Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ҚУВАЙТ ДАВЛАТИ БИЛАН ҲАР ТОМОНЛАМА ҲАМКОРЛИКНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 19-20 январда Қувайт Давлатига расмий ташрифи давомида имзоланган битимлар ва эришилган келишувларни бажариш ҳамда икки томонлама ҳамкорликни сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция ва гуманитар соҳаларда ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қувайт Давлати билан ҳамкорлик кўламини кенгайтириш тадбирлари режаси 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1-илова берилмайди.
2. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар департаменти, Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий маркази, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси ва «Ўзавтойўл» давлат-акциядорлик компанияси расмий ташриф давомида имзоланган битим ва ҳужжатларни амалга ошириш юзасидан мунтазам равишда назорат ўрнатсинлар.
3. Қувайт Давлати ҳукумати ҳамда иқтисодий соҳада фаолият кўрсатаётган жамғармалар, иқтисодий-молиявий муассасалар, ҳусусан, Қувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси билан узоқ муддатли ва самарали ҳамкорликни ривожлантириш чора-тадбирлари кўзда тутилсин. Ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш Иқтисодиёт вазирлиги (Р.Азимов) ва Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги (Э.Ғаниев) зиммасига юклансин.
4. Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида 2004 йил 15 апрелгача Ташқи ишлар вазирлари ҳамраислигида Қувайт томони билан биргаликда ҳукуматлараро қўшма комиссияни тузиш тўғрисида ўзаро келишувга эришилсин. Қўшма комиссиянинг Ўзбекистон томони аъзоларининг рўйхати 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 2-илова берилмайди.
5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги 2004 йил 1 июлгача Қувайт томони билан биргаликда мазкур давлатда Ўзбекистон Республикасининг элчихонасини очиш билан боғлиқ ташкилий масалалар ҳал этилишини таъминласин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.Мирзиёев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2004 йил 11 февраль,
66-сон