Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Австрия Федерал Ҳукумати ўртасида
Битим
Дипломатик паспорт эгаларини виза талабларидан озод этиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари давлат реестрида 2026 йил 7 майда рўйхатга олинди, рўйхат рақами 4617-АТ-2026-Н]
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Австрия Федерал Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси ва Австрия Республикаси дипломатик паспорт эгалари учун киришни енгиллаштириш истагида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Визадан талабларидан озод этиш
Визадан талабларидан озод этиш
1. Амалдаги биометрик дипломатик паспортга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан Австрия Республикаси ҳудудига ёки 1985 йил 14 июндаги Умумий чегаралардаги назоратни босқичма-босқич бекор қилиш тўғрисидаги Шенген битимини амалга ошириш бўйича 1990 йил 19 июндаги Шенген конвенцияси татбиқ этиладиган бошқа давлат ҳудудига кирган кундан бошлаб ҳисобланадиган бир юз саксон (180) кунлик давр мобайнида тўқсон (90) кундан ошмайдиган муддатга Австрия Республикаси ҳудудига кириш учун виза олиш талаб этилмайди.
2. Амалдаги биометрик дипломатик паспортга эга бўлган Австрия Республикаси фуқароларидан кирган кундан бошлаб ҳисобланадиган бир юз саксон (180) кунлик давр мобайнида тўқсон (90) кундан ошмайдиган муддатга Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириш учун виза олиш талаб этилмайди.
2-модда
Кириш ва чиқиш шартлари
Кириш ва чиқиш шартлари
Ўзбекистон Республикаси ва Австрия Республикаси амалдаги биометрик дипломатик паспортларига эга шахслар бошқа Томон давлати ҳудудига ваколатли миграция органлари томонидан шу мақсад учун рухсат этилган исталган ўтиш пунктлари орқали киришлари ва чиқишлари мумкин, бунда фақат хавфсизлик, миграция, божхона, санитария ҳамда бундай паспорт эгалари учун қонуний равишда қўлланиладиган бошқа қоидалар билан белгиланган чекловлар бундан мустасно.
3-модда
Узоқ муддатли бўлиш ва меҳнат фаолияти
Узоқ муддатли бўлиш ва меҳнат фаолияти
Мазкур Битимнинг 1-моддаси қоидалари бошқа Томон давлати ҳудудида 1-моддада кўрсатилган муддатдан узоқроқ муддат қолишни ёки у ерда меҳнат фаолиятини амалга оширишни режалаштирган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.
4-модда
Имтиёз ва иммунитетларга эга фуқаролар
Имтиёз ва иммунитетларга эга фуқаролар
Халқаро ҳуқуққа мувофиқ имтиёз ва иммунитетлардан фойдаланадиган ҳамда қабул қилувчи давлат томонидан берилган тегишли идентификация картасига эга бўлган Томонлардан бирининг фуқаролари, ушбу идентификация картаси амал қилган даври мобайнида ва Ўзбекистон Республикаси ёки Австрия Республикасининг амалдаги биометрик дипломатик паспорти билан биргаликда тақдим этилган тақдирда, ушбу Томон давлати ҳудудида бўлиш ёки қайта кириш учун виза ёки яшаш рухсатномасини олишлари талаб этилмайди.
5-модда
Маълумот алмашинуви талаблари
Маълумот алмашинуви талаблари
1. Томонлар мазкур Битимнинг 1-моддасида назарда тутилган паспорт намуналарини Битим имзоланганидан кейин ўттиз (30) кун ичида дипломатик каналлар орқали алмашадилар ҳамда ҳар бир Томон янги ёки ўзгартирилган дипломатик паспорт намунасини бундай паспортлар чиқарилишидан камида ўттиз (30) кун олдин бошқа Томонга тақдим этади.
2. Томонлар паспорт бериш билан боғлиқ ўз миллий қонунчилиги ва норматив ҳужжатларидаги ҳар қандай ўзгаришлар тўғрисида бир-бирини тегишли тартибда хабардор этадилар.
3. Башарти Томонлардан бирининг фуқароси мазкур Битимнинг 1-моддасида назарда тутилган амалдаги дипломатик паспортини бошқа Томон давлати ҳудудида йўқотиб қўйса, у қабул қилувчи Томоннинг ваколатли органларига бу ҳақда хабар беради. Тегишли дипломатик ваколатхона ёки консуллик янги паспорт ёки йўл ҳужжатини беради ҳамда бу ҳақда қабул қилувчи Томоннинг ваколатли органларини хабардор қилади.
6-модда
Ҳуқуқлар ва мажбуриятлар
Ҳуқуқлар ва мажбуриятлар
1. Мазкур Битим Томонлардан бирининг фуқароларини бошқа Томоннинг чет эл фуқароларининг кириши, бўлиши ва чиқишига оид қонунлари ва қоидаларига риоя қилиш мажбуриятидан озод этмайди.
2. Томонларнинг ҳар бири номақбул деб топилган ёки жамоат тинчлиги, тартиби, соғлиги ёки миллий хавфсизлигига таҳдид солувчи шахсларнинг киришини рад этиш ёки уларнинг бўлиш муддатини қисқартириш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.
7-модда
Низоларни ҳал этиш
Низоларни ҳал этиш
Мазкур Битимни талқин қилиш ёки амалга ошириш билан боғлиқ юзага келадиган ҳар қандай келишмовчилик ёки низо Томонлар ўртасида бевосита маслаҳатлашувлар ёки музокаралар орқали дўстона ҳал этилади.
8-модда
Тўхтатиб туриш
Тўхтатиб туриш
1. Ҳар бир Томон жамоат тартиби, миллий хавфсизлик, жамоат соғлиғи, ҳужжатлар хавфсизлиги, бошқа Томон ҳудудидан ноқонуний миграциянинг сезиларли даражада ортиши ёки реадмиссия бўйича ҳамкорликнинг етарли эмаслиги сабабли ушбу Битимни тўлиқ ёки қисман вақтинча тўхтатиб туриши мумкин.
2. Мазкур Битимни тўхтатиб туриш ёки унинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида қарор қабул қилган Томон бу ҳақда дарҳол дипломатик каналлар орқали ёзма равишда бошқа Томонни хабардор қилади. Бундай қарор бошқа Томон тарафидан билдиришнома олинганидан кейин ўн тўрт (14) кун ўтгач кучга киради. Фавқулодда ҳолларда тўхтатиб туриш дарҳол кучга киради ва бошқа Томонга дарҳол, бироқ тўхтатиб туриш амалга оширилганидан кейин уч (3) кундан кечиктирмай, тўхтатиб туриш асослари кўрсатилган ҳолда маълум қилинади.
9-модда
Ўзгартиришлар
Ўзгартиришлар
Томонларнинг ўзаро розилиги билан мазкур Битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Бундай ўзгартиришлар ушбу Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланади ва 10-моддада назарда тутилган тартибда кучга киради.
10-модда
Кучга кириши ва тугатилиши
Кучга кириши ва тугатилиши
1. Мазкур Битим Томонлар дипломатик каналлар орқали унинг кучга кириши учун миллий қонунчиликларига мувофиқ зарур барча тартиб-таомиллар бажарилганлиги тўғрисида бир-бирини хабардор қилган ой тугаганидан кейинги иккинчи ойнинг биринчи кунидан бошлаб кучга киради. Сўнгги билдиришнома олинган сана ҳал қилувчи ҳисобланади.
2. Мазкур модданинг 1-бандига дахл қилмаган ҳолда, башарти Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Австрия Федерал Ҳукумати ўртасидаги миграция ва мобиллик бўйича шериклик тўғрисидаги Битимнинг кучга кириш санаси мазкур модданинг 1-бандида назарда тутилган санадан кейин бўлса, мазкур Битим фақат Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Австрия Федерал Ҳукумати ўртасида миграция ва мобиллик бўйича шериклик тўғрисидаги Битим кучга кирган санадан бошлаб кучга киради.
3. Ҳар бир Томон дипломатик каналлар орқали ёзма билдиришнома юбориш орқали ушбу Битимни исталган вақтда тугатиши мумкин. Бундай ҳолда Битим бошқа Томон тарафидан билдиришнома олинганидан уч (3) ой ўтгач ўз кучини йўқотади.
Тегишли тартибда ваколатланган қуйида имзо чекувчилар шунга гувоҳлик бериб, мазкур Битимни имзоладилар.
Тошкент шаҳрида, 2026 йил 7 май куни, икки асл нусхада, ўзбек, немис ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентик ҳисобланади. Талқинда тафовут юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)