Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Польша Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
БОЖХОНА ИШЛАРИДА ҲАМКОРЛИК ВА ЎЗАРО ЁРДАМ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Польша Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
божхона қонунларининг бузилиши улар давлатларининг ижтимоий, иқтисодий ва савдо манфаатларига зиён етказишидан келиб чиқиб,
гиёҳвандлик воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний айланиши жамият манфаатлари ва давлатга таҳдид солишини эътиборга олиб,
товарларни импорт ва экспорт қилишда ундириладиган божхона божлари ва бошқа йиғимларни аниқ ҳисоблаш ҳамда йиғиш, шунингдек тақиқлаш, чеклаш ва назоратга доир тегишли чораларни бажариш муҳимлигини инобатга олиб,
божхона қонунларининг бузилишини олдини олиш, шунингдек божхона божлари, солиқлар ва бошқа йиғимларнинг тўғри ундирилиши уларнинг божхона маъмуриятлари ўртасидаги яқин ҳамкорлик ёрдамида янада самарали бўлади деб ҳисоблаб,
божхона ҳамкорлиги Кенгашининг ўзаро маъмурий кўмак тўғрисида 1953 йил 5 декабрдаги Тавсияларини эътиборга олиб;
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
Атамалар
1-модда
Ушбу Битимда фойдаланилган атамалар қуйидагиларни англатади:
1. «Божхона органи» — атамаси Ўзбекистон Республикасида: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасини, ва Польша Республикасида: Молия вазирлигини англатади;
2. «Божхона қонунлари» — атамаси Ўзбекистон Республикаси ва Польша Республикаси ҳудудида товарлар, транспорт воситаларини олиб кириш, олиб чиқиш ва транзит қилиш, тўлов воситалари, божхона божларини ундириш ёки бошқа йиғимлар, шунингдек божхона органлари томонидан қўлланиладиган тақиқлаш, чеклаш ёки назорат қилиш бўйича чораларга тааллуқли қўлланиладиган меъёрий ҳужжатларни англатади;
3. «Сўраётган орган» — атамаси божхона ишида кўмак тўғрисида сўров юборган ёки шундай кўмак олган божхона органини англатади;
4. «Сўралаётган орган» — атамаси божхона ишида кўмак тўғрисида сўров олган ёки шундай кўмак берадиган божхона органини англатади;
5. «Божхона қонунларининг бузилиши» — атамаси божхона қонунлари бузилган ёки бузишга уриниш бўлган ҳар қандай фаолиятни англатади;
6. «Шахс» — атамаси ҳар қандай жисмоний ёки юридик шахсни ва Польша Республикасидаги унда қўлланиладиган қонунчиликка мувофиқ таъсис этилган ҳуқуқий мақомга эга бўлмаган ва товарларни импорт, экспорт ёки транзит қилувчи шахсларни англатади;
7. «Гиёҳвандлик воситалар» — атамаси Гиёҳвандлик моддалари тўғрисида Ягона Конвенцияда, Нью-Йорк шаҳри, 1961 йил 31 март ва БМТнинг Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ноқонуний айланишига қарши Конвенцияда, Вена шаҳри, 1988 йил 20 декабрь, санаб ўтилган моддаларни англатади;
8. «Психотроп моддалар» — атамаси Психотроп моддалар тўғрисида Конвенцияда, Вена шаҳри, 1971 йил 21 февраль, санаб ўтилган моддалар;
9. «Прекурсорлар» — атамаси халқаро конвенцияларда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган кимё материаллари сифатида таснифланадиган моддалар ҳамда уларнинг тузлари;
10. «Назорат остида етказиб бериш» — атамаси Аҳдлашувчи Томонлар ваколатли органларининг рухсати ёки назорати остида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг бир тўпини Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳудуди орқали олиб кириш, транзит қилиш ёки олиб чиқиш йўл қўйиладиган усулни англатади.
Битим қўлланиладиган соҳа
2-модда
1. Божхона органлари ушбу Битимнинг қоидаларига мувофиқ қуйидаги мақсадларда ҳамкорлик қиладилар ва бир-бирларига ўзаро кўмаклашадилар:
a) божхона қонунларига тегишлича риоя этилишини таъминлашда;
b) божхона қонунлари бузилганлигини аниқлаш, бартараф этиш ва жазолашда;
c) божхона божлари ва бошқа йиғимларни тегишлича ҳисоблаш ҳамда ундиришда;
d) божхона қонунларининг қўлланилишига доир ахборот ва ҳужжатларни алмашиш.
2. Ушбу Битим доирасидаги кўмаклашув миллий қонунчиликка мувофиқ ва сўралаётган органнинг ваколати ҳамда имкониятлари доирасида амалга оширилади, зарур ҳолда у бошқа ваколатли органдан кўмак сўраб мурожаат қилиши мумкин.
3. Ушбу Битим божхона божлари, солиқлар ва бошқа ҳар қандай йиғимлар бўйича қарзларни ундиришни кўзда тутмайди.
Ахборот тақдим этиш
3-модда
1. Божхона органлари ўз ташаббуслари ёки сўровномага биноан қуйидагиларда ёрдам бериши мумкин бўлган барча ахборотни бир-бирларига тақдим этадилар:
a) божхона божлари ва бошқа йиғимларнинг тўғри ундирилишини таъминлаш;
b) товарларни олиб кириш, олиб чиқиш ёки транзит қилишга нисбатан тақиқлаш, чеклаш ва назорат қилиш бўйича чораларга риоя қилиш.
2. Сўралаётган орган сўралаётган ахборотга эга бўлмаган ҳолда у ушбу ахборотни олиш учун тегишли чораларни кўради.
4-модда
Божхона органлари сўровномага биноан бир-бирларини қуйидагилар тўғрисида хабардор қиладилар:
a) сўраётган орган давлатининг ҳудудига киритилаётган товар сўралаётган органнинг давлати ҳудудидан қонуний экспорт қилинганми, шунингдек мазкур товарлар жойлаштирилган жой бўлса, божхона режими тўғрисида;
b) сўраётган орган давлатининг ҳудудидан олиб чиқилаётган товар сўраётган органнинг давлати ҳудудига қонуний импорт қилинганми, шунингдек мазкур товарлар жойлаштирилган жой бўлса, божхона режими тўғрисида.
5-модда
1. Божхона органлари ўз ташаббуслари ёки сўровномага биноан, шунингдек мумкин қадар қисқа давр ичида божхона қонунбузарлигига оид барча зарур ахборотни бир-бирларига тақдим этадилар, хусусан:
a) божхона қонунбузарлигини содир этишда маълум ёки шубҳаланаётган шахслар;
b) божхона қонунбузарлиги сифатида маълум товарлар;
c) божхона қонунбузарлиги мақсадида фойдаланилаётгани маълум бўлган транспорт воситалари.
2. Божхона органлари қуйидагилар бўйича ахборот алмашадилар:
a) божхона қонунбузарлиги мақсадида фойдаланилаётган ёки фойдаланилиши мумкин бўлган метод ва усуллар;
b) божхона назоратининг принцип ва янги методлари.
6-модда
1. Божхона органлари ўз ташаббуслари ёки сўровномага биноан божхона қонунбузарлигига олиб келувчи ёки олиб келиши мумкин бўлган содир этилган ёхуд режалаштирилаётган иш бўйича барча мавжуд ахборотни жам қилган ҳисоботлар, баённомалар ёки ҳужжатларнинг тасдиқланган нусхаларини бир-бирларига тақдим этадилар.
2. Зарур ҳолда сўралаётган орган сўраётган органга юборган ахборот билан бир қаторда уларни талқин қилиш ёки фойдаланиш учун барча зарур қўлланмаларни тақдим этади.
3. Ҳужжатларнинг тасдиқланган нусхалари етарли бўлмаган ҳолларда ҳужжатларнинг асл нусхалари сўраб олиниши мумкин.
4. Ҳужжатларнинг асл нусхалари биринчи имкониятда қайтарилиши лозим.
5. Ушбу Битим доирасида олинган ҳужжатлар компьютерлаштирилган ахборот билан алмаштирилиши мумкин.
Гиёҳвандлик воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш
7-модда
1. Гиёҳвандлик воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний айланишини бартараф этиш, аниқлаш ва қарши кураш бўйича ишни фаоллаштириш мақсадида божхона органлари сўровномасиз мумкин қадар қисқа муддатда бир-бирларига қуйидагилар тўғрисидаги ахборотни тақдим этадилар:
a) гиёҳвандлик воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний айланишида жалб этилганлиги маълум ёки шубҳаланаётган шахслар;
b) гиёҳвандлик воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний айланишида маълум ёки шубҳаланаётган транспорт воситалари, контейнер ва почта жўнатмалари.
2. Божхона органлари гиёҳвандлик воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний айланишида қўлланиладиган усул ва методлар, шунингдек бундай айланишни назорат қилишнинг янги методлари ва уларнинг самарадорлиги тўғрисидаги ахборотни бир-бирларига сўровномасиз тақдим этадилар.
3. 1- ва 2-бандларда қайд этилган ахборот кашандалик ва гиёҳвандлик воситалар, психотроп моддалар ҳамда прекурсорларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш билан шуғулланувчи жамоат маъмуриятининг бошқа органларига берилиши мумкин.
4. Божхона органлари гиёҳвандлик воситалар, психотроп моддалар, прекурсорлар ёки уларнинг ўрнини боса оладиган моддаларни назорат остида етказиб бериш усулидан тегишлича фойдаланиш мақсадида ўз ваколатлари ва имкониятлари доирасида зарур чораларни кўрадилар.
5. Назорат остида етказиб беришдан фойдаланиш тўғрисида қарор Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари томонидан ҳар бир алоҳида ҳолларда қабул қилинади ва зарур ҳолларда молиявий масалалар бўйича аҳдлашувларни киритишлари мумкин.
Ахборот ва ҳужжатлардан фойдаланиш
8-модда
1. Олинган ахборот ва ҳужжатлардан ушбу Битим мақсадларидагина фойдаланилади. Улардан бошқа мақсадларда фойдаланиш мумкин эмас, қуйидаги ҳоллар бундан мустасно:
a) Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг божхона органи ўз божхона қонунлари доирасида ҳар қандай бошқа мамлакатнинг ваколатли органи ёки Европа Иттифоқи божхона маъмурияти ёхуд иккала томонни божхона қонунларининг бузилганлиги ёки бузилишида шубҳаланаётганлиги тўғрисида хабардор қилишга мажбур;
b) сўраётган орган давлатининг ички қонунчилиги бундай фойдаланиш рухсат беришини ёзма равишда тасдиқлайди.
2. Ушбу Битим доирасида Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг божхона органига тақдим этиладиган сўровномалар, ахборот, экспертларнинг ҳисоботлари ва бошқа ҳужжатлар ўша давлатнинг миллий қонунчилигига мувофиқ уларнинг давлатларида шундай характердаги ҳужжат ва ахборотга бериладиган муҳофаза билан таъминланади.
3. Божхона органлари ушбу Битим мақсадига мувофиқ ва унинг доирасида ушбу Битимга мувофиқ олинган ахборот ва ҳисоботлардан суд ҳамда маъмурий жараёнларда далил сифатида фойдаланишлари мумкин. Бундай далил Аҳдлашувчи Томонларнинг миллий қонунчилигига мувофиқ фойдаланилиши мумкин.
Шахслар, товарлар ва транспорт воситаларини кузатиш
9-модда
Божхона органлари ўз ваколати ва имкониятлари доирасида сўровномага биноан қуйидагилар устидан кузатув олиб борадилар:
a) божхона қонунларини бузган ёки бузиши мумкин бўлганлиги юзасидан далиллар мавжуд бўлган шахслар;
b) олиб кирилиши, олиб чиқилиши ёки транзит қилиниши божхона қонунбузарлигига олиб келиши мумкин бўлган товарлар;
c) божхона қонунларини бузиш учун фойдаланилган, фойдаланилаётган ёки фойдаланилиши мумкин бўлган транспорт воситалари ёхуд контейнерлар борасида шубҳалар мавжуд бўлса;
d) ноқонуний айирбошлаш предмети бўлиши мумкин бўлган товарларни сақлаш учун фойдаланилаётган жой.
Аниқлаш
10-модда
1. Бир Аҳдлашувчи Томоннинг божхона органи сўровномасига биноан бошқа Аҳдлашувчи Томон божхона органи божхона қонунларига зид бўлган ёки зид бўлиши мумкин бўлган ҳаракатларни аниқлайди. Бундай аниқлашнинг натижалари сўраётган органга юборилади.
2. Сўралаётган орган сўраётган органнинг мансабдор шахсларига терговларда иштирок этишига рухсат бериши мумкин.
Экспертлар ва гувоҳлар
11-модда
1. Сўровнома бўйича сўралаётган орган ўз ходимларини уларнинг розилиги билан ушбу Битимга тааллуқли бўлган масалалар бўйича суд ва маъмурий жараёнларда бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг божхона ҳудудида, эксперт ҳамда гувоҳ сифатида иштирок этишига ваколат бериши, шунингдек бундай жараёнларда талаб қилиб олиниши мумкин бўлган предметлар, ҳужжатлар ёки тасдиқланган нусхаларни тақдим этиши мумкин. Иштирок этиш тўғрисидаги сўровномада мансабдор шахс қайси иш юзасидан ва ким сифатида, шунингдек жараённинг ўтказилиш вақти ва жойи аниқ кўрсатилиши лозим.
2. Ушбу Битимда кўзда тутилган шароитларда божхона бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида ҳозир бўладиган мансабдор шахслар ўзларининг расмий ваколатларининг далилини кўрсатишлари лозим. Улар форма киймасликлари ва ўзлари билан қурол олиб юрмасликлари лозим.
Ёрдам тўғрисида сўровноманинг шакл ва мазмуни
12-модда
1. Ушбу Битим доирасида кўмаклашув тўғрисида сўровнома ёзма равишда тақдим этилиши лозим. Сўровномани амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатларнинг асл нусхалари, тасдиқланган нусхалари ёки фото нусхалари унга илова қилиниши лозим.
Шошилинч ҳолларда оғзаки сўровномалар қабул қилиниши мумкин. Улар дарҳол ёзма шаклда тасдиқланиши лозим.
2. Ушбу модданинг 1-банди асосида қилинган сўровномалар ўзида қуйидаги ахборотни жам қилиши лозим:
a) сўраётган органнинг номи;
b) муҳокама тури;
c) сўровноманинг мақсад ва сабаби;
d) маълум бўлса, муҳокама объекти ҳисобланган шахсларнинг номи ва манзиллари;
e) кўрилаётган ишнинг қисқача ёзма баёни ҳамда ишга тааллуқли бўлган ҳуқуқий норматив актлар.
3. Агар сўровнома ушбу модданинг 1- ва 2-бандларида қайд этилган расмий талабларга жавоб бермаса, у ҳолда унинг таҳрири ёки қўшимчаси сўраб олиниши мумкин. Айни вақтда дарҳол қўлланилиши лозим бўлган ҳар қандай чораларнинг ушланиб қолиши сабаб бўла олмайди.
Кўмаклашиш бўйича мажбуриятлардан қилинадиган истиснолар
13-модда
1. Божхона органи сўровноманинг бажарилиши давлатнинг суверенитети, хавфсизлиги, жамоат тартиби ёки бошқа ҳар қандай муҳим манфаатларига, шунингдек қонун ҳимояси остига тушувчи махфийликнинг бузилишига зарар етказиши мумкин деб ҳисобласа, кўмакни рад этиши ёхуд уни маълум шартларга риоя қилган ҳолда кўрсатиши мумкин.
2. Кўмак рад этилса, унинг сабаби кўрсатилган ҳолда рад жавоби тўғрисидаги қарор сўраётган органнинг эътиборига ёзма равишда кечиктирилмасдан етказилиши лозим.
3. Божхона органларидан бири ўзи кўрсата олмайдиган кўмак тўғрисида сўраб мурожаат этса, ўзининг сўровномасида ушбу омилни кўрсатиши лозим. Бундай сўровномани бажариш сўралаётган органнинг эътиборига ҳавола қилинади.
Ахборот алмашиш ва ўзаро кўмаклашув
14-модда
1. Ушбу Битим доирасида кўмаклашув Аҳдлашувчи Томонларнинг божхона органлари томонидан бевосита амалга оширилади.
2. Божхона органлари кўмаклашиш мақсадида ахборот алмашиш, божхона қонунбузарлигини бартараф этиш, аниқлаш ва жазолаш орқали уларнинг марказий ва минтақавий тезкор бўлинмалари ўртасида бевосита алоқа каналларини ўрнатишни ташкил этишлари мумкин.
Харажатлар
15-модда
Божхона органлари ушбу Битимни бажариш билан боғлиқ бўлган харажатларни қоплаш тўғрисидаги ҳар қандай талабларни инкор этадилар, давлат хизматида бўлмаган экспертлар, гувоҳлар ва таржимонларга ҳақ тўлаш харажатини ва ушбу Битимнинг 7-модда 5-бандида қайд этилган харажатларни қоплаш бундан мустасно.
Битимнинг ҳудудий амал қилиши
16-модда
Ушбу Битим Ўзбекистон Республикаси билан Польша Республикаси ҳудудларида қўлланилади.
Битимнинг ижро этилиши
17-модда
1. Божхона органлари ушбу Битим доирасида ҳамкорлик бўйича мунтазам маслаҳатлашувлар олиб борадилар.
2. Божхона органлари ўртасидаги ёзишмалар инглиз тилида амалга оширилади.
3. Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзаро аҳдлашувларига асосан ушбу Битимга ўзгартиш ва тўлдиришлар киритилиши мумкин. Бундай ўзгартиш ва тўлдиришлар унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган баённомалар билан расмийлаштирилиши лозим.
Талқин қилиш
18-модда
Божхона органлари ушбу Битимни талқин қилиш ёки қўллашдан келиб чиқадиган муаммо ёки баҳсларни тартибга солиш бўйича ўзаро келишувга эришишга интиладилар.
Битимнинг кучга кириши ва амал қилишдан тўхтатилиши
19-модда
1. Ушбу Битим ҳар бир Аҳдлашувчи Томонда амал қилувчи қонунчиликка мувофиқ қарор қабул қилинади ва у дипломатик ноталарни алмашиш орқали тасдиқланиши лозим. Битим охирги нота олинган санадан бошлаб ўттизинчи куни кучга киради.
2. Ушбу Битим белгиланмаган муддатга тузилган. Аҳдлашувчи Томонлардан бири дипломатик каналлар орқали хабардор қилингач тўхтатилиши мумкин ва бундай хабарнома олинган санадан бошлаб 6 ой ўтгач, ўз кучини йўқотади.
Варшава шаҳрида 2003 йил 10 июлда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, поляк ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар аутентикдир. Талқин қилишда англашилмовчиликлар юзага келган ҳолда, инглиз тилидаги матн устунлик қилади.
Ушбуни тасдиқлаб, тегишли равишда ваколатланганлар ушбу Битимни имзоладилар.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2006 й., 1-2-сон)