Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Терроризм, айирмачилик ва экстремизмга қарши курашда ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси, бундан кейин «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
суверенитет, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатни ўзаро ҳурмат қилиш асосида, Терроризм, айирмачилик ва экстремизмга қарши кураш бўйича 2001 йил 15 июнда имзоланган Шанхай конвенцияси доирасида (бундан кейин «Шанхай конвенцияси» деб аталади) терроризм, айирмачилик ва экстремизмга қарши курашда Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳамкорликларини янада мустаҳкамлаш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
1. Ушбу Битим мақсадларини амалга ошириш учун Аҳдлашувчи Томонлар Шанхай конвенциясининг принцип ва қоидаларига риоя қиладилар.
2. Ушбу Битим орқали тартибга солинмаган масалалар, Шанхай конвенцияси қоидаларига мувофиқ тартибга солинади.
2-модда
Шанхай конвенциясининг 1-модда 1-бандида қайд этилган хатти-ҳаракатлар террорчи, айирмачи ва экстремист ташкилотларнинг ташкил этилиши, бошқаруви ва иштирокини ҳам ўз ичига олади.
3-модда
Шанхай конвенциясининг 1-модда 1-бандида қайд этилган хатти-ҳаракатлар террорчи, айирмачи ва экстремист фаолиятга молия, техник воситалар, қурол-яроғ етказиб бериш ва ўқитишни ўз ичига олади.
4-модда
Шанхай конвенциясининг 1-модда 1-бандида қайд этилган хатти-ҳаракатлар тегишли воситаларнинг асл характери, манбаи, фойдаланиш мақсади, тасарруф этиш ва олиб ўтиш усулларини яшириш ва беркитишни ўз ичига олади. Агар улар терроризм, айирмачилик ва экстремизм фаолиятидан олинган ёки шу учун фойдаланилганлиги маълум бўлса.
5-модда
Шанхай конвенциясининг 1-модда 1-бандида қайд этилган хатти-ҳаракатлар заҳарли, заҳарловчи ва портловчи моддалардан, радиоактив ва юқумли материаллардан фойдаланишни ҳам ўз ичига олади.
6-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар ўзлари ўрталаридаги муносабатларда Шанхай конвенциясининг 1-модда 1-бандида қайд этилган хатти-ҳаракатларни тутиб топширишни тақозо этадиган жиноятлар сифатида қарайдилар.
2. Шанхай конвенциясининг 1-модда 1-бандида қайд этилган хатти-ҳаракатлар уларнинг оғирлигига мувофиқ даражасидаги жазога тортилишини таъминлаш учун Аҳдлашувчи Томонлар кўрилиши зарур бўлиб қолиши мумкин бўлган, шу жумладан миллий қонунчилик соҳасидаги тегишли ҳолларда чораларни кўрадилар.
7-модда
1. Шанхай конвенциясининг 4-моддасига мувофиқ Аҳдлашувчи Томонлар тайинлаган Марказий ваколатли органлар ушбу Битимнинг ҳам Марказий ваколатли органлари ҳисобланади.
2. Аҳдлашувчи Томонларнинг Марказий ваколатли органлари ушбу Битимда кўзда тутилган тегишли қоидаларни бажариш бўйича бевосита ўзаро алоқалар ҳамда ўзаро ҳамжиҳатликни амалга оширадилар.
3. Аҳдлашувчи Томонларнинг Марказий ваколатли органлари алоқаларнинг муайян шакллари, жумладан, доимий алоқаларга жавоб берувчи органларнинг номлари, шунингдек уларнинг кундалик телефон, факс рақамлари, электрон почта манзиллари ва ҳоказолар тўғрисида бир-бирларини хабардор қиладилар. Юқорида зикр этилган алоқа шакллари ўзгарган ҳолда, Аҳдлашувчи Томонлардан бири бошқа Аҳдлашувчи Томонни бу ҳақда зудлик билан хабардор қилади.
8-модда
Аҳдлашувчи Томонларнинг Марказий ваколатли органлари ўзаро келишувга кўра иккала Аҳдлашувчи Томонларнинг тегишли идоралари ўртасида мунтазам учрашув ва маслаҳатлашувларни ташкил этадилар, шунингдек Шанхай конвенциясининг 1-модда 1-бандида қайд этилган хатти-ҳаракатларга қарши кураш масалалари бўйича, шу жумладан халқаро ташкилотлар доирасида фикр алмашадилар, позицияларни келишадилар.
9-модда
Шанхай конвенциясининг 7-моддасида қайд этилган ахборот соҳасига қуйидагилар киради:
1) террорчи, айирмачи ва экстремист ташкилотлар ҳамда уларнинг аъзолари, мумкин қадар ташкилотларнинг номи, тузилиши ва асосий фаолияти тўғрисида ахборот, шунингдек уларнинг аъзолари фамилиялари, фуқаролиги, турар жойи ёки қаердалиги, ташқи қиёфасининг хос қирралари, фотосурати, бармоқ излари тўғрисида маълумот ва бу шахсларни аниқлаш ҳамда таниш учун фойдали бўлган бошқа маълумотлар;
2) исталган бир Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида Шанхай конвенциясининг 1-модда 1-бандида қайд этилган хатти-ҳаракатларни амалга оширишга қаратилган террорчи, айирмачи ва экстремист ташкилотларнинг режалари тўғрисида ахборот, шунингдек уларнинг аъзоларини ўқитиш ва уларни тайёрлаш жойлари (базалари) тўғрисида маълумот;
3) террорчи, айирмачи ва экстремист ташкилотлар томонидан учинчи мамлакат ҳудудида ва Аҳдлашувчи Томонларнинг исталган бирига қарши қаратилган тайёрланаётган, амалга оширилаётган ва амалга оширилган Шанхай конвенциясининг 1-модда 1-бандида қайд этилган хатти-ҳаракатлар тўғрисида ахборот;
4) террорчи, айирмачи ва экстремист ташкилотлар ҳамда уларнинг аъзолари томонидан уларнинг яратилганида фойдаланилиши мумкин бўлган заҳарли, заҳарловчи, радиоактив, юқумли материаллар, портловчи моддалар, портлатиш қурилмалари, ўқотар қурол ва ўқ-дорилар, ядро, кимё, биологик ҳамда оммавий қирғин қуроли, материаллар ва ускуналарнинг бошқа турларини ноқонуний тайёрлаш, сотиб олиш, сақлаш, топшириш, олиб ўтиш, сотиш, фойдаланиш ёки фойдаланиш орқали таҳдид солиш тўғрисида ахборот;
5) террорчи, айирмачи ва экстремист ташкилотлар ҳамда уларнинг аъзолари томонидан давлат раҳбарлари ва бошқа давлат арбоблари, дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари, халқаро ташкилотларнинг ходимлари, исталган бир Аҳдлашувчи Томоннинг делегациялари ва бошқа муҳим объектларига қарши қаратилган террорчилик фаолиятини амалга ошириш ёки амалга оширишга таҳдид солиш тўғрисида ахборот;
6) терроризм, айирмачилик ва экстремизмнинг мафкуралари тўғрисида террорчи, айирмачи ва экстремист ташкилотлари томонидан тарғибот материаллари (босма, аудио- ва видео материаллар)ни ноқонуний тайёрлаш, тарқатиш тўғрисида ахборот;
7) террорчи, айирмачи ва экстремист ташкилотларнинг молия билан таъминлаш манбалари ва каналлари тўғрисида ахборот;
8) террорчи, айирмачи ва экстремист ташкилотларининг хос фазилати, қонунийлиги, фаолият усуллари ва йўсинлари тўғрисида ахборот;
9) террорчилик, айирмачилик ва экстремистик фаолиятини олдини олиш, фош қилиш ва бартараф этиш тажрибаси тўғрисида ахборот, маълумот ва материаллар;
10) Шанхай конвенциясининг 1-модда 1-бандида қайд этилган хатти-ҳаракатларни амалга оширганликда шубҳаланаётган шахслар тўғрисида ахборот, уларнинг ташқи қиёфалари, шахсини аниқловчи ҳужжатлар, турар жойи ёки қаердалиги тўғрисида маълумот, фотосурати ва Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг фуқаролигига эга бўлган ҳамда бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида жойлашиб олган шахслар тўғрисида бошқа маълумотлар;
11) террорчи, айирмачи ва экстремист ташкилотларга молия, техника, қурол-яроғ ҳамда ўқиш билан таъминлаётган ташкилотлар ёки шахслар тўғрисида ахборот.
10-модда
Аҳдлашувчи Томонларнинг исталган бири унинг ҳудудида бошқа Аҳдлашувчи Томонга қарши қаратилган Шанхай конвенциясининг 1-модда 1-бандида қайд этилган фаолиятни амалга ошираётган ташкилотлар тўғрисида ишончли ахборотга эга бўлса, уни йўқ қилиши лозим.
11-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар Шанхай конвенцияси ва ушбу Битимни амалга ошириш мақсадида полиция (ички ишлар органлари)нинг илмий-тадқиқот фаолияти, техника алмашинуви, полиция техникасини ўзлаштириш ва такомиллаштириш, техника воситалари ҳамда ускуналарни биргаликда ишлаб чиқариш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайдилар, бунга зарур ҳолларда бир-бирларига техник ва моддий ёрдам бериш ҳам киради.
2. Ушбу Битим доирасида бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томондан олган материаллар, махсус воситалар, ускуна ва техника уларни берган Аҳдлашувчи Томоннинг олдиндан берган ёзма розилигисиз учинчи томонга берилиши мумкин эмас.
3. Аҳдлашувчи Томонлар тарафидан Шанхай конвенцияси ва ушбу Битимга мувофиқ ўзаро ёрдам доирасида фойдаланилаётган тезкор-қидирув тадбирларининг усуллари, махсус кучлар ҳамда техника воситалари, тил таъминоти материалларининг тавсифлари тўғрисида уларни тақдим этган Аҳдлашувчи Томоннинг олдиндан берган ёзма розилигисиз учинчи томонга берилиши ёки эълон қилиниши мумкин эмас.
12-модда
Аҳдлашувчи Томонлар, ўзгача тартиб келишиб олинмаса, ушбу Битимни бажариш билан боғлиқ харажатларни мустақил равишда қоплайдилар.
13-модда
Аҳдлашувчи Томонларнинг Марказий ваколатли органлари ўртасидаги ҳамкорликнинг ушбу Битим доирасидаги ишчи тили — хитой ва рус тиллари ҳисобланади.
14-модда
Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонларнинг ушбу Битим предмети ҳисобланган, Битимнинг ғоя ва мақсадларига зид келмайдиган ҳамда Аҳдлашувчи Томонларнинг улар иштирок этган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайдиган масалалар бўйича бошқа халқаро шартномалар тузишга бўлган ҳуқуқларини чекламайди.
15-модда
Ушбу Битимни талқин қилиш ёки қўллашда юзага келадиган ҳар қандай баҳслар Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида дипломатик каналлар орқали маслаҳатлашувлар ўтказиш йўли билан ҳал қилинади.
16-модда
Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзаро розиликларига кўра ушбу Битимга унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ва алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ва тўлдиришлар киритилиши мумкин.
17-модда
Ушбу Битим унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларининг бажарилганлиги тўғрисида Аҳдлашувчи Томонлар дипломатик каналлар орқали бир-бирларини хабардор қилганларидан сўнг ўттизинчи куни кучга киради.
18-модда
1. Ушбу Битим белгиланмаган муддатга тузилган.
2. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири бошқа Аҳдлашувчи Томонни дипломатик каналлар орқали 12 ой илгари хабардор қилиб, ушбу Битимни денонсация қилиши мумкин.
3. Шанхай конвенцияси Аҳдлашувчи Томонлардан бири учун ўз кучини йўқотса, ана шу Аҳдлашувчи Томон учун Шанхай конвенцияси кучини йўқотган кундан бошлаб ушбу Битим ҳам ўз кучини йўқотади.
Тошкент шаҳрида 2003 йил 4 сентябрда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, хитой ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда, Аҳдлашувчи Томонлар рус тилидаги матндан фойдаланадилар.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2004 й., 3-4-сон)