Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Финляндия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
ХАЛҚАРО АВТОМОБИЛЬ АЛОҚАСИ ТЎҒРИСИДА
1997 йил 4 ноябрь, Хельсинки
(2004 йил 29 июндан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Финляндия Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантиришни эътиборга олиб,
ўзаро асосда иккала мамлакат ўртасида ва уларнинг ҳудудлари бўйлаб транзит тарзда автомобилда йўловчилар ва юкларни ташишни ривожлантиришни истаб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Ушбу Битимга мувофиқ равишда Ўзбекистон Республикасида ёки Финляндия Республикасида рўйхатга олинган автотранспорт воситалари билан иккала мамлакат ўртасида ва улар орқали транзит тарзда, халқаро автомобиль алоқалари учун очиқ йўллар бўйлаб йўловчилар (шу жумладан сайёҳлар) ва юкларни мунтазам ва номунтазам ташиш амалга оширилади.
I. Йўловчиларни ташиш
2-модда
1. Иккала мамлакат ўртасида ва уларнинг ҳудудлари бўйлаб транзит тарзда йўловчиларни мунтазам ташиш ўзаро тасдиқланган ҳужжатлар асосида Аҳдлашувчи Томонлар ваколатли органлари ўртасидаги келишув бўйича амалга оширилади.
2. Бундай ташишларни ташкил этиш ҳақидаги таклифлар бир-бирларига олдиндан берилади ва Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари билан келишилади. Бу таклифларда қуйидаги маълумотлар бўлиши керак: ташувчининг номи, юриш маршрути, ҳаракат жадвали, ташувчи йўловчиларни чиқариш ва туширишни амалга оширадиган тўхташ манзиллари, шунингдек ташишларни бажаришнинг мўлжалланаётган даври ва мунтазамлиги.
3-модда
1. Ҳар иккала мамлакат ўртасида ёки улар ҳудудлари бўйлаб транзит тарзда йўловчиларни номунтазам ташишларни амалга ошириш учун Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари берадиган Рухсатномалар талаб этилади, ушбу Битимнинг 4-моддасида кўзда тутилган ташишлар бундан мустаснодир.
2. Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари тегишли мамлакат ҳудуди бўйлаб ўтадиган йўл участкасига Рухсатномалар берадилар.
3. Йўловчиларни ҳар бир номунтазам ташиш учун у томонга ва орқага битта қатновни амалга ошириш ҳуқуқини берадиган, агар рухсатноманинг ўзида бошқа нарса қайд этилган бўлмаса, алоҳида Рухсатнома берилиши керак.
4. Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари ҳар йили бир-бирларига йўловчиларни номунтазам ташиш учун ўзаро келишилган миқдордаги Рухсатномалар бланкаларини берадилар. Бу бланкаларда Рухсатномаларни берган ваколатли органнинг муҳри ва имзоси бўлиши керак.
5. Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари Рухсатномалар бланкаларини айирбошлаш тартибини ўзаро келишадилар.
4-модда
Ушбу Битимнинг 3-моддасида кўрсатилган Рухсатномалар носоз автотранспорт воситасини бошқасига алмаштиришда талаб этилмайди.
II. Юкларни ташишлар
5-модда
1. Иккала мамлакат ўртасида, шунингдек улар ҳудудлари бўйлаб транзит тарзда юкларни ташиш, бошқа шартлар айтилган бўлмаса, ташиш автотранспорт воситалари билан Аҳдлашувчи Томонлар ваколатли органлари берган Рухсатномалар асосида амалга оширилади, ушбу Битимнинг 6-моддасида кўзда тутилган ташишлар бундан мустаснодир.
2. Юкларни ҳар бир ташиш учун у томонга ва орқага битта қатновни амалга ошириш ҳуқуқини берадиган, агар Рухсатноманинг ўзида бошқа нарса қайд этилган бўлмаса, алоҳида Рухсатнома берилиши керак.
3. Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари ҳар йили бир-бирларига юкларни ташиш учун ўзаро келишилган миқдордаги Рухсатномалар бланкаларини берадилар. Бу бланкаларда Рухсатномаларни берган ваколатли органнинг муҳри ва имзоси бўлиши керак.
4. Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари Рухсатномалар бланкаларини айирбошлаш тартибини ўзаро келишадилар.
6-модда
1. Ушбу Битимнинг 5-моддасида кўрсатилган Рухсатномалар:
а) ярмаркалар ва кўргазмалар учун мўлжалланган экспонатлар, ускуналар ва материалларни;
б) спорт тадбирларини ўтказиш учун мўлжалланган транспорт воситалари, ҳайвонлар, шунингдек турли жиҳозлар ва мулкни;
в) театр декорациялари ва реквизити, мусиқа асбоблари, кинони суратга олиш, радиоэшиттиришлар ва телевизион кўрсатувлар учун мўлжалланган ускуна ва буюмларни;
г) вафот этганларнинг жасадлари ва ҳокини;
д) почтани;
е) шикастланган автотранспорт воситаларини;
ж) кўчаётганда қўзғатиш мумкин бўлган мулкни;
з) табиий офатлар юз берганда тиббий ускуналар ва дори-дармонларни ташишни бажаришда талаб этилмайди.
Техник ёрдам автомобилларининг ўтиши учун ҳам Рухсатномалар талаб этилмайди.
Ушбу моддада кўрсатилган ташишларни бажаришда автотранспорт воситасида транспорт воситаси рўйхатга олинган мамлакатнинг ташиш ҳужжати бўлиши керак.
2. Юк автотранспорт воситаси рўйхатга олинган мамлакатга қайтарилиши керак бўлган ёки учинчи мамлакат ҳудудига ташилиши керак бўлган ҳоллардагина ушбу модданинг 1-банди а, б, в кичик бандларида назарда тутилган истиснолар амал қилади.
7-модда
1. Юкли ёки юксиз автотранспорт воситасининг ўлчамлари ёки юк оғирлиги бошқа мамлакат ҳудудида белгиланган меъёрдан ортиқ бўлганда ташувчи бошқа Аҳдлашувчи Томон ваколатли органларидан махсус Рухсатнома олиши керак. Хавфли юкларни ташиганда ташувчи тегишли халқаро конвенциялар, икки мамлакатнинг ички қонунлари талабларига риоя этиши керак.
2. Агар ушбу модданинг 1-бандида кўрсатилган рухсатномада автотранспорт воситасининг муайян маршрут бўйича ҳаракатланиши назарда тутилган бўлса, ташиш фақат шу маршрут бўйича амалга оширилиши керак.
III. Умумий қоидалар
8-модда
1. Ташувчига бошқа мамлакат ҳудудида жойлашган икки манзил орасида йўловчилар ва юкларни ташишни амалга оширишга рухсат этилмайди.
2. Ташувчи, агар у бошқа Аҳдлашувчи Томон ваколатли органининг махсус Рухсатномасини олган бўлса, бошқа мамлакат ҳудудидан учинчи мамлакат ҳудудига ва учинчи мамлакат ҳудудидан бошқа мамлакат ҳудудига ташишларни амалга ошириши мумкин.
9-модда
1. Ушбу Битимда кўзда тутилган ташишлар ўз мамлакатлари ички қонунларига мувофиқ халқаро ташишларни амалга оширишга қўйилган ташувчилар томонидангина бажарилиши мумкин.
2. Халқаро ташишларни амалга оширадиган автотранспорт воситалари ўз мамлакатларининг миллий рўйхатга олиш ва фарқловчи белгиларига эга бўлиши керак.
3. Ташувчи ушбу Битим асосида халқаро ташишларни амалга оширганда ҳудудида ташишлар бажарилаётган мамлакатда амал қилаётган қоидалар, меъёрлар ва қонунларга риоя этиши шарт.
10-модда
Икки мамлакат ўртасида, шунингдек улар ҳудудлари бўйлаб транзит тарзда иккала мамлакат ички қонунлари билан тақиқланган қурол, ўқ-дори, ҳарбий ускуналар, портловчи материаллар ва бошқа хавфли ва зарарли моддаларни ташиш ман этилади.
11-модда
Ушбу битимда кўзда тутилган юкларни ташиш умумий қабул қилинган халқаро намунага мос шаклдаги товар-транспорт ҳужжатлари бўйича амалга оширилиши керак.
12-модда
1. Автотранспорт воситаси ҳайдовчиси у бошқараётган автотранспорт воситаси тоифасига мос миллий ёки халқаро ҳайдовчилик гувоҳномасига ва автотранспорт воситасига миллий рўйхатга олиш ҳужжатларига эга бўлиши керак.
2. Миллий ёки халқаро ҳайдовчилик гувоҳномалари йўл ҳаракати ҳақидаги халқаро Конвенция томонидан белгиланган намунага мос бўлиши керак.
13-модда
Ушбу Битим асосида икки мамлакат ўртасида йўловчилар ва юкларни ташишда бу ташишларни бажараётган автотранспорт воситалари ушбу Битимда кўзда тутилган Рухсатномаларни олиш, шунингдек йўллардан фойдаланиш ёки уларни сақлаш билан боғлиқ солиқлар ва йиғимлардан озод қилинади, пулли йўллар ва кўприклар бўйлаб юриш учун ҳақ тўлаш бундан мустаснодир.
14-модда
Ушбу Битим асосида ташишлар бу ташишларни бажараётган ҳар бир автотранспорт воситаси эгасининг фуқаролик масъулияти олдиндан албатта суғурта қилингандагина амалга оширилади.
15-модда
Чегара, божхона, санитария ва фитосанитария назоратига нисбатан иккала мамлакат қатнашчиси бўлган халқаро шартномалар қоидалари қўлланади, бу шартномалар билан тартибга солинмаган масалаларни ҳал этишда эса ҳар бир Аҳдлашувчи Томон мамлакатининг ички қонунлари қўлланади.
16-модда
Оғир беморларни ташишда, йўловчиларни мунтазам ташишларда, шунингдек ҳайвонлар ва тез бузиладиган юкларни ташишда чегара, божхона, санитария ва фитосанитария назорати навбатдан ташқари амалга оширилади.
17-модда
1. Ушбу Битимга асосан ташишларни бажараётганда бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудига олиб кирилаётган қуйидаги нарсалар божхона йиғимлари, божлардан ўзаро озод қилинади:
а) ҳар бир автотранспорт воситаси модели учун мўлжалланган, технологияси ва конструкцияси жиҳатидан моторни ёнилғи билан таъминлаш тизими билан боғлиқ сиғимлардаги ёнилғи;
б) ташиш вақтида ишлатиш учун зарур миқдордаги мойлаш материаллари;
в) халқаро ташишни бажараётган автотранспорт воситасини таъмирлаш учун мўлжалланган эҳтиёт қисмлар ва асбоблар.
2. Фойдаланилмаган эҳтиёт қисмлар орқага олиб чиқиб кетилиши, алмаштирилган эҳтиёт қисмлар эса мамлакатдан олиб чиқиб кетилиши ёхуд тегишли мамлакатнинг ҳудудида белгиланган тартибда топширилиши ёки йўқ қилиниши керак.
18-модда
1. Ушбу Битим қоидалари бузилган ҳолда ташувчи мамлакати ваколатли органи қоидани бузиш содир этилган мамлакат ваколатли органи илтимосига кўра ушбу Битимни бажаришни таъминлаш учун зарур чоралар кўриши шарт. Ташувчи мамлакати ваколатли органи бошқа мамлакат ваколатли органини кўрилган чоралар ҳақида хабардор қилади.
2. Бу модда қоидалари турилган мамлакат қонунлари бузилган ҳолда ташувчини жавобгарликдан озод қилмайди.
19-модда
Ушбу Битимни бажаришни таъминлаш мақсадида Аҳдлашувчи Томонлар ваколатли органлари бевосита алоқаларни амалга оширадилар, улардан бирининг таклифи бўйича йўловчилар ва юкларни ташиш учун Рухсатномаларни айирбошлаш ва бериш тизими билан боғлиқ бўлган масалаларни ҳал этиш учун кенгашлар ўтказадилар, шунингдек берилган Рухсатномалардан фойдаланиш тўғрисида тажриба ва ахборотни алмашадилар.
Ахдлашувчи Томонлар ушбу Битим қоидаларини изоҳлаш ва қўллаш муносабати билан вужудга келиши мумкин бўлган барча низоли масалаларни музокара ва маслаҳатлашишлар йўли билан ҳал этадилар.
IV. Якунловчи қоидалар
20-модда
Ушбу Битим, шунингдек ҳар иккала мамлакат қатнашчиси бўлган халқаро шартномалар билан тартибга солинмаган масалалар мамлакатлардан ҳар бирининг тегишли ички қонунларига мувофиқ ҳал этилади.
21-модда
Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонларнинг бошқа тузилган халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига даҳл қилмайди.
22-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар халқаро шартномаларнинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедуралари бажарилгани ҳақидаги ноталар билан алмашадилар. Ушбу Битим сўнгги нота олинган санадан бошлаб ўттизинчи куни кучга киради.
2. Битимга Ижро протоколи илова қилинади ва у битимнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
3. Ушбу Битим ноаниқ муддатга тузилди ва Аҳдлашувчи Томонлардан бири унинг амал қилишини тўхтатиш ҳақида эълон қилган кундан бошлаб 90 кун ўтгунга қадар ўз кучини сақлайди.
Хельсинки шаҳрида 1997 йил 4 ноябрда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, фин ва рус тилларида тузилди. Барча матнлар бир хил кучга эга. Ушбу Ижроия протокол қоидаларини изоҳлашда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда, рус тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2004 й., 2-сон)