Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
ХАЛҚАРО АВТОМОБИЛЬ ҚАТНОВИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қозоғистон Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
юкларни автомобилда халқаро ташиш соҳасида Томонлар давлатлари ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш заруриятига амал қилиб,
Томонлар давлатлари ўртасида, шунингдек уларнинг ҳудудлари орқали транзит билан автомобилда юкларни ташишни енгиллаштиришга интилиб,
ўзаро ёрдам, ҳамкорлик ва ўзаро манфаатдорлик асосида ушбу масалаларни тартибга солишни истаб,
куйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
Кейинги таҳрирга қаранг.
I. ҚЎЛЛАНИШ СОҲАСИ
1-модда.
1. Ушбу Битимнинг қоидалари Томонлардан бирининг давлати ҳудудида рўйхатга олинган автотранспорт воситалари амалга оширадиган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида автомобилда юкларнинг халқаро ташувлари, уларнинг ҳудудлари орқали транзит билан ташиш, учинчи мамлакатлардан/га ташувларга қўлланилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Ушбу Битим Томонларнинг улар иштирок этаётган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
II. АТАМАЛАР
2-модда.
Ушбу Битим мақсадларида унда қўлланилаётган атамалар қуйидагиларни англатади:
1. «Ташувчи» атамаси:
Томонлардан бирининг давлати ҳудудида рўйхатга олинган, миллий қонун ҳужжатларига мувофиқ тўлов эвазига ёки ўз ҳисобидан юкларнинг халқаро ташувларини бажаришга ваколатли бўлган жисмоний ёки юридик шахсни англатади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. «Автотранспорт воситаси» атамаси:
юкларни ташиш учун мўлжалланган механик куч билан ишлайдиган ҳар қандай автотранспорт воситаси ёки техник талабларга кўра йиғилган, тиргак ва ярим тиргак қўшилган автотранспорт воситасини англатади, башарти автопоезднинг шатаги Томонлардан бирининг давлати ҳудудида рўйхатдан ўтган бўлиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. «Учинчи мамлакатлардан/га ташувлар» атамаси:
Томонлардан бирининг давлати ҳудудида рўйхатдан ўтган автомобиль транспортида пунктлар ўртасида амалга ошириладиган юкларнинг ташувларни англатади, бунда пунктлардан бири бошқа Томон давлати ҳудудида жойлашган ва бошқаси — учинчи мамлакат (ушбу Битим қатнашчиси бўлмаган) ҳудудида.
4. «Рухсатнома» атамаси:
бир Томон давлатининг ваколатли органи берадиган ва бошқа Томон давлати ҳудудида рўйхатдан ўтган автотранспорт воситасига рухсатномани берган Томон давлати ҳудуди бўйлаб ёки у орқали ўтиб кетиш хуқуқини/имкониятини берувчи ҳужжатни англатади.
5. «Махсус рухсатнома» атамаси:
бир Томон давлатининг ваколатли органи берадиган ва бошқа Томон давлати ҳудудида рўйхатдан ўтган автотранспорт воситасига махсус рухсатномани берган Томон давлати ҳудуди бўйлаб ёки у орқали махсус тоифадаги ташувларни амалга ошириш хуқуқини/имкониятини берувчи ҳужжатни англатади.
6. «Хавфли юклар» атамаси:
ташувлар, ортиш ва тушириш ишлари давомида ўзига хослиги ва хусусиятлари туфайли маълум бир омиллар мавжудлиги билан портлаш, ёнғин ёки ташилаётган юклар, техник воситалар, қурилмалар, бинолар ва иншоотлар ҳамда бошқа объектларнинг бузилишига, шунингдек одамларнинг ҳаёти ва саломатлигига, атроф-муҳитга зарар етказишига сабаб бўлиши мумкин бўлган моддалар, материаллар, маҳсулотлар, чиқиндиларни англатади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
III. ЮКЛАРНИ ТАШИШ
Кейинги таҳрирга қаранг.
3-модда.
1. Иккала давлат ўртасида юкларни ташиш ёки уларнинг ҳудудларидан транзит билан ўтиш рухсатномаларсиз амалга оширилади.
2. Ҳар бир Томон ўз давлати ҳудуди бўйлаб, жумладан транзит билан учинчи давлатга йўл олган бошқа Томон юк ташувчи автотранспорт воситаларининг ўтиши учун қулай шароитларни таъминлайди.
4-модда.
1. Ташувчига бошқа Томон давлати ҳудудида жойлашган иккита пункт оралиғида юкларни ташишга рухсат берилмайди.
2. Бир Томон давлатининг ташувчиси, агар бунга бошқа Томон ваколатли органининг рухсати олинган бўлса, бошқа Томон давлати ҳудудидан учинчи давлат ҳудудига ва учинчи давлат ҳудудидан бошқа Томон давлати ҳудудига юкларни ташиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5-модда.
1. Агар юксиз ёки юк билан ҳаракатланаётган автотранспорт воситасининг ўлчамлари ва оғирлик параметрлари бошқа Томон давлати ҳудудида белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлса, ташувчи бошқа Томон ваколатли органининг махсус рухсатномасини олиши лозим.
2. Хавфли юклар ва ҳарбий контингентларни ташиш, шунингдек Томонлар давлатларининг ҳудуди бўйлаб уларнинг транзити ташув амалга оширилаётган ҳудуд давлатининг миллий қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
IV. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
6-модда.
1. Ушбу Битимга кўра талаб қилинаётган (4-модданинг 2-банди, 5-модданинг 1-банди) рухсатномалар, шунингдек бошқа ташувларга оид ҳужжатлар ушбу Битимда кўрсатилган барча ташувлар давомида автотранспорт воситасида бўлиши керак ва Томонлар давлатларининг ваколатли органлари вакилларининг талабига асосан текшириш учун тақдим этилиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Ташувларга оид ҳужжатлар сафар бошланишидан олдин тўлиқ тўлдирилиши лозим.
7-модда.
1. Бир Томон давлатининг ташувчилари бошқа Томон давлатининг миллий қонун ҳужжатларига, шунингдек Томонлар давлатлари иштирок этаётган автомобиль ташувлари соҳасидаги халқаро шартномаларнинг қоидаларига риоя қилишлари шарт.
Ушбу Битимда кўзда тутилган ташувлар Томонлар давлатларининг миллий қонун ҳужжатларига мувофиқ автомобилда халқаро ҳаракатланиш учун очиқ бўлган автомобиль йўллари орқали амалга оширилиши лозим. Томонлар давлатларининг ваколатли органлари зарур ҳолларда ташув йўналишини ўрнатиш ҳуқуқига эга.
2. Ташувчи ёки унинг ҳайдовчилари бошқа Томон давлати ҳудудида амал қилаётган қонун ҳужжатлари ёки ушбу Битим қоидаларини бузган ҳолда, ҳуқуқбузарлик содир этилган давлат ҳудудидаги Томоннинг мурожаатига кўра, автотранспорт воситаси рўйхатдан ўтган ҳудуд Томони давлатининг ваколатли органлари қуйидаги чоралардан бирини қўллаши мумкин:
а) ташувчини амал қилаётган қоидаларга риоя қилиш зарурлиги тўғрисида огоҳлантириш;
б) ушбу Битимга мувофиқ ташувларни амалга оширишни вақтинча ман қилиш;
в) жавобгар ташувчига рухсатномаларни беришни тўхтатиш ёки бошқа Томон давлатининг ваколатли органи ушбу ташувчини ташувлардан четлатган муддатга берилган рухсатномани олиб қўйиш.
3. Ушбу модданинг 2-банди «б» кичик бандига мувофиқ чора ҳуқуқбузарлик содир этилган ҳудуд Томони давлатининг ваколатли органи томонидан бевосита қўлланилиши мумкин.
4. Иккала Томон давлатларининг ваколатли органлари кўрилган чоралар тўғрисида бир-бирларини хабардор қиладилар.
5. Томонлар давлатларининг автотранспорт воситалари ҳайдовчилари улар бошқараётган автотранспорт воситаси тоифасига мос миллий ёки халқаро ҳайдовчилик гувоҳномаси ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Йўл ҳаракати тўғрисида 1963 йил 8 ноябрда Венада тузилган конвенция талабларига жавоб берувчи автотранспорт воситасининг рўйхатдан ўтганлиги ҳақида гувоҳномага эга бўлишлари керак.
6. Томонлар давлатларининг автоташувчилари ҳуқуқбузарликни содир этганликлари учун ҳуқуқбузарлик содир этилган ҳудуд давлатининг миллий қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортилади.
8-модда.
1. Ушбу Битимда кўзда тутилган ташувларни ўз давлатларининг миллий қонун ҳужжатларига асосан фақат юкларнинг халқаро ташувларини амалга ошириш учун рухсат этилган ташувчилар бажаради.
2. Юкларнинг халқаро ташувларини амалга оширадиган автотранспорт воситалари ўз давлатининг рўйхатга олиш ва фарқловчи белгиларига эга бўлишлари керак.
Юк ташувчи автомобиллар шатакчилари Томонлар давлатларининг рўйхатга олиш ва фарқловчи белгиларига эга бўлгандагина, тиркамалар ва ярим тиркамалар бошқа мамлакатларнинг рўйхатга олиш ва фарқловчи белгиларига эга бўлишлари мумкин.
3. Томонларнинг ташувчилари юк ташувлари амалга оширилаётган ҳудуд давлатининг ҳаракат қоидалари ва бошқа қонунларига риоя қилишга мажбур.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9-модда.
Ушбу Битимга асосан юкларни ташиш учинчи шахсларга етказилган зарар учун автотранспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш шарти билан амалга оширилади. Ташувчи автотранспорт воситаси рўйхатга олинган Томон давлатининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ кўрсатилган ташувларни амалга ошираётган ҳар бир автотранспорт воситасини олдиндан суғурталашга мажбур.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10-модда.
Ушбу Битимда, шунингдек иккала Томон иштирок этаётган халқаро шартномаларда тартибга солинмаган масалалар ҳар бир Томон давлатининг миллий қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.
11-модда.
1. Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш учун замонавий жиҳозланган шовқин даражаси паст ва чиқаётган тутунида зарарли моддалар кам бўлганлиги билан фарқланадиган автотранспорт воситаларидан фойдаланишга Томонлар кўмаклашадилар.
2. Ушбу модданинг 1-бандида кўзда тутилган чоралар ушбу Битимнинг 14-моддасига асосан ташкил этилган Қўшма комиссия томонидан келишиб олинади.
12-модда.
1. Ушбу Битимга асосан амалга оширилаётган ташувларда Томонлар давлатлари ҳудудига олиб кирилаётган қуйидагилар божхона тўловлари ва йиғимларидан ўзаро озод қилинади:
а) ҳар бир автотранспорт воситаси модели учун тайёрловчи кўзда тутган, двигателларнинг таъминот тизимига технологик ва конструктив жиҳатдан боғланган стандарт идишларда, шунингдек технологик жиҳатдан музлатгич ва автотранспорт воситаларидаги бошқа қурилмалар билан боғлиқ қўшимча сиғимларда жойлашган ёнилғи;
б) юкларни ташиш давомида фойдаланиш учун зарур бўлган миқдордаги мойлаш материаллари;
Кейинги таҳрирга қаранг.
в) юкларнинг халқаро ташувини амалга ошираётган автотранспорт воситасини таъмирлаш учун мўлжалланган эҳтиёт қисмлар ва асбоб-ускуналар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Фойдаланилмаган эҳтиёт қисмлар қайтариб олиб чиқилиши, алмаштирилган эҳтиёт қисмлар давлатдан олиб чиқилиши ёхуд йўқ қилиниши ёки тегишли Томон давлати ҳудудида ўрнатилган тартибда топширилиши лозим.
2. Ушбу Битим доирасида юк ташувларини амалга ошираётган автотранспорт воситалари автотранспорт воситаларига эгалик қилиш ёки ундан фойдаланиш, бошқа Томон давлатининг автомобиль йўлларидан фойдаланиш ва уларни таъминлаш билан боғлиқ йиғим ва тўловлардан ўзаро озод этилади, тўловли автомобиль йўллари, автомагистраллар, кўприклар ва тоннеллардан фойдаланиш учун йиғим ва тўловлар, агар бундай йиғим ва тўловлар ушбу давлатнинг автотранспорт воситаларидан ундириладиган бўлса, бундан мустасно.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Томонлар, шунингдек икки мамлакат ташувчиларини депозит ҳамда ўз давлатларининг ҳудудлари бўйлаб транзит билан ташилаётган юклардан олинадиган гаров суммаларидан Томонлар давлатларининг миллий қонун ҳужжатларига мувофиқ ўзаро озод этадилар.
13-модда.
1. Чегарани кесиб ўтиш билан боғлиқ чегара, божхона, санитария ва ветеринария, шунингдек фитосанитария назорати ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича назоратига нисбатан Томонлар давлатлари иштирок этаётган халқаро шартномалар қоидалари қўлланилади, ушбу шартномаларда тартибга солинмаган масалаларни ҳал этишда ҳар бир Томон давлатларининг қонун ҳужжатлари қўлланилади.
2. Ҳайвонлар, тез бузиладиган ҳамда хавфли юкларни автотранспорт воситасида ташишда чегара, божхона, санитария, ветеринария ҳамда фитосанитария назорати устувор тартибда амалга оширилади.
V. ҚЎШМА КОМИССИЯ
14-модда.
1. Ушбу Битимни бажариш ва у билан боғлиқ бўлган масалаларни муҳокама қилиш мақсадида Томонлар давлатларининг ваколатли органлари вакиллари таркибига кирадиган Қўшма комиссия тузилади.
2. Қўшма комиссия мажлислари зарур ҳолларда Томонлардан бирининг давлатлари ваколатли органлари таклифига кўра ўтказилади.
3. Қўшма комиссия, зарурият бўлганда, бошқа ваколатли органлар иштирокида ушбу Битим қоидаларини ўзгартириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади.
15-модда.
1. Томонлар ушбу Битимнинг бажарилиш тартибини Ижро Баённомасида белгилайдилар.
Ижро Баённомаси Битим билан бирга бир вақтнинг ўзида имзоланади ва унинг ажралмас қисми ҳисобланади.
2. Томонларнинг ўзаро келишувига кўра ушбу Битим ва ушбу Битимни қўллаш тўғрисида Ижро Баённомасига ушбу Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритишлари мумкин.
3. Томонлар ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш ва қўллашда юзага келиши мумкин бўлган барча низо ва келишмовчиликларни Томонларнинг Қўшма комиссия доирасида ўтказиладиган музокаралар ва маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал этадилар.
VI. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР
16-модда.
Ушбу Битим имзоланган кундан бошлаб вақтинча қўлланилади ва унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини Томонлар бажарганликлари тўғрисида охирги ёзма хабарнома олинган санадан бошлаб кучга киради.
Ушбу Битим ноаниқ муддатга тузилади ва Томонлардан бири унинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида бошқа Томонни ёзма шаклда хабардор этган кундан 6 ой ўтгунга қадар ўз кучида қолаверади.
Тошкент шаҳрида 2006 йил 20 мартда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, қозоқ ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда, Томонлар рус тилидаги матнга мурожаат қиладилар.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2007 й., 1-сон)