Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ИҚТИСОДИЁТНИНГ СТРАТЕГИК ТАРМОҚЛАРИ КОРХОНАЛАРИНИ ХУСУСИЙЛАШТИРИШ ЖАРАЁНЛАРИНИ ЧУҚУРЛАШТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги ПФ-42-сонли «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Очиқ савдоларда хусусий мулк этиб сотиладиган корхоналар ва объектлар рўйхатини кенгайтириш, бунда халқаро амалиётда қабул қилинган нормаларга риоя этиш мақсадида:
1. 2007 йилнинг 1 августидан бошлаб мамлакат иқтисодиёти учун устувор аҳамиятга эга бўлган стратегик тармоқларнинг хусусийлаштириладиган айрим акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус чекланган ҳуқуқи (кейинги ўринларда — «олтин акция») жорий этилсин.
2. Белгилансинки:
хусусийлаштириладиган айрим акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқи («олтин акция») ҳар бир алоҳида ҳолатда стратегик аҳамиятга эга бўлган ҳамда республиканинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлайдиган давлат корхоналарини хусусийлаштириш ёки акциядорлик жамиятларининг давлат акция пакетларини хусусий мулк этиб сотишда Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорига асосан жорий этилади;
«олтин акция» устав капиталида давлат улуши бўлмаган ёки бу улуш 25 фоиздан ошмайдиган акциядорлик жамиятларида жорий этилиши мумкин;
«олтин акция» қийматга эга эмас, бировнинг ихтиёрига ўтказилмайди ва гаровга топширилмайди, устав фонди миқдорини белгилашда ва дивидендларни қўшишда ҳисобга олинмайди;
акциядорлик жамиятларида «олтин акция»ни жорий этишда белгиланган тартибда давлат вакиллари тайинланади, улар акциядорлик жамиятининг кузатув кенгаши таркибига киради ва акциядорларнинг умумий йиғилишларида қатнашишлари шарт.
3. Белгилаб қўйилсинки, «олтин акция»га эгалик қилиш Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан вакил қилинган орган (Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси)га, зарур ҳолларда акциядорлик жамиятлари бошқарув органларининг қуйидаги қарорларига «вето» қўйиш ҳуқуқини беради:
(3-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 28 августдаги ПФ-4561-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 36-сон, 477-модда)
акциядорлик жамиятининг уставига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида ёки акциядорлик жамиятининг уставини янги таҳрирда тасдиқлаш ҳақида;
акциядорлик жамиятининг устав фонди миқдорини ўзгартириш тўғрисида;
акциядорлик жамиятининг асосий фаолият йўналишларини ўзгартириш ҳақида;
акциядорлик жамияти томонидан йирик битимлар ва замирида манфаатдорлик ётган битимлар тузиш тўғрисида;
акциядорлик жамиятининг бошқа хўжалик жамиятларида қатнашуви ҳақида;
акциядорлик жамиятини қайта ташкил этиш ёки тугатиш, тугатиш бўйича комиссия тайинлаш тўғрисида ҳамда оралиқ ва узил-кесил тугатиш баланслари тўғрисида.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўн кун муддатда давлат томонидан акциядорлик жамиятини бошқаришда иштирок этиш махсус ҳуқуқи («олтин акция»)дан фойдаланиш тўғрисидаги низомни тасдиқласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
6. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 20 июль,
ПФ-3897-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 29-30-сон, 299-модда; 2013 й., 36-сон, 477-модда)