Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан Туркманистон Давлат божхона Хизмати ўртасида
Протокол
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БИЛАН ТУРКМАНИСТОН БОЖХОНА ЧЕГАРАЛАРИ ОРҚАЛИ ТОВАРЛАР ВА ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ ЎТИШИ ҲАҚИДА АХБОРОТЛАР АЛМАШИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан Туркманистон Давлат божхона хизмати (бундан кейин — Томонлар),
Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон божхона чегаралари орқали товарлар ва транспорт воситаларини ўтиши ҳақида ахборотлар алмашишни ташкил этиш ҳамда келгусида ривожлантириш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар, бир Томон давлати ҳудудидан олиб чиқиб кетилаётган, яъни бошқа Томон давлати ҳудудига экспорт қилинаётган ёки ундан транзит йўналишида ўтаётган товарлар ва транспорт воситалари божхона расмийлаштируви бўйича ахборот алмашишини ташкил этадилар ва амалга оширадилар.
Ахборот алмашиш Томонларнинг ўз ваколатлари доирасида ва давлатлари миллий қонунларига мувофиқ амалга оширилади.
2-модда
Томонлар ўз давлатлари божхона ҳудудларидан ўтаётган товарлар ва транспорт воситалари ҳақидаги ахборотларни йиғиш, умумлаштириш ва узатилишини таъминлайдилар. Томонлар ахборотларни хавф кўрсатгичлари ва уларни аниқлаш мезонларини белгилаш мақсадида фойдаланадилар.
3-модда
Мазкур Протоколга мувофиқ олинган ахборотлар махфий ҳисобланади ва тақдим этган Томоннинг ёзма розилигисиз учинчи томонга берилмайди, Томонлар давлатлари миллий қонунчилигига мувофиқ давлат органларига ахборотлар бериш бундан истисно.
4-модда
Томонлар ахборотлар алмашиш натижасида олинган хабарларнинг номувофиқлиги аниқланган ҳолатлар тўғрисида бир-бирларига маълум қиладилар.
5-модда
Томонлар бир-бирларини қуйидаги вазифаларни бажарадиган божхона органи мансабдор шахсининг тайинланиши тўғрисида хабар берадилар:
ахборотларни йиғиш, умумлаштириш, таҳлил қилиш ва ахборот тақдим этиш;
ахборотларни алмашиш бўйича техник шартлар, қайта ишловчи технологиялари ва ахборотларни ҳимоя қилиш бўйича талабларни ишлаб чиқиш ва келишиш;
ахборотлар алмашиш бўйича хабарлар таркибини аниқлаш, шунингдек зарур классификаторларни ишлаб чиқиш ва келишиш;
мазкур Протокол қоидаларини амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш.
6-модда
Мазкур Протоколнинг 1-моддасини амалга ошириш мақсадида, Томонлар олдиндан ахборот алмашиш бўйича эксперимент ташкил этадилар ва амалга оширадилар ҳамда қуйидагиларни келишадилар:
тақдим этиш учун мўлжалланган ахборотлар шакли ва зарур маълумотлар:
ахборот бериш тартиби:
Томонларнинг экспериментда иштирок этувчи божхона органлари рўйхати:
экспериментнинг бошланиш вақти ва зарур тадбирларни амалга ошириш муддатлари.
Мазкур моддада кўрсатилган масалалар келишилгандан сўнг, Томонлар зарур ташкилий тадбирларни амалга оширадилар ва экспериментни бошлашга тайёрлиги тўғрисида бир-бирларини ёзма хабардор этадилар.
Божхона чегарасидан товар ва транспорт воситаларини ўтиши тўғрисида ахборотлар алмашиш бўйича эксперимент олти ой мобайнида амалга оширилади. Томонларнинг ўзаро ёзма келишувига кўра эксперимент ўтказиш муддати узайтирилиши мумкин.
7-модда
Ўтказилган эксперимент натижалари асосида Томонлар ҳар ойда ахборотлар алмашишни ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қиладилар.
Томонлар доимий равишда ахборотлар алмашишни бошлаш муддати тўғрисида бир-бирларини ёзма хабардор қиладилар.
Ахборотлар алмашинуви Томонлар ўртасида бевосита рус тилида амалга оширилади.
8-модда
Мазкур Протокол талабларини амалга ошириш мақсадида, Томонлар музокаралар ўтказадилар ва ахборот алмашишда татбиқ этиладиган ахборот-маълумот материалларни беғараз тақдим этадилар.
9-модда
Томонларнинг ўзаро келишувига кўра, мазкур Протоколнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида протоколлар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
10-модда
Мазкур Протокол қоидалари ҳар бир Томоннинг давлати иштирокчи бўлган бошқа халқаро шартномалар бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
11-модда
Мазкур Протоколни талқин қилишдан ва қўллашдан юзага келадиган низолар ва келишмовчиликлар Томонлар ўртасида маслаҳатлашув ва музокаралар ўтказиш йўли билан ҳал этилади.
12-модда
Мазкур Протокол 5 йиллик муддатга тузилди ва имзоланган санадан 30 кун ўтгандан сўнг кучга киради.
Ҳар бир Томон бошқа Томонга ёзма хабарнома юбориш билан мазкур Протоколни амал қилишини тугатиши мумкин.
Мазкур Протоколнинг амал қилиши бошқа Томоннинг хабарномаси олинганидан уч ой ўтганидан сўнг тугатилади.
Ашхобод шаҳрида 2007 йил 18 октябрда (Гарашсизлик) икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, туркман ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Мазкур Протокол қоидаларини талқин қилишда рус тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2007 й., 4-сон)