ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУЛКИ ҚЎМИТАСИ ҲУЗУРИДАГИ ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИ ФАОЛИЯТИНИ МУВОФИҚЛАШТИРИШ ВА НАЗОРАТ ҚИЛИШ МАРКАЗИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУЛКИНИ БОШҚАРИШ ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИНИНГ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУЛКИНИ БОШҚАРИШ ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИНИНГ
ҚАРОРИ
Устав капитали 500 миллион сўмдан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларини фонд биржасида мажбурий листингга қўйиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2008 йил 1 майда 1801-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2018 йил 7 августдаги 2018-7-сон ва 02/28-10/32-сонли «Устав капитали 500 миллион сўмдан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларини фонд биржасида мажбурий листингга қўйиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарор, шунингдек унга ўзгартиришларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 1801-3, 06.09.2018 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 27 сентябрдаги ПҚ-475-сонли «Қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 йил 39-сон, 387-модда, 51-52-сон, 507-модда) мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази ва Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси қарор қилади:
1. Устав капитали 500 миллион сўмдан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларини фонд биржасида мажбурий листингга қўйиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб ўн кун ўтгач кучга киради.
Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази Бош директори К. ТОЛИПОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 2 апрель,
2008-06-сон
Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси раиси Д. МУСАЕВ
Тошкент ш.,
2008 йил 2 апрель,
01/ЦККФРЦБ-18/02-сон
Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази ва Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитасининг 2008 йил 2 апрелдаги 2008-06, 01/ЦККФРЦБ-18/02-сон қарори билан
ТАСДИҚЛАНГАН
ТАСДИҚЛАНГАН
Устав капитали 500 миллион сўмдан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларини фонд биржасида мажбурий листингга қўйиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2006 йил 27 сентябрдаги ПҚ-475-сонли қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 йил, 39-сон, 387-модда, 51-52-сон, 507-модда) мувофиқ, устав капитали 500 миллион сўмдан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларини фонд биржасида мажбурий листингга қўйиш тартибини белгилайди.
I. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом мақсадларида қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
листинг — акциядорлик жамиятларининг қимматли қоғозларини расмий биржа ахборотномасига киритган ҳолда, фонд биржаси савдоларига қўйиш тартиботи;
биржа савдоси қоидалари — қонун ҳужжатларига мувофиқ, фонд биржасининг юқори бошқарув органи томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган биржаларда қимматли қоғозлар билан савдо қилиш қоидалари;
ваколатли давлат органи — Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази;
(1-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази ва Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2014 йил 16 апрелдаги 2014-16, 01/37-26/15-сонли қарори (рўйхат рақами 1801-1, 24.04.2014 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 17-сон, 200-модда)
фонд биржаси — белгиланган қоидалар асосида олдиндан белгиланган жойда ва вақтда, оммавий ва ёрқин биржа савдоларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш орқали қимматли қоғозлар билан савдолар учун шароитлар яратувчи юридик шахс;
Марказий депозитарий — Ўзбекистон Республикаси қимматли қоғозларнинг Марказий депозитарийси.
2. Мазкур Низом тижорат банкларига татбиқ қилинмайди.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази ва Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2014 йил 1 августдаги 2014-23, 01/09-26/18-сонли қарори (рўйхат рақами 1801-2, 04.08.2014 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 32-сон, 409-модда)
3. Биржа листингини ўтказиш тартиби фонд биржасининг биржа савдоси қоидалари билан белгиланади.
4. Фонд биржасининг расмий листингига киритилган қимматли қоғозлар олди-сотдиси бўйича битишувлар фақат ушбу фонд биржасининг савдо майдонларида амалга оширилади, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.
II. Мажбурий листингга қўйиш таомилининг ўтказилиши
5. Листингга қўйиш таомилидан мажбурий ўтиш фонд биржасининг биржа савдоси қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.
6. Фонд биржасида листингга қўйиш таомилидан:
устав капитали 500 миллион сўмдан ортиқ бўлган;
500 ва ундан зиёд акциядорларга эга бўлган;
молиявий-хўжалик фаолияти кўрсаткичлари листингга қўйиш талабларига мувофиқ келадиган акциядорлик жамиятлари мажбурий ўтадилар.
7. Мажбурий листингга қўйиш тааллуқли бўлган акциядорлик жамиятларининг йиллик рўйхатини аниқлаш мақсадида:
Марказий депозитарий ҳар йилнинг 15 мартидан кечиктирмасдан, устав капитали 500 миллион сўмдан ортиқ бўлган ва акциядорлари 500 ва ундан зиёд бўлган акциядорлик жамиятларининг рўйхатини фонд биржасига тақдим этади;
Фонд биржаси Марказий депозитарийдан рўйхатини олгандан сўнг 10 иш куни ичида, листингга қўйиш таомиллари учун молиявий-хўжалик фаолияти кўрсаткичларини ҳисоблашни ўтказиш тўғрисида рўйхатдаги акциядорлик жамиятларини ёзма равишда хабардор қилади.
8. Акциядорлик жамияти мазкур Низомнинг 6-бандида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлган тақдирда, фонд биржаси акциядорлик жамиятини фонд биржасининг биржа савдоси қоидаларида белгиланган тартибда расмий биржа ахборотномасига киритади.
9. Мажбурий листингга қўйиш тааллуқли бўлмаган акциядорлик жамиятлари, фонд биржасининг биржа савдоси қоидаларида назарда тутилган тартибда листингга қўйиш таомилидан ўтишга ҳақлидирлар.
10. Молия-хўжалик фаолияти кўрсаткичларини ҳисоблаш методикаси ҳамда уларнинг листингга қўйиш мақсадларидаги меъёрий аҳамияти фонд биржаси томонидан тасдиқланади.
11. Фонд биржаси манфаатдор шахсларнинг молия-хўжалик фаолияти кўрсаткичларини ҳисоблаш методикаси, фонд биржаси қоидалари, шунингдек, бошқа ҳужжатлар ҳамда ахборотлардан фойдалана олишларини таъминлаши шарт.
12. Молия-хўжалик фаолияти кўрсаткичларини ҳисоблаш акциядорлик жамиятининг аудиторлик ташкилоти томонидан тасдиқланган молиявий ҳисоботи маълумотлари асосида амалга оширилади.
13. Фонд биржаси томонидан тасдиқланган методикага мувофиқ, молия-хўжалик фаолияти кўрсаткичларини ҳисоблашни 15 июндан кечиктирмасдан акциядорлик жамиятининг ўзи ёхуд мазкур акциядорлик жамияти билан тузилган тегишли шартнома асосида фонд биржаси томонидан амалга оширилади.
III. Якуний қоидалар
14. Мазкур Низом талабларига риоя этилиши устидан назоратни ваколатли давлат органи амалга оширади.
15. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
16. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси билан келишилди.
Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси раиси в.б. Б. УЛАШОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 28 март
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 18-сон, 152-модда; 2014 й., 17-сон, 200-модда, 32-сон, 409-модда)