Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Афғонистон Ўтиш Ислом Давлати Ҳукумати ўртасида
Битим
ТРАНЗИТ ВА ТРАНСПОРТ СОҲАСИДА ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Афғонистон Ислом Давлати Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
транспорт ва транзит соҳаларида ўзаро фойдали ҳамкорликни янада ривожлантириш истагига асосланиб, ҳамда
ўз давлатлари ўртасида товарлар ва йўловчиларнинг транзити ва ташувларини, шунингдек ўз давлатлари ҳудудлари орқали учинчи мамлакатларга транзит ташувларни енгиллаштириш истагида,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Томонлар, ушбу билан, ўзларининг миллий қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз давлатлари ташувчиларига нисбатан йўл ҳамда ҳаво транспорт коммуникацияларида эркин транзит режимини тақдим этишни таъминлайдилар.
Томонлар давлатларининг ҳудудлари орқали товарларнинг транзит ташувида бож тўловлари ва бошқа йиғимлардан озод этилади.
2-модда
Томонлар Афғонистон Ислом Давлатининг транспорт ва коммуникация инфратузилмаларини ривожлантириш соҳасида жисмоний ва юридик шахслар ўртасида тузиладиган битимлар (контрактлар) асосида ҳамда халқаро молиявий ташкилотлар томонидан амалга ошириладиган узоқ муддатли лойиҳалар доирасида, айниқса қуйидаги йўналишларда ҳамкорликни амалга оширадилар:
1. Транспортнинг турли соҳаларидаги афғон мутахассисларини Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида тайёрлаш;
2. Афғонистон Ислом Давлати ҳудудларида тегишли инфратузилмани яратиш, шунингдек автомобиль ва темир йўлларини қуриш ҳамда қайта тиклаш.
3-модда
Томонлар ҳаво, автомобиль, дарё ва темир йўл коммуникациялари соҳасида транспорт қўшма корхоналар тузиш имкониятларини ўрганиб чиқадилар.
4-модда
Томонлар ўзаро тажриба алмашиш ҳамда илмий-техникавий марказларни ривожлантириш мақсадларида транзит, транспорт ва коммуникация соҳаларида мутахассисларни алмашадилар.
5-модда
Томонлар ўз давлатларининг автомобиль йўллари, шосселари, темир йўллари ва ҳаво кенгликларидаги ташувларда ёки транзитда йўловчилар, экипаж, хизмат кўрсатувчи ходимларнинг хавфсизлигини ҳамда автотранспорт воситалари, темир йўл вагонлари, контейнерлар, ҳаво кемалари, шу жумладан, товарлар ва юкларни сақлаш учун зарур бўлган тегишли чораларни кўрадилар.
6-модда
Томонлар ўз давлатлари ўртасида тўғридан тўғри транспорт коммуникацияларини енгиллаштириш учун зарур чораларни кўрадилар.
Иккала Томоннинг транспорт воситалари ўзаролик асосида учинчи давлатлар транспорт воситалари таъминланган қулай режимдан кам бўлмаган режим билан таъминланади.
Транспортнинг алоҳида соҳаларидаги ҳамкорлик мустақил равишда тузиладиган битимлар асосида амалга оширилиши мумкин.
7-модда
Тўғридан-тўғри транзит ташувларни енгиллаштириш мақсадида Томонлар ўз давлат чегара пунктларида кириш тартибларини жорий этадилар.
Товарлар ҳамда транспорт воситаларининг божхона чегаралари бўйлаб транзит ташуви божхона текширувисиз амалга оширилади, истисно тариқасида бундай текширувлар олиб киришга, олиб чиқишга ёки транзит қилиш тақиқланган предметларнинг ташувини гумон қилишга етарли асос бўлган тақдирда ўтказилади.
8-модда
Қуроллар, ўқ-дорилар, ҳарбий ускуналар ва хавфли ҳамда махсус юкларнинг қуруқликда ва дарё транспорти коммуникацияларида ҳамда ҳаво кенгликларидаги ташуви ва транзити миллий қонунлар ва қоидаларга ҳамда Томонлар иштирок этган халқаро шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.
Томонлар бир-бирларига ўз давлатларининг миллий қонун ҳужжатларига мувофиқ уларнинг давлатлари ҳудудларига олиб киришга, олиб чиқишга ва транзит қилишга тақиқланган юклар рўйхатларини тақдим этадилар.
9-модда
Ушбу Битимнинг самарали амал қилишини таъминлаш мақсадида Томонлар ўзларининг ваколатли органларини белгилайдилар:
Ўзбекистон Республикаси учун — Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги;
Афғонистон Ислом Давлати учун — Афғонистон Ислом Давлати Савдо вазирлиги.
10-модда
Ҳаво, автомобиль ва темир йўл қатнови ва транзитга оид, шунингдек мазкур Битимни амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ўзбек-афғон Ҳукуматлараро комиссия доирасида кўриб чиқадилар.
Томонлар мазкур тайинланган комиссия доирасида Томонлар ваколатли органлари вакилларидан иборат бўлган идоралараро қўшма комиссиялар ва экспертлар гуруҳларини ташкил этишлари мумкин.
11-модда
Ушбу Битим Томонларнинг улар иштирок этган бошқа халқаро конвенциялар ва шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
12-модда
Томонлар божхона ва ташувларга оид ўз қонунлари ва қоидаларига киритилган ва бошқа Томоннинг манфаатларига таъсир этиши мумкин бўлган ўзгартиришлар тўғрисида бир-бирларини хабардор этадилар.
13-модда
Ушбу Битим қоидаларини талқин этиш ва қўллаш билан боғлиқ мунозаралар маслаҳатлашувлар ва музокаралар воситасида ҳал этилиши лозим.
Мунозаралар дўстона воситалар ёрдамида ҳал этилмаган тақдирда, Томонлар халқаро меъёрларга мувофиқ қарор қабул қилишлари мумкин.
14-модда
Ушбу Битим қоидалари Томонларнинг ўзаро келишувига мувофиқ мазкур Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланган баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Улар ушбу Битимнинг 15-моддасида белгиланган тартибда кучга киради.
15-модда
1. Ушбу Битим Томонлар унинг кучга кириши учун лозим бўлган тегишли давлат ички процедураларни бажарганликлари тўғрисида ёзма хабарнома алмашган сўнгги кундан кучга киради.
2. Ушбу Битим кучга кирган вақтдан бошлаб 5 йил давомида амал қилади ва автоматик тарзда келгуси беш йиллик муддатларга узайтирилади ва тегишли беш йиллик муддат тугашидан 6 ой илгари Томонлардан бири бошқа бир Томонни ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги ниятини ёзма равишда хабардор қилмагунга қадар узайтирилиб борилаверади.
3. Ушбу Битим ўз кучини йўқотган тақдирда, унинг қоидалари Томонлар давлатларининг жисмоний ва юридик шахслари ўртасида Битим амал қилган даврда тузилган контрактларга нисбатан, Битим кучини йўқотгандан сўнг бир йил муддатгача татбиқ этилади.
Тошкент шаҳрида 2004 йил 29 августда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, дари ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битимни талқин этишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолларда инглиз тилидаги матн асосий ҳисобланади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2005 й., 1-сон)