Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг
Қарори
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ 1992 ЙИЛ 24 АВГУСТДАГИ 394-СОН ҚАРОРИ БИЛАН ТАСДИҚЛАНГАН «ПЕДАГОГ ХОДИМЛАР БИЛАН МЕҲНАТ ШАРТНОМАЛАРИ ТУЗИШНИНГ КОНТРАКТ ШАКЛИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМ»НИНГ КОНСТИТУЦИЯВИЙЛИГИНИ ТЕКШИРИШ ҲАҚИДАГИ ИШ БЎЙИЧА
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Раис Б. Эшонов, судьялар О. Эрназаров, Ғ. Абдумажидов, Г. Пиржановлардан иборат таркибда,
Вазирлар Маҳкамасининг тараф сифатидаги манфаатларини ифодаловчи Л. Крутцова, эксперт, доцент М. Гасанов иштирокида,
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 109-моддаси 1-бандига ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонуннинг 1-моддасига амал қилган ҳолда,
Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 24 августдаги 394-сон қарори билан тасдиқланган «Педагог ходимлар билан меҳнат шартномалари тузишнинг контракт шакли тўғрисидаги Низом»нинг Конституцияга мувофиқлиги ҳақидаги ишни очиқ суд мажлисида кўриб чиқди.
Ишни юритиш Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 15-моддаси биринчи қисми, Конституциявий суд тўғрисидаги Қонуннинг 19-моддаси асосида Конституциявий суд ташаббуси билан қўзғатилди.
Вазирлар Маҳкамасининг педагог ходимлар билан меҳнат шартномалари тузишнинг контракт шакли шартларини тартибга солувчи норматив ҳужжати текширилиши лозим эди.
Судья Г. Пиржановнинг ахборотини, эксперт М. Гасановнинг фикрини эшитиб, иш материалларини ўрганиб чиқиб, Конституциявий суд қуйидагиларни аниқлади:
Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 24 августдаги 394-сон қарори билан «Педагог ходимлар билан меҳнат шартномалари тузишнинг контракт шакли тўғрисидаги Низом» тасдиқланган. Мазкур Низомга мувофиқ давлат олий ва ўрта махсус ўқув юртлари, ҳунар-техника билим юртлари, умумтаълим мактабларининг педагог ходимлари билан меҳнат шартномаси контракт асосида 1 йилдан 5 йилгача бўлган муддатга тузилади.
Вазирлар Маҳкамасининг вакилини, экспертнинг хулосасини эшитиб, иш материалларини ўрганиб чиқиб, Конституция, Меҳнат кодекси, «Таълим тўғрисида»ги Қонун нормаларини таҳлил этиб, Конституциявий суд Вазирлар Маҳкамасининг юқорида айтиб ўтилган Низоми Конституцияга мувофиқ эмас ҳамда олий ва ўрта махсус ўқув юртлари, ҳунар-техника билим юртлари, умумий таълим мактаблари профессор-ўқитувчилари таркибининг меҳнат ҳуқуқларини чеклаб қўяди деган хулосага келди.
Биринчидан. Конституциянинг 14-моддасида дейилганки, давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият манфаатларини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади. Конституциянинг 18-моддасида белгилаб қўйилганки, барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, қонун олдида тенгдирлар. Конституциянинг 37-моддаси барча фуқароларга меҳнат қилиш ва адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ҳуқуқини кафолатлайди.
Иккинчидан. Ҳар кимга ишга эга бўлишда, меҳнат қилиш ва иш билан таъминланиш шарт-шароитларида тенг имкониятлар яратиб берилиши Меҳнат кодексининг 58-моддасида ҳам назарда тутилган. Меҳнат кодексининг 76-моддасига биноан муддатли меҳнат шартномалари бажарилажак ишнинг хусусиятлари, уни бажариш шартлари ёки ходимнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, муайян муддатга мўлжалланган меҳнат шартномаларини тузиш мумкин бўлмаган, шунингдек қонунда назарда тутилган ҳоллардагина тузилади.
Муддатли меҳнат шартномасини фақат аниқ белгиланган ҳолларда тузиш мумкинлиги тўғрисидаги Меҳнат кодексида мустаҳкамлаб қўйилган норма умумий хусусиятга эга бўлиб, барча ходимларга, шу жумладан педагогларга нисбатан татбиқ этилади. Бошқа ҳолларда педагог ходимлар билан муддатли меҳнат шартномалари тузиш Меҳнат кодексининг 76-моддаси талабларига мувофиқ эмас, демак Конституциянинг Конституция ва Ўзбекистон Республикаси қонунларининг устунлиги мустаҳкамлаб қўйилган 15-моддасига ҳам мувофиқ эмас.
Шу тариқа, Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 24 августдаги 394-сон қарори ва у билан тасдиқланган Давлат олий, ўрта махсус ўқув юртлари, ҳунар-техника билим юртлари ва умумий таълим мактабларининг педагог ходимлари билан меҳнат шартномалари тузишнинг контракт шакли тўғрисидаги Низом Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 14, 15, 18 ва 37-моддаларига зиддир.
Баён қилинганлар асосида ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонуннинг 19, 25, 26 ва 27-моддаларига амал қилган ҳолда, Конституциявий суд қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 24 августда қабул қилинган «Педагог ходимлар билан меҳнат шартномалари тузишнинг контракт шаклига ўтиш тўғрисида»ги 394-сон қарори Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмас деб топилсин.
2. Ушбу қарор оммавий ахборот воситаларида эълон қилинсин.
3. Қарор матбуотда эълон қилинган пайтдан кучга киради, қатъий, унинг устидан шикоятга ўрин йўқ.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди
Конституциявий суди
Тошкент ш.,
1997 йил 17 июнь
(«Халқ сўзи» газетаси, 18 июнь 1997 й., 130 (1647)-сон)