Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Корея Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
МИЛЛИЙ ГЕОГРАФИК АХБОРОТ ТИЗИМИНИ ЯРАТИШ ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА
2005 йил 10 май, Тошкент
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Корея Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
икки мамлакат ва уларнинг халқлари ўртасида мавжуд дўстона муносабатларга таяниб,
икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг ривожланишини ҳамкорлик йўли билан мустаҳкамлаш ва кенгайтириш истагида,
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Корея Республикаси Ҳукумати ўртасида илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисида 1992 йил 17 июнда имзоланган Битимга мувофиқ,
Ўзбекистон Республикасида Миллий географик ахборот тизимини яратиш лойиҳасини, бундан кейин «Лойиҳа» деб аталадиган, амалга ошириш йўли билан ахборот технологиялари соҳасида яқин ҳамкорлик қилишнинг иккала мамлакат учун ҳам фойдали эканлигини эътироф этиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Лойиҳанинг мақсади Ўзбекистон Республикасининг инфратузилмасини бошқариш мақсадида Ўзбекистон Республикасида миллий географик ахборот тизимини яратиш орқали географик ахборотни самарали қўллашда кўмаклашишдан иборат.
2-модда
Лойиҳа 2006 йилнинг 31 декабрида якунланади.
3-модда
1. Корея Республикаси Ҳукумати (бундан кейин «Корея Ҳукумати» деб аталувчи), ўзининг амалдаги ички қонун ва қонун ости ҳужжатларига мувофиқ ва бюджет ажратмалари доирасида Лойиҳани амалга ошириш учун камида бир миллион икки юз эллик минг (1.250.000) АҚШ доллари миқдорида грант тақдим этади, унга тизимни яратиш, ускуналарни топшириш, Ўзбекистон ўқувчиларини Корея Республикасига таклиф қилиш ва Кореялик экспертларини Ўзбекистон Республикасига жўнатиш киради.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати (бундан кейин «Ўзбекистон Ҳукумати» деб аталувчи) ўзининг амалдаги қонунлари ва қонун ости ҳужжатларига мувофиқ Лойиҳани тайёрлаш ва амалга ошириш учун ресурсларни таъминлашда зарур чораларни кўради, бунга 6 ва 7-моддаларга мувофиқ ижроия ташкилотлар ўртасида келишиладиган ер участкалари, инсон ресурслари, инфратузилма ҳамда бошқа материалларни тақдим этиш киради.
4-модда
1. Ўзбекистон Ҳукумати Корея Ҳукумати томонидан тақдим этиладиган ускуналарни Ўзбекистон Республикасида портдан ёки аэропортдан бошлаб суғурталаш, тушириш, ва мамлакат ичида ташиш билан боғлиқ барча харажатларни ўз зиммасига олади.
2. Ўзбекистон Ҳукумати ўзининг амалдаги ички қонунлари ва қонун ости ҳужжатларига мувофиқ Корея Ҳукумати томонидан тақдим этиладиган ускуна ва материалларга солинадиган тўловлар, импорт божлари ва давлат йиғимлари билан боғлиқ барча харажатларни ўз ҳисобидан зиммасига олади. Ўзбекистон Ҳукумати Корея Ҳукумати томонидан молиялаштириладиган лойиҳа доирасида келтириладиган ускуналар, материаллар, бошқа моддий-техника ресурсларини божхона тўловларидан озод қилади.
3. Ўзбекистон Ҳукумати лойиҳада иштирок этадиган кореялик ходимларга лойиҳани амалга ошириш учун лозим бўлган зарур рухсатномаларни расмийлаштиради ва бу ходимларни бошқа мамлакатлардан бу каби ишларни бажариш учун даъват этилган ходимларникидан кам бўлмаган қулайлик ҳажмида имтиёзлар, эркинликлар ва бенефициялар билан таъминлайди.
4. Ўзбекистон Ҳукумати Лойиҳада фаолият юритадиган барча кореялик ходимларни улар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган ускуналар, материаллар ва товарларга амалдаги ички қонун ва қонун ости ҳужжатларига мувофиқ солинадиган солиқ, божхона тўловлари, йиғимлар ва бошқа тўловлардан озод этади.
5. Ўзбекистон Ҳукумати Лойиҳада фаолият юритадиган кореялик ходимларни улар томонидан ўз мажбуриятларини адо этишни атайин бузиш ёки ўта эътиборсизлик натижасида юзага келган даъволардан ташқари, улар учун Ўзбекистон Республикасида белгиланган вазифаларни ижро этиш билан боғлиқ ҳар қандай даъволардан ҳимоялашни ва уларнинг хавфсизлигини таъминлайди.
6. Ўзбекистон Ҳукумати ушбу моддада назарда тутилган имтиёзларни беришнинг расмий томони бўйича зудлик билан зарур ёрдам кўрсатади.
5-модда
Лойиҳа учун ёдгорлик лавҳаси ёки ёдгорлик Лойиҳа якунлангач Лойиҳа участкасида жойлаштирилади. Ёдгорлик лавҳаси ёки ёдгорлик тафсилотлари Томонлар ўртасида ўзаро келишилади.
6-модда
1. Ҳар бир Томон Лойиҳани амалга ошириш учун масъул ташкилотни (бундан кейин «ижроия ташкилоти» деб аталади) тайинлайди.
2. Ўзбекистон Ҳукумати томонидан «Ергеодезкадастр» Давлат қўмитаси ва Корея Ҳукумати томонидан Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOIСA) ижроия ташкилотлари ҳисобланади.
7-модда
Ижроия ташкилотлари Лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ барча масалаларни ўзаро келишиб оладилар ва зарур ҳолларда ҳар қандай масалаларни икки томонлама маслаҳатлашувлар ўтказиб, тартибга солишлари мумкин.
8-модда
1. Ушбу Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради.
2. Томонлардан бири ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида дипломатик каналлар орқали ёзма хабарнома камида уч (3) ой илгари юборилгунига қадар амал қилишини тўхтатмаса, у 2006 йил 31 декабрга қадар амал қилади.
3. Томонларнинг ўзаро розиликларига кўра Ушбу Битимга Томонлар ўртасида дипломатик каналлар орқали ноталар алмашиш ёрдамида ўзгартишлар киритилиши мумкин.
4. Ушбу Битимнинг бажарилиши кечиктирилган ҳолда унинг амал қилиш муддати Томонларнинг ўзаро розиликларига кўра Лойиҳанинг расмий якунига қадар узайтирилиши мумкин.
Ушбуни тасдиқлаб, ўз Ҳукуматлари томонидан белгиланган тарзда ваколатланган қуйида имзо чекувчилар ушбу Битимни имзоладилар.
Тошкент шаҳрида 2005 йил 10 майда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, корейс ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хилда аутентикдир. Талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда инглиз тилидаги матн устувор кучга эга.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2005 й., 2-4-сон)