Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Сирдарё ГРЕС коммунал хўжалиги объектларини муҳандислик ва транспорт коммуникациялари билан биргаликда Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳамда «Ўзавтойўл» давлат консерни бошқарувига бериш тўғрисида
Уй-жой фонди ва муҳандислик коммуникацияларидан фойдаланишни яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Энергетика ва электрлаштириш вазирлиги, Сирдарё вилояти ҳокимлиги ва «Ўзавтойўл» давлат консернининг Сирдарё ГРЕС уй-жой фондини муҳандислик ва транспорт коммуникациялари билан Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва «Ўзавтойўл» давлат консерни тасарруфига беғараз ўтказиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Энергетика ва электрлаштириш вазирлиги, Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамда «Ўзавтойўл» давлат консерни Ўзбекистон Республикаси молия вазирлиги, Коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда идоралараро комиссияни ташкил этсинлар, Сирдарё ГРЕС уй-жой фондини муҳандислик ва транспорт коммуникациялари билан биргаликда 1-иловага мувофиқ 2000 йил 1 январ ҳолатига кўра қабул қилиш-топширишни амалга оширсинлар ҳамда белгиланган тартибда далолатномаларни тасдиқласинлар.
3. Ўзбекистон Республикаси Коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Сирдарё вилояти ҳокимлиги, «Ўзавтойўл» давлат консерни ўтказилаётган объектларнинг ўз тасарруфларидаги тузилмалар балансига ўз вақтида қабул қилинишини амалга оширсинлар, ўтказилаётган объектларнинг лозим даражада эксплуатация қилиниши, улар моддий-техника базасининг мустаҳкамланиши ҳамда самарали фойдаланилишини таъминласинлар.
4. Энергетика ва электрлаштириш вазирлиги 2-иловага мувофиқ 150 млн. сўмлик моддий ресурсларни ўтказилаётган объектларни таъмирлаш бўйича харажатларни қоплаш учун Ширин шаҳри ҳокимлигига ўтказсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги аҳолини иссиқлик билан таъминлаш тарифларидаги тафовутни ва фуқароларнинг айрим тоифаларига иссиқлик таъминоти хизматлари бўйича имтиёзлар бериш ҳамда эксплуатация харажатлари бўйича йўқотишларни қоплаш учун, шунингдек ободонлаштириш объектларини сақлаш учун 2001 йилдан бошлаб белгиланган тартибда маблағлар ажратилишини назарда тутсин.
Бюджет маблағлари ҳисобидан харажатларни молиялаштириш босқичма-босқич амалга ошириб борилсин — 2001 йилда талаб қилинадиган маблағларнинг 30 фоизи, 2002 йилда 60 фоизи ва 2003 йилдан бошлаб 100 фоизи миқдорида амалга оширилсин (иссиқлик энергияси тарифларидаги тафовутлардан ташқари).
Ўзбекистон Республикаси Энергетика ва электрлаштириш вазирлиги Сирдарё ГРЕС уй-жой ва коммунал хўжалиги объектларининг 2000 йилда тўлиқ молиялаштирилишини сақлаб қолсин, 2001 ва 2002 йилларда эса кўрсатиб ўтилган харажатларнинг мос равишда 70 фоизи ва 40 фоизи ҳажмида ўз молиявий ресурслари ҳисобидан Коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги таркибий бўлинмаларига ҳар ойда маблағлар ўтказиш орқали амалга оширсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари В. Атаев зиммасига юклатилсин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2000 йил 28 март,
107-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 28 мартдаги 107-сонли қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Сирдарё ГРЕС балансидан Коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги корхоналари, Сирдарё вилояти ҳокимлиги ва «Ўзавтойўл» давлат консернига ўтказилаётган объектлар
РЎЙХАТИ
Сирдарё вилояти ҳокимлиги балансига
1. Ичимлик суви ва канализация тармоқлари.
2. Кварталлар ичидаги иссиқлик тармоқлари.
3. Турар жойлар.
4. Ташқи ободонлаштириш объектлари, кўчалар ёриткичлари билан биргаликда.
Коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг «Сирдарёгаз» ишлаб чиқариш бошқармаси балансига
1. Ўрта ва паст босимли газ қувурлари.
«Ўзавтойўл» давлат консерни балансига
1. Автомобил кўприклари ва автомобил йўллари.
Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 28 мартдаги 107-сонли қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Энергетика ва электрификация вазирлиги томонидан Сирдарё вилояти ҳокимлиги коммунал хизматлари ва «Сирдарёавтойўл» акциядорлик бирлашмасига ўтказилаётган моддий ресурслар
ТАҚСИМОТИ
Т/р | Таркибий бўлинма номи | Таъмирлаш ва харажатларни қоплаш (зарарларни) сарфи (млн. сўм) |
1. | Ҳудудий коммунал-фойдаланиш бирлашмаси | 58,0 |
2. | «Сувоқава» ишлаб чиқариш бошқармаси | 42, 0 |
3. | «Сирдарёгаз» ишлаб чиқариш бошқармаси | 8,0 |
4. | «Сирдарёнур» ишлаб чиқариш бошқармаси | 6,7 |
5. | «Сирдарё иссиқлик манбаи» ишлаб чиқариш бошқармаси | 24, 3 |
6. | «Коммундренаж» ишлаб чиқариш бошқармаси | 5,0 |
7. | Ширин шаҳри кўкаламзорлаштириш бўлими | 3,0 |
8. | «Сирдарёавтоюл» акциядорлик бирлашмаси | 3,0 |
ЖАМИ | 150, 0 |