«ТАСДИҚЛАНГАН»
Ўзбекистон почта ва
телекоммуникациялар агентлиги
Бош директори
А.Х.Жўрабоев
ТАКСОФОНЛАРДАН ТЕЛЕФОН АЛОҚАСИ ХИЗМАТЛАРИНИ ТАҚДИМ ЭТИШ ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ
Қоидалари
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 11 июнь 1998 йил 445-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
Мазкур Қоидалар Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бош директорининг 2010 йил 3 августдаги 290-сонли «Таксофон орқали телефон алоқа хизматларини кўрсатиш Қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 2140, 06.09.2010 й.) мувофиқ ўз кучини йўқотган.
1.Умумий қоидалар
1. Мазкур қоидалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 28 августдаги 420 -сонли «Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги тўғрисида ҳамда почта ва телекоммуникацияларни ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида низомларни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори асосида ишлаб чиқилган.
2. Мазкур қоидалар телефон-автомат (таксофон)лардан телефон алоқаси хизматларини тақдим этишнинг тартиб ва шартларини аниқлайди.
3. Таксофонларнинг тури ва вазифасига қараб улардан маҳаллий (бир аҳоли яшаш пункти ёки қишлоқ тумани), шаҳарлараро ва халқаро сўзлашувлар амалга оширилиши мумкин.
4. Сўзлашувлар учун тўловлар махсус жетон ва ёки телефон карточкаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
Таксофонни эксплуатация қилувчи корхоналар маҳсус жетон ва телефон карточкаларини фойдаланувчилар учун қулай бўлган жойларда сотишни таъминлашлари керак.
Уларни савдо тармоқлари, алоқа бўлимлари ва ҳ.к. орқали сотишга йўл қўйилади.
5. Умумий фойдаланиш абонент пунктлари бўлган таксофонлар ўрнатилган пунктлар аҳолининг телефон алоқасига бўлган эҳтиёжини янада тўлиқроқ қондириш, фойдаланиш қулайлиги, таксофон ва кабиналарнинг техник эксплуатациясини таъминлаш, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя қилишни ҳисобга олган ҳолда ташкил этилиши лозим.
6. Таксофонлар кўчаларда, майдонларда, аэропортларда, вокзалларда, метрода, автостанцияларда, дўконларда, ўқув юртларида, шаҳар жамоа транспорти бекатларида, тиббий ва даволаш муассасаларида, маҳаллалар ва бошқа жойларда, шунингдек, махсус жиҳозланган сўзлашув пунктларида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари ёки эгалари билан келишилган ҳолда ўрнатилади.
7. Таксофон жиҳозларини қуйидагича ўрнатиш кўзда тутилади:
бино ташқарисида (кўчаларда, майдонларда, хиёбонларда ва б.) жойлашган кабиналарда ва ярим кабиналарда;
атмосфера ёғингарчиликлари таъсирига йўл қўйилмайдиган шароитлар таъминланган биноларда (ер ости ўтиш йўллари, метро, вокзал хоналари, аэропортлар, дўконлар ва б.) очиқ ҳолда (деворларда, ярим кабиналарда).
Таксофонлар, кабиналар ва ярим кабиналарнинг жойлашиши ва жиҳозланиши фойдаланишнинг қулайлигани, ташқи шовқин таъсиридан чегаралашни, сўзлашувлар сирини, ёритилганликни таъминлаши лозим.
8. Таксофонлар ўрнатилган жойларда куйидагалар бўлиши шарт:
таксофондан фойдаланиш йўриқномаси;
маълумот тариқасидаги ахборот (маълумот-сўров хизматларининг телефон рақамлари, яқин атрофда жойлашган таксофон манзили ва ҳ.к.);
таксофонларни эксплуатация қилувчи эксплуатация корхонаси ҳақидага ахборот (номи, манзили, телефон рақамлари);
тақдим этилаётган хизматлар тарифлари;
махсус жетон, телефон карточкаларини сотиб олиш пунктлари ҳақидаги ахборот.
9. Таксофонларнинг турига кўра қуйидаги пуллик хизмат турлари тақдим этилади:
маҳаллий тармоқ абоненти ёки маълумот-сервис хизмати (об-ҳаво маълумотлари, такси чақируви ва ҳ.к) билан телефон сўзлашуви;
шаҳарлараро (Ўзбекистон Республикаси доирасида) телефон сўзлашувлари;
бошқа мамлакат абонентлари билан халқаро телефон сўзлашувлари.
Махсус ва авария хизматлари-ёнгандан муҳофаза (01), милиция (02), тез тиббий ёрдам (03), шаҳар газ авария хизмати (04) чақируви бепул амалга оширилади.
II. Таксофонларни эксплуатация қилувчи корхоналар қуйидагиларга мажбурдирлар:
таксофонларнинг кеча-кундуз сифатли ишлашини, уларнинг тутилишини, шунингдек, кабина ва ярим кабиналарнинг соз ҳолатда бўлишини таъминлаш;
фойдаланувчиларнинг махсус жетон ёки телефон карточкаларини сотиб олишлари учун барча қулайликларни яратиш;
рақамни тўғри териш, таксофондан фойдаланиш йўриқномаси ва маълумот тариқасидаги ахборот билан танишиш, ҳамда сўзлашув олиб борилишининг қулайлигига имкон берадиган ёритилганликни таъминлаш.
III Телекоммуникация корхоналари:
амалдаги меъёрий ҳужжатларга мувофиқ равишда ва белгиланган тартибда таксофон алоқасининг янги шаклларини татбиқ этиш ҳукуқига эгадирлар.
IV. Фойдаланувчи қуйидагиларга мажбур:
такдим қилинган сўзлашув учун ҳақ тўлашга бунинг учун мўлжалланган шу турдага таксофон учун махсус жетон ёки телефон карточкаларидан фойдаланишга;
таксофонларнинг, кабина ёки ярим кабиналарнинг бузилиши ва шикастланишига йўл қўймасликка.
V. Фойдаланувчи:
таксофонларни эксплуатация қилувчи корхоналарни таксофонларнинг сифатсиз ишлаши, кабина ва ярим кабиналарнинг қониқарсиз холатда эканлиги ҳақида хабардор қилиш;
таксофонларнинг қониқарсиз ишлаши ҳақида аризалар бериш ҳуқуқига эгадир.
VI. Фойдаланувчининг жавобгарлиги:
«Фойдаланувчи» таксофонларни, кабина ёки ярим кабиналарни ишдан чиқарганлик, мазкур қоидаларнинг низомларини бузганлик учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгаланган тартибда жавобгардир.