Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИНИНГ АЙРИМ ҚАРОРЛАРИГА ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА (ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ «АЛКОГОЛЛИ МАҲСУЛОТЛАР БИЛАН ЧАКАНА САВДО ҚИЛИШНИ ЯНАДА ТАРТИБГА СОЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА» 2007 ЙИЛ 16 МАРТДАГИ ПҚ-605-СОН ҚАРОРИ)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2007 йил 16 мартдаги ПҚ-605-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2007 йил 27 апрель,
85-сон
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларнинг айланиши устидан давлат монополиясини кучайтириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида алкоголли ва тамаки маҳсулотларини сотишдан бюджетга тушумни кўпайтириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 1998 йил 21 майдаги 221-сон қарори 8-бандининг учинчи хатбоши чиқариб ташлансин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Спирт ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларнинг айланиши устидан давлат назоратини мустаҳкамлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 1999 йил 5 январдаги 2-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1999 й., 1-сон, 2-модда) 5-бандининг тўртинчи хатбошидаги «100» ва «200» рақамлари тегишли равишда «200» ва «300» рақамлари билан алмаштирилсин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Вино-ароқ маҳсулотларини улгуржи ва чакана сотишни тартибга солиш тўғрисида» 1999 йил 26 мартдаги 136-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1999 й., 3-сон, 16-модда):
а) 1-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
б) 5-банднинг тўртинчи хатбоши чиқариб ташлансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 5 ноябрдаги 380-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2002 й., 11-сон, 66-модда) билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектлари — фақат юридик шахслар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга ошириладиган фаолиятнинг айрим турлари рўйхатига қуйидаги мазмундаги 15-банд қўшилсин:
«15. Алкоголли маҳсулотларни сотиш».
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Юридик ва жисмоний шахсларни рўйхатдан ўтказишни ҳамда улар томонидан савдо фаолияти амалга оширилишини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2002 йил 26 ноябрдаги 407-сон қарорининг (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2002 й., 11-сон, 71-модда) 4-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларини ҳамда Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида» 2003 йил 13 февралдаги 75-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2003 й., 2-сон, 15-модда):
а) қарорга 1-иловада:
биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Алкоголли ичимликлар билан савдо қилиш алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун, шу жумладан алкоголли маҳсулотларни қуйиб сотиш учун белгиланган тартибда берилган рухсатнома асосида ҳамда ушбу мақсадлар учун махсус мўлжалланган, фискал хотираси ҳимояланган назорат-касса машиналаридан фойдаланган ҳолда амалга оширилади»;
иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
биринчи хатбошидаги «мувофиқ бўлган» сўзларидан кейин «белгиланган намунадаги акциз маркалари билан маркаланган» сўзлари қўшилсин;
бешинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш фақат алкоголли маҳсулотларни сақлаш ва сотишнинг санитария нормалари ва қоидаларига мувофиқ бўлган омборхоналари ва асбоб-ускуналари бўлган (шу жумладан назорат-касса машиналарини қўлланиш, моддий бойликларнинг тўлиқ сақланишини таъминлаш шароитларига эга бўлган), алоҳида кириш жойи ҳамда шаҳарларда — камида 25 квадрат метрли, қишлоқ жойларда — камида 15 квадрат метрли (фақат алкоголли маҳсулотлар сотиш учун мўлжалланган) савдо зали, узоқ тоғли жойларда — алоҳида савдо бўлими мавжуд бўлган турғун савдо шохобчаларида амалга оширилиши мумкин»;
59-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«59. Мулкчилик шаклларидан қатъи назар, чакана савдо объектлари томонидан алкоголли ичимликларни сотиш вақти Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги махсус комиссиялар томонидан, алкоголли маҳсулотлар сотиш шартларига мувофиқ белгиланади»;
60-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«60. Алкоголли ичимликларни:
18 ёшга тўлмаган шахсларга;
мувофиқлик сертификатисиз;
яроқлилик муддати ўтиб кетган ҳолда;
акциз маркалари билан маркаланмаган ҳолда ёки қалбаки акциз маркалари билан;
тайёрлаган корхонани аниқлаш имконини бермайдиган, аниқ маркаланмаган ҳолда;
уни тайёрлаш учун лицензияга эга бўлмаган мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари тайёрлаган алкоголли ичимликларни;
уларни етказиб бериш ҳуқуқига эга бўлмаган етказиб берувчи томонидан ёки божхона тартиб-қоидалари, савдо белгиларидан ва фирма номларидан фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларида, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган қоидаларни бузган ҳолда етказиб берилган алкоголли ичимликларни;
алкоголли маҳсулотларни сақлаш ҳамда сотишнинг санитария норма ва қоидаларига мувофиқ бўлмаган жойларда;
ўқув муассасалари, мактабгача ва диний муассасалардан 500 метрдан кам радиусда жойлашган савдо корхоналарида;
жамоат транспорти бекатларида, шу жумладан метрополитен станциялари ёнида жойлашган савдо корхоналарида, жамоат ва дам олиш жойларида, даволаш-профилактика ва спорт-соғломлаштириш муассасалари ҳудудида, ушбу муассасалар ва ишлаб чиқариш корхоналари ошхоналарида, шунингдек аэропортлар, темир йўл вокзаллари ва автостанцияларга яқин жойларда;
этикеткасиз, ифлос (ички ёки сиртқи томони), ёрилган, қопқоқланадиган жойи шикастланган, умуман тиниқ бўлмаган, ичига чет аралашмалар тушган, чўкинди қолдиқлари мавжуд бўлган (коллекцион виноларникидан ташқари) шиша бутилкаларда сотиш тақиқланади»;
б) қарорга 2-илованинг 20-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«20. Алкоголли маҳсулотларни умумий овқатланиш корхоналарида сотиш, алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдони амалга ошириш ҳуқуқи учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги махсус комиссиялар томонидан бериладиган рухсатнома мавжуд бўлган тақдирда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади».
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 17-18-сон, 182-модда; 2011 й., 1-2-сон, 8-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.08.2019 й., 09/19/707/3626-сон)