Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг
буйруғи
ШНҚ 2.06.16-22 «Сунъий сув ҳавзалари учун полиэтилен плёнкадан фильтрацияга қарши мосламаларни лойиҳалаш ва қуриш бўйича қўлланма» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2026 йил 21 сентябрда ҳисобга олинди, ҳисоб рақами 414]
Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексига мувофиқ буюраман:
1. ШНҚ 2.06.16-22 «Сунъий сув ҳавзалари учун полиэтилен плёнкадан фильтрацияга қарши мосламаларни лойиҳалаш ва қуриш бўйича қўлланма» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига (ҳисоб рақами 117, 2022 йил 9 ноябрь) иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси билан келишилган.
3. Ушбу буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир Ш. ХИДОЯТОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 10 сентябрь,
01/2-35-сон
Келишилди:
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиснинг биринчи ўринбосари О. ҚУДРАТОВ
2026 йил 27 август
Фавқулодда вазиятлар вазири А. ИКРАМОВ
2026 йил 21 август
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси раҳбари С. ЭШҚУВВАТОВ
2026 йил 19 август
Сув хўжалиги вазири Ш. ХАМРАЕВ
2026 йил 19 август
Қишлоқ хўжалиги вазири И. АБДУРАХМОНОВ
2026 йил 18 август
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси Б. ЮСУПАЛИЕВ
2026 йил 18 август
Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг 2026 йил 10 сентябрдаги 01/2-35-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
ШНҚ 2.06.16-22 «Сунъий сув ҳавзалари учун полиэтилен плёнкадан фильтрацияга қарши мосламаларни лойиҳалаш ва қуриш бўйича қўлланма» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 1-бандда:
биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. Мазкур ШНҚда қуйидаги шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга ҳаволалар келтирилган:»;
иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«ШНҚ 2.06.05-21 Грунт материалларидан тўғонлар;».
2. 2-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«мембранали сув ҳовузи — туби ва қияликлари тўлиқ ёки қисман полиэтилен плёнка ёки геомембрана билан қопланган, сувни тўплаш ва сақлаш учун мўлжалланган сунъий сув ҳавзаси.».
3. 3-бандда:
«ҚМҚ 2.06.05» деган сўзлар «ШНҚ 2.06.05-21» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Мембранали сув ҳовузларининг лойиҳа ҳужжатларида одамларнинг сув ҳавзасига тасодифан тушиб кетиши ва чўкишининг олдини олиш мақсадида муҳандислик-техник хавфсизлик чоралари назарда тутилиши лозим.».
4. 5-банднинг бешинчи хатбошиси, 19-банд, 20-банднинг биринчи хатбошиси, 31-банд, 37-банднинг биринчи хатбошиси, 46 ҳамда 71-бандлардаги «ҚМҚ 2.06.05» деган сўзлар «ШНҚ 2.06.05-21» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
5. Қуйидаги мазмундаги 12-боб билан тўлдирилсин:
«12-боб. Сунъий сув ҳавзаларида фуқаролар ва хизмат кўрсатувчи ходимлар хавфсизлигини таъминлаш
139. Сунъий сув ҳавзаларини лойиҳалашда чўкиш хавфини баҳолаш учун ҳавзанинг чуқурлиги, сув сатҳининг ўзгариши, қияликларнинг тиклиги ва сирпанувчанлиги, геомембрана қопламасининг хусусиятлари, аҳоли пунктлари, турар жойлар, таълим ташкилотлари, автомобиль ва пиёда йўлларига яқинлиги, вояга етмаганлар ҳамда бегона шахсларнинг ҳудудга кириш эҳтимоли, сув олиш ва сув ташлаш қурилмалари, транспорт ҳаракати, тунги кўриниш, шунингдек қутқарув хизматларининг кириб келиш имконияти ҳисобга олиниши лозим.
140. Сунъий сув ҳавзалари, шу жумладан ҳовуз-тиндиргичлар бутун периметри бўйлаб ер сатҳидан баландлиги камида 1,3 м бўлган ва тирмашиб чиқиб бўлмайдиган узлуксиз ҳимоя тўсиғи билан ўралиши керак.
Ҳимоя тўсиғи иқлим ва эксплуатация таъсирларига бардошли (металл, темир-бетон ёки бошқа мос конструкциялардан) бўлиши зарур.
141. Сунъий сув ҳавзаси ҳудудига пиёдалар кириши учун мўлжалланган дарвозалар ўз-ўзидан ёпиладиган, ёпилганда автоматик маҳкамланадиган ва қулфлаш мосламаси билан жиҳозланган бўлиши лозим.
142. Сунъий сув ҳавзасининг кириш жойларида ҳамда периметри бўйлаб кўринадиган жойларда «Чўмилиш тақиқланади», «Чўкиш хавфи» ва «Бегона шахсларнинг кириши тақиқланади» мазмунидаги огоҳлантирувчи белгилар ўрнатилиши лозим.
Бунда белгилар ёруғлик қайтарувчи хусусиятга эга бўлиши, шунингдек уларда сунъий сув ҳавзасининг чуқурлиги ҳамда «112» ягона диспетчерлик хизмати рақами кўрсатилиши керак.
143. Ҳар бир фильтрацияга қарши плёнкали мослама қўлланилган сунъий сув ҳавзасида сувга тушиб кетган шахснинг мустақил равишда чиқишини таъминлайдиган чиқиш жойлари назарда тутилиши лозим.
Чиқиш жойлари текстурали геомембрана ёки унга мустаҳкам маҳкамланган сирпанишга қарши қоплама билан жиҳозланиши, зинапоя (арқонли нарвон) ёки қия йўлак ҳамда тутқичларга эга бўлиши керак.
Чиқиш жойлари сув сатҳининг ҳисобий энг паст ва энг юқори қийматлари оралиғида фойдаланиш имконини таъминлаши, хавфсиз майдонгача узлуксиз давом этиши ҳамда контраст рангли, ёруғлик қайтарувчи белгилар билан белгиланиши лозим.
Чиқиш жойлари орасидаги масофа сунъий сув ҳавзаси периметри бўйлаб 50 м дан ошмаслиги, улар сунъий сув ҳавзасининг камида икки турли томонида жойлаштирилиши керак.
144. Сув олиш қувурлари, насосларнинг сўриш қисмлари, сув ташлаш қурилмалари ва дренаж кириш қисмлари одамнинг тортиб кетиши, тиқилиб қолиши ёки сўрилишининг олдини оладиган ҳимоя панжаралари, тўрлар ёки бошқа тўсиқлар билан жиҳозланиши лозим.
Бундай тўсиқларни ўрнатиш техник жиҳатдан имконсиз бўлганда, тиқилиш аниқланганда насосни автоматик ўчирадиган тизим қўлланилиши керак.
145. Хизмат кўрсатиш майдончалари, кўприкчалар, йўлаклар, зинапоялар, шунингдек насос ва сув олиш қурилмаларига олиб борувчи йўллар сирпанишга қарши қопламага эга бўлиши лозим.
Қувурлар, кабеллар ва бошқа муҳандислик коммуникациялари ҳаракатланиш йўлакларига тўсқинлик қилмаслиги зарур.
Мазкур жойлардан қоронғи вақтда фойдаланиш назарда тутилганда ишчи ёритиш таъминланиши керак.
146. Сунъий сув ҳавзаси периметри бўйлаб қирғоққа маҳкамланган қутқарув ҳалқалари камида иккита жойда ўрнатилиши лозим.
Қутқарув ҳалқалари сунъий сув ҳавзасининг энг катта режавий ўлчамидан кам бўлмаган узунликдаги арқон билан жиҳозланиши керак.
Қутқарув ҳалқаларининг камида биттаси сув сатҳида, бевосита фойдаланиш мумкин бўлган жойда жойлаштирилиши лозим.».