ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ САНИТАРИЯ ҚОИДАЛАРИ ВА МЕЪЁРЛАРИ, ГИГИЕНА НОРМАТИВЛАРИ
Ўсмирлар учун оғирликларни қўлда кўтариш ва кўчиришда рухсат этилган максимал юкламалар
Ушбу санитария меъёрлари ўсмирлар томонидан оғир юкларни қўлда кўтариш ва кўчириш билан боғлиқ ишларни бажаришда оптимал меҳнат шароитларини таъминлаш, жисмоний ривожланиш ва соғлиқ ҳолатининг бузилишини олдини олиш мақсадида ўрнатилади.
Ушбу санитария меъёрлари ва қоидалари мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча корхоналар, ташкилотлар ва бирлашмалар ҳамда алоҳида шахслар томонидан бажарилиши шарт.
1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Санитария меъёрлари «Ўзбекистон Республикасининг Давлат санитария назорати тўғрисида»ги қонунини амалда жорий этишга қаратилган. Санитария меъёрлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўсмирлар меҳнатидан саноат ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида, қурилишда, маиший хизмат кўрсатишни ташкил этишда, савдода ва фаолиятнинг бошқа турларида фойдаланишда уларнинг меҳнат шароитлари устидан санитария назоратини амалга оширувчи барча ўқув муассасалари, ташкилотлар ва хўжаликлар (мулкчилик шаклидан қатъи назар), идоралар ва вазирликлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари учун мажбурийдир.
2. Ушбу санитария меъёрлари талабларини ишлаб чиқариш амалиётини ўқитиш тизимининг услубий ишланмаларида ҳисобга олиш лозим.
2. ЎСМИРЛАР УЧУН ОҒИРЛИКЛАРНИ КЎТАРИШ ВА КЎЧИРИШДА ЙЎЛ ҚЎЙИЛАДИГАН МАКСИМАЛ ЮКЛАМАЛАР НОРМАЛАРИ
3. 16 — 18 ёшли ўғил ва қиз ўсмирлар томонидан қуйида кўрсатилган меъёрлар доирасида оғир юкларни ташиш ёки кўчиришга, агар бу иш ўсмир бажарадиган доимий вазифа билан боғлиқ бўлса ва иш вақтининг учдан биридан ортиқ қисмини эгалламаса, рухсат берилади.
4. 18 ёшгача бўлган ўсмирларни фақат 4,1 кг дан ортиқ оғир юк ташишни ўз ичига олган ишларга жалб этиш тақиқланади.
5. 16 — 18 ёшли ўсмирлар учун кўтариладиган ва ташиладиган юкнинг оғирлиги: йигитлар учун 13 кг дан, қизлар учун 7 кг дан ошмаслиги керак (1-жадвалга қаранг).
6. 16 — 18 ёшли қиз ўсмирларнинг бир ғилдиракли аравачалар ва икки ғилдиракли аравалар ёрдамида оғир юкларни ташишига йўл қўйилмайди.
7. 16 — 18 ёшдаги ўғил ўсмирлар учун ҳар бир алоҳида ишчига оғир юкларни ташишнинг қуйидаги меъёрлари белгиланади:
а) бир ғилдиракли аравачада оғир юклар ташилганда, юкнинг чегаравий оғирлиги 39 кг дан ошмаслиги керак. Бунда фақат ғалтак тахталар бўйлаб ҳаракатланишга рухсат этилади ва юкнинг чегаравий кўтарилиши (яъни максимал кўтарилиш баландлигининг йўл узунлигига нисбати) 0,02 дан ошмаслиги лозим.
б) икки ғилдиракли аравада оғир юклар ташилганда, юкнинг чегаравий оғирлиги текис полда ҳаракатланганда ва чегаравий кўтарилиши 0,02 дан кўп бўлмаганда 94 кг дан, нотекис юзада ва тош йўлда ҳаракатланганда ҳамда чегаравий кўтарилиши 0,01 дан кўп бўлмаганда эса 47 кг дан ошмаслиги керак.
8. Уч ва тўрт ғилдиракли аравачаларда оғир юкларни кўчиришда юкнинг чекланган оғирлиги 16 — 18 ёшли ўсмирлар учун ўғил болаларга 67 кг, қиз болаларга 52 кг дан ошмаслиги керак. Бунда кўтариш даражаси 0,02 дан ошмаган ҳолда фақат текис полда ҳаракатланишга рухсат этилади.
9. Оғирликларни вагонеткаларда ташишда чегаравий оғирлик 16 — 18 ёшли ўсмирлар учун ўғил болаларга 405 кг, қиз болаларга 224 кг дан ошмаслиги керак. Фақат 0,01 дан ортиқ бўлмаган чегаравий кўтариш билан ҳаракатланишга рухсат этилади.
10. Ўн беш ёшга тўлган шахслар ота-онасидан бирининг ёки уларнинг ўрнини босувчи шахснинг ёзма розилиги билан ишга қабул қилиниши мумкин.
11. Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, ўрта махсус ўқув юртлари ўқувчиларини уларнинг соғлиғи ва ривожланишига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнига халақит бермайдиган енгил ишларни бажариш учун ўқишдан бўш вақтида — улар ўн тўрт ёшга тўлганларидан сўнг ота-онасидан бирининг ёки уларнинг ўрнини босувчи шахснинг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга рухсат берилади.
12. 14-15 ёшли ўсмирлар фақат истисно ҳоллардагина оғир юк кўтаришга қўйиладилар. Бунда 5-бандда санаб ўтилган барча оғирлик меъёрлари улар учун 2 баравар камайтирилади.
13. 14-15 ёшли ўсмирларга аравачалар, замбилғалтаклар ва вагонеткалар ёрдамида оғир юкларни ташишга рухсат берилмайди.
1-жадвал
16 — 18 ЁШЛИ ЎСМИРЛАР УЧУН ОҒИРЛИКЛАРНИ КЎТАРИШ ВА КЎЧИРИШНИНГ ЧЕГАРАВИЙ МЕЪЁРЛАРИ
Тури кўчириш | Чегаравий юк | Чегаравий кўтариш ва кўчириш шартлари | |
ўғил болалар | қиз болалар | ||
Қўлда | 13 гача | 7 гача | кўпи билан 0,01 |
Бир ғилдиракли замбилғалтак | 39 | қиз болаларга рухсат берилмайди | 0,02 дан ошмаган ҳолда ҳаракатланиш фақат каталка тахталарида рухсат этилади |
Икки ғилдиракли аравача | 94 | қизларга рухсат берилмайди | 0,02 дан ошмаган ҳолда текис полда ҳаракатланишга рухсат этилади |
47 | қизларга рухсат берилмайди | 0,01 дан ошмаган ҳолда нотекис ер ва тош йўлда ҳаракатланишга рухсат этилади | |
Уч ва тўрт ғилдиракли аравача | 67 | 52 | 0,02 дан ошмаган ҳолда фақат текис полда ҳаракатланишга рухсат берилади |
Вагонетка | 405 | 224 | 0,01 дан ошмаган ҳолда фақат рельсларда ҳаракатланишга рухсат этилади |
Изоҳ:
Барча оғирлик меъёрлари ташиш ёки кўчириш мосламаси билан бирга юк оғирлигини ўз ичига олади
* Чегаравий кўтарилиш — бу максимал кўтарилиш баландлигининг йўл узунлигига нисбати