Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг
Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ «АДВОКАТУРА ТЎҒРИСИДА»ГИ ҚОНУНИ 6-МОДДАСИ БИРИНЧИ ҚИСМИНИНГ БЕШИНЧИ ХАТБОШИСИГА ШАРҲ БЕРИШ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Раис Б. Эшонов. судьялар Б. Мирбобоев, Ғ. Абдумажидов ва Г. Пиржоновлардан иборат таркибда, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 109-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига амал қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 27 декабрда қабул қилинган «Адвокатура тўғрисида»ги Қонуни 6-моддаси биринчи қисмининг бешинчи хатбошисига шарҳ бериш ҳақидаги масалани кўриб чиқди.
Масала адвокат X. Нурмуҳамедовнинг Конституциявий судга Қонуннинг ушбу нормасига шарҳ беришни сўраб қилган мурожаати муносабати билан судьялар Б. Эшонов, Б. Мирбобоев ва Г. Пиржоновларнинг «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ кўрсатган ташаббуси билан киритилди.
Маърузачи судья Б. Мирбобоевнинг ахборотини мутахассислар Ўзбекистон Адвокатлар ҳайъати раиси С. Ёқубов, Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг ўринбосари П. Саматов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти директорининг ўринбосари М. Гасанов, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Қонунчилик ва суд ҳокимияти органлари билан алоқалар бўйича экспертлар гуруҳининг етакчи консультанти Ш. Бердиев, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг бўлим мудири К. Рашидов, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ҳ. Сулаймонова номидаги Республика илмий-тадқиқот криминалистика маркази директори С. Отахўжаевнинг фикрларини эшитиб, иш материалларини ўрганиб чиқиб, Конституциявий суд аниқлади:
Адвокат X. Нурмуҳамедовнинг мурожаатида қайд этилишича, «Адвокатура тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддаси биринчи қисмининг бешинчи хатбошисида кўрсатилганидек, адвокат касб фаолиятини амалга ошириш чоғида «юридик ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган масалалар юзасидан экспертлар хулосаларини мижознинг розилиги билан сўраш ва ёзма тарзда олиш» ҳуқуқига эгадир. Қонуннинг ушбу қоидасига мувофиқ X. Нурмуҳамедов Ҳ. Сулаймонова номидаги Республика илмий-тадқиқот криминалистика марказига экспертнинг ёзма хулосасини сўраб мурожаат қилган. Аммо, Ҳ. Сулаймонова номидаги Республика илмий-тадқиқот криминалистика маркази адвокатнинг бундай ҳуқуқи процессуал кодексларда мустаҳкамланмаганлиги сабабли унинг илтимосини рад этган.
Шундай қилиб, Қонуннинг ушбу нормасига нисбатан бир-бирини инкор этувчи тушунчалар вужудга келган, бу эса ҳуқуқни қўллаш амалиётида хатоликларга сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун ушбу нормани бир хил ва тўғри қўллаш мақсадида унга расмий шарҳ бериш лозим.
Қонун нормаларини таҳлил қилиб ва уларни процессуал кодексларнинг алоҳида нормалари билан таққослаб ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 25-моддасига амал қилган ҳолда, Конституциявий суд қарор қилди:
1. «Адвокатура тўғрисида»ги Қонуннинг кўрсатилган нормаси адвокатга юридик ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган масалалар юзасидан экспертлар хулосаларини мижознинг розилиги билан айнан экспертиза муассасаси ёки экспертдан сўраш ва ёзма тарзда олиш ҳуқуқини беради.
Қонун чиқарувчи адвокатнинг ушбу ҳуқуқини белгилаб, экспертиза муассасаларига ва экспертларга адвокатга экспертларнинг ёзма хулосаларини бериш мажбуриятини юклаган.
Шундай қилиб, экспертиза муассасалари ёки экспертлар адвокатнинг сўровномасига биноан мижознинг розилиги бўлган тақдирда юридик ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган масалалар юзасидан ёзма хулосалар беришлари шарт.
2. «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9- ва 27-моддаларига мувофиқ ушбу шарҳ мажбурий ва матбуотда эълон қилинган вақтдан бошлаб кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди
Конституциявий суди
Тошкент ш.,
2000 йил 5 июль
(«Халқ сўзи» газетаси, 2000 йил 12 июль, 133 (2430)-сон)