Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси билан Озарбайжон Республикаси ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида 1996 йил 27 майда имзоланган Шартномага амал қилиб,
илм ва техника соҳасида ҳамкорлик икки томонлама муносабатлар мажмуасининг муҳим ажралмас элементи эканлигини эътиборга олиб, ҳамда Ўзбекистон Республикаси билан Озарбайжон Республикаси ўртасида шаклланаётган илмий-техникавий алоқаларни ҳисобга олиб,
бундай ўзаро алоқалар давлатлар ва уларнинг халқлари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга кўмаклашишини, шунингдек ўзаро фойдали савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга замин яратишига ишонч билдириб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Томонлар тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаат тамойиллари асосида Томонлар давлатларининг миллий қонунчилиги доирасида илмий-техникавий ҳамкорликни ривожлантирадилар.
Икки томонлама илмий-тадқиқот ҳамкорлигининг йўналишлари Томонлар давлатларининг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
2-модда
Томонлар давлатларининг вазирликлари, идоралари, фанлар академиялари, миллий илмий марказлари, илмий ишлаб чиқариш марказлари, илмий-тадқиқот институтлари, олий ўқув юртлари, фирмалари (бундан кейин ҳамкорлик қилувчи ташкилотлар), шунингдек алоҳида олим ва мутахассислар ўртасидаги илмий-техникавий ҳамкорлик уларнинг ваколатлари доирасида, шартномалар (контрактлар) асосида ва Томонлар давлатларининг миллий қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
Ушбу Битим доирасида ҳамкорликни ва умумий бошқарувни мувофиқлаштирувчи Томонлар давлатларининг ваколатли органлари қуйидагилардир:
— Ўзбекистон томонидан — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологиялар Маркази;
— Озарбайжон томонидан — Озарбайжон Республикаси Миллий фанлар академияси.
Юқорида кўрсатилган ваколатли органларнинг номлари ўзгарганда ёки уларнинг вазифалари бошқа давлат органларига юклатилган тақдирда, Томонлар дарҳол дипломатик каналлар орқали бир-бирларини хабардор қиладилар.
3-модда
Ушбу Битим доирасидаги ҳамкорлик қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
— биргаликдаги илмий ва илмий-тадқиқот дастурларини, илм-фанни кўплаб талаб этадиган ва ресурсларни тежовчи технологияларни яратиш ва ўзлаштиришга доир лойиҳаларни амалга ошириш;
— қўшма илмий жамоалар, лабораториялар, шунингдек янги технологиялар яратилишини таъминлаётган инновация фирмалари ва ташкилотларини шакллантириш;
— Томонлар давлатларининг илмий-тадқиқот ташкилотлари, олий ўқув юртлари, технопарклари, архивлари, кутубхоналари ва музейларида илмий иш олиб бориш, шу жумладан биргаликдаги дала тадқиқотлари ва экспедициялар;
— илмий-техникавий ахборот, ҳужжатлар, адабий ва библиографик нашрларни айирбошлаш;
— қўшма семинарлар, илмий конференциялар ва амалий учрашувларни ўтказиш;
— олимлар ва мутахассисларни айирбошлаш;
— олимлар ва мутахассисларнинг малакасини ошириш, стажировкаларни ташкил этиш;
— илмий ва илмий-техникавий дастур ва лойиҳаларнинг экспертизасини ўтказиш.
Ҳамкорлик ушбу Битимнинг амалга оширилишини таъминловчи бошқа келишилган шаклларда ҳам амалга оширилиши мумкин.
Муайян қўшма тадқиқотларнинг шаклларини танлашда ва белгилашда Томонлар фақат фанни ривожлантириш манфаатларидан ва Томонлар давлатларини ривожлантириш учун мавзунинг долзарблигидан келиб чиқадилар.
4-модда
Илмий тадқиқотларни амалга оширишда олинган биргаликдаги илмий тадқиқотлар натижалари ва бошқа ахборотдан фойдаланиш тартиби, шунингдек саноат мулки объектлари ва интеллектуал мулкка бўлган муаллифлик ҳуқуқларини муҳофаза қилиш билан боғлиқ масалалар ҳар бир аниқ ҳолатда Томонларнинг тегишли органлари ўртасида алоҳида битимлар тузиш орқали келишилади.
5-модда
Томонлар ўз давлатларининг ҳудудларида олим ва мутахассисларни излаш, илмий асбоб-ускуна ва жиҳозлар, илмий ҳамда илмий-тадқиқот ҳужжатларини алмашиш учун зарур шарт-шароитларни яратишга кўмаклашадилар.
6-модда
Томонлар давлатларининг олим ва мутахассисларини хизмат сафарлари шартлари ҳамкорлик қилувчи ташкилотлар ўртасида ушбу Битимнинг 2-моддасида кўзда тутилган шартномалар (контрактлар) асосида келишилади.
7-модда
Ҳамкорлик қилувчи ташкилотлар ўртасидаги келишувга кўра, илмий ва илмий-техникавий дастур ва лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш учун учинчи томонларнинг алоҳида олимлари, техник экспертлари, давлат ташкилотлари ва корхоналари, шунингдек халқаро ташкилотларнинг мутахассислари таклиф этилиши мумкин.
8-модда
Томонлар ўз давлатларининг миллий қонунчилигига мувофиқ биргаликда тадқиқотлар ўтказадилар. Ҳамкорлик Томонлар давлатларининг тегишли ташкилотлари ўртасидаги шартномаларга мувофиқ амалга оширилади, уларда ташкилотларнинг ҳуқуқ мажбуриятлари ва жавобгарлиги белгиланади.
9-модда
Томонларнинг ўзаро келишувига кўра, ушбу Битимга унинг ажралмас қисми ҳисобланган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва тўлдиришлар киритилиши мумкин. Баённомалар ушбу Битимнинг 12-моддасида белгиланган тартибга мувофиқ кучга киради.
10-модда
Ушбу Битим Томонлар иштирокчиси бўлган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларга дахл қилмайди.
11-модда
Ушбу Битимни талқин қилиш ёки бажаришда низо ва келишмовчиликлар юзага келса, Томонлар уларни музокаралар ёки ўзаро маслаҳатлашувлар ўтказиш орқали ҳал қиладилар.
12-модда
Ушбу Битим кучга кирган санадан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида фан, техника ва ахборот соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисида 1996 йил 27 майда имзоланган Битим амал қилишни тўхтатади.
13-модда
Ушбу Битим унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедуралари бажарилганлиги тўғрисида Томонлар бир-бирларини хабардор этган сўнгги ёзма хабарнома олинган кундан кучга киради ва беш йил давомида амал қилади, агар Томонлардан бири тегишли муддат тугашидан камида олти ой илгари бошқа Томонни унинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида ёзма равишда хабардор этмаса, у ўз-ўзидан кейинги беш йилга узайтирилади.
Ушбу Битим қоидаларининг ўзгариши ёки унинг амал қилишининг тўхтатилиши, у амал қилган даврда тузилган шартномалар (контрактлар) бўйича лойиҳаларнинг бажарилишига улар охирига етказилмагунга қадар таъсир этмайди.
Тошкент шаҳрида 2004 йил 23 мартда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, озарбайжон ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битимнинг қоидаларини талқин қилиш мақсадида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2004 й., 3-4-сон)