Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«НАВОИЙ КОН-МЕТАЛЛУРГИЯ КОМБИНАТИ» ДАВЛАТ КОРХОНАСИНИНГ УСТАВИНИ ВА «НАВОИЙ КОН-МЕТАЛЛУРГИЯ КОМБИНАТИ» ДАВЛАТ КОРХОНАСИНИНГ КУЗАТУВЧИ КЕНГАШИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Навоий кон-металлургия комбинати» Давлат корхонасининг Кузатувчи кенгашини ташкил этиш тўғрисида» 2008 йил 3 мартдаги ПҚ-809-сон қарорини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
«Навоий кон-металлургия комбинати» Давлат корхонасининг Устави 1-иловага мувофиқ;
«Навоий кон-металлургия комбинати» Давлат корхонасининг Кузатувчи кенгаши тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Навоий кон-металлургия комбинати бир ой муддатда:
Уставни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказсин;
ўзининг ички ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Қ.С. Санақулов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2008 йил 4 апрель,
62-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 4 апрелдаги 62-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
«Навоий кон-металлургия комбинати» Давлат корхонасининг
УСТАВИ
I. Умумий қоидалар
1.1. «Навоий кон-металлургия комбинати» Давлат корхонаси (кейинги ўринларда «Комбинат» деб аталади) унга тезкор бошқариш учун берилган давлат мулки бўлган мол-мулк негизида ташкил этилган Давлат унитар корхонаси шаклидаги тижорат ташкилоти ҳисобланади. «Навоий кон-металлургия комбинати» Давлат корхонаси ўзига бириктирилган мол-мулкка нисбатан қонунда белгиланган доирада ўз фаолияти мақсадларига, Муассиснинг топшириқларига мувофиқ эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқини амалга оширади.
1.2. Комбинат юридик шахс ҳисобланади, алоҳида мол-мулкка, мустақил балансга, банк ҳисоб рақамларига, шу жумладан валюта ҳисоб рақамларига, эмблемага, штампларга ва бланкаларга, товар белгиларига, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бошқа реквизитларга эга.
1.3. Корхонанинг давлат тилидаги расмий тўлиқ ва қисқартирилган номи: ўзбек тилида: «Navoiy kon-metallurgiya kombinati» (NKMK) Давлат корхонаси, рус тилида: Государственное предприятие «Навоийский горно-металлургический комбинат» (НГМК), инглиз тилида: «Navoi Mining and Metallurgiсal Combinat» State Compani (NMMC).
1.4. Комбинат жойлашган жой (почта манзили): Ўзбекистон Республикаси, Навоий шаҳри, Навоий кўчаси, 27.
1.5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (кейинги ўринларда «Муассис» деб аталади) Комбинатнинг муассиси ҳисобланади.
1.6. Комбинат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни сотиб олиши ва амалга ошириши, мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши, низоларни ҳал этишда бошқа органларда вакиллик қилиши мумкин.
1.7. Комбинат Муассиснинг розилиги билан қонун ҳужжатларига мувофиқ юридик шахсларнинг қатнашишига йўл қўйиладиган тижорат ташкилотларида, шунингдек нотижорат ташкилотларда қатнашчи (аъзо) бўлиши мумкин.
1.8. Комбинат бошқа давлат корхонасининг муассиси бўлиши мумкин эмас.
2. Комбинат фаолиятининг предмети ва мақсадлари
2.1. Фойда олиш, ишлаб чиқариш-техник мақсадлардаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш, қурилиш, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш юзасидан давлат дастурлари тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, шунингдек ушбу Уставда кўрсатилган, истеъмол хоссалари юқори ва кам харажатли, уларнинг рақобатбардошлилигини таъминлайдиган бошқа ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш Комбинат фаолиятининг мақсади ҳисобланади.
2.2. Қуйидагилар Комбинат фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:
2.2.1. Фойдали қазилмаларни кавлаб олиш;
2.2.2. Қимматбаҳо ва ноёб металларни, қимматбаҳо тошларни кавлаб олиш;
2.2.3. Таркибида қимматбаҳо ва ноёб металлар мавжуд бўлган саноат маҳсулотларини қайта ишлаш;
2.2.4. Қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш;
2.2.5. Қимматбаҳо металлар ва тошлардан тайёрланган заргарлик буюмларини транспортда ташиш ва сотиш;
2.2.6. Ионлаштирувчи нурланиш манбаларини қазиб олиш, ишлаб чиқариш, конни очиш, қайта ишлаш, фойдаланиш, сақлаш, хизмат кўрсатиш, транспортда ташиш, зарарсизлантириш, утиллаштириш ва кўмиш;
2.2.7. Портловчи ва заҳарли моддаларни, улар қўлланиладиган материаллар ва буюмларни, шунингдек портлатиш воситаларини ишлаб чиқариш, транспортда ташиш, сақлаш ва реализация қилиш;
2.2.8. Портлатиш ишларини бажариш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
2.2.9. Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида қимматбаҳо металлар, уран ҳамда уларга йўлдош фойдали қазилмаларга оид геология-қидирув ишларини бажариш;
(2.2-банднинг 2.2.9-кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 5 январдаги 4-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 1-2-сон, 6 -модда)
2.2.10. Геодезия фаолияти;
2.2.11. Кўприклар ва тоннелларни лойиҳалаштириш, қуриш, ишлатиш ва таъмирлаш;
2.2.12. Хавфи юқори бўлган объектларни ва потенциал хавфли ишлаб чиқаришларни лойиҳалаштириш, қуриш ва ишлатиш;
2.2.13. Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш;
2.2.14. Капитал қурилиш;
2.2.15. Телерадио эшиттиришлар трансляцияси тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш ва ишлатиш;
2.2.16. Телекоммуникацияларнинг маҳаллий, шаҳарлараро ва халқаро тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш ва ишлатиш ва уларга хизматлар кўрсатиш;
2.2.17. Ҳаракатланадиган радиотелефон алоқаси тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш ва ишлатиш ва уларга хизматлар кўрсатиш;
2.2.18. Шахсий радио чақириқ тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш ва ишлатиш ва уларга хизматлар кўрсатиш;
2.2.19. Маълумотлар узатиш тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш ва ишлатиш ва уларга хизматлар кўрсатиш;
2.2.20. Ахборотни криптографик ҳимоя қилиш воситаларини лойиҳалаштириш, қуриш ва ишлатиш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш;
2.2.21. Ёнғинга қарши автоматлар, қўриқлаш, ёнғин ва қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларини лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш;
2.2.22. Ички қатновда йўловчилар ва юкларни темир йўлда ташиш;
2.2.23. Автомобиль транспортида йўловчилар ва юкларни шаҳар, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро ташиш;
2.2.24. Гиёҳванд воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорларни олиб кириш (олиб чиқиш), ташиш, сақлаш, реализация қилиш, тиббий эҳтиёжлар учун фойдаланиш ва йўқ қилиш. Прекурсорларни ишлаб чиқариш ва ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун фойдаланиш;
2.2.25. Фосфор хом ашёси ва ўғитлар ишлаб чиқариш;
2.2.26. Станоксозлик;
2.2.27. Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш.
Агар қонун ҳужжатларида ушбу бандда назарда тутилган тегишли фаолият лицензияланиши белгиланган тақдирда, Комбинат фаолиятнинг ушбу турини тегишли лицензияловчи орган билан тузилган лицензия битими асосида лицензия олмасдан амалга оширишга ҳақлидир.
2.3. Комбинат шунингдек фаолиятнинг қуйидаги турларини амалга оширади:
тиббий фаолият;
фармацевтика фаолияти;
ноширлик ва матбаачилик фаолияти;
туристик фаолият;
улгуржи савдо ва савдо-воситачилик фаолияти;
табиий ва суюлтирилган углеводород газини реализация қилиш;
божхона омборини таъсис этиш;
ўлчов воситаларини тайёрлаш, реализация қилиш ва прокатга бериш;
аэропортларда йўловчилар ва юкларни ҳавода ташиш ишларини бажариш билан боғлиқ бўлган ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш;
ўз эҳтиёжлари ва бошқа истеъмолчиларнинг эҳтиёжлари учун ишлаб чиқариш-техник мақсадлардаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш;
истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ва аҳолига хизматлар кўрсатиш;
озиқ-овқат маҳсулотлари ва ноозиқ-овқат товарлари ҳамда алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни чакана тармоқ орқали сотиш;
люминесцент лампаларни демеркуризациялаш;
темир йўл транспортида юк карвонсаройлари ташкил этиш;
болалар, ўсмирлар ва ёшлар соғломлаштириш оромгоҳлари ва бошқаларни, дам олиш зоналарини ташкил этиш.
Агар қонун ҳужжатларида ушбу бандда назарда тутилган тегишли фаолият лицензияланиши белгиланган бўлса, Комбинат фаолиятнинг ушбу турини фақат лицензия асосида амалга оширишга ҳақлидир.
2.4. Комбинат фаолиятнинг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа турларини амалга оширади.
3. Комбинат фаолиятини бошқариш
3.1. Комбинат ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек ушбу Уставга амал қилади.
3.2. Комбинат Муассисга ҳисобот беради.
3.3. Муассис қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:
Комбинатнинг мақсадлари, фаолияти предмети ва турларини белгилаш;
Комбинат Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Комбинатнинг ижро этувчи органи билан тузилган меҳнат шартномасини муддатидан олдин тўхтатиш;
Комбинатни қайта ташкил этиш ва тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш, тугатиш комиссиясини тайинлаш ва тугатиш балансини тасдиқлаш;
Комбинатнинг ортиқча, фойдаланилмаётган, ёхуд бошқа мақсадда фойдаланилаётган мол-мулкини олиб қўйиш ва уни тасарруф этиш;
Комбинатга берилган мол-мулкдан фойдаланишдан олинган соф фойданинг бир қисмини ёки ҳаммасини олиш;
Комбинат мол-мулки билан тузилган битимни ҳақиқий эмас деб эътироф этиш тўғрисида судга даъво билан мурожаат қилиш;
Комбинатга етказилган зарарларни қоплаш тўғрисида Комбинат ижро этувчи органига даъво тақдим этиш.
3.4. Комбинатни бошқариш:
Кузатувчи кенгаш;
Ижро этувчи орган томонидан амалга оширилади.
3.5. Кузатувчи кенгашнинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланади.
3.6. Кузатувчи кенгашнинг фаолияти Муассиснинг қарори билан тасдиқланадиган Комбинатнинг Кузатувчи кенгаши тўғрисидаги Низом билан тартибга солинади.
3.7. Кузатувчи кенгашнинг ваколатларига қуйидагилар тегишлидир:
қимматбаҳо ва нодир металлар, уран ва фосфор хом ашёсини қазиб олиш учун минерал-хом ашё базасидан тўлиқроқ ва самарали фойдаланиш мақсадида Комбинатнинг стратегик вазифаларини ва уни истиқболли ривожлантириш йўналишларини белгилаш;
қимматбаҳо ва нодир металларнинг янги очилган конларида ва ишлаб турган конларида кавлаб олишни ўзлаштириш ва кенгайтириш мақсадида Комбинатни ривожлантиришнинг ўртача муддатли ва узоқ муддатли дастурлари ишлаб чиқилишини ташкил этиш;
замонавий илмий-техник ютуқларга мувофиқ модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш, ишлаб чиқаришнинг янги технологияларини жорий этиш дастурлари ва лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва улар амалга оширилишини назорат қилиш;
кейинчалик Муассисга киритиш учун қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш бўйича ҳар йиллик давлат буюртмасини кўриб чиқиш ва маъқуллаш;
қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш бўйича белгиланган тартибда тасдиқланган давлат буюртмаси бажарилишини таъминлаш учун зарур бўлган Комбинат фаолиятининг ҳар йиллик ишлаб чиқариш бизнес-режаларини, инвестиция дастурларини ва бошқа ташкилий-техник чора-тадбирларни тасдиқлаш, шунингдек уларнинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқиш;
Комбинат молия-хўжалик фаолиятининг, зарурият бўлганда, мустақил экспертлар ва аудиторларни жалб этган ҳолда, шу жумладан тузиладиган контрактлар, молиялаштириш схемалари ва шартларини экспертизадан ўтказган ҳолда, ички аудит хизмати томонидан йилнинг ҳар чорагида ўрганилишини ташкил этиш;
қўшма корхоналар ташкил этиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш;
Комбинатнинг ишлаб чиқариш ва молия-хўжалик фаолияти тўғрисида ижро этувчи органнинг ҳисоботини йилнинг ҳар чорагида эшитиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари асосида Комбинат бош директорини ёллаш тўғрисида Муассиснинг номидан меҳнат шартномаси тузиш ва уни бекор қилиш;
ташкилий тузилмани ва Комбинатни бошқариш аппарати тузилмасини маъқуллаш;
ички аудит хизматини ташкил этиш ва унинг ходимларини тайинлаш;
ижро этувчи орган фаолияти тартибини белгилаб берадиган ҳужжатларни тасдиқлаш;
Миқдори Комбинат активларининг 10 фоизидан ортиқни ташкил этадиган мол-мулкни сотиб олиш ва ўзгага бериш билан боғлиқ битимлар тузилишини маъқуллаш.
3.8. Кузатувчи кенгашнинг қарори бўйича Кузатувчи кенгаш аъзолари Комбинат фаолиятига тегишли бўлган ҳужжатлар билан танишиш ва Кузатувчи кенгашга юкланган мажбуриятларни ижро этиш учун уларни ижро этувчи органдан талаб қилиш ҳуқуқига эгадир. Олинган ҳужжатлар Кузатувчи кенгаш ва унинг аъзолари томонидан фақат хизмат мақсадларида фойдаланилади.
Кузатувчи кенгаш ваколатига тегишли бўлган масалалар ижро этувчи органнинг ҳал қилиши учун берилиши мумкин эмас.
3.9. Комбинатнинг жорий фаолиятига раҳбарлик қилиш бош директор томонидан амалга оширилади.
3.10. Бош директор яккабошчилик қиладиган ижро этувчи орган ҳисобланади.
3.11. Комбинатнинг бош директори Муассис томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3.12.Бош директор Кузатувчи кенгаш билан келишган ҳолда Комбинат ходимларининг иш ҳақи миқдорини тасдиқлайди.
(3.12-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 5 январдаги 4-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 1-2-сон, 6 -модда)
3.13. Бош директор Кузатувчи кенгаш билан келишган ҳолда ўз ўринбосарларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тайинлайди ва озод қилади.
4. Комбинат устав фондининг миқдори
4.1. Комбинатнинг устав фонди ўзида Комбинат томонидан ишлаб чиқариш-хўжалик фаолиятини амалга ошириш учун унга Муассис томонидан берилган маблағлар, мол-мулк ва бошқа активлар жамини ифодалайди.
4.2. Комбинат устав фондининг миқдори 2008 йил 26 мартдаги ҳолатига кўра 980 381 010,0 минг сўмни ташкил этади.
5. Комбинатнинг устав фондини кўпайтириш ва камайтириш тартиби
5.1. Комбинатнинг устав фондини кўпайтириш ва камайтириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, Комбинат уставига тегишли ўзгартиришлар киритиш йўли билан Муассиснинг қарори бўйича амалга оширилади.
6. Комбинатнинг мол-мулкини тасарруф этиш
6.1. Тезкор бошқариш ҳуқуқи билан Муассис томонидан Комбинатга бириктирилган асосий фондлар ва айланма маблағлар Комбинатнинг мол-мулкини ташкил этади.
6.2. Комбинатнинг асосий фондлари ва айланма маблағлари бўлинмасдир ва улушлар (улушлар, пайлар) бўйича тақсимланиши мумкин эмас.
6.3. Кузатувчи кенгаш Муассис номидан Комбинатга берилган давлат мулкининг ўз вазифасига кўра фойдаланилиши ва сақланиши, шунингдек ўзгага берилиши устидан назорат қилади.
6.4. Муассис билан келишган ҳолда Комбинатнинг бош директори қуйидаги ҳолларда Комбинатнинг мол-мулкини тасарруф этиши мумкин:
асосий воситаларни реализация қилиш, уларни ижарага бериш ёки гаровга қўйиш;
мол-мулкни улуш сифатида бошқа хўжалик жамиятининг устав фондига қўйиш;
бошқа хўжалик жамиятларининг акциялари (улушлари)ни сотиб олиш ва реализация қилиш;
Комбинат фаолияти мақсадларига мувофиқ бўлмаган мол-мулкни ўзгача тасарруф этиш.
7. Даромад (фойда)ни тақсимлаш ва зарарларни қоплаш тартиби
7.1. Барча солиқлар ҳамда бюджетга ва бюджетдан ташқари фондларга бошқа мажбурий тўловлар тўлангандан кейин Комбинатда қоладиган соф фойда Комбинат тасарруфида қолади ва Муассиснинг ёки, агар Муассис ушбу ҳуқуқни Кузатувчи кенгашга берса, Кузатувчи кенгашнинг қарори бўйича фойдаланилади.
7.2. Муассис ўз қарори билан бошқа юридик ва жисмоний шахсларга хайрия мақсадларида ва ҳомийлик ёрдами сифатида йўналтириладиган пул маблағларининг чекланган суммасини белгилайди, уларни тасарруф этиш ҳуқуқини Комбинатнинг бош директорига беради.
7.3. Комбинатнинг хўжалик фаолияти натижасида келиб чиққан зарарларни қоплаш ушбу мақсадларда ташкил этилган захира жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилиши мумкин.
8. Захира жамғармаси ва бошқа жамғармаларни ташкил этиш тартиби
8.1. Комбинат ўз тасарруфида қоладиган соф фойда ҳисобига захира жамғармасини, шунингдек миқдори ва шакллантириш тартиби Муассис томонидан тасдиқланадиган бошқа жамғармаларни ташкил этиши мумкин.
Асосий воситаларни қайта баҳолаш суммаси ва бепул олинган мол-мулк қиймати ҳам захира жамғармасини тўлдиришга йўналтирилади.
9. Комбинат бош директорининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги
9.1. Комбинатнинг бош директори:
Комбинат номидан ишончномасиз иш кўради, мамлакатимиз ва хорижнинг барча корхоналари, фирмалари ва ташкилотларида унинг манфаатларини ифодалайди;
ходимларни ишга қабул қилади, улар билан меҳнат шартномалари тузади, уларни ўзгартиради ва тўхтатади;
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишончномалар беради, кадрларни тайёрлаш ва ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш чора-тадбирларини кўради;
Комбинатнинг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар, фармойишлар чиқаради, кўрсатмалар беради;
Комбинатнинг ички тартиб-қоидаси ва хўжалик фаолиятини тартибга соладиган ҳужжатларни тасдиқлайди;
Комбинат томонидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига риоя қилинишини ташкил этиш ва назорат қилишни таъминлайди;
давлат буюртмаси ва тузилган тўғридан-тўғри шартномаларни бажаришни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган ишлаб чиқариш дастурлари амалга оширилишини ташкил этади;
асосий фаолиятни истиқболли ривожлантириш, ишлаб чиқаришни бошқариш тизимини такомиллаштириш, илмий-техник тараққиёт ютуқларини жорий этишга оид тадбирларни амалга ошириш чора-тадбирларни кўради;
янги техника ва технологияларни ишлаб чиқиш ва қўллашни ташкил этади;
фаолиятнинг янги йўналишларига оид таклифларни ишлаб чиқади;
Комбинат ходимлари меҳнатини муҳофаза қилиш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, атроф муҳит муҳофазаси ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларга риоя қилиш бўйича қонун ҳужжатлари талаблари бажарилишига йўналтирилган тадбирларни ишлаб чиқади ва жорий этади;
Комбинатнинг хўжалик фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа функцияларни амалга оширади.
9.2. Бош директор ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва мажбуриятларни бажаришда Комбинат манфаатларини кўзлаб иш кўради.
9.3. Бош директор бюджетга ва бюджетдан ташқари фондларга тўлов ўз вақтида тўланиши, иш ҳақи тўланиши, меҳнатга доир ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар ва уларга тенглаштирилган тўловлар қондирилиши, бевосита ишлаб чиқариш фаолияти билан боғлиқ эҳтиёжлар учун пул маблағлари ўтказилиши, ўзининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан Комбинатга етказилган зарар, шу жумладан корхонага берилган давлат мулки йўқотилган ҳолат учун ҳам қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
10. Ҳисоботларни тузиш тартиби
10.1. Комбинат ҳисобот даври тамом бўлгандан кейин рўйхати қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатли органларга молиявий ҳисоботни ва бошқа ҳужжатларни тақдим этади ҳамда ҳужжатларнинг сақланиши ва уларнинг давлат томонидан сақлаш учун белгиланган тартибда берилиши учун жавоб беради.
10.2. Хўжалик юритувчи субъект сифатида Комбинат фаолиятини назорат қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Муассис ва бошқа ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.
10.3. Бош директор йилнинг ҳар чорагида ишлаб чиқариш-хўжалик фаолияти натижалари ва Комбинатни ривожлантиришнинг тасдиқланган энг муҳим дастурлари амалга оширилиши тўғрисида Кузатувчи кенгашга ҳисобот беради.
11. Комбинатнинг жавобгарлиги
11.1. Комбинат ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли мол-мулк билан жавоб беради. Комбинатнинг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда Муассис Комбинат мажбуриятлари бўйича субсидиар жавоб беради.
11.2 Комбинат Муассиснинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.
12. Комбинатнинг филиаллари ва ваколатхоналари
12.1. Комбинат Муассис билан келишган ҳолда, қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилган ҳолда, ҳам Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, ҳам унинг ташқарисида филиаллар ташкил этиши ва ваколатхоналар очиши мумкин.
12.2. Комбинатнинг филиаллари ва ваколатхоналари Комбинат томонидан тасдиқланган Низом асосида Комбинат номидан иш кўради.
12.3. Ўзбекистон Республикасидан ташқарида жойлашган ваколатхоналар ва филиаллар Комбинат томонидан тасдиқланган Низом асосида ва ҳудудида ўзлари жойлашган мамлакатларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ иш кўрадилар.
12.4.Комбинатнинг филиали ёки ваколатхонаси раҳбари Кузатувчи кенгаш билан келишган ҳолда бош директор томонидан тайинланади ва у томонидан берилган ишончнома асосида иш кўради. Ишончнома ушбу раҳбар билан меҳнат шартномаси тўхтатилган тақдирда бош директор томонидан бекор қилиниши керак.
12.5. Комбинат томонидан ташкил этилаётган филиаллар ва ваколатхоналарнинг мажбуриятлари бўйича Комбинат жавоб беради.
13. Комбинатни тугатиш ва қайта ташкил этиш
13.1. Комбинат қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда Муассиснинг қарори бўйича ёки суднинг қарори бўйича тугатилиши ёки қайта ташкил этилиши мумкин.
13.2. Комбинатнинг тугатилиши ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсларга ўтмасдан Комбинат фаолияти тўхтатилишига олиб келади, қайта ташкил этишда ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳуқуқий ворисга ўтади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 4 апрелдаги 62-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
«Навоий кон-металлургия комбинати» Давлат корхонасининг Кузатувчи кенгаши тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1.1. Ушбу Низом «Навоий кон-металлургия комбинати» Давлат корхонасининг Кузатувчи кенгашини (кейинги ўринларда «Кузатувчи кенгаш» деб аталади) ташкил этиш ва унинг фаолияти тартибини, шунингдек Кузатувчи кенгаш аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.
1.2. Кузатувчи кенгаш «Навоий кон-металлургия комбинати» Давлат корхонаси (кейинги ўринларда «Комбинат» деб аталади) фаолиятини бошқариш самарадорлигини ошириш мақсадида ташкил этилади. Кузатувчи кенгашнинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланади.
1.3. Кузатувчи кенгаш аъзолари бошқа ишга ўтганда унинг таркибига асосий иш жойида ушбу лавозимга янгидан тайинланган шахслар киритилади.
1.4. Кузатувчи кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, Комбинат Уставига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
1.5. Вазирлар Маҳкамасининг Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари ахборот-таҳлил департаментининг металлургия ва қимматбаҳо металлар шуъбаси Кузатувчи кенгашнинг ишчи органи ҳисобланади.
(1.5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 февралдаги 107-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.02.2018 й., 09/18/107/0697-сон)
1.6. Кузатувчи кенгаш аъзоларининг ваколатлари, шунингдек Кузатувчи кенгашнинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан тўхтатилиши мумкин.
2. Кузатувчи кенгашнинг ваколатлари
2.1. Кузатувчи кенгашнинг ваколатларига қуйидагилар тегишлидир:
қимматбаҳо ва нодир металлар, уран ва фосфор хом ашёсини қазиб олиш учун минерал-хом ашё базадан тўлиқроқ ва самарали фойдаланиш мақсадида Комбинатнинг стратегик вазифаларини ва уни истиқболли ривожлантириш йўналишларини белгилаш;
қимматбаҳо ва нодир металларнинг янги очилган конларида ва ишлаб турган конларида кавлаб олишни ўзлаштириш ва кенгайтириш мақсадида Комбинатни ривожлантиришнинг ўрта муддатли ва узоқ муддатли дастурлари ишлаб чиқилишини ташкил этиш;
замонавий илмий-техник ютуқларга мувофиқ модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш, ишлаб чиқаришнинг янги технологияларини жорий этиш дастурлари ва лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва улар амалга оширилишини назорат қилиш;
кейинчалик Вазирлар Маҳкамасига киритиш учун қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш бўйича ҳар йиллик давлат буюртмасини кўриб чиқиш ва маъқуллаш;
қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш бўйича белгиланган тартибда тасдиқланган давлат буюртмаси бажарилишини таъминлаш учун зарур бўлган Комбинат фаолиятининг ҳар йиллик ишлаб чиқариш бизнес-режаларини, инвестиция дастурларини ва бошқа ташкилий-техник чора-тадбирларни тасдиқлаш, шунингдек уларнинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқиш;
Комбинат молия-хўжалик фаолиятининг, зарурият бўлганда, мустақил экспертлар ва аудиторларни жалб этган ҳолда, шу жумладан тузиладиган контрактлар, молиялаштириш схемалари ва шартларини экспертизадан ўтказган ҳолда, ички аудит хизмати томонидан йилнинг ҳар чорагида ўрганилишини ташкил этиш;
қўшма корхоналар ташкил этиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш;
Комбинатнинг ишлаб чиқариш ва молия-хўжалик фаолияти тўғрисида ижро этувчи органнинг ҳисоботини йилнинг ҳар чорагида эшитиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари асосида Комбинат бош директорини ёллаш тўғрисида Муассиснинг номидан меҳнат шартномаси тузиш ва уни бекор қилиш;
ташкилий тузилмани ва Комбинатни бошқариш аппарати тузилмасини маъқуллаш;
ички аудит хизматини ташкил этиш ва унинг ходимларини тайинлаш;
ижро этувчи орган фаолияти тартибини белгилайдиган ҳужжатларни тасдиқлаш;
Миқдори Комбинат активларининг 10 фоизидан ортиқни ташкил этадиган мол-мулкни сотиб олиш ва ўзгага бериш билан боғлиқ битимлар тузилишини маъқуллаш.
Кузатувчи кенгашнинг ваколатига тегишли бўлган масалалар ҳал этиш учун Комбинатнинг ижро этувчи органига берилиши мумкин эмас.
2.2. Комбинат Кузатувчи кенгашининг ваколатига ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари узил-кесил ҳамда Кузатувчи кенгаш аъзолари ва Комбинатнинг ижро этувчи органи бажариши учун мажбурий ҳисобланади.
3. Кузатувчи кенгаш фаолиятини ташкил этиш
3.1. Кузатувчи кенгашнинг ваколатига тегишли деб топилган масалалар бўйича қарорлар унинг мажлисларида қабул қилинади.
3.2. Кузатувчи кенгаш мажлиси заруриятга кўра, бироқ бир чоракда камида бир марта ўтказилади.
3.3. Кузатувчи кенгаш аъзолари масалани Кузатувчи кенгаш мажлиси кун тартибига киритиш тўғрисида ёзма таклиф юборишга ҳақлидир. Масалани кун тартибига киритиш тўғрисидаги таклифда масаланинг аниқ таърифи, маърузачининг фамилияси, исми ва отасининг исми, таклиф этилаётган қарор лойиҳаси ва Кузатувчи кенгаш мажлиси кун тартиби масаласи бўйича материаллар кўрсатилиши керак.
3.4. Узил-кесил кун тартиби Кузатувчи кенгаш мажлисида тасдиқланади.
3.5. Кузатувчи кенгаш мажлисида Кузатувчи кенгаш кун тартибида кўрсатилмаган масалалар кўриб чиқилмайди.
3.6. Кузатувчи кенгаш фаолиятини ташкилий-техник таъминлашни Кузатувчи кенгашнинг ишчи органи амалга оширади.
3.7. Кузатувчи кенгаш мажлисини ўтказиш учун кворум Кузатувчи кенгашнинг тайинланган аъзолари сонининг камида етмиш беш фоизидан иборат бўлиши керак.
3.8. Комбинатнинг Кузатувчи кенгаши мажлисида қарорлар ҳозир бўлганларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Кузатувчи кенгаш мажлиси кун тартиби масалалари бўйича қарорлар қабул қилишда Кузатувчи кенгашнинг ҳар бир аъзоси бир овозга эга бўлади. Кузатувчи кенгаш аъзолари овозлари тенг бўлган тақдирда, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.
3.9. Овознинг Кузатувчи кенгаш бир аъзоси томонидан Кузатувчи кенгашнинг бошқа аъзосига берилишига йўл қўйилмайди.
3.10. Кузатувчи кенгаш раисига Кузатувчи кенгаш мажлиси ўтказиладиган санагача камида 7 календарь кундан кечикмай ишчи орган томонидан:
Кузатувчи кенгаш мажлиси кун тартиби лойиҳаси;
Кузатувчи кенгаш мажлиси кун тартиби масалалари бўйича Кузатувчи кенгаш қарорлари лойиҳалари;
Кузатувчи кенгаш мажлиси кун тартиби масалалари бўйича ҳужжатлар ва ахборот материаллари тақдим этилади.
3.11. Кузатувчи кенгаш раиси томонидан маъқулланган кун тартиби лойиҳаси ва тегишли материаллар Кузатувчи кенгаш мажлиси ўтказиладиган санагача беш кундан кечикмай Комбинатнинг Кузатувчи кенгаши аъзоларига юборилади.
Айни бир вақтда Кузатувчи кенгашнинг ҳар бир аъзосига Кузатувчи кенгаш мажлиси ўтказилиши тўғрисидаги билдиришнома юборилади. Билдиришнома электрон, факсимил алоқа, телефонограмма орқали ёки Кузатувчи кенгаш аъзосига шахсан топшириш йўли билан юборилиши мумкин ва Кузатувчи кенгаш мажлиси ўтказиладиган сана, вақт ва жой тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак.
3.12. Кузатувчи кенгаш мажлисига ахборотлар (материаллар) Кузатувчи кенгашнинг ишчи органи томонидан Комбинатнинг ижро этувчи органи билан биргаликда тайёрланади.
3.13. Зарурият бўлганда Кузатувчи кенгаш мажлиси ўтказиладиган сана, вақт ва жой Кузатувчи кенгаш аъзолари кўпчилигининг розилиги билан ўзгартирилиши мумкин.
3.14. Зарурият бўлганда Кузатувчи кенгаш мажлиси Кузатувчи кенгашнинг ҳозир бўлган барча аъзоларининг розилиги билан кечиктирилиши мумкин.
3.15. Кузатувчи кенгаш мажлисида баённома юритилади. Кузатувчи кенгаш мажлиси баённомаси мажлис ўтказилган санадан бошлаб ўн кундан кечикмай расмийлаштирилади.
3.16. Кузатувчи кенгаш мажлиси баённомасида:
мажлис ўтказиладиган жой ва вақт;
Кузатувчи кенгаш мажлисида ҳозир бўлган шахслар;
Кузатувчи кенгаш мажлисининг кун тартиби;
овоз беришга қўйилган масалалар, улар бўйича овоз бериш якунлари;
қабул қилинган қарорлар кўрсатилади.
3.17. Кузатувчи кенгаш мажлиси баённомаси раислик қилувчи ва Кузатувчи кенгаш мажлисида ҳозир бўлган аъзолар томонидан имзоланади.
3.18. Кузатувчи кенгашнинг сиртдан овоз берган аъзоларининг ёзма шаклда ифодаланган ва уларнинг ўз қўллари билан имзоланган фикри Кузатувчи кенгаш мажлиси баённомасига тиркаб қўйилади.
3.19. Кузатувчи кенгаш баённомалари асл нусхалари сақланишини Кузатувчи кенгаш котиби таъминлайди. Баённомаларга хронологик тартибда тартиб рақамлари қўйилади, муфассал тартиб рақамига, алоҳида ҳужжатлар йиғма жилдига эга бўлади ва фойдаланиш чекланган ахборотларга эга бўлган ҳужжатлар учун белгиланган тартибда сақланади.
3.20. Кузатувчи кенгаш мажлиси баённомалари Кузатувчи кенгаш котиби томонидан Комбинатнинг бош директорига, Кузатувчи кенгаш раиси ва аъзоларига юборилади.
4. Кузатувчи кенгаш раиси
4.1. Кузатувчи кенгаш раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тайинланади.
4.2. Кузатувчи кенгаш раиси унинг ишини ташкил этади, Кузатувчи кенгаш мажлисини чақиради ва унда раислик қилади.
5. Кузатувчи кенгаш аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
5.1. Кузатувчи кенгаш аъзоси:
Кузатувчи кенгаш мажлисида шахсан қатнашиш, ажратилган вақт регламенти доирасида мажлисда муҳокама қилинаётган масала бўйича сўзга чиқиш;
Кузатувчи кенгашнинг қарорига рози бўлмаган тақдирда, мажлис баённомасига тиркаб қўйиладиган ўзининг алоҳида фикрини баён қилиш;
Кузатувчи кенгашнинг қарори бўйича Комбинат фаолиятига тегишли ҳужжатлардан фойдаланиш ва уларни Кузатувчи кенгашга юкланган мажбуриятларни бажариш учун ижро этувчи органдан талаб қилиш ҳуқуқига эга. Олинган ҳужжатлардан Кузатувчи кенгаш ва унинг аъзолари фақат хизмат мақсадларида фойдаланадилар.
5.2. Кузатувчи кенгаш аъзолари ўртасида функцияларни тақсимлаш Кузатувчи кенгаш раиси томонидан амалга оширилади.
5.3. Кузатувчи кенгаш аъзолари Кузатувчи кенгаш ишида қатнашганлиги учун мукофот пули олиш ҳуқуқига эгадир.
5.4. Кузатувчи кенгаш аъзолари ўз вазифаларини ҳалол ва давлат манфаатларини кўзлаб амалга оширишга мажбурдир.
6. Кузатувчи кенгаш аъзоларининг жавобгарлиги
6.1. Кузатувчи кенгаш аъзолари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ Муассис олдида жавоб берадилар.
7. Кузатувчи кенгаш тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш
7.1. Кузатувчи кенгаш тўғрисидаги Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгиланган тартибда амалга оширилади.
7.2. Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига ушбу Низомнинг айрим бандларига зид бўлган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган тақдирда, Кузатувчи кенгаш Ўзбекистон Республикасининг кейинроқ қабул қилинган қонунчилик нормаларига амал қилиши шарт.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 14-15-сон, 103-модда; 2011 й., 1-2-сон, 6 -модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.02.2018 й., 09/18/107/0697-сон)