Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Болгария Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Темир йўл транспорти соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Болгария Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси билан Болгария Республикаси ўртасида йўловчи ва юкларни ташиш, шунингдек уларнинг ҳудудлари бўйлаб транзит ташиш муҳимлигини тан олиб,
ўзаро манфаатли шартлар асосида темир йўл транспорти соҳасидаги ҳамкорликни биргаликда ривожлантириш истагида,
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Болгария Республикаси Ҳукумати ўртасида транспорт соҳасида ҳамкорлик тўғрисида 1998 йил 24 июнда имзоланган Меморандумнинг аҳамиятини эътироф этиб,
давлатлараро алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида, мавжуд ва янги қурилаётган темир йўлларидан ўзаро манфаат асосида фойдаланиш зарурлигини тасдиқлаб, шунингдек транспорт соҳасида, шу жумладан аралаш ташишларни амалга ошириш орқали ҳар томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга интилиб,
иккала давлат учун кучга кирган халқаро кўп томонлама битимларни ҳам назарда тутиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз давлати ҳудудида йўловчи ва юкларни темир йўлларда халқаро ташишни амалга ошириш учун ўзаролик асосида энг қулай шароитларни таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси билан Болгария Республикасининг темир йўл маъмуриятлари темир йўл транспортига йўловчи ва юкларнинг ҳажмини қўшимча жалб этиш мақсадида, шу жумладан имтиёзли тарифларни қўллаш ҳамда темир йўл паром алоқасидан фойдаланиш сиёсатини ўтказиш орқали ҳамкорлик қиладилар.
Аҳдлашувчи Томонлар, икки томонлама ва кўп томонлама асосда эришилган аҳдлашувларга мувофиқ экспедиторлик хизматларини амалга оширишга кўмаклашадилар.
2-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўз давлатларининг амалдаги қонунлари доирасида уларнинг ҳудудларида мавжуд темир йўл тармоғи орқали ҳаракатланувчи составни қаршиликсиз ўтказиш, юкларни ташишни, шу жумладан учинчи давлатларга/дан транзитини таъминлайдилар.
3-модда
Аҳдлашувчи Томонлар тузиладиган икки томонлама шартномаларда белгиланган ҳажмларда темир йўл транспорти эҳтиёжлари учун техника, ускуналар, эҳтиёт қисмлар, моддий, ёқилғи-энергетика манбалари ва мойларни ўзаро етказиб беришни таъминловчи Ўзбекистон Республикаси билан Болгария Республикасининг моддий-техника таъминоти ташкилотлари ҳамда муассасалари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектларга кўмаклашадилар.
4-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўзининг миллий қонунларга мувофиқ ўз давлатлари ҳудудида йўловчи ва юкларни темир йўл транспортида ташишни амалга ошириш хавфсизлигини таъминлайдилар.
Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг транспорт воситалари, ходимлари, йўловчилари ёки юклари иштирокида авария ёки бахтсиз ҳодисалар юз берганда бошқа Аҳдлашувчи Томон, тегишли транспорт воситасини рўйхатдан ўтказган Аҳдлашувчи Томонни бу тўғрида хабардор қилади ва унинг тергов натижалари тўғрисида ахборот беради.
У ёки бу Аҳдлашувчи Томоннинг зарарини, бу масалаларни белгилаб берувчи, Аҳдлашувчи Томонлар учун кучга кирган халқаро ҳужжатлар асосида айбдор деб топилган Аҳдлашувчи Томон қоплайди.
5-модда
Аҳдлашувчи Томонлар поезд бригадаларининг хизмат кўрсатувчи ходимлар ва ишлари поездлар йўналиши бўйича ўтадиган шахсларнинг меҳнат шарт-шароитлари хавфсизлигини таъминлайдилар; бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг ҳудудида турган темир йўл ходимларига уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришда, шартнома асосида овқат ва дам олишни ташкил этишда кўмаклашадилар.
Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг хизмат кўрсатувчи ходимларига ўз мамлакатига хавфсиз етиб олиши учун зарур ҳажмда шошилинч бепул тиббий ёрдам берадилар.
6-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўзининг миллий қонунларига мувофиқ ўз давлатларининг ҳудудларида бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг темир йўл транспорт корхоналари ва ҳиссадорлик жамиятлари фаолият олиб боришлари учун шарт-шароитлар яратишга кўмаклашадилар.
7-модда
Аҳдлашувчи Томонлар темир йўл транспорти мутахассисларини тайёрлаш соҳасида ҳамкорлик қиладилар.
Тегишли ўқув муассасасини тамомлагандан сўнг берилган ихтисослик ҳужжатлари иккала Аҳдлашувчи Томон давлатининг ҳудудларида уларнинг қонунларига мувофиқ тегишли процедуралар ўтказилгач, бир хил юридик кучга эга бўлади.
8-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Битимнинг алоҳида қоидаларини амалга ошириш мақсадида темир йўл транспортини бошқариш ваколатли органларига ёки темир йўл маъмуриятларига зарур ҳолларда тегишли ҳужжатлар тузиш ҳуқуқини берадилар.
9-модда
Аҳдлашувчи Томонлар темир йўл ташувлари соҳасида бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг манфаатларига дахлдор қабул қилинган ёки тайёрланаётган қарорлар тўғрисида бир-бирларини хабардор қиладилар.
10-модда
Иккала Аҳдлашувчи Томон давлатларининг ҳудуди бўйлаб ташувлар, шунингдек улар давлатларининг ҳудуди орқали ҳарбий мақсаддаги юклар ёки бошқа хавфли юкларнинг транзит ўтиши Аҳдлашувчи Томонларнинг миллий қонунларига кўра тартибга солинади.
11-модда
Ушбу Битим мақсадларида қуйидагилар Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари деб ҳисобланадилар:
Ўзбекистон Республикаси учун: «Ўзбекистон темир йўллари» Давлат-ҳиссадорлик темир йўллари компанияси;
Болгария Республикаси учун: Транспорт ва коммуникация вазирлиги.
12-модда
Ушбу Битимни талқин қилиш ёки қўллашда юзага келадиган барча баҳсли масалаларни Аҳдлашувчи Томонлар музокаралар орқали ҳал қиладилар.
13-модда
Ушбу Битимга ўзгартиш ва тўлдиришлар унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ҳамда 14-моддада белгиланган тартибга мувофиқ кучга кирадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштирилади.
14-модда
Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисида охирги ёзма хабарнома олинган кундан бошлаб кучга киради.
Ушбу Битим беш йиллик муддатга тузилади. Аҳдлашувчи Томонлардан бири ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида тегишли муддат тугашидан камида олти ой илгари бошқа Аҳдлашувчи Томонни ёзма равишда хабардор қилмаса, у кейинги беш йиллик муддатларга ўз-ўзидан узаяверади.
Ушбу Битимнинг амал қилиши тўхтатилган ҳолда, унинг қоидалари у амал қилган даврда тузилган барча тегишли ҳужжатларга нисбатан уларнинг тўла бажарилишига қадар қўлланилади.
София шаҳрида 2003 йил 24 ноябрда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, болгар ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил юридик кучга эга. Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда қарама-қаршиликлар юзага келган ҳолда рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2004 й., 2-сон)