Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Покистон Ислом Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИ ЎЗАРО РАҒБАТЛАНТИРИШ ВА ҲИМОЯ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Покистон Ислом Республикаси Ҳукумати, қуйида «Томонлар» деб аталувчилар,
бир Томон инвесторларининг иккинчи Томон ҳудудида капитал маблағ жойлаштириш учун қулай шарт-шароитни вужудга келтиришни истаган ҳолда,
бундай капитал маблағ жойлаштиришни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш ўзаро фойдали савдо-иқтисодий ва илмий техникавий ҳамкорликнинг ривож топишига имкон беришини ҳисобга олиб,
шунингдек, инвестициялар учун барқарор асослар барпо қилиш, иқтисодий ресурслардан мумкин қадар самарали фойдаланиш учун қулай, адолатли капитал маблағ жойлаштириш тартиби мақсадга мувофиқ эканлигига асосланиб,
капитал маблағ жойлаштиришни ҳимоя қилиш ва уни қўллаб-қувватлашга доир битим тузишга аҳд қилиб,
қуйидагилар ҳақида келишиб олдилар:
1-модда
1. Мазкур Битимда:
а) «инвестор» атамаси бир Томоннинг фуқароси ҳисобланган ҳар қандай шахсни ва унинг қонунларига мувофиқ тузилган ҳар қандай юридик шахсни англатади;
б) «капитал маблағ жойлаштириш» атамаси бир Томоннинг «инвесторлари» иккинчи Томоннинг қонунларига мувофиқ унинг ҳудудида жойлаштираётган мол-мулкнинг барча турларини, жумладан қуйидагиларни ўз ичига олади;
инвестиция қилинган кўчма ёхуд кўчмас мулк ва мулкка бўлган ҳар қандай ҳуқуқ;
пул маблағлари, шунингдек, акциялар, омонатлар ва иштирокнинг бошқа шакллари;
иқтисодий бойликлар яратиш учун сарфланадиган пул маблағлари ёки иқтисодий қийматга эга бўлган хизматлар юзасидан талаб қилиш ҳуқуқи;
ихтиро учун муаллифлик ҳуқуқлари, патент ҳуқуқлари, товар белгилари, саноат намуналари, технология ва ноу-хау;
қонун ёки шартнома асосида рухсат этиладиган хўжалик юритиш ҳуқуқи, жумладан табиий бойликларни қидириш, ишлаш ва фойдаланиш ҳуқуқлари.
в) «даромад» атамаси ушбу модданинг 1-банди б) кичик бандига мувофиқ капитал жойлаштириш натижасида олинадиган маблағни ифода этади, улар, хусусан, фойда (фойданинг улуши), дивидендлар, процентлар, лицензия ва комиссион хизматдан тушган пуллар, техник ёрдам ва техник хизмат учун тўловлар бошқа пуллар сифатида намоён бўлади.
2. Ушбу Битим Ўзбекистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикаси ҳудудида амал қилади.
2-модда
1. Томонлардан ҳар бири ўз ҳудудида бошқа Томон инвесторларининг капитал солишга қаратилган ишларини қўллаб-қувватлайди ва ўз қонунларига мувофиқ бу ишнинг амалга ошишига йўл очиб беради.
2. Томонлардан ҳар бири ўз қонунларига мувофиқ бошқа Томон инвесторлари солган капитал маблағнинг ҳуқуқий жиҳатдан тўла ва сўзсиз ҳимояланишини кафолатлайди.
3-модда
1. Томонлардан ҳар бири ўз ҳудудида бошқа Томон инвесторлари жойлаштирган капитал маблағлар учун ва капитал солиш билан боғлиқ фаолият учун одилона ва тенг ҳуқуқли тартибни таъминлайдики, бунда қўйилган капитални бошқариш ва тасарруф қилишга монелик қиладиган чеклаш, камситиш каби ҳар қандай чора- тадбирлар истисно этилади.
2. Ушбу модданинг 1-бандида қайд этилган тартиб капитал маблағ жойлаштиришда ўз инвесторларига ёки бошқа учинчи давлат инвесторларига бериладиган тартибдан қулайлик жиҳатидан кам бўлмайди.
Чет элликларнинг чегарадан ўтиш тартиби, муваққат яшашлари ва ишлашлари хусусида Томонларнинг қонун ва қоидаларига мувофиқ:
а) ҳар қайси Томон фуқароларига агарда улар биринчи Томоннинг инвесторлари бўлсалар ва капитал қўйган, ёки капитал маблағ жойлаштириш арафасида турган бўлсалар, уларга инвестиция бўйича ишни ташкил қилиш, бошқариш ёки маслаҳат бериш мақсадида иккинчи Томон ҳудудига келишлари, истиқомат қилишлари учун рухсат этилади.
б) Томонлардан бирининг ҳудудида амал қилаётган қонун-қоидаларга мувофиқ ташкил этилган ва бошқа Томоннинг инвесторлари ҳисобланган юридик шахсларга ўз ихтиёри билан раҳбар ходимлар ва техник ходимларни ёллашга рухсат этилади.
3. Томонлардан ҳар бири чет эллик инвесторлар фаолият кўрсатиши истисно этилган ёки чекланган тармоқлар ва соҳаларни белгилаш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.
4. Ушбу модданинг 2-бандига мувофиқ бериладиган энг қулай шарт-шароит эркин савдо минтақасида, божхона ёки иқтисодий уюшмада қатнашиш муносабати билан икки ҳисса солиқ солишни истисно қилиш тўғрисидаги битим ёки солиқ масалалари бўйича бошқа аҳдлашувлар асосида у ёки бу Томон тарафидан белгиланган ёки келгусида белгиланадиган имтиёзларга дахлдор эмас.
4-модда
Томонлардан бирининг инвесторлари тарафидан бошқа Томон ҳудудида жойлаштирилган капитал маблағ миллийлаштирилмайди ёки унга оқибати жиҳатидан миллийлаштиришга тенг келадиган чоралар қўлланилмайди, лекин бу чоралар жамоатчилик манфаатларини кўзлаб, қонуний йўл билан амалга оширилган, камситиш деб ҳисобланмайдиган тез фурсатда ўз қийматига тенг ва самарали товон пули тўланган ҳоллар бундан мустаснодир. Бу ҳолда тўланадиган товон пули миллийлаштириш расман амалга оширилган вақтдаги ёки бўлажак миллийлаштириш пайтидаги капитал маблағнинг реал қийматига тўғри келиши керак.
Товон тўлагунга қадар товон суммасига капитал маблағ жойлаштирилган Томон ҳудудидаги фоиз қийматига мувофиқ фоиз қўшилиб боради.
5-модда
Томонлардан ҳар бири иккинчи Томоннинг инвесторларига белгиланган солиқларни ва йиғимларни тўлаганидан сўнг капитал маблағ жойлаштириш муносабати билан қилинадиган тўловларнинг, хусусан:
а) ушбу Битимнинг 1-моддаси 1-бандининг в) кичик бандида белгиланган даромадларнинг;
б) иккала Томон тарафидан капитал маблағ деб тан олинган қарзларни тўлаш учун ажратилган маблағларнинг;
в) капитал маблағнинг қисман ёки бутунлай тугатилиши ёхуд сотиб юборилиши натижасида инвестор олган маблағларнинг;
г) Томонлардан бирининг фуқаролари иккинчи Томон ҳудудида инвестициялар билан боғлиқ муайян ишлари учун оладиган иш ҳақлари ва мукофот пулларининг;
д) ушбу Битимнинг 4-моддасида назарда тутилган товон пулларининг;
е) инвестициялар юзасидан низолар бўйича тўловларнинг чегарадан тўсқинликсиз ўтказилишига кафолат беради.
6-модда
Томонлардан бири билан иккинчи Томон инвестори ўртасида капитал маблағ жойлаштириш билан боғлиқ низолар, хусусан, товон пули тўлашнинг тартиби, шартлари ва миқдори юзасидан келиб чиқадиган низолар имконият борича музокаралар йўли билан ҳал қилинади.
Агар юқоридаги тартибда ўртадаги низоли масала келиб чиққан вақтдан бошлаб 6 ой муддат ичида ҳал қилинмаса, у ҳолда низо кўриб чиқиш учун:
а) капитал маблағ жойлаштирилган Томон ҳудудидаги ваколатли судга ёки ҳакамлик судига;
б) низолашувчи томонларнинг розилиги билан биронта халқаро нуфузли ҳакамлик идорасига;
в) БМТ нинг халқаро савдо ҳуқуқи бўйича Комиссиясининг Арбитраж регламенти /ЮНСИТРАЛ/ га мувофиқ «ad hoc» бетараф ҳакамлар судига берилади.
7-модда
Иккала Томондан бирининг таклифига биноан Томонлар мазкур Битимни талқин қилиш ва қўлланишига доир масалалар юзасидан маслаҳатлар ўтказишлари мумкин.
8-модда
1.Ушбу Битимнинг талқини ва қўлланиши хусусида Томонлар ўртасида келиб чиққан низолар музокаралар олиб бориш йўли билан ҳал қилинади.
Агар бундай йўл билан низоли масала ҳал қилинмаса, Томонлардан бирининг талабига асосан бу масала бетараф ҳакамлар суди ҳукмига ҳавола қилинади.
2. Бетараф ҳакамлар суди ҳар қайси конкрет ҳолат учун алоҳида тузилади. Томонлардан ҳар бири суднинг биттадан аъзосини, биргаликда эса суд раиси қилиб бетараф Томоннинг фуқаросини тайинлайдилар.
Суд аъзолари Томонлардан бири низосини бетараф ҳакамлар суди ҳукмига ҳавола этиш ниятини билдирган кунидан бошлаб икки ой ичида, суд раиси эса – уч ой ичида тайинланиши керак.
3. Бетараф ҳакамлар суди кўпчилик овоз билан ўз қарорини чиқариб беради. Бу қарор мажбурий кучга эга. Томонлардан ҳар бири ўзи тайинлаган суд аъзосининг фаолияти билан боғлиқ харажатларни ўз зиммасига олади. Суд раисининг фаолияти билан боғлиқ харажатларни ва бошқа чиқимларни Томонлар тенг равишда ўз зиммаларига оладилар. Бошқа барча масалалар бўйича бетараф ҳакамлар суди иш тартибини мустақил равишда белгилайди.
9-модда
Ушбу Битим у кучга кирганидан сўнг қўйилган барча капитал маблағларга нисбатан қўлланилади.
10-модда
Ушбу Битим Томонлар зарур конституциявий тартиб-қоидалар бажарилгани тўғрисида бир-бирини ёзма равишда хабардор қилганларининг бешинчи кунидан бошлаб кучга киради.
Ушбу Битим 10 йил мобайнида амалда бўлади.
Томонлардан бири Битимнинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисида иккинчи Томонни Битим муддати тугашидан 6 ой олдин ёзма равишда огоҳлантирган тақдирда унинг амал қилиши тўхтатилиши мумкин.
Ушбу Битимнинг амал қилиши тўхтатилган вақтгача жойлаштирилган капитал маблағларга нисбатан мазкур Битимнинг 1—9-моддалари қоидалари шу вақтдан кейинги 10 йил ичида ўз кучида қолади.
Битим Исломобод шаҳрида 1992 йил 13 августда икки нусхада, ҳар бири ўзбек ва инглиз тилларида тузилди, иккала матн ҳам бир хил кучга эгадир.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2006 й., 1-2-сон)