Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН ПОЧТА ВА ТЕЛЕКОММУНИКАЦИЯЛАР АГЕНТЛИГИ ТЎҒРИСИДАГИ ҲАМДА ПОЧТА ВА ТЕЛЕКОММУНИКАЦИЯЛАРНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЖАМҒАРМАСИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМЛАРНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 23 сентябрдаги 328-сонли «Алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида бошқарувни ташкил этишни такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 1997 йил 31 июлдаги 380-сон қарорига мувофиқ ҳамда Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги ҳамда Почта ва телекоммуникацияларни ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолият кўрсатишининг ташкилий-ҳуқуқий базасини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги тўғрисида Низом 1-иловага мувофиқ;
Почта ва телекоммуникацияларни ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб - қувватлаш жамғармаси тўғрисида Низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. «Ўздавстандарт» маркази почта ва телекоммуникациялар техник воситаларини ва хизматларини сертификациялаш органи сифатида Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлигини белгиланган тартибда аккредитация қилсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари К. Р. Раҳимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў. СУЛТОНОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 28 август,
420-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 22 ноябрдаги458-сонли қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2000 й., 9-10-сон, 146-модда)
Почта ва телекоммуникацияларни ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб - қувватлаш жамғармаси тўғрисида
НИ3ОМ
I. Умумий қоидалар
1. Почта ва телекоммуникацияларни ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) почта ва телекоммуникацияларни ривожлантиришнинг устувор ва ижтимоий аҳамиятли лойиҳаларини маблағ билан таъминлашда қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган.
2. Жамғарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари ва бошқа қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, мазкур Низомга амал қилади.
3. Жамғарма юридик шахс ҳисобланади, ўз балансига, миллий ва хорижий валютада ҳисоб - китоб ва бошқа банк счётларига, ўз рамзи тасвирланган ва номи ёзилган муҳрга, штамплар ва расмий иш қоғозларига эга бўлади.
Жамғарма ўз мажбуриятлари бўйича ўзининг барча активлари билан жавоб беради.
Жамғарма маблағлари мазкур Низомда назарда тутилган мақсад ва вазифаларни амалга оширишга йўналтирилади.
Жамғармани тугатиш ва қайта ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
II. Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари
4. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:
Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги тизимига кирувчи почта ва телекоммуникациялар объектлари ҳамда корхоналарини хусусийлаштиришдан олинган маблағларнинг 40 фоизи;
Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги тизимига кирувчи акциядорлик жамиятлари ҳамда қўшма корхоналардаги давлатга тегишли акция (улуш)лар туркуми бўйича дивидендларнинг 25 фоизи;
Олдинги таҳрирга қаранг.
телекоммуникациялар соҳасида бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияларни берганлик учун давлат пошлиналаридан тушувчи маблағларнинг 50 фоизи;
(II бўлим 4 бандининг тўртинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 22 ноябрдаги 458-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2000 й., 9-10-сон, 146-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
юридик ва жисмоний шахсларнинг беғараз бадаллари;
(II бўлим 4 бандининг бешинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 22 ноябрдаги 458-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2000 й., 9-10-сон, 146-модда)
амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини банк депозитлари шаклида ёки бошқа шаклларда жойлаштиришдан олинган даромадлар;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Мулкчилик шакллари ва қайси идорага қарашлиликларидан қатъи назар, почта ва телекоммуникациялар соҳасида фаолият кўрсатаётган жисмоний, шунингдек юридик шахслардан норматив ҳужжатлар, давлат тармоқлар стандартлари талабларини, почта ва телекоммуникациялар соҳасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини бузганлик учун санкциялар шаклида, монополияга қарши қонунчиликни бузганлик учун солинадиган иқтисодий санкциялар ва жарималардан бошқа, ундириладиган маблағлар.
(II бўлим 4 бандининг охирги хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 22 ноябрдаги 458-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2000 й., 9-10-сон, 146-модда)
III. Жамғарманинг вазифалари ва фаолиятининг асосий йўналишлари
5. Қуйидагилар: жамғарма вазифалари ва фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:
корхоналарни хусусийлаштиришдан олинган маблағларнинг 40 фоизини, шунингдек акциядорлик жамиятларида ва қўшма корхоналардаги давлатга тегишли акция (улуш)лар туркумлари бўйича дивидендларнинг 25 фоизини ҳамда почта ва телекоммуникациялар айрим корхоналарининг бадалларини, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига зид бўлмайдиган бошқа маблағларни жамлаш;
Жамғарма счётларида жамланадиган маблағлардан:
почта алоқаси ва телекоммуникациялар тармоқлари ҳамда воситаларини техник қайта жиҳозлаш ва реконструкция қилишни ривожлантириш соҳасидаги устувор илмий - тадқиқот ишларини маблағ билан таъминлашда;
телекоммуникациялар маҳсулотларининг янги турларини ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш ҳамда хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ дастурларни амалга оширишда;
мутахассислар тайёрлаш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини ривожлантиришни маблағ билан таъминлашда;
Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги аппарати ҳамда унинг тизимига кирувчи ва даромад олишнинг мустақил манбаларига эга бўлмаган телекоммуникация тизимларини тартибга солиш, бошқариш ва назорат қилиш давлат органлари фаолиятини маблағ билан таъминлашда;
танлов асосида танлаб олинадиган почта ва телекоммуникацияларни реконструкция қилиш ҳамда ривожлантириш лойиҳаларини маблағ билан таъминлашда;
шаҳар ва қишлоқ алоқа бўлимларида почта-касса операцияларини компьютерлаштириш лойиҳаларини маблағ билан таъминлашда;
эфирга рухсатсиз чиқишлар ва давлат тузилмаларининг радио воситаларига халал беришларнинг олдини олиш мақсадида радиочастота спектридан фойдаланилиши устидан давлат назоратини ўрнатиш учун махсус назорат-ўлчов техникаси сотиб олишга сарфланган харажатларни қисман қоплашда;
коммутация тизимлари учун ватанимизнинг дастурий таъминотини ташкил қилиш ва жорий этиш бўйича махсус дастур ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини маблағ билан таъминлашда;
қишлоқ жойларда алоқа хизмати кўрсатувчи почта алоқаси, радио алоқа, радиоэшиттириш ва телевидение корхоналарига вақтинчалик молиявий ёрдам кўрсатишда;
почта ходимлари учун формали кийим - бош ва велосипедлар сотиб олиш харажатларини қисман маблағ билан таъминлашда фойдаланиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси қишлоқлари ва узоқ аҳоли яшаш жойлари телекоммуникация инфратузилмасини қайта жиҳозлаш ва уни янада ривожлантиришни мақсадли маблағ билан таъминлаш.
(III бўлим 5-бандининг учинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 10 июлдаги 293-сонли қарорига мувофиқ хатбоши билан тўлдирилган)
Олдинги таҳрирга қаранг.
операторлар ва провайдерлар томонидан кўрсатилаётган телекоммуникациялар универсал хизматларини ривожлантиришни маблағ билан таъминлаш;
(III бўлимнинг 5-банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 22 ноябрдаги 458-сонли қарорига мувофиқ хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2000 й., 9-10-сон, 146-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
«Ўзбектелеком» акциядорлик компаниясининг телекоммуникация асбоб-ускуналарини етказиб бериш юзасидан контрактлар бўйича қарзларини қисман тўлаш.
(III бўлимнинг 5-банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 27 декабрдаги 488-сонли қарорига мувофиқ хатбоши билан тўлдирилган)
6. Жамғарма маблағлари тегишли лицензиялар асосида республика ҳудудида ўз фаолиятини амалга ошираётган, мулкчилик шаклидан қатъи назар, асосий фаолияти бўйича хизматлар ҳажми жами тушум ҳажмининг камида 60 фоизини ташкил этадиган юридик шахсларга, шунингдек почта ва телекоммуникациялар соҳасидаги ўқув, илмий-тадқиқот муассасаларига ва тартибга солиш, бошқариш ва назорат қилиш органларигагина ажратилади.
7. Жамғарма маблағлари Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги тизимига кирувчи корхоналарнинг сармояларига қўйилади ва айрим ҳолларда «Алоқабанк» ва унинг филиаллари орқали уларга кредитлар сифатида берилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. Жамғарма маблағлари Жамғарманинг тасдиқланган бюджетига мувофиқ Агентлик ва «Алоқабанк» экспертизасидан ўтган электр, почта алоқаси, радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение воситалари ва тармоқларини ривожлантиришнинг аниқ лойиҳаларига ажратилади.
(III бўлимнинг 8 банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 5 январдаги 5-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2001 й., 1-2-сон, 2-модда)
IV. Жамғарманинг ҳуқуқлари
9. Жамғарма қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:
мазкур Низомнинг II бўлимида белгиланган манбалардан тушувчи маблағларни ўз банк счётларида жамлаш;
маблағларни почта ва телекоммуникациялар корхоналарининг сармояларига қўйиш ёки ихтисослаштирилган «Алоқабанк» ва унинг филиаллари орқали кредитлар, бериш йўли билан улардан фойдаланиш;
Жамғарма томонидан ажратиладиган маблағлардан мақсадли фойдаланишни назорат қилиш, қоидабузишлар аниқланган ҳолларда маблағ билан таъминлашни тўхтатиш ёки ажратилган маблағларни қайтариб олиш;
«Алоқабанк» ва унинг тармоқларининг мамлакат ҳамда хорижий давлатларнинг кредит - молия муассасалари билан вакиллик муносабатларидан фойдаланиб, вақтинча бўш маблағларни қисқа муддатли ликвидли молия воситаларига (депозитларга, қарз қимматли қоғозлар ва бошқаларга) жойлаштириш.
10 Жамғарма маблағларини жойлаштиришга оид барча операциялар Жамғарма Кенгаши билан келишган ҳолда унинг томонидан ҳар йили тасдиқланадиган бюджет доирасида амалга оширилади.
11. Жамғарма электр ва почта алоқаси, радиоалоқа, радиоэиттириш ва телевидение воситалари ва тармоқларини ривожлантириш ҳамда реконструкция қилишнинг аниқ лойиҳаларига Жамғарма маблағларини ажратиш учун шартлар, талаблар ва Қоидаларни белгилашга ҳақлидир.
12. Жамғарма савдо - воситачилик, лизинг, траст ва ипотека операцияларини амалга ошириш, шунингдек қарз маблағларини жалб қилиш ҳуқуқига эга эмас.
V. Жамғарманинг мажбуриятлари
13. Жамғарма:
ресурслардан самарали фойдаланишни таъминлашга;
Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланиш устидан назоратни амалга оширишга;
алоқа хизматлари барча турларининг ривожланиши ва такомиллаштирилишига кўмаклашишга;
ҳар йили 1 декабрдан кечиктирмай навбатдаги йил учун даромадлар ва харажатларни йил чораклари, шунингдек, моддалар бўйича тақсимлаган ҳолда прогноз бюджетни тузиш ва уни Жамғарма Кенгаши тасдиқлаши, учун киритишга;
ҳар бир календарь чоракнинг йигирма куни давомида Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлигига, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тамом бўлган йил чораги учун молия-хўжалик фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этишга;
ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ўтган давр учун Жамғарма фаолияти тўғрисида батафсил ҳисобот тақдим этишга мажбурдир.
VI. Жамғармани бошқариш
14. Жамғарма Кенгаши Жамғарма бошқарувининг юқори органи ҳисобланади, у Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат мулки қўмитаси, Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ҳукумат алоқаси хизмати раҳбарлари ўринбосарларидан иборат бўлади.
Жамғарма Кенгашининг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги бош директорининг ўринбосари Жамғарма Кенгашининг раиси ҳисобланади.
Жамғарма Кенгаши раиси ва унинг аъзолари ўз вазифаларни жамоатчилик асосида бажарадилар.
15. Жамғарма Кенгаши Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг устувор йўналишларини ва шартларини белгилайди ва Жамғарма директорининг маблағлардан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботини тинглайди.
16. Жамғарма Кенгашининг йиғилиши йил чорагида камида бир марта ўтказилади. Зарурат бўлганда навбатдан ташқари йиғилишлар чақирилиши мумкин.
17. Жамғарманинг жорий фаолиятига раҳбарлик қилиш ва Жамғарма Кенгаши қарорларини бажариш директор бошчилигидаги дирекция томонидан амалга оширилади. Директор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан бўшатилади ҳамда Жамғарма Кенгаши томонидан лавозимга тасдиқланади.
18. Жамғарма директори:
Жамғарманинг жорий фаолиятини ташкил этади ва унга юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун жавоб беради;
Жамғарма ходимларини ишга қабул қилади ва ишдан бўшатади;
давлат органлари, муассасалар ва корхоналар, юридик ва жисмоний шахслар олдида, шу жумладан хорижий давлатларнинг юридик ва жисмоний шахслари, шунингдек халқаро ташкилотлар олдида Жамғарманинг манфаатларини ифодалайди.
Жамғарма фаолиятига алоқадор юридик ва жисмоний шахслар билан шартномалар тузади, Жамғарма номидан ишончномасиз иш кўради;
штат жадвалини, Жамғарма маблағлари ҳисобига Жамғарма аппаратини маблағ билан таъминлаш учун харажатлар сметасини тузади ва Жамғарма Кенгашининг тасдиғига тақдим этади;
Жамғарманинг лавозим йўриқномаларини ва бошқа ички ҳужжатларини тасдиқлайди;
Жамғарма номидан даъволар қилади;
Жамғарма ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар ва фармойишлар чиқаради;
мазкур Низомга ва амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа масалалар бўйича қарор қабул қилади.