Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ МУАССАСАЛАРИНИ ТЕХНИКА БИЛАН ЖИҲОЗЛАШ УЧУН БЕРИЛАЁТГАН ХИТОЙ ХАЛҚ РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИНИНГ ФОИЗСИЗ КРЕДИТ МАБЛАҒЛАРИДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати томонидан берилаётган фоизсиз кредитдан самарали фойдаланилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасида 2002 йил 21 октябрдаги Ҳукуматлараро битимга мувофиқ Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати томонидан ўн йиллик имтиёзли даврни қўшган ҳолда 20 йил муддат билан 30 млн. юан (3,62 млн АҚШ доллари) миқдорида фоизсиз кредит берилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки:
фоизсиз кредит маблағлари «Тиббиёт институтларини ва уларнинг клиника базаларини даволаш-ташхис қўйиш ва ўқув асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш» лойиҳасини амалга оширишга йўналтирилади;
кредитни қайтариш ҳамда унга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ зарур тўловлар ва воситачилик ҳақини тўлаш давлат бюджети ҳисобига амалга оширилади.
3. Қуйидагилар:
Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати томонидан берилаётган фоизсиз кредит маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари 1-иловага* мувофиқ;
кўрсатиб ўтилган лойиҳани молиялаштириш учун Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати томонидан берилаётган фоизсиз кредитни қайтариш жадвали 2-иловага* мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўрсатиб ўтилган лойиҳани амалга ошириш бўйича ижро этувчи агент этиб тасдиқлансин.
* Иловалар берилмайди.
4. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Азизхўжаев Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Айирбошлаш ноталарини имзолашга вакил қилинсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати томонидан вакил қилинган банк билан кредитга кредит битими имзоланган кунда белгиланган курс бўйича АҚШ долларида ҳисоб-китоб хизмати кўрсатиш бўйича банклараро битимни имзоласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир ой муддатда:
кўрсатиб ўтилган лойиҳа бўйича техник-иқтисодий ҳисоб-китобларни тасдиқлаш учун белгиланган тартибда киритсин, унда асбоб-ускуналарнинг олий тиббиёт ўқув муассасалари ва уларнинг филиалларига, фармацевтика институтига ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг врачлар малакасини ошириш институтига аниқ йўналтирилишини назарда тутсин;
сотиб олинаётган асбоб-ускуналарнинг узил-кесил спецификациясини Хитой томони билан биргаликда белгиласин, кейинчалик тендер асосида аниқланган ваколатли етказиб берувчи билан импорт контрактини тузсин;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки билан кредитдан фойдаланиш ва уни қайтариш бўйича уч томонлама агентлик битимини имзоласин.
7. Сотиб олинаётган лаборатория, даволаш-ташхис қўйиш, жарроҳлик ва ўқув асбоб-ускуналаридан мақсадли ва самарали фойдаланилиши юзасидан жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига юклансин.
8. Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати томонидан берилаётган кредит доирасида Ўзбекистон Республикасига келтириладиган асбоб-ускуналар божхона тўловларини (божхонада расмийлаштириш йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод қилинсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги буюртманомаларига биноан кўрсатиб ўтилган лойиҳани амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассислар учун келиш визаларининг консуллик йиғимлари ундирмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги буюртманомаларига биноан кўрсатиб ўтилган лойиҳани амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассисларга, уларни давлат божи тўлашдан озод қилган ҳолда, кўп марталик визалар берилишини ва муддати узайтирилишини, шунингдек уларнинг вақтинчалик рўйхатдан ўтказилишини ҳамда вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини таъминласин.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Азизхўжаев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2004 йил 14 июнь,
280-сон