожлантириш манфаатларидан келиб чиқиб,
тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик принципларига амал қилиб,
кичик ва хусусий тадбиркорлик секторида тажриба алмашиш соҳасида ҳамкорлик Ўзбекистон Республикасида иқтисодиётни ривожлантиришга ёрдам беришини эътиборга олиб,
ушбу ҳамкорликни ривожлантириш учун узоқ муддатли негиз ва механизм яратиш зарурлигини ҳисобга олиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам берадилар ва шу мақсадда Ўзбек—Ҳинд тадбиркорликни ривожлантириш маркази (бундан кейин — Марказ) ташкил этадилар.
2-модда
Ҳиндистон Республикаси Марказ тузиш бўйича техник маслаҳатчи сифатида Ҳиндистон тадбиркорликни ривожлантириш институти (Институт) хизматларидан фойдаланади. Ўзбекистон томонидан Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси Институт ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа тегишли ташкилотлари билан лойиҳани амалга ошириш учун ҳамкорлик қилади.
3-модда
Марказ тузишнинг асосий мақсадлари:
1) кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ўз бизнесларини ташкил этишга техник хизмат кўрсатиш;
2) ахборот-коммуникация технологиялари ва инглиз тилини ўрганиш учун шароит яратиб бериш. Марказ ахборот-коммуникация технологияларини ўргатишни Жавоҳарлал Неру номидаги Ўзбекистон—Ҳиндистон ахборот технологиялари маркази билан ҳамкорликда ташкил этади;
3) делегациялар ва айрим мутахассислар билан алмашиш;
4) ахборот ва/ёки ҳужжатлар, буюмлар намуналари ва/ёки материаллар, «ноу-хау» ва/ёки лицензиялар билан алмашиш;
5) симпозиумлар, семинарлар, конференциялар ва/ёки кўргазмалар ташкил қилиш;
6) биргаликда илмий-техникавий лойиҳалар тузиш ва/ёки амалга ошириш;
7) ҳамкорликнинг ўзаро келишилган бошқа турлари.
4-модда
Марказ Тошкент шаҳрида (Ўзбекистон Республикаси) жойлашади ва унинг олий органи Марказ бошқаруви ҳисобланиб, икки Томоннинг тенг миқдордаги вакилларидан ташкил топади.
Марказ фаолият кўрсатган вақтдан бошлаб икки йил давомида унда Институтнинг доимий Маслаҳатчиси хизмат қилади. Дастлабки икки йил давомида Институт (Аҳмадобод ш.) ўзининг доимий Маслаҳатчиси орқали Марказ фаолиятини мониторинг қилиб боради. Марказга икки Томон ваколатли органлари келишуви асосида тайинланган Директор раҳбарлик қилади. Директор ва Маслаҳатчи Томонлар ваколатли органлари билан келишув асосида ўқитувчилар таркиби, кутубхоначи, техник ва маъмурият ходимларини ишга қабул қилади.
5-модда
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўқиш-ўқитиш ва кутубхона учун бинолар, мебель ва Марказнинг фаолият кўрсатиши учун зарур бўлган бошқа анжомларни беради. Икки йил давомида Марказнинг ихтиёрида ўқиш-ўқитиш учун ҳамма шароитлари мавжуд бино бўлади. Мазкур давр мобайнида Ўзбекистон Ҳукумати Марказнинг ўқитувчи ва маъмурий ходимларига маош тўлаш учун молиявий ёрдам ҳам кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Марказни тузиш ва ишлатиш мақсадида Ҳиндистон Ҳукумати томонидан юборилган ёрдамчи материаллар, китоблар ва ускуналарни божхона тўловлари ва божхона расмийлаштируви учун йиғим олмасдан ўтказишга рухсат беради.
6-модда
Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати барча техникавий ёрдамни кўрсатади, шу жумладан, техника асбоб-ускунаси, ўқитув ёрдамчи воситалари, Марказ ўқитувчилари ва ходимлари учун ўқув дастурлари ва шунингдек, икки йил давомида тўлиқ асосдаги меҳнати учун Институтнинг маслаҳатчисига мукофот ёки гонорар беради.
7-модда
Иккала Томон 2007 йилда Марказни очиш мақсадида ушбу Меморандумнинг I ва II иловаларига мувофиқ, зиммаларига олган мажбуриятларини бажарадилар.
8-модда
Табиий офат, уруш, сув тошқини, локаутлар, эпидемиялар, қўзғолонлар, фуқаролар ғалаёнлари каби фавқулодда ҳодисалар юз берганда Томонларнинг биттаси ҳам ушбу Меморандумга мувофиқ зиммаларига олган мажбуриятларини бажармаганлиги учун жавобгар ҳисобланмайди.
9-модда
Томонларнинг ўзаро келишуви асосида ушбу Меморандумга ёзма шаклда ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин, улар алоҳида Баённомалар билан расмийлаштирилади ва ушбу Меморандумнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Ушбу Меморандум қоидаларини бажариш ва талқин қилишда мунозара ва келишмовчиликлар пайдо бўлганда музокаралар ва маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал қилинади.
10-модда
Ушбу Меморандум имзоланган санадан кучга киради ва Томонлардан бири бошқа Томонни Меморандумнинг амал қилишини тўхтатиш нияти борлиги тўғрисида хабардор қилмагунча кучида қолаверади. Ушбу Меморандумнинг амал қилиши бошқа Томондан хабар олингач, уч ойдан кейин тўхтайди.
Ушбу Меморандум амал қилишининг тўхтатилиши, агар Томонлар бошқа ҳолатлар тўғрисида келишиб олмасалар, ушбу Меморандум амал қилган даврда бошланган қўшма дастур ва лойиҳаларга таъсир қилмайди.
Тошкент шаҳрида 2006 йил 26 апрелда икки нусхада, ҳар бири ўзбек ва инглиз тилларида тузилди.
Ушбу Меморандум қоидалари талқин қилинганда келишмовчиликлар пайдо бўлса, томонлар инглиз тилидаги матнга амал қиладилар.
(имзолар)
ИЛОВА 1
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати мажбуриятлари:
1) Марказ ва кутубхонани жойлаштириш учун мос келадиган офис билан таъминлаш;
2) Марказ аризаларига мувофиқ таклиф қилинадиган экспертларга консуллик ва бошқа йиғимлар олмасдан виза расмийлаштириш;
3) Марказнинг эксплуатация харажатларини қоплаш, шу жумладан ўқитувчилар таркиби ва ходимлар маошлари, коммунал харажатлар ва бошқа кўзда тутилмаган харажатлар;
4) таклиф қилинадиган экспертларга вазифаларни эркин бажаришлари учун бевосита ёки Марказ орқали ёрдам кўрсатиш;
5) Марказни очишга мўлжалланган ҳинд томонидан келтириладиган ускуна, китоблар, ёрдамчи материаллар ва бошқа нарсаларни божхона тўловлари ва йиғимларидан озод қилиш;
6) Ҳиндистондан юборилаётган асбоб-ускуналар ва бошқа нарсаларни аэропортдан Марказ манзилига келтиришни таъминлаш.
ИЛОВА 2
Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати мажбуриятлари:
I) Тошкентда тадбиркорликни ривожлантириш Марказини тузиш бўйича ёрдам бериш ва шунингдек шу мақсадда, тегишли молиялаш билан, кенг қамровли техник ёрдам кўрсатади;
II) Марказ учун қуйидаги товарларни харид қилишга капитал харажатлар ажратилади:
а) ўқув қуроллари, шу жумладан нусха кўчириш машинаси, OHP, LCD проектори, параболоид шаклидаги антенали телевизор, рақамли ва оддий фотоаппарат, VCD/DVD проекцияли экран;
б) офис асбоб-ускуналари, шу жумладан директор алоқаси, радиотелефон акустик система, сканер, факс машина;
в) LAN ва 64KBPSLAN қиймати;
г) компьютер ускуналари, лептоп, сервер, принтерлар;
д) компьютерлар учун дастурлар, кутубхона ва бухгалтерия дастурлари;
е) кутубхона китоблари, шу жумладан ёзилган видеокассеталар, зарур билимларни ўз ичига олган VCD/DVD дисклари;
ё) Маслаҳатчи фойдаланиши учун, Директор ва Марказ ўқитувчиларининг хизмати учун фойдаланиладиган автотранспорт.
III. Марказ маъмурияти, ўқитувчилар ва тингловчилар учун шарт-шароит яратиш дастурлари харажатини қоплайди.
IV. Икки йил давомида Марказ мустақил равишда тўлиқ фаолият кўрсатадиган бўлганига қадар Ҳиндистон тадбиркорликни ривожлантириш институти ёрдами билан ўз ҳисобидан, техникавий қўллаб-қувватлаб туради.
V. Марказ директори ва ўқитувчиларини қўллаб-қувватлаш учун Марказ Маслаҳатчисини тайинлаш, икки йил давомида ички режа ва меҳнат резервларини ривожлантириш графигини яратиш, мониторинг ва дастурлар ҳамда бошқа лойиҳаларни амалга ошириш учун ўз ҳисобидан харажат қилади.
VI. Марказ фойдаланиши учун Институт томонидан ишлаб чиқилган ўқитиш материалларига мулк ҳуқуқини лицензиялаш бўйича харажатлар қилади. Бироқ, Институт томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларга интеллектуал мулк ҳуқуқини муҳофаза қилиш бўйича Марказ билан Институт битим имзолаши лозим.
VII. Институт қуйидагилар учун жавобгар:
а) Директорни ва ўқитувчилар таркибини, курслар фаолияти дастури дастлабки икки йил дарслар жадвалини тузишда Марказга ёрдам бериш;
б) мамлакат иқтисодиётининг турли соҳалари вакиллари учун шарт-шароитлар яратиш бўйича дастурлар тузиш ва амалга оширишда ёрдам кўрсатиш;
в) мониторингда ва Марказ амалга оширадиган турли дастурларни қайтадан кўриб чиқишда кўмаклашиш;
г) Марказни ўргатиш макетлари, курс материаллари билан, зарур ҳолда Ҳиндистон Ҳукумати кўмаги билан тегишли жиҳозлар билан таъминлаш;
д) тадбиркорликни ривожлантириш дастури, ижрони яхшилаш бўйича дастурлар, гуруҳларни ривожлантириш бўйича дастурлар, ўқитувчилар таркиби бўйича дастурлар ва ўқитувчиларни ўқитиш дастурлари каби айрим курслар бўйича Марказга васийлик қилади. Институт яратган бошқа дастурлардан Марказ фойдаланиши мумкин, бунинг учун ўзаро шароитларни келишилган ҳолда Институтдан лицензия олиш лозим.
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2006 й., 1-2-сон)