Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида
Меморандум
Савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
Томонлар давлатлари ўртасида ҳамкорликнинг савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, транспорт-коммуникация, илмий-техника ва ишлаб чиқариш муносабатларини тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро манфаат принциплари асосида ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш мақсадида,
инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш, замонавий илғор технологияларни жалб этиш соҳасида ҳамкорлик, шунингдек иқтисод соҳаларида ишлаб чиқаришнинг ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш муҳимлигини эътироф этиб,
Томонлар давлатларининг хўжалик юритувчи субъектлари ўртасида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун шартнома-ҳуқуқий асос ва қулай шарт-шароитларни яратиш зарурлигидан келиб чиқиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Томонлар давлатлари ўртасида барқарор ва узоқ муддатли иқтисодий алоқаларнинг ривожланиши учун Томонлар барча зарур чораларни кўрадилар ҳамда шу мақсадларда энг қулай шарт-шароитларни яратадилар.
2-модда
Томонлар устуворлик асосида ўзаро манфаатли ҳамкорликни қуйидаги муҳим йўналишларга қаратиш зарур деб ҳисоблайдилар:
— углеводород хом ашёсини излаш, қидириш, қазиб олиш, қайта ишлаш ва ташиш;
— бошқа минерал-хом ашё ресурсларни ишлаб чиқиш;
— энергетика;
— транспорт коммуникациялари;
— кимё саноати;
— телекоммуникациялар;
— қишлоқ хўжалиги;
— таълим;
— туризм;
— молия-кредит соҳаси;
— сув хўжалиги ва табиатни муҳофаза қилиш соҳалари;
— ўзаро манфаат уйғотувчи бошқа соҳалар.
3-модда
«Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоялаш тўғрисида 1994 йил 12 апрелда кучга кирган Битим»га мувофиқ Томонлар ўзаро бевосита инвестицияларни рағбатлантирадилар ҳамда жалб қиладилар.
Томонлар бошқа Томон давлати хўжалик юритувчи субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг ҳуқуқий ҳимоясини тақдим этадилар.
4-модда
Томонлар давлатларининг қонунларига мувофиқ, Томонлар давлатларининг ҳудудлари ўртасидаги юк оқими ва юк транзитини таъминлаш учун Томонлар транспорт инфратузилмаси соҳасидаги ҳамкорликни фаол ривожлантирадилар, минтақалараро транспорт йўналишларини режавий тузадилар, потенциал транспорт, транзит имкониятларини топиш бўйича ишларни давом эттирадилар.
5-модда
Томонлар иккала давлатнинг экспорт салоҳиятини ошириш, икки томонлама савдо айланмасини кўтариш ва унинг мўътадиллигини таъминлаш мақсадида жаҳон бозорида рақобатбардош замонавий технологияларни жалб этиш асосида ҳамкорлик лойиҳаларини режа асосида амалга оширадилар.
6-модда
Томонлар ҳамкорликнинг устувор лойиҳаларини амалга оширишни мумкин қадар қўллаб-қувватлайдилар ва ёрдам берадилар, шунингдек икки томонлама лойиҳаларни молиялаштириш ҳамда халқаро молия ташкилотларининг маблағларини биргаликда жалб этишда икки давлатнинг молия институтларини рағбатлантирадилар.
7-модда
Томонлар ушбу Меморандум мақсадларини амалга ошириш учун ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида қуйидаги йўналишлар бўйича қулай шарт-шароитларни тақдим этадилар:
— иккала давлатнинг ҳукумат ваколатли органлари, ишбилармон доира вакиллари, турли профессионал уюшмалар, савдо-саноат палаталари, илмий-тадқиқот институтлари ўртасидаги алоқалар ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш;
— турли йўналишлардаги кўргазма, ярмарка ва форумларни ташкил этиш;
— семинарлар, илмий симпозиумларни ташкил этиш;
— маслаҳатлар бериш;
— икки томонлама иқтисодий ҳамкорликда кичик ва ўрта бизнес субъектларини жалб этиш;
— учинчи мамлакатларда ҳамкорликни амалга ошириш.
8-модда
Томонлар савдо сиёсати соҳасидаги мулоқотни фаоллаштирадилар ва ташқи иқтисодий алоқалар ҳамда хорижий инвестицияларнинг жалб этилишини ички ҳуқуқий тартибга солиш тўғрисида мунтазам равишда ахборот алмашадилар.
9-модда
Томонлар маҳсулотлар сифатини текшириш ва карантин инспекцияси соҳасида тегишли шартнома-ҳуқуқий негизни яратиш орқали ҳамкорликни кучайтирадилар.
10-модда
Ушбу Меморандум, зарур ҳолда, Томонларнинг ўзаро розиликларига кўра ўзгартирилиши ёки тўлдирилиши мумкин.
11-модда
Ушбу Меморандумнинг қоидаларини талқин қилиш ёки қўллаш бўйича баҳслар юзага келган ҳолда Томонлар уларни қўшма маслаҳатлашувлар орқали ҳал қиладилар.
12-модда
Ушбу Меморандум Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган ички процедураларни бажарганликлари тўғрисида ноталар алмашинган санадан бошлаб кучга киради ва беш йил давомида амал қилади.
Томонларнинг биронтаси навбатдаги муддат тугашидан камида уч ой илгари ушбу Меморандумнинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида ёзма равишда бошқа Томонни хабардор қилмаса, унинг амал қилиши ҳар гал ўз-ўзидан бир йилга узаяверади.
Тошкент шаҳрида 2004 йил 15 июнда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, хитой ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Меморандум қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда, Томонлар рус тилидаги матнни қўллайдилар.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2004 й., 3-4-сон)