Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Сингапур Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
ҲАВО ҚАТНОВИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Сингапур Республикаси Ҳукумати (бундан буён «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар), 1944 йилнинг 7 декабрида Чикаго шаҳрида имзолаш учун очилган Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги Конвенциянинг қатнашчилари бўлгани ҳолда, ўз ҳудудлари ва ташқари ҳудудлар ўртасида ҳаво қатновларини ўрнатиш мақсадида юқорида кўрсатилган Конвенцияга қўшимча равишда Битим тузиш истагида,
қуйидагилар хусусида аҳдлашиб олдилар:
1-модда Атамалар
1. Ушбу Битимнинг мақсадлари йўлида, агар матн бошқа изоҳ талаб қилмаса, қуйида келтирилган атамалар шундай маъноларни англатади:
a) «Конвенция» атамаси 1944 йилнинг 7 декабрида Чикаго шаҳрида имзолаш учун очилган Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги Конвенцияни англатади ва Аҳдлашувчи Томонлар учун қай даражада кучга кирганига қараб, Конвенциянинг 90-моддасига биноан қабул қилинган Иловаларни, шунингдек, Конвенциянинг 90 ва 94-моддаларига биноан Конвенцияга ёки yнинг Иловаларига киритилган ҳар бир тузатишни ўз ичига олади;
b) «авиация маъмуриятлари» атамаси — Ўзбекистон Республикасига нисбатан — Парвозлар хавфсизлиги бўйича Ўзбекистон Республикасининг давлат нозирлиги бошлиғини, Сингапур Республикасига нисбатан — Транспорт вазири Сингапур Авиация маъмуриятини англатади ёки ҳар иккала ҳолда юқорида қайд этилган маъмуриятлар томонидан ҳозирги вақтда бажарилаётган вазифаларни амалга ошириш ваколати берилган шахс ёки ташкилотни англатади;
c) «тайинланган авиакорхона» атамаси — бир Аҳдлашувчи Томон ушбу Битимнинг 3-моддасига биноан тайинлаган ва ваколат берган авиакорхона ёки авиакорхоналарни англатади;
d) «ҳудуд» атамаси давлатга нисбатан Конвенциянинг 2-моддасида мазкур атама учун кўрсатилган маънони англатади;
e) «ҳаво қатнови», «халқаро ҳаво қатнови», «авиакорхона» ва «нотижорий мақсадларда тўхташ» атамалари Конвенциянинг 96-моддасида мазкур атамалар учун кўрсатилган маъноларни англатади;
f) «Ушбу Битимнинг Иловаси» атамаси мазкур Битимга илова қилинган ёки мазкур Битимнинг 18-моддасига асосан ўзгартирилган «Йўналишлар жадвалини» англатади. «Ушбу Битимнинг Иловаси» унинг ажралмас қисмини ташкил қилади ва бошқа махсус келишув бўлмаса, ушбу Битимга мурожаат этилган барча ҳолларда Илова ҳам назарда тутилади;
g) «тариф» атамаси ҳаво қатновларида йўловчилар, уларнинг юки ва/ёки юкларни (почтадан ташқари) ташиш учун авиакорхоналар, уларнинг агентлари томонидан олинадиган ҳар қандай ҳақ ва тўловларни ҳамда ҳар қандай бу сингари ҳақ ва тўловларнинг қонунийлигини тартибга солувчи қоидаларни англатади;
h) «йиғимлар» атамаси ҳаво кемаси, экипаж аъзолари, йўловчилар ва юкларга тегишли хизматлар ва жиҳозларни ўз ичига олган ҳолда аэропорт, аэронавигация ёки авиация хавфсизлиги жиҳозлари ва хизматларидан фойдаланиш учун авиакорхоналарга ваколатли органлар томонидан ёки улар рухсати олиниб тўланадиган тўловларни англатади.
2-модда Ҳаво қатнови ҳуқуқлари ва имтиёзлар
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томонга ушбу Битимнинг Иловасидаги Йўналишлар жадвалида белгиланган йўналишлар бўйича ҳаво қатновларини амалга ошириш мақсадида ушбу Битимда кўрсатиб ўтилган ҳуқуқларни беради (бундан буён матнда «келишилган қатновлар» ва «белгиланган йўналишлар» деб аталади).
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон мазкур Битимнинг қоидаларига асосан бошқа Аҳдлашувчи Томонга бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси ёки авиакорхоналари томонидан амалга оширилаётган халқаро ҳаво қатновларига тегишли қуйидаги ҳуқуқларни беради:
a) бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудидан қўнмасдан учиб ўтиш ҳуқуқи;
b) бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида нотижорий мақсадларда тўхташ ҳуқуқи; ва
c) Аҳдлашувчи Томонлар ҳудудлари оралиғида қатнаётган йўловчилар, юк ёки почтани алоҳида ёки биргаликда олиш ва (ёки) тушириш мақсадида бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида ушбу Битимга илова қилинган «Йўналишлар жадвалида» кўрсатилган манзил ёки манзилларда тўхташ.
3. Ушбу Аҳдлашувчи модданинг 2-бандидаги ҳеч қайси қоида бир Томоннинг тайинланган авиакорхонасига ҳақ эвазига ёки ёлланиш йўли билан бошқа Томон давлати ҳудудидаги бир манзилдан иккинчи манзилга борувчи йўловчилар, ва юкни ҳаво кемасига олиш ҳуқуқини беради деб қаралмайди.
3-модда Парвозлар учун рухсатнома
1. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири белгиланган йўналишлар бўйича келишилган қатновларни амалга ошириш мақсадида авиакорхона(лар)ни тайинлаш ва бу тайинлашни бекор қилиш ёки ўзгартириш ҳуқуқига эга. Бу каби тайинлашлар, бекор қилишлар ёки ўзгартиришлар ёзма равишда амалга оширилиши ва бошқа Аҳдлашувчи Томон дипломатик каналлар орқали хабардор қилиниши лозим.
2. Бошқа Аҳдлашувчи Томон бундай хабарномани ва тайинланган авиакорхонадан парвозларга рухсат олишда белгиланган шакл ва услубдаги аризани олганидан сўнг ушбу модданинг 3 ва 4-бандлари қоидаларига мувофиқ тайинланган авиакорхонага парвозлар учун дарҳол тегишли рухсатномаларни беради.
3. Бир Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмуриятлари бошқа Томон тайинлаган авиакорхонадан халқаро тижорат ҳаво қатновларини амалга оширишга тегишли улар томонидан Конвенция қоидаларига мувофиқ одатда ва оқилона қўлланиладиган қонунлар ва қоидалардан келиб чиққан шартларни бажаришга қодир эканлигини талаб қилишга ҳақлидир.
4. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири тайинланган авиакорхонани эътироф этишни рад этиш ҳамда шу тайинланган авиакорхонага ушбу Битимнинг 2-моддаси 2-бандида кўрсатилган парвозларни бажаришга рухсатнома беришни рад этиш, ёки эслатиб ўтилган томон ушбу авиакорхона устидан устун эгалик ва ҳақиқий назорат қилиш шу авиакорхонани тайинлаган Аҳдлашувчи Томонга ёки шу авиакорхонани тайинлаган унинг фуқароларига тегишли эканлигини исботловчи далилларга эга бўлмаган ёки авиакорхонани тайинлаган Аҳдлашувчи Томон ушбу Битимнинг 12 ёки 13-моддаларида кўрсатилган шартларни бажармаган ҳар қандай ҳолда тайинланган авиакорхона томонидан ушбу ҳуқуқлардан фойдаланишда зарур деб ҳисобланган шу каби шартларнинг бажарилишини талаб этиш ҳуқуқига эга бўлади.
5. Мазкур модданинг 1, 2, ва 3-бандлари шартлари бажарилгандан сўнг тайинланган ва ваколатга эга бўлган авиакорхона келишилган йўналишлардан фойдаланишни исталган вақтда бошлаши мумкин.
6. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон авиакорхонанинг мазкур Битимнинг 2-моддаси 2-бандида кўрсатилган ҳуқуқлардан фойдаланишини вақтинча тўхтатиб қўйиши ёки агар авиакорхона томонидан ушбу ҳуқуқларни берувчи Аҳдлашувчи Томоннинг қонун ва қоидаларига ёки мазкур Битимда кўрсатиб ўтилган келишилган қатновларни бажариш шартларига риоя қилинмаган ҳар қандай ҳолатда тайинланган авиакорхонанинг ушбу ҳуқуқлардан фойдаланишида ўзи зарур деб топган шартларнинг бажарилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга, агарда ушбу шартларни бажаришни дарҳол тўхтатиш ёки талаб қилиш қонун ва қоидаларнинг келгусида бузилишининг олдини олиш учун зарур бўлмаса, ушбу ҳуқуқдан фақат бошқа Аҳдлашувчи Томон билан маслаҳатлашувлардан сўнг фойдаланиш мумкин бўлади.
4-модда Тўловлар ва солиқлардан озод қилиш
1. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг тайинланган авиакорхонаси томонидан келишилган халқаро ҳаво қатновида фойдаланилаётган ҳаво кемалари, шунингдек уларнинг рўйхатдаги мол-мулки, эҳтиёт қисмлар, ёнилғи захираси, мойлаш хом ашёлари ҳамда бундай ҳаво кемалари саҳнидаги саҳн захиралари (озиқ-овқат, ичимлик ва тамаки маҳсулотларини ўз ичига олган ҳолда) бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудига киргач барча божхона божлари, назорат солиқлари ҳамда бошқа йиғимлар ва солиқлардан бу мулк, хом ашёлар ва захиралар улар қайтариб олиб чиқилгунига ёки ушбу ҳудуд устидан парвоз мобайнида ишлатилгунига қадар ҳаво кемаси саҳнида сақланиб қолиши шарти билан озод этилади.
2. Бир Аҳдлашувчи Томон тайинланган авиакорхонаси томонидан ёки унинг номидан бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудига киритилган ёки ушбу тайинланган авиакорхона саҳнига олинган ва фақатгина халқаро ҳаво қатновларидан фойдаланишда қўллаш учун кўзланган ёнилғи захиралари, мойлаш хом ашёлари, эҳтиёт қисмлар, рўйхатдаги мол-мулк ҳамда саҳн захиралари ҳаттоки ушбу захиралар йўналишнинг улар саҳнига олинган биринчи Аҳдлашувчи Томон ҳудуди доирасидаги қисмида ишлатилса ҳам иккинчи Аҳдлашувчи Томон ҳудудида қабул қилинган божхона божлари ва нозирлик тўловлари билан бирга барча миллий солиқ ва йиғимлардан озод этилади. Юқорида кўрсатилган ашёлар талаб қилиниши бўйича божхона кузатуви ва назорати остига олиниши талаб қилиниши мумкин.
3. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг ҳаво кемаси саҳнида турган доимий фойдаланиладиган ҳаво кемаси жиҳозлари, эҳтиёт қисмлар, саҳн мулки ҳамда ёнилғи захиралари ва мойлаш хом ашёлари улар орқага қайтариб олингунга ёки божхона қоидаларига мувофиқ бошқа мақсадларда ишлатилгунга қадар бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида мазкур Аҳдлашувчи Томон божхона органларининг назорати остида жойлаштирилиши учун юқорида қайд этилган органларнинг рухсати билангина туширилиши мумкин.
4. Бир Аҳдлашувчи Томон ҳаво кемаси тарафидан иккинчи Томон ҳудудида саҳнга олинган ва фақат иккинчи Аҳдлашувчи Томон ҳудудидаги икки манзил ўртасидаги парвоз давомида фойдаланиладиган ёнилғи, мойлаш хом ашёлари, эҳтиёт қисмлар, доимий фойдаланиладиган ҳаво кемаси жиҳозлари ва саҳн захираларига иккинчи Аҳдлашувчи Томон ҳудудида божхона божлари, нозирлик солиқлари ва бошқа шу каби миллий ва маҳаллий солиқлар борасида ушбу Аҳдлашувчи Томон миллий авиакорхонасига нисбатан кам бўлмаган имтиёзлар қўлланилади.
5. Тўғри транзитдаги йўловчилар юки ва юклар божхона божлари билан бирга барча тўлов ва солиқлардан озод этилади.
5-модда Тижорат фаолияти
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ҳудудида амал қилувчи қонун ва қоидаларга асосланган ҳолда бир Аҳдлашувчи Томоннинг 3-моддага мувофиқ тайинлаган авиакорхонаси бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида ушбу Битимнинг Иловасида кўрсатилган ҳаво қатновларини амалга ошириш учун зарур техник, маъмурий ва тижорат ходимлар билан таъминлаш ҳамда ўз ваколатхоналарини очиш ва фаолиятини юргизиш ҳуқуқига эга бўлади.
2. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бир тайинланган авиакорхонаси авиаташувларни шу мамлакатнинг валютасида ва (ёки) эркин муомаладаги бошқа мамлакат валютасида сотиш ҳуқуқига эга ва агарда бу авиаташувларни сотиш Аҳдлашувчи Томон ҳудудида амалга оширилса ҳамда ушбу Аҳдлашувчи Томон валюта алмашувини тартибга солувчи қонун ва қоидалари бу сотувларни маҳаллий валютада амалга оширилишини талаб қилса, ҳар қандай шахс бу ташувларни ўша авиакорхона қабул қилган валютада эркин харид қилиш ҳуқуқига эга.
6-модда Код-шер (ўриндиқларни ўзаро тақсимлаш)
Ҳар бир тайинланган авиакорхона рақобатни тартибга солувчи қонун ва қоидаларга асосан ҳар қандай авиакорхона(лар) билан «Код-шер» (ўриндиқларни ўзаро тақсимлаш) битимини имзолаши мумкин, агарда:
a) шу каби тақсимлашлар қўлланиладиган ташувларнинг қисми бўлмиш ҳар бир қатнов шу қатновни бажаришга ҳуқуқ берилган авиакорхона томонидан амалга оширилса;
b) бир мамлакатнинг авиакорхонаси томонидан бошқа мамлакат ҳудудидаги манзил ва учинчи мамлакатдаги манзил ўртасида ёки бошқа мамлакатнинг икки манзили ўртасида, агарда ушбу авиакорхона шу икки манзиллар ўртасида маҳаллий ташувларни бажаришига ҳали рухсат олмаган бўлса, ҳеч қандай қатновлар таклиф қилинмаса; ва
c) ҳар бир чипта сотилганида харидор сотув жойида қатновнинг қайси бир қисмини қайси авиакорхона амалга ошириши тўғрисида хабардор қилинса.
7-модда Учиб келиш ва учиб кетиш тўғрисидаги қонун ва қоидалар
1. Бир Аҳдлашувчи Томон халқаро қатновларни амалга ошираётган ҳаво кемалари ўз ҳудудига учиб келиши ва у ердан учиб кетишини тартибга солувчи, ёки бу ҳаво кемаларнинг ушбу ҳудуд доирасидаги парвозларига тегишли қонун ва қоидалари бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхоналарига нисбатан қўлланилади.
2. Бир Аҳдлашувчи Томоннинг ўз давлат ҳудудига йўловчилар, экипаж аъзолари, йўловчилар юки, юк ва почтанинг кириб келиши, у ерда бўлиши ҳамда у ердан жўнатилишини тартибга солувчи давлат қонун ва қоидалари, ҳамда кириш-чиқиш, эмиграция ва иммиграция, божхона ва санитар назоратига оид расмиятчиликлар бошқа Аҳдлашувчи Томондан тайинланган авиакорхонаси ҳаво кемаларида ташилаётган йўловчилар, экипаж аъзолари, юк ва почтага нисбатан биринчи Аҳдлашувчи Томон ҳудудида бўлиши чоғида қўлланилади.
3. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудидан тўғри транзит бўйича ўтувчи, аэропортнинг ушбу ташувлар учун белгиланган зонасини тарк этмаган йўловчилар, йўловчилар юки ва юкларга нисбатан энг енгиллаштирилган назорат қўлланилади.
4. Ҳеч бир Томон мазкур модданинг 1 ва 2-бандларида кўрсатилган қонун ва қоидаларни қўллашда ўзининг авиакорхонасига бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонасига нисбатан устуворлик яратмайди.
8-модда Ҳажм шартлари
1. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири бозорнинг тижорат маълумотлари асосида ҳар бир тайинланган авиакорхонага қатновларнинг сони ва ҳажмини белгилашга рухсат беради.
2. Ҳеч бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томон тайинланган авиакорхонасининг ташувлари ҳажми, қатновларининг сони ва мунтазамлиги, фойдаланаётган ҳаво кемалари турини, агарда бу Конвенциянинг 15-моддасига биноан божхона, техник, парвозларни амалга ошириш, экология сабабларига кўра талаб этилмаса, чегаралай олмайди.
3. Ҳеч бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонасидан дастлабки рад этиш ҳақида ахборот, юкланишнинг ўсиши ҳақида маълумот, розилик бериш учун йиғимларни ёки қатновларнинг ҳажми, сони ва ташувларга тегишли мазкур Битимнинг мақсадларига қарши бўлган бошқа талабларни сўрамайди.
9-модда Тарифлар
1. Ҳар бир шартлашилган қатновлардаги тарифлар парвозларни амалга ошириш харажатлари, оқилона фойда, хизматлар ҳақидаги тавсифлар (тезлик ва қулайликлар) ҳамда белгиланган йўналишнинг хоҳлаган бир қисми учун бошқа авиакорхоналарнинг тарифларини ўз ичига олган ҳолда барча тегишли омилларни ҳисобга олган ҳолда оқилона даражада белгиланади. Бу тарифлар мазкур модданинг қуйидаги низомларига мувофиқ белгиланади.
2. Мазкур модданинг 1-бандида кўрсатилган тарифлар ва бирга қўлланиладиган агентлик комиссион ҳақлари, иложи борича ҳар бир белгиланган йўналишлар бўйича тайинланган авиакорхоналар ўртасида шу йўналиш ёки унинг бир қисмини амалга ошираётган бошқа авиакорхоналар билан маслаҳатлашувларда келишиб олиниши лозим ва бу каби келишувга имконияти бўлган жойда ИАТАнинг тарифларни белгилаш услубидан фойдаланиш йўли билан эришилади.
3. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳудудлари ўртасидаги ташувлар учун олинадиган таклиф қилинган ҳар бир тариф авиакорхона тарафидан ёки номидан ҳар ушбу тарифни кучга киритиш мўлжалланган санадан энг камида 30 кун олдин (ёки ҳар иккала Аҳдлашувчи Томон авиация маъмуриятларининг ўзаро келишуви бўйича белгиланиши мумкин бўлган қисқа муддат ичида) иккала Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмуриятларига тақдим этилади.
4. Ушбу услубда тақдим этилган тариф авиация маъмуриятлари томонидан исталган вақтда тасдиқланиши мумкин. Лекин кейинги иккита бандга кўра исталган тариф агар ҳар иккала Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмуриятлари тариф олинган кундан бошлаб 20 кун ичида бир-бирини таклиф этилган тарифларга ўзларининг норозилиги ҳақида ёзма равишда хабардор қилмасалар ушбу тариф тақдим этилган кундан бошлаб 21-кун тасдиқланган деб ҳисобланади.
5. 4-бандда кўрсатилганлардан ҳеч бири Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг авиация маъмуриятларига ўзининг тайинланган авиакорхонаси томонидан тақдим этилган ҳар қандай тарифни бир томонлама рад этишга қаршилик кўрсатмайди. Лекин бу каби ҳаракат агарда ушбу авиация маъмуриятлари таклиф этилган тарифни юқори деб ёки унинг қўлланилиши хоҳлаган бошқа тайинланган авиакорхонага жиддий зиён етказиши мумкин бўлган рақобатчиликка қарши ҳаракатларни келтириб чиқаради деб ҳисобласагина амалга оширилиши мумкин.
6. Агарда Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг авиация маъмурияти бошқа Аҳдлашувчи Томон тайинланган авиакорхонаси томонидан таклиф этилган тарифни юқори деб ёки унинг қўлланилиши хоҳлаган бошқа тайинланган авиакорхонага жиддий зиён етказиши мумкин бўлган рақобатчиликка қарши ҳаракатларни келтириб чиқаради деб ҳисобласа тариф олинган кундан бошлаб 20 кун ичида бошқа Аҳдлашувчи Томон авиация маъмурияти билан маслаҳатлашувлар ўтказишни сўраши мумкин. Ушбу маслаҳатлашувлар сўров олинган кундан бошлаб 21 кун ичида ўтказилиши лозим ва агарда ҳар иккала Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмуриятлари бу муддатни ўзгартириш тўғрисида келишиб олишмаса тариф ушбу муддат тугаши билан кучга киради.
7. Агарда тариф юқорида кўрсатилган низомларга кўра кучга кирган бўлса ва Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг авиация маъмурияти бу низомларни қайсидир тайинланган авиакорхонага жиддий шикаст етказадиган низомлар деб ҳисобласа, ушбу Аҳдлашувчи Томонлар бошқа Аҳдлашувчи Томон авиация маъмурияти билан маслаҳатлашувлар ўтказишни сўраши мумкин.
8. Мазкур модданинг низомларига мувофиқ белгиланган тарифлар мазкур модданинг низомларига мувофиқ янги тарифлар белгилангунига қадар ўз кучида қолади.
10-модда Гувоҳнома ва лицензияларни тан олиш
Аҳдлашувчи Томонлардан бири тарафидан берилган ёки яроқли деб топилган ҳамда амал қилиш муддати тугамаган парвозларга яроқлилик ҳақидаги гувоҳномалар, фойдаланувчининг шаҳодатномалари ва лицензиялари шартлашилган қатновларни амалга ошириш мақсадида агарда бу каби шаҳодатномалар ёки лицензиялар Конвенцияга мувофиқ белгиланган минимум нормаларга тенг ёки улардан юқори даражада берилса ва яроқли деб белгиланса бошқа Аҳдлашувчи Томон тарафидан яроқли деб топилади. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томон тарафидан ўзининг фуқароларига берилган парвозларга яроқлилик ҳақидаги гувоҳномалар ва лицензияларни агар уларнинг эгалари ўз ҳудуди устидан парвозларни амалга оширган ҳолатларда яроқли деб топмаслик ҳуқуқига эга.
11-модда Аэропорт йиғимлари
Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонасига бир хил халқаро ҳаво қатновларида иштирок этувчи ўзининг тайинланган авиакорхонасидан олинаётган аэропорт йиғимларидан юқори бўлган аэропорт йиғимларини юклаши ёки юклашга рухсат бериши мумкин эмас.
12-модда Авиация хавфсизлиги
1. Аҳдлашувчи Томонлар халқаро ҳуқуқдан келиб чиқадиган ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларига мувофиқ ғайриқонуний аралашув хатти-ҳаракатларидан фуқаро авиациясининг хавфсизлигини таъминлашга доир зиммага оладиган ўзаро мажбуриятлари ушбу Битимнинг ажралмас қисми эканлигини тасдиқлайдилар. Аҳдлашувчи Томонлар, ўзларининг халқаро ҳуқуқ доирасидаги умумий ҳуқуқ ва мажбуриятларини чекламаган ҳолда, 1963 йил 14 сентябрда Токиода имзоланган ҳаво кемаларида содир этиладиган жиноятчилик ва бошқа ҳаракатлар тўғрисидаги Конвенция, 1970 йил 16 декабрда Гаагада имзоланган ҳаво кемаларини ғайриқонуний равишда эгаллаб олишга қарши кураш тўғрисидаги Конвенция, 1971 йил 23 сентябрда Монреалда имзоланган Фуқаро авиацияси хавфсизлигига қарши ноқонуний ҳаракатларга қарши кураш ҳақидаги Конвенция ҳамда ҳар икки Аҳдлашувчи Томон учун кучга кирган фуқаро авиацияси хавфсизлигига тегишли бўлган бошқа конвенцияга асосан иш олиб борадилар.
2. Аҳдлашувчи Томонлар бир-бирларининг илтимосига кўра ҳаво кемасини ғайриқонуний тутқун қилиб олишнинг ва ҳаво кемасига, ундаги йўловчилар ва экипаж аъзоларига, аэропортлар ва аэронавигация воситаларига нисбатан ҳар қандай бошқа ғайриқонуний хатти-ҳаракатларнинг, шунингдек, фуқаро авиацияси хавфсизлигига таҳдидларнинг олдини олишда бир-бирларига барча зарурий ёрдамни кўрсатадилар.
3. Аҳдлашувчи Томонлар ўзаро муносабатларида Фуқаро авиацияси халқаро ташкилоти томонидан белгиланган ва Конвенцияга киритилган Иловаларда тавсифланган авиация хавфсизлиги қоидаларига мувофиқ иш кўрадилар; ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўзида қайд этилган ҳаво кемаларининг фойдаланувчиларидан ёки асосий фаолият жойи ёки доимий турар жойи ўз ҳудудларида жойлашган ҳаво кемаларининг фойдаланувчиларидан ва ўзларининг ҳудудларидаги аэропортларнинг маъмуриятларидан бундай авиация хавфсизлигининг қоидаларига мувофиқ иш кўришларини талаб қиладилар. Мувофиқ ҳолда ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томонни ўзининг миллий қоидалари ва тартиблари ҳамда юқорида кўрсатилган авиация хавфсизлиги талаблари қоидалари ўртасидаги ҳар қандай тафовут ҳақида хабардор қилиши лозим. Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бири истаган вақтда бошқа Аҳдлашувчи Томон билан ҳар қандай шу каби тафовутларни муҳокама этиш учун тезда маслаҳатлашувлар ўтказишни талаб қила олади.
4. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири бошқа Аҳдлашувчи Томон ундан ушбу бошқа Аҳдлашувчи Томон тарафидан ўзининг ҳудудига кириши учун кўзланган авиация хавфсизлиги бўйича талабларга риоя этишни талаб қила олишига ҳамда ўз ҳудуди доирасида ҳаво кемаларни қўриқлаш, ҳаво кемаларнинг қўнишидан олдин ва қўниш вақтида ёки юклашда йўловчилар ва уларнинг юклари, экипаж аъзолари, юк ва саҳн захираларини текшириш учун зарур чора-тадбирларни кўришга ўз розилигини билдиради. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг, башарти, аниқ таҳдид мавжуд бўлса, хавфсизликни таъминлаш юзасидан махсус чора-тадбирлар кўришга доир илтимосларини ҳам хайрихоҳлик билан кўриб чиқади.
5. Башарти, фуқаро ҳаво кемасини тутқун қилиш ҳодисаси ёки уни тутқун қилиш таҳдиди мавжуд бўлса ёки ҳаво кемаси, ундаги йўловчилар ва экипаж аъзоларига аэропортлар ва аэронавигация воситаларига бошқа ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар билан таҳдид қилинса, Аҳдлашувчи Томонлар алоқани енгиллатиш орқали бир-бирларига кўмак берадилар ва бундай ҳодиса ёки таҳдидга жадал ҳамда бешикаст барҳам бериш учун барча зарур чора-тадбирларини кўрадилар.
6. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон хабарномани олгандан кейин 60 кун ичида (авиация маъмуриятлари ўртасида келишиб олиниши мумкин бўлган бошқа қисқа муддат ичида) бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида парвозларни бажараётган томон тарафидан амалга оширилаётган ёки оширилиши режалаштирилган биринчи Аҳдлашувчи Томон ҳудудидан учиб кетиш ёки шу ҳудудга учиб келиш билан боғлиқ хавфсизлик чораларини баҳолашни ўтказишга ҳақлидир. Баҳолашни ўтказиш бўйича маъмурий чоралар авиация маъмуриятлари ўртасида келишиб олиниши ҳамда баҳолаш зудлик билан ўтказилиши учун бошқа вақтга қолдирилмасдан амалга оширилиши лозим.
7. Агарда Аҳдлашувчи Томонлардан бирида бошқа Аҳдлашувчи Томон мазкур модданинг қоидаларини бузгани тўғрисида оқилона асос бўлса биринчи Аҳдлашувчи Томон маслаҳатлашувлар ўтказишни сўраши мумкин. Ушбу маслаҳатлашувлар исталган бир Аҳдлашувчи Томон тарафидан бу каби сўровнома олинган кундан бошлаб 15 кун ичида бошланиши лозим. Агарда маслаҳатлашувлар бошланган кундан бошлаб 15 кун ичида қониқарли хулосаларга келинмаса, бу бошқа Аҳдлашувчи Томон тайинланган авиакорхонаси ёки авиакорхоналарининг ҳуқуқларини рад этиш, бекор қилиш ёки тўхтатишга асос бўлади. Агарда зарур бўлса ёки мазкур модданинг низомларига амал қилинмасликни келгусида тўхтатиш учун биринчи Аҳдлашувчи Томон исталган вақтда вақтинчалик тадбирларни қўллаши мумкин.
13-модда Авиация хавфсизлиги
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон истаган вақтда аэронавигация воситалари, экипаж аъзолари, ҳаво кемаси ва ҳаво кемасидан фойдаланишга тааллуқли соҳаларда бошқа Аҳдлашувчи Томон бажарадиган парвозлар хавфсизлиги бўйича стандартларга тегишли бўлган масалалар юзасидан маслаҳатлар ўтказишни талаб қилиши мумкин. Бундай маслаҳатлашувлар мурожаат этилган кундан эътиборан ўттиз (30) кун давомида ўтказилади.
2. Агар бундай маслаҳатлар ўтказилганидан cўнг бир Аҳдлашувчи Томон бошқа бир Аҳдлашувчи Томонни биринчи бандда кўрсатилган Халқаро фуқаро авиация ҳақидаги Конвенцияга мувофиқ белгиланган стандартларга парвозлар хавфсизлиги нормаларига самарали риоя қилмаяпти ва бошқармаяпти деб топган тақдирда (Doc 7300), бошқа Аҳдлашувчи Томон бундай камчиликлар ва ИКАО стандартларига мувофиқ чора-тадбирларни кўриши кераклиги тўғрисида хабардор этилиши шарт. Бундан сўнг бошқа Аҳдлашувчи Томон келишилган вақт давомида хатоларни тўғриловчи тегишли чора-тадбирларни кўради.
3. Конвенциянинг 16-моддасига мувофиқ яна шундай келишувга эришилдиким, бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси томонидан ёки унинг номидан бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудидан ёки унинг ҳудудига парвозни амалга ошираётган ҳаво кемаси, бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида бўлган вақтида парвозни сабабсиз кечиктиришга йўл қўймаслик шарти билан, бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ваколатли вакиллари текширувидан ўтказилиши мумкин. Конвенциянинг 33-моддасида кўрсатилган мажбуриятларга асосланмай, ушбу текширув мақсади ҳаво кемасининг ҳужжатлари ва экипаж аъзолари гувоҳномаларининг амал қилиш муддати, шунингдек ҳаво кемаси мосламалари ва ҳолати ўша вақтда Конвенцияга мувофиқ ҳолатда бўлиши ҳисобланади.
4. Агар авиакорхона парвозлари хавфсизлигини таъминлаш учун кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрилиши лозим бўлса, ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томон тайинланган авиакорхонаси ёки авиакорхоналарига берилган парвозларни амалга ошириш рухсатномасини вақтинча тўхтатиши ёки ўзгартириши мумкин.
5. Бир Аҳдлашувчи Томоннинг юқоридаги 4-бандга мувофиқ амалга оширадиган ҳар қандай хатти-ҳаракати, мазкур чора-тадбирларни кўришга асос йўқ қилинган вақтдан эътиборан давом эттирилиши мумкин эмас.
6. Юқоридаги 2-бандга асос тариқасида бундан буён бир Аҳдлашувчи Томон ИКАО стандартларига риоя этмасликни давом эттирса, келишилган вақт муддати ўтиб кетганидан сўнг бу ҳақда ИКАО Бош котиби хабардор этилиши лозимлиги белгиланди. Шунингдек, Бош котиб мазкур ҳолатга бундан кейинги қониқарли барҳам берилиши тўғрисида ҳам хабардор этилиши лозим.
14-модда Маблағларни ўтказиш
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томон тайинланган авиакорхоналарига авиакорхонанинг истаги бўйича хоҳлаган мамлакатга авиақатновларни сотишдан ва ҳаво алоқалари билан боғлиқ фаолиятлардан олинган ва маҳаллий харажатлардан ортиқ бўлган авиакорхонанинг талаби бўйича барча маҳаллий даромадларни пул ўтказиш кунидаги курс бўйича чегараланмаган, камситилмаган ёки солиққа тортилмаган ҳолда ўтказиш ҳуқуқини беради. Бу ҳолда бошқа Аҳдлашувчи Томон авиакорхонасининг мазкур моддада кўрсатилган ҳақ-ҳуқуқлари чегараланмаслиги шарти билан даромад олинган Аҳдлашувчи Томоннинг валюта алмашувини тартибга солувчи қонун ва қоидалари қўлланилади.
15-модда Ахборотлар ва статистика маълумотлари
Бир Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмурияти бошқа Аҳдлашувчи Томон авиация маъмуриятининг талаби бўйича биринчи Аҳдлашувчи Томон тайинланган авиакорхонаси томонидан келишилган қатновларда амалга оширилаётган ташувларнинг ҳажмини аниқлаш мақсадида оқилона даражада сўралиши мумкин бўлган шу каби даврий ёки бошқа статистик маълумотларни тақдим этади. Бу каби ахборотлар ушбу тайинланган авиакорхона томонидан келишилган қатновларда амалга оширилаётган ташувлар ҳажмини белгилаш учун зарур бўлган барча маълумотларни ўз ичига олиши лозим.
16-модда Маслаҳатлашувлар
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон истаган вақтда мазкур Битимга алоқадор барча масалалар бўйича маслаҳатлашувлар ўтказишни сўраши мумкин. Ушбу маслаҳатлашувлар, агар ҳар иккала Аҳдлашувчи Томон ўртасида бошқа муддат келишиб олинмаса, бошқа Аҳдлашувчи Томон тарафидан сўров олинган санадан бошлаб олтмиш (60) кун ичида бошланиши лозим.
17-модда Баҳсларни ҳал қилиш
1. Мазкур Битимни изоҳлаш ёки қўллаш натижасида Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида келиб чиқадиган ҳар қандай баҳс энг аввало ҳар икки Аҳдлашувчи Томон авиация маъмуриятлари ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш йўли билан ҳал қилиниши лозим.
2. Агар Аҳдлашувчи Томонлар ушбу модданинг 1-бандига мувофиқ музокаралар ўтказиш йўли билан келишувга кела олмасалар, баҳс дипломатик каналлар орқали ёзишмалар олиб бориш йўли билан ҳал этилади.
18-модда Ўзгартиришлар
1. Агар Аҳдлашувчи Томонлардан бири ушбу Битимнинг исталган қоидаларини ўзгартиришни лозим топса, у исталган пайт бошқа Аҳдлашувчи Томон билан маслаҳатлашувлар ўтказишни сўраши мумкин. Бу каби маслаҳатлашувлар сўров олинган санадан бошлаб олтмиш (60) кун ичида бошланиши лозим.
2. Мазкур Битимга ҳар қандай ўзгартириш, агар у Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида келишилган бўлса, дипломатик каналлар орқали ноталар алмашинуви йўли билан тасдиқлангандан сўнг кучга киради.
19-модда Кўп томонлама Конвенция
Агар ҳар икки Аҳдлашувчи Томонга алоқадор ҳолда ҳаво алоқалари тўғрисида Конвенция кучга кирса, ушбу Конвенциянинг қоидалари устувор ҳисобланади. Мазкур Битимнинг 16-моддасига мувофиқ маслаҳатлашувлар кўп томонлама Конвенция қоидаларининг мазкур Битимга таъсири доирасини аниқлаш мақсадида ўтказилиши мумкин.
20-модда Битимнинг амал қилишини тўхтатиш
Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири исталган вақтда бошқа Аҳдлашувчи Томонни дипломатик каналлар орқали ёзма равишда ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиш истагида эканлиги тўғрисида хабардор қилиши мумкин. Бундай хабарнома бир вақтнинг ўзида Фуқаро авиацияси халқаро ташкилоти (ИКАО)га ҳам юборилади. Агар бу каби хабарнома берилса, бошқа Аҳдлашувчи Томон бундай хабарномани олган кундан эътиборан ўн икки (12) ой ўтганидан сўнг, агар, Битимнинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги хабарнома бу муддат тугагунига қадар Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзаро розилигига биноан орқага қайтариб олинмаса, Битимнинг амал қилиши тўхтатилади. Агар бошқа Аҳдлашувчи Томон хабарнома олганининг тасдиғи бўлмаса, Фуқаро авиацияси халқаро ташкилоти хабарнома олганидан сўнг ўн тўрт (14) кун ўтгач бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тасдиғи олинган деб ҳисобланади.
21-модда Рўйхатдан ўтказиш
Ушбу Битим ҳамда 18-моддага мувофиқ ҳар қандай ўзгартиришлар Фуқаро авиацияси халқаро ташкилотида (ИКАО) рўйхатдан ўтказилади.
22-модда Битимнинг кучга кириши
Ушбу Битим имзоланган санадан бошлаб кучга киради.
Тегишли тартибга мувофиқ ўзларининг ҳукуматларидан ваколат олган қуйида имзо чекувчилар шунга гувоҳлик бериб ушбу Битимни имзоладилар.
Сингапур шаҳрида 2007 йил 25 январда, икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек ва инглиз тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга. Келишмовчиликлар юзага келган тақдирда инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)
ИЛОВА
Мунтазам ҳаво қатновлари
| Йўналишлар жадвали I | |||
| | |||
|
Ўзбекистон Республикасининг тайинланган авиакорхоналари томонидан амалга ошириладиган йўналишлар | |||
| Жўнаш манзиллари | Оралиқ манзиллар | Ўзбекистондаги манзиллар | Ташқаридаги манзиллар |
| Ўзбекистондаги манзиллар | Хоҳлаган оралиқ манзиллар | Сингапур | Хоҳлаган ташқаридаги манзиллар |
| | | | |
Йўналишлар жадвали II | |||
| | |||
|
Сингапурнинг тайинланган авиакорхоналари томонидан амалга ошириладиган йўналишлар | |||
| Жўнаш манзиллари | Оралиқ манзиллар | Ўзбекистондаги манзиллар | Ташқаридаги манзиллар |
| Ўзбекистондаги манзиллар | Хоҳлаган оралиқ манзиллар | Ўзбекистондаги манзиллар | Хоҳлаган ташқаридаги манзиллар |
| | | | |
|
Эслатма: | |||
|
1. Ҳар иккала Аҳдлашувчи Томонларнинг тайинланган авиакорхонаси бир ёки барча парвозларни амалга ошириш чоғида исталган вақтда юқорида кўрсатилган манзиллардан хоҳлаган бирида тўхтамасдан ўтишлари мумкин. | |||
|
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида ўз парвозларини амалга оширишни тўхтатиш ҳуқуқига эга. | |||
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2007 й., 1-сон)