Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг
Қарори
«ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ АЙРИМ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИГА ЎЗГАРТИШЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА»ГИ ҚОНУН ЛОЙИҲАСИНИ ОЛИЙ МАЖЛИСГА КЎРИБ ЧИҚИШ УЧУН ТАҚДИМ ЭТИШ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Раис Б. Эшонов, судьялар Б. Мирбобоев, Ғ. Абдумажидов, Г. Пиржонов ва С. Ҳакимовалардан иборат таркибда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 82-моддаси ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддасига амал қилган ҳолда, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Қонун лойиҳасини Олий Мажлисга кўриб чиқиш учун тақдим этиш ҳақидаги ишни очиқ суд мажлисида кўрди.
Ишни кўришга Конституциявий суд судьялари Б. Мирбобоев, Ғ. Абдумажидов ва Г. Пиржоновларнинг Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 240-, Фуқаролик процессуал кодексининг 86- ва Хўжалик процессуал кодексининг 47-моддаларидаги экспертнинг хулоса беришдан бўйин товлаши учун жавобгарлигига оид қисмига ўзгартишлар киритиш зарур деб ҳисоблаб «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ кўрсатган ташаббуси асос бўлди.
Маърузачи судья Ғ. Абдумажидовнинг ахборотини, мутахассислар Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Қонунчилик ва суд ҳокимияти органлари билан алоқалар бўйича экспертлар гуруҳининг раҳбари Й. Назаров, Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг биринчи ўринбосари Ғ. Раҳимов, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг ўринбосари М. Азимов, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раисининг ўринбосари, Ҳарбий ҳайъат раиси X. Усмонов, Ўзбекистон Республикаси прокуратураси судларда жиноят ишларини кўришда прокурор ваколатини таъминлаш бошқармасининг бошлиғи А. Солиҳов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти директорининг ўринбосари М. Гасанов ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ҳ. Сулаймонова номидаги Республика илмий-тадқиқот криминалистика маркази директори С. Отахўжаевнинг фикрларини эшитиб, иш материалларини текшириб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди аниқлади:
1. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-моддасида ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Бу қоидага биноан ҳар қандай шахс ўз фикрини билдиришда эркиндир. Уни ўз фикрини билдиришга мажбурлаш мумкин эмас.
2. Процессуал қонун ҳужжатлари судлов ишлари бўйича эксперт иштирокини назарда тутади. Жумладан, эксперт жиноят, фуқаролик, хўжалик ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлари бўйича суриштирув, дастлабки тергов ва судда кўриб чиқиш жараёнида таклиф қилиниши мумкин. Эксперт зиммасига махсус билимларни талаб этадиган масалалар бўйича хулоса бериш мажбурияти юклатилади. Суд амалиётида экспертнинг хулоса беришни рад этганлиги ёки бу ишдан бўйин товлаганлиги ҳоллари кам. Бу учун жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 240-моддасида назарда тутилади, шунингдек бу ҳолат Фуқаролик процессуал кодексининг 86-, Хўжалик процессуал кодексининг 47- ва Жиноят-процессуал кодексининг 68-моддаларида кўрсатиб ўтилган.
3. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 240-моддасига биноан экспертнинг хулоса беришни рад этиши ёки бу ишдан бўйин товлаши, бунинг сабаблари қандай бўлишидан қатъий назар, энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки уч ойгача бўлган муддатга қамоқ билан жазолашга сабаб бўлади. Эксперт вазифасини бажаришни рад этиш турли сабаблар оқибатида юзага келиши мумкин: қариндошлик, дўстлик-душманлик, хизматга оид ва бошқа муносабатлар, экспертнинг текширишларни муваффақиятли ўтказишга ишончсизлиги, бандлиги, меҳнат ҳақининг озлиги, кимнингдир ғайри-қонуний таъсири, касбий обрўйига путур етиш хавфи ва бошқалар. Шахс бундай рад этишнинг ҳақиқий сабабларини тушунтиришга мажбур эмас.
4. Қонун ҳужжатларига мувофиқ эксперт сифатида суриштирувчи, терговчи ёки суд томонидан экспертиза муассасаларининг, бошқа давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларнинг мутахассислари ёки ҳар қандай бошқа билимдон шахслар тайинланиши мумкин. Ҳатто эксперт сифатида фикр билдириш хизмат вазифаси ҳисобланган шахс ҳам экспертизани бажаришни рад этиши мумкин. Бундай рад этишнинг оқибатлари Меҳнат кодексининг 100-моддасида назарда тутилган чораларни қўллашдангина иборат бўлиши мумкин, яъни ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишдан жиддийроқ чора қўлланилмаслиги лозим.
Юқорида баён қилинганларга асосланиб ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонуннинг 25- ва 26-моддаларига амал қилган ҳолда, Конституциявий суд қарор қилди:
Қонунчилик ташаббуси тартибида қуйидаги қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритилсин:
1. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 240-моддасининг сарлавҳаси ва биринчи қисмининг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«240-модда. Гувоҳ ёки жабрланувчининг кўрсатув беришдан бўйин товлаши
Суриштирув олиб бориш, дастлабки тергов вақтида ёки судда гувоҳ ёки жабрланувчининг кўрсатув беришдан бўйин товлаши —».
2. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси 86-моддасининг учинчи қисми, Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 47-моддасининг тўртинчи қисми ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси 68-моддасининг тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Эксперт била туриб ёлғон хулоса берганлик учун жиноий жавобгарликка тортилади».
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди
Конституциявий суди
Тошкент ш.,
2000 йил 12 апрель
(«Халқ сўзи» газетаси, 2000 йил 14 апрель, 72 (2369)-сон)