ЎЗБЕКИСТОН АЛОҚА ВА АХБОРОТЛАШТИРИШ АГЕНТЛИГИ БИЛАН ЛИТВА РЕСПУБЛИКАСИ АЛОҚАНИ ТАРТИБГА СОЛИШ ХИЗМАТИ ЎРТАСИДА
Битим
АЛОҚАНИ ТАРТИБГА СОЛИШ СОҲАСИДА ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги ва Литва Республикаси Алоқани тартибга солиш хизмати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
телекоммуникация ва ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши Томонлар ўртасида савдо муносабатлари ва илмий-техник ҳамкорликни ривожлантиришнинг, шунингдек икки томон иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг асосий омили бўлиб ҳисобланганлигини инобатга олиб,
икки мамлакат телекоммуникация бозорини ривожлантириш учун алоқани тартибга солиш соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга интилиб,
алоқа соҳасидаги биргаликдаги дастурлар ва лойиҳаларни амалга ошириш, технологиялар ва хизматлар бозорини ривожлантиришга кўмаклашишни кўзлаб,
Халқаро электралоқа иттифоқининг мақсад ва тамойиллари ҳамда иттифоқ томонидан қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатларни эътиборга олиб,
1996 йил 21 июндаги Ўзбекистон Республикаси ва Европа ҳамжамиятлари ҳамда уларнинг аъзо давлатлари ўртасидаги шерикчилик тўғрисидаги Битим қоидаларига ҳамда 2004 йил 30 апрелдаги унга илова қилинган Баённомага, шунингдек 1995 йил 7 июндаги Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Литва Республикаси Ҳукумати ўртасида таълим, фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битимга асосланиб,
ўз ваколатларига мувофиқ фаолият олиб бориб,
куйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Литва Республикаси миллий ҳуқуқий ҳужжатларини ҳамда Европа Иттифоқининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини тартибга солиш чегараларида ушбу Битим, шунингдек томонларнинг халқаро мажбуриятлари доирасида алоқани тартибга солиш соҳасида ҳамкорликни амалга оширадилар.
2-модда
Томонлар Халқаро электралоқа иттифоқининг 1992 йил 22 декабрдаги Устав ва Конвенцияси, Халқаро электралоқа иттифоқининг Маъмурий регламентлари ва тавсиялари билан кўзда тутилган телекоммуникация хизматлари ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришга кўмаклашадилар.
3-модда
Томонлар ўртасидаги ҳамкорлик йўналишлари алоқани тартибга солишга тааллуқли қуйидаги соҳалардан иборат:
а) маъмурий, иқтисодий ва бошқа тўсиқларни бартараф этиш, хизматлар бозори ва алоқа ускуналарини ривожлантиришда кўмаклашиш учун алоқа соҳасида тажриба алмашиш;
б) бозордаги рақобатни мустаҳкамлаш мақсадида алоқани тартибга солиш соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, шунингдек либераллаштириш шароитларида тартибга солиш усуллари ва воситалари бўйича маслаҳатлашувларни ўтказиш;
в) қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича мунтазам ахборот алмашиш;
г) Томонлар вакилларининг тажриба алмашиш учун сафарлари, маслаҳатлашувлар, учрашувлар, семинарлар ва бошқа тадбирлар ўтказилишини ташкил қилиш;
д) коммуникация технологиялари ва хизматлар бозорини ривожлантириш соҳасида биргаликдаги дастурлар ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.
4-модда
Томонлар ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида амалда бўлган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида ишга доир муносабатларни кенгайтирадилар, шу жумладан ишлаб чиқариш тажрибаси ва илмий-техник ахборотни алмашадилар.
5-модда
Ушбу Битимга унинг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланадиган баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзаро мақбул ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Мазкур ўзгартишлар ушбу Битимнинг 9-моддасида белгиланган тартибда кучга киради.
6-модда
Томонлар миллий ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилиб, бир-биридан олинадиган ахборот, агар махфий хусусиятга эга бўлса ёки узатувчи Томон ошкор бўлишини истамаса, унинг конфиденциаллиги таъминланади. Ушбу Битимни амалга ошириш доирасида олинган махфий хусусиятга эга ахборот ошкор этилмаслиги лозим. У фақатгина ушбу Битимда кўзда тутилган мақсадлар учун фойдаланилиши мумкин. Бошқа Томондан олинган бундай ахборотни учинчи томонга, бошқа давлат идоралари ёки муассасаларга бериш учун ушбу ахборотни берган Томоннинг олдиндан ёзма розилиги талаб этилади.
7-модда
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш ва қўллашда юзага келадиган Томонлар ўртасидаги барча низолар Томонлар ўртасида музокаралар ёки маслаҳатлашувлар ўтказиш йўли билан ҳал этилади.
8-модда
Ушбу Битим қоидаларини амалга ошириш масалалари бўйича Томонлар ўртасидаги ёзишмалар инглиз ва рус тилларида амалга оширилади.
9-модда
Ушбу Битим номаълум муддатга тузилади ва имзоланган кундан бошлаб кучга киради.
Ушбу Битим Томонлардан бири бошқа Томонга дипломатик каналлар орқали ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида хабар бермагунга қадар амал қилади. Бундай ҳолда бошқа Томон бундай хабарни олгандан кейин бир ой ўтгач Битимнинг амал қилиши тўхтатилади. Битим бекор қилингунга қадар ушбу Битим билан кўзда тутилган ахборотни ошкор қилмаслик тўғрисидаги шартлар ушбу Битим амал қилиши тўхтатилгандан кейин ҳам амал қилади.
Агар Томонлар бошқача келишиб олмаган бўлсалар, ушбу Битим амал қилишининг тугатилиши унинг амал қилиши даврида бошланган ва амал қилиши тўхтатилиши пайтигача тугалланмаган қўшма дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишга таъсир қилмайди.
2007 йил 17 декабрда Вильнюсда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, литва ва рус тилларида тузилди, бунда барча матн бир хил кучга эга. Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келса, рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2007 й., 4-сон)