Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«МИКРОКРЕДИТБАНК» АКЦИЯДОРЛИК-ТИЖОРАТ БАНКИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА УНИНГ МОДДИЙ-ТЕХНИКА БАЗАСИНИ МУСТАҲКАМЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 16 августдаги ПФ-111-сонли «Ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг барқарорлигини таъминлаш, сифати ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Микрокредитбанк» акциядорлик-тижорат банкини ташкил этиш тўғрисида» 2006 йил 5 майдаги ПФ–3750-сон Фармонини бажариш юзасидан ҳамда унинг самарали фаолиятини ташкил этишни таъминлаш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Олдинги таҳрирга қаранг.
«Микрокредитбанк» акциядорлик-тижорат банки Кузатувчи кенгашнинг таркиби 1-иловага мувофиқ;
Микрокредитлар бериш ва микролизинг хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
(1-банднинг иккинчи ва учинчи хатбошилари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 17 декабрдаги 273-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 51-сон, 501-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Қуйидагилар «Микрокредитбанк» акциядорлик-тижорат банки Кузатувчи кенгашнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
(2-банднинг биринчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 17 декабрдаги 273-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 51-сон, 501-модда)
банкнинг тадбиркорлик субъектларига микрокредит бериш ва микролизинг бўйича кўрсатиладиган хизматлар сифатини ва қулайлигини оширишга йўналтирилган узоқ муддатли сиёсатини шакллантириш;
банк фаолиятини, шу жумладан кредит бериш ва маблағларни инвестициялашнинг омонатчилар ва акциядорлар манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлайдиган тизими жорий этилишини ва унинг самарали фаолият кўрсатишини назорат қилиш;
банкда корпоратив бошқарувнинг аҳволини ва унинг Бошқаруви фаолиятини назорат қилиш;
банкка юкланган вазифаларни ва мажбуриятларни ўз вақтида бажариш учун унинг етарли даражада капиталлаштирилишини ва ликвидлигини таъминлаш;
самарали фаолият кўрсатадиган, айниқса қишлоқ жойларда, филиаллар ва минибанклар тармоғини шакллантириш.
3. «Микрокредитбанк» марказий аппарат тузилмасида Микрокредитлар қайтарилишини ва улардан самарали фойдаланилишини назорат қилиш бўйича махсус мониторинг гуруҳи ташкил қилсин.
Қуйидагилар Мониторинг гуруҳининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
микрокредит маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини мунтазам равишда пухта таҳлил қилиш;
минтақавий бўлимларда микромолиялаштириш ишларини мувофиқлаштириш, бизнес-режа параметрларига мувофиқ кредит портфелининг ҳолати ҳамда микрокредитлар бўйича таъминланишнинг ҳолати мониторингини олиб бориш ва уларни холисона баҳолаш;
микрокредитларнинг қайтарилувчанлик даражасини ошириш, улар бўйича тўлов муддати ўтган қарздорликка йўл қўймаслик юзасидан зарур чора-тадбирлар кўриш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. «Микрокредитбанк»нинг Кузатувчи кенгаш ва Бошқаруви:
(4-банднинг биринчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 17 декабрдаги 273-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 51-сон, 501-модда)
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш ва банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия олиш учун зарур ҳужжатлар пакетини бир ҳафта муддатда тайёрласинлар ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига тақдим этсинлар;
банкка юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши заруриятидан келиб чиққан ҳолда, ўн кун муддатда банк ва унинг филиаллари тузилмасини ҳамда штатлар жадвалини ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар;
икки ой муддатда банк ходимларини тўлиқ аттестациядан ўтказсинлар;
банкнинг марказий аппаратини ҳамда унинг филиалларини банк бўлимларида ва микромолиялаш соҳасида иш тажрибасига эга бўлган юқори малакали мутахассислар билан таъминласинлар.
5. Белгилаб қўйилсинки, «Микрокредитбанк» бошқаруви раиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 17 апрелдаги 165–ф-сон фармойиши билан тузилган махсус комиссия томонидан «Тадбиркор» акциядорлик-тижорат банки мол-мулки комплекс хатловдан ўтказилганлиги, унинг филиаллари ва мини-банкларининг асбоб-анжомлар, ҳисоблаш техникаси ва алоқа воситалари билан таъминланиши ўрганилганлиги, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича таклифлар тайёрланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари уч ой муддатда «Микрокредитбанк»нинг, айниқса қишлоқ жойлардаги филиаллари ва мини-банкларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш юзасидан аниқ чора-тадбирларни амалга оширсинлар.
7. Ўзбекистон Банклар уюшмаси ва Банк-молия академияси 2006—2008 йиллар мобайнида ўқитиш учун тўлов ундирмасдан «Микрокредитбанк» мутахассислари учун микромолиялаштириш хизматлари бўйича махсус курслар ташкил этилишини таъминласинлар.
8. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Банклар уюшмаси, «Микрокредитбанк», Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, биринчи навбатда қишлоқ жойларда микрокредитлар бериш ва микролизинг хизматлари кўрсатиш тартиби, тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан касаначилик билан шуғулланувчилар, шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжалигида банд бўлганлар томонидан микрокредитлар олиш учун бизнес-режалар тайёрлаш бўйича доимий асосда семинарлар ва ўқув курслари ўтказилишини таъминласинлар.
9. «Микрокредитбанк» Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Матбуот ва ахборот агентлиги, Марказий банк, Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон Банклар уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда 2006-2007 йилларда оммавий ахборот воситаларида банк фаолиятини ва унинг кўрсатадиган хизматларини кенг ёритишга доир комплекс тадбирларни ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар, уларда республика оммавий ахборот воситаларида реклама материалларининг тўлов ундирмасдан эълон қилинишини назарда тутсинлар.
10. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсинлар.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Ф.М. Муллажонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2006 йил 6 май,
78-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
«Микрокредитбанк» акциядорлик-тижорат банки Кузатувчи кенгашнинг
(илова номи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 17 декабрдаги 273-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 51-сон, 501-модда)
ТАРКИБИ
| | | |
| Ашрафхонов Б.Б. | — | Молия вазирининг биринчи ўринбосари, Кенгаш раиси |
| Рофиев Қ.Т. | — | Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари, Кенгаш раисининг ўринбосари |
| Саидова Г.К. | — | Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитасининг раиси, Иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари |
| Хаитов А.А. | — | Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг биринчи ўринбосари |
| Шайхов А.Э. | — | Савдо-саноат палатаси раиси |
| Орипов Қ.Т. | — | «Асака» банки раисининг биринчи ўринбосари |
| Саидаҳмедов Ф. | — | «Ўзбекинвест» суғурта компаниясининг раиси |
| Сатторов Б.Ю. | — | «Сангзор парранда» хусусий корхонаси раҳбари (Жиззах вилояти, Ғаллаорол тумани) |
| Худойберганов Н.Д. | — | «Душамбой Иброҳим» фермер хўжалиги раҳбари (Хоразм вилояти, Шовот тумани) |
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Банк Бошқаруви кенгаши аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда банк Кузатувчи кенгаш таркибига уларнинг лавозимига янгидан тайинланган шахслар киритилади.
(изоҳ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 17 декабрдаги 273-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 51-сон, 501-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Микрокредитлар бериш ва микролизинг хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисида
низом
(2-илова номи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 17 декабрдаги 273-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 51-сон, 501-модда)
1. Ушбу Низом Фуқаролик кодексига, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 5 майдаги ПФ–3750-сон Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда «Микрокредитбанк» акциядорлик-тижорат банки (кейинги ўринларда банк деб аталади) томонидан кичик тадбиркорлик субъектларига, деҳқон ва фермер хўжаликларига (кейинги ўринларда тадбиркорлик субъектлари деб аталади) микрокредитлар бериш ва микролизинг хизматлари кўрсатиш тартибини белгилайди.
I. Умумий қоидалар
2. Тадбиркорлик субъектларига микрокредитлар бериш ва микролизинг хизматлари кўрсатиш хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, якка тартибдаги меҳнат фаолиятини, оилавий бизнесни ва касаначиликни ривожлантириш йўли билан янги иш ўринлари яратиш, аҳоли кенг қатламларининг, шу жумладан қишлоқ жойларда, молиявий ресурслардан фойдалана олишини таъминлаш мақсадида амалга оширилади.
Фойдаланиш йўналишларига кўра микрокредитлар:
бошланғич (старт) сармоясини шакллантириш учун;
бизнесни ривожлантиришга (кенгайтиришга) ва айланма маблағларни тўлдиришга берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Бошланғич (старт) сармоясини шакллантириш учун микрокредит йилига 3 фоиз ставка бўйича 18 ой муддатгача:
(3-банднинг биринчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 17 декабрдаги 273-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 51-сон, 501-модда)
энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваригача миқдорда — юридик шахс мақомига эга бўлмаган тадбиркорлик субъектлари учун;
энг кам ойлик иш ҳақининг 100 бараваригача миқдорда — микрофирмалар ва деҳқон хўжаликлари учун (юридик шахс мақомига эга бўлган);
Кейинги таҳрирга қаранг.
энг кам ойлик иш ҳақининг 200 бараваригача миқдорда — фермер хўжаликлари учун берилади.
Янги ташкил этилган кичик тадбиркорлик субъектларига микрокредит бошланғич (старт) сармоясини шакллантириш учун улар кредит олиш учун давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 6 ой мобайнида буюртма тақдим этилганда берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Микрокредитлар бизнесни ривожлантириш (кенгайтириш) ва айланма маблағларни тўлдириш учун кичик тадбиркорлик субъектларига (микрофирмалар, кичик корхоналар, деҳқон ва фермер хўжаликларига) Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизидан юқори бўлмаган фоиз ставкаси бўйича, 24 ой муддатгача, энг кам ойлик иш ҳақининг 500 бараваригача миқдорда берилади.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 17 декабрдаги 273-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 51-сон, 501-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Имтиёзли микролизинг бўйича хизматлар кичик бизнес субъектларига 3 йилгача муддатгача, йилига 5 фоиз даромад ставка бўйича, энг кам ойлик иш ҳақининг 2000 бараваригача миқдорда кўрсатилади.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 17 декабрдаги 273-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 51-сон, 501-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Микрокредитлар ва микролизинг:
илгари олинган кредитларни ёки бошқа ҳар қандай қарзларни тўлашга;
тамакичиликни ва алкоголли ичимликларни ишлаб чиқаришни ташкил этишга;
Олдинги таҳрирга қаранг.
лотереялар ташкил этишга берилмайди.
(6-банднинг тўртинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 16 августдаги 176-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 33-34-сон, 344-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
7. Микрокредитлар олиш учун ушбу Низомда назарда тутилган шартлар ва талаблар микролизинг хизматлари кўрсатишга ҳам татбиқ этилади. Микролизинг хизматлари кўрсатиш хусусиятлари қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 17 декабрдаги 273-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 51-сон, 501-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
II. Микрокредитларни расмийлаштириш тартиби
8. «Микрокредитбанк»ка мурожаат қилган тадбиркорлар кредит олгунгача «Микрокредитбанк» томонидан бепул ташкил этиладиган семинарларга юборилади. Бериладиган микрокредитлар ва кўрсатиладиган лизинг хизматлари турлари ва механизмлари, шунингдек бизнес-режа тузиш бўйича иккита базавий семинарда қатнашиш мажбурий ҳисобланади.
9. Қарз олувчилар микрокредит олиш учун банкка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:
микрокредит олиш учун буюртманома;
бизнес-режа, пул оқимлари прогнозини албатта кўрсатган ҳолда;
микрокредитнинг қайтарилиши таъминланиши билан боғлиқ ҳужжатлар, шу жумладан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлдирилган бухгалтерия ва молиявий ҳисоботлар маълумотлари.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. Тақдим этиладиган бизнес-режа микрокредит олиш учун буюртманома берилган санадан кўпи билан 60 кун олдин тузилган бўлиши керак.
11. Кредит берувчи банк ходими кредит ҳужжатларини олгач ва уларнинг тўлиқлигини текширгач буюртманомани махсус дафтарда рўйхатдан ўтказади, дафтарга тартиб рақами қўйилади, ип ўтказиб тикилади, банк муассасасининг раҳбари ва бош бухгалтери имзолари ҳамда думалоқ муҳр билан тасдиқланади.
Дафтарда буюртманома берган мижознинг номи, буюртманома берилган сана, сўралаётган микрокредит миқдори, микрокредит олишнинг мақсади, уни таъминлаш тури кўрсатилиши керак.
12. Буюртманома рўйхатдан ўтказилгандан кейин кредит берувчи банк ходими кейинги кундан кечикмай ҳужжатлар пакетини кўриб чиқиш учун банк муассасасининг кредит қўмитасига беради.
Кредит қўмитаси, шу жумладан жойига борган ҳолда, қарз олувчининг кредит буюртманомасини ва тўловга қодирлигини, шунингдек, микрокредит мақсадларининг фаолият характерига мувофиқлигини ўрганади. Кредит пакетини таҳлил қилиш, шунингдек, қарз олувчининг кредит тарихини ва унинг раҳбари обрўсини баҳолашга асосланади.
13. Кредит тарихини баҳолаш банк томонидан Марказий банкнинг Кредит ахбороти миллий институтидаги қарз олувчи тўғрисидаги мавжуд маълумотлар асосида амалга оширилади.
14. Кредит қўмитаси буюртманомани кўриб чиққандан кейин тегишли қарор чиқаради, қарор кредит қўмитаси раҳбари томонидан тасдиқланади. Микрокредит бериш тўғрисидаги ижобий қарор кредит қўмитаси аъзоларининг камида учдан икки қисми томонидан маъқулланиши керак. Кредит қўмитасининг ижобий қарори асосида қарз олувчи билан кредит шартномаси тузилади.
Айни бир вақтда кредит тўғрисидаги маълумотлар банкнинг берилган кредитлар тўғрисидаги ўз маълумотлар базасига ва Кредит ахбороти миллий институтига тушади.
15. Кредит қўмитаси томонидан салбий қарор қабул қилинган тақдирда қарз олувчи бу ҳақда рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда ёзма равишда хабардор қилинади.
Тадбиркорлик субъекти кредит қўмитаси қарори юзасидан судга белгиланган тартибда шикоят билдиришга ҳақлидир.
16. Микрокредит бериш тўғрисидаги қарор кредит қўмитаси томонидан банкка зарур ҳужжатлар илова қилинган ҳолда кредит буюртманомаси тушган кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида қабул қилинади.
17. Тадбиркорлик субъекти томонидан зарур даражада расмийлаштирилмаган ҳужжатлар тақдим этилганда ёхуд ҳужжатларда ишончсиз ёки нотўғри маълумотлар мавжуд бўлганда банк кўрсатилган муддат мобайнида ҳужжатларни аниқ мулоҳазалар рўйхатини ёзма шаклда баён қилган ҳолда пухта ишлаш учун қайтаришга ҳақлидир.
III. Микрокредитни таъминлаш
18. Микрокредитлар таъминланиш, шунингдек ишонч асосида берилади.
19. Мулк гарови микрокредитни таъминлашнинг асосий шакли бўлиб хизмат қилади. Ҳар қандай мулк, шу жумладан буюмлар ва «Гаров тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ мулкий ҳуқуқлар (талаблар) гаров предмети бўлиши мумкин.
Қарз олувчининг ўзи, шунингдек учинчи шахс ҳам гаров қўювчи бўлиши мумкин.
20. Кўчмас мулк гарови тўғрисидаги шартнома «Ергеодезкадастр» давлат қўмитасининг тегишли туман (шаҳар) хўжалик ҳисобидаги кадастр ва кўчмас мулк хизматида рўйхатдан ўтказилган бўлиши керак.
«Ергеодезкадастр» давлат қўмитасининг тегишли туман (шаҳар) хўжалик ҳисобидаги кадастр ва кўчмас мулк хизматлари мансабдор шахслари кўчмас мулк гаровидан бўш бўлмаган битишувларнинг рўйхатдан ўтказилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар, гаров тўғрисидаги олдинги шартномаларда тақиқланмаган кейинги гаровни назарда тутувчи гаров тўғрисидаги шартнома рўйхатдан ўтказиладиган ҳоллар бундан мустасно.
Кейинги таҳрирга қаранг.
21. Бериладиган микрокредит суммаси гаровга қўйилган мол-мулк қийматининг 80 фоизидан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Гаров буюмлари — транспорт воситалари ва кўчмас мулк объектлари — йўқотиш ва зиён етказилиши ҳодисаларидан қарз олувчи ҳисобига суғурта қилиниши керак.
22. Юқори ликвидликка эга бўлган қимматли қоғозлар ҳам гаров буюми бўлиши мумкин. Гаровга қўйилган қимматли қоғозлар тегишли шартнома билан расмийлаштирилади ва қарз тўлиқ қайтарилгунга қадар сақлаш учун банкка ўтказилиши керак.
23. Микрокредитни таъминлаш учун ликвидли товарлар, хорижий валюта ва гаров шаклида расмийлаштириладиган валюта бойликларининг бошқа турлари қабул қилиниши мумкин.
24. Банк фойдасига расмийлаштирилган учинчи шахсларнинг кафиллигидан қўшилган фоизлар ҳисобга олинган ҳолда қарз суммаси миқдорида микрокредитни таъминлаш сифатида фойдаланилиши мумкин. Фақат бенуқсон тўлов қобилиятли субъект обрўсига эга бўлган юридик шахслар кафолат берувчи бўлиши мумкин.
Кафиллик кафолат берувчининг молиявий ҳолати таҳлили асосида банк томонидан қабул қилиниши керак. Бюджет ташкилотлари кафолат берувчи бўлиши мумкин эмас.
Кафиллик шартномасига қуйидагилар илова қилиниши керак:
кафолат берувчининг банк ҳисоб рақами ҳолати тўғрисидаги маълумотнома;
кафолат берувчининг бошқа банклардаги барча ҳисоб рақамлари тўғрисида улардаги қолдиқ кўрсатилган маълумотнома;
кафолат берувчининг хизмат кўрсатувчи банкдан ссуда қарзи ва бошқа қарздорлиги йўқлиги тўғрисидаги маълумотнома.
Қарз олувчи ссуда қарздорлиги бўйича ўз мажбуриятларини ўз вақтида бажармаган тақдирда банк маблағларни кафолат берувчининг талаб қилиб олинадиган асосий депозит ҳисоб рақамидан акцептсиз тартибда ундириб олишга ҳақлидир.
25. Микрокредитлар фақат қониқарли кредит тарихига эга бўлган ва олдин олинган учта кредитни ўз вақтида тўлаган қарз олувчиларга ишонч асосида берилиши мумкин.
Кредит ишонч асосида берилганда бўлажак тўловлар бўйича таъминлаш сифатида қарз олувчилар томонидан кредит қийматининг 20 фоизигача миқдордаги суммада мажбурий жамғариладиган депозит жойлаштирилади, унга банк томонидан фоиз тўловлари қўшилади.
IV. Микрокредитни бериш ва қайтариш тартиби
26. Микрокредитлар нақд пулда ёки нақд пулсиз шаклда берилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
27. Микрокредитлар товар-моддий бойликлар, хизматлар ва ишлар учун тўлов топшириқномаларини нақд пулсиз шаклда тўлаган ҳолда алоҳида ссуда ҳисоб рақами очиш ёки банк кассаси орқали харажат далолатномаси бўйича нақд маблағ бериш йўли билан берилади.
Ссуда ҳисоб рақами, агар кредит шартномасида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, кредит шартномаси тузилган кундан бошлаб 2 иш куни мобайнида очилади.
28. Банк кредит суммасидан ва фоиз ставкасидан келиб чиқиб асосий қарз ва фоизларнинг бўлажак тўловлари суммасини кредитнинг бутун муддатига тенг тўловларда ҳисоблаб чиқади.
V. Микрокредитнинг ҳолати мониторинги ва ундан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш
29. Кредит шартномаси шартлари бажарилишини таъминлаш, олинган микрокредитдан қарз олувчи самарали фойдаланиши, микрокредитдан фойдаланишнинг бутун муддати давомида унинг ўз вақтида ва тўлиқ қайтарилиши мақсадида банкнинг масъул ходими томонидан мониторинг олиб борилади.
30. Банкнинг масъул ходими бизнес-режа параметрларига ҳамда гаровнинг ҳолатига мувофиқ микрокредитдан самарали ва мақсадли фойдаланилишини бир ойда камида бир марта текширади.
31. Мониторинг давомида масъул ходим қарз олувчи билан узлуксиз алоқа ўрнатади, жойнинг ўзида унинг режалари ва ниятларини ўрганади, шунингдек қарз олувчининг фаолиятидаги салбий тенденцияларни илк босқичида аниқлайди.
Олиб бориладиган мониторинг натижалари қарз олувчининг махсус шахсий ҳужжатлар тўпламида тизимлаштирилади.
32. «Микрокредитбанк»нинг минтақавий филиаллари берилган микрокредитлар, таъминлаш турлари, пул маблағлари ҳаракати жадваллари тўғрисидаги маълумотларни мунтазам равишда умумлаштирадилар ва «Микрокредитбанк»нинг микрокредитлари қайтарилиши ва улардан мақсадли фойдаланилиши устидан мониторинг олиб бориш гуруҳига (кейинги ўринларда матнда Мониторинг гуруҳи деб юритилади) ҳар ойда тақдим этади.
Мониторинг гуруҳи олинган маълумотлар асосида филиаллар ва минибанклар, шунингдек бериладиган микрокредитлар турлари бўйича кредит портфелининг ҳолатини пухта таҳлил қилади, қарздорлик динамикасини ва микрокредит маблағларидан самарали фойдаланилишини ўрганади.
Зарурият бўлганда Мониторинг гуруҳи бизнес-режа параметрларига мувофиқ жойига бориб филиалларнинг кредит портфели, микрокредитлар бўйича тақдим этилган таъминлашнинг ҳолати холисона баҳоланишини ташкил этади, шунингдек берилган кредитлар бўйича қайтаришнинг амалдаги ва прогноз даражасини баҳолайди.
33. Ўтказилган мониторинг ва ўрганишлар натижалари бўйича Мониторинг гуруҳи банкнинг кредит қўмитасига филиаллар ва минибанклар бўйича кредит бериш лимитларини белгилаш, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш, кредит портфели таркибини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади.
Мониторинг гуруҳи банк Бошқарувига микрокредитларнинг қайтарилиши даражасини ошириш, улар бўйича муддати ўтказиб юборилган қарздорликка йўл қўймаслик, шунингдек мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги юзасидан аниқ чора-тадбирлар тўғрисида мунтазам равишда таклифлар киритади.
34. Банк олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаётган қарз олувчига нисбатан банк кредит шартномаси шартларидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:
агар қарз олувчи банкнинг тавсияларини келишилган муддатларда бажармаса, унга санкция қўллаш тўғрисидаги огоҳлантириш билан бирга даъво хати юбориш;
асосий сумма ва кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар ўз вақтида тўланмаган, шунингдек кредитни кредит шартномасида белгиланган муддатда қайтариш истиқболи мавжуд бўлмаган тақдирда кредит бўйича қарздорлик қолдиғини муддатидан олдин, шу жумладан гаровга қўйилган мол-мулк ва бошқа мол-мулк ҳисобига ундириб олиш;
ҳисобга олиш ва бухгалтерия ҳисоби қоидалари қарз олувчи томонидан бузилиши ҳоллари аниқланган тақдирда кредит беришни тўхтатиб қўйиш ҳамда ҳисобга олиш ва ҳисобот бузилишининг сабаблари тўғрисида, уларни бартараф этиш чора-тадбирларини банкка тақдим этган ҳолда, ундан тушунтириш талаб қилиш.
35. Олинган микрокредитлардан қарз олувчилар томонидан бошқа мақсадда фойдаланилганлиги аниқланган тақдирда банк микрокредитнинг бошқа мақсадда фойдаланилган қисмини кредит шартномасида белгиланган тартибда қарз олувчининг талаб қилиб олинадиган депозит ҳисоб рақамидан муддатидан олдин ундириб олиш ва кредит шартномасида белгиланган миқдорда жарима ундириш ҳуқуқига эгадир.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 19-сон, 163-модда; 2007 й., 33-34-сон, 344-модда; 2008 й., 51-сон, 501-модда; 2010 й., 23-сон, 182-модда; 2017 й., 34-сон, 894-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 27.10.2018 й., 09/18/877/2113-сон; 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон; 15.04.2020 й., 09/20/217/0426-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 25.10.2022 й., 09/22/615/0953-сон)