Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ер ва кўчмас мулк муносабатларини тартибга солиш ҳолати юзасидан парламент сўрови юбориш тўғрисида
Ер ва кўчмас мулк муносабатларини тартибга солиш ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 12-моддасига ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ер ва кўчмас мулк муносабатларини тартибга солиш ҳолати юзасидан парламент сўрови иловага мувофиқ юборилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси парламент сўровида кўтарилган масалалар юзасидан қатъий назорат ўрнатсин ва якунлари бўйича 2026 йилнинг 1 декабрига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ёзма жавоб тақдим этсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси (Э. Гадоев) парламент сўровига келиб тушган жавобни таҳлил қилиб, 2027 йилнинг 1 февралига қадар Олий Мажлис Сенатининг Кенгашига ахборот киритсин.
4. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2026 йил 11 сентябрь,
СҚ-355-V-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2026 йил 11 сентябрдаги СҚ-355-V-сонли қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига
ПАРЛАМЕНТ СЎРОВИ
(ер ва кўчмас мулк муносабатларини тартибга солиш юзасидан)
(ер ва кўчмас мулк муносабатларини тартибга солиш юзасидан)
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси томонидан ер ва кўчмас мулк муносабатларини тартибга солиш соҳаси ўрганилди ва таҳлил қилинди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ер ва кўчмас мулк муносабатларини тартибга солиш, соҳани рақамлаштириш, давлат хизматлари кўрсатиш тизимини соддалаштириш ҳамда очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилган.
Хусусан, ўтган 5 йил давомида соҳани тартибга солишга оид 61 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат (Ўзбекистон Республикасининг 3 та қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10 та фармони ва 10 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 15 та қарори, шунингдек, 23 та ички идоравий ҳужжат) қабул қилинган.
2025 йилнинг ўзида кадастр соҳасида рақамли технологияларни жорий этиш ва ахборот тизимларини интеграция қилиш бўйича муҳим натижаларга эришилган. Жумладан, илгари алоҳида фаолият юритган «Давреестр», «Кўчмас мулк» ва «Кўчмас мулк-3» ахборот тизимлари ўрнига Жаҳон банки билан ҳамкорликда Кадастр ва кўчмас мулкларни рўйхатдан ўтказиш интеграциялаштирилган ахборот портали — UZKAD тизими ишга туширилган.
Шунингдек, кўчмас мулкка оид маълумотлар очиқлигини таъминлаш мақсадида «open.ngis.uz» миллий геоахборот портали ишга туширилиб, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш хизматларини Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон шаклда кўрсатиш йўлга қўйилган.
Ер ва кадастр назоратини рақамлаштириш орқали самарадорликни ошириш мақсадида «E-YER NAZORAT» автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилиб, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги ахборот тизимлари билан интеграция қилинган.
Бундан ташқари, 2,2 млн юридик ва жисмоний шахс фойдаланувида бўлган 41,8 млн гектар ер майдони давлат рўйхатидан ўтказилган. Ҳисобга олиш ишлари натижасида давлат рўйхатидан ўтказилмаган 181,7 мингта кўчмас мулк объекти ҳамда 2,3 мингта қўшимча қурилма аниқланган.
Ўтган 2025 йил давомида жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари асосида 1,1 миллиондан ортиқ кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилган.
Бугунги кунда республикадаги мавжуд 8,8 млн кўчмас мулк объектининг 6,2 миллионтаси давлат рўйхатидан ўтказилган бўлса, 2,6 миллионтаси ҳали рўйхатдан ўтказилмаган.
Шу билан бирга, таҳлиллар соҳада ўз ечимини кутаётган айрим масалалар ҳам мавжудлигини кўрсатди.
Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 10 декабрдаги ПФ-246-сонли Фармони билан кўчмас мулк объектларининг жойлашган жойидан келиб чиқиб, уларнинг бозор нархини белгилаш механизмини 2026 йил 1 февралгача жорий қилиш белгиланган бўлса-да, мазкур топшириқнинг ижроси бугунги кунга қадар таъминланмаган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги ПФ-22-сонли Фармонига мувофиқ стратегик инвесторларга лойиҳалар учун ер майдонларини ажратиш тизимини соддалаштириш, бунда инвесторлар учун ерни бозор қийматида тўғридан-тўғри ажратиш тартибини белгилашни назарда тутувчи тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилмаган (муддат: 2026 йил 1 март).
Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал ва Халқ қабулхоналарига 2025 йилда Кадастр агентлиги ваколати доирасидаги масалалар бўйича жами 29 мингта мурожаат келиб тушган.
Ҳудудлар кесимида энг кўп мурожаатлар Қашқадарё (3,2 мингта), Сурхондарё (3,1 мингта), Тошкент (3 мингта), Самарқанд (2,8 мингта) вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри (2,9 мингта) ҳиссасига тўғри келади.
Таҳлилларга кўра мурожаатларнинг асосий қисми кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш (10,5 мингта), кадастр маълумотлар базаси билан боғлиқ масалалар (6,3 мингта), шунингдек, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва улардан қонунга зид равишда фойдаланиш ҳолатлари (3,1 мингта) билан боғлиқ бўлиб, жами мурожаатларнинг 68,6 фоизини ташкил этган.
Жорий йилнинг дастлабки олти ойида эса мазкур масалалар юзасидан 12,7 мингта мурожаат қайд этилган.
Шунингдек, Кадастр агентлиги ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норозилик билдирилган мурожаатлар сони 2025 йилда 2,5 мингтани ташкил этган.
Ҳудудлар кесимида энг кўп мурожаатлар Тошкент шаҳри (371 та) ҳамда Қашқадарё (370 та), Тошкент (319 та) ва Сурхондарё (252 та) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.
Учинчидан, Ўзбекистон Республикасининг «Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида»ги Қонуни ижроси ва кўчмас мулк билан боғлиқ давлат хизматларини кўрсатиш амалиёти ўрганилганда 2025 йилда кадастр органлари томонидан 30,2 мингта қонун бузилиши ҳолатига йўл қўйилган.
Шундан 20,9 мингта ҳолатда хизмат кўрсатишни асоссиз рад этишга йўл қўйилган, 8,9 мингтасида давлат хизматларини кўрсатиш муддатлари бузилган, 46 тасида фуқаролардан ортиқча ҳужжатлар талаб қилинган ва 251 та ҳолатда бошқа турдаги қонунбузарликлар содир этилган.
Шунингдек, Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармалари томонидан 96 та ҳолатда кадастр ҳужжатлари қонун талабларига зид равишда расмийлаштирилган.
Тўртинчидан, 2025 йил ҳамда жорий йилнинг ўтган даврида Кадастр агентлиги ва унинг қуйи тизим ташкилотлари фаолиятида аниқланган қонун бузилишлар юзасидан 86 та жиноят иши қўзғатилган.
Ҳудудлар кесимида энг кўп ҳолат Тошкент (13 та), Сурхондарё (10 та), Андижон (9 та), Қашқадарё, Наманган (8 тадан) ва Самарқанд (7 та) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.
Қўзғатилган жиноят ишлари таркибида фирибгарлик ва пора бериш билан боғлиқ жиноятлар 68 тани, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда пора олиш 12 тани, ҳокимият ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш 4 тани ҳамда мансаб сохтакорлиги ва ҳужжатларни қалбакилаштириш 2 тани ташкил этади.
ЭЪтиборлиси, жиноятларнинг 63 таси Кадастр агентлигининг вилоят ва туман бўлинмалари мансабдор шахслари томонидан содир этилган.
Бешинчидан, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги 200-сонли қарори билан тасдиқланган Бино ва иншоотларнинг ихтисослашишини ўзгартириш, қайта қуриш, реконструкция қилиш ҳамда ўз ҳудудида қўшимча бино ва иншоотларни қуришни лойиҳалаштиришга рухсатнома бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламент талабларига етарлича риоя этилмаётгани ҳамда нотурар жойлар учун мол-мулк солиғи турар жойларга нисбатан бир неча баробар кўп бўлгани сабабли жисмоний шахслар томонидан нотурар жойларни турар жой тоифасига ўзгартириш ҳолатлари ортиб бормоқда.
Хусусан, 2022 йилдан бугунги кунга қадар 4,9 мингта турар жой нотурар объектга ўзгартирилган бўлса, шу даврда 15,6 мингта (3 баробар кўп) нотурар объект турар жой тоифасига ўтказилган. Уларнинг аксариятини расмийлаштиришда нотурар жойни турар жойга қайта ихтисослаштиришнинг белгиланган талаб ва шартларига риоя этилмаган, натижада солиқ базаси камайиб кетган.
Масалан, Уйчи тумани «Обод» МФЙ Мустақиллик кўчасида 4 минг м2 ер майдонида жойлашган майдони 1 минг м2 бўлган молхона турар жой тоифасига ўтказилганлиги ҳисобига иш ўрни яратиш имконияти йўқотилган ва маҳаллий бюджетга ҳам мазкур объектдан солиқ тушумлари 17 бараварга камайиб кетган.
Қибрай тумани «Шалола» МФЙ Зебо кўчасидаги «EKSKAM-SERVIS» МЧЖ томонидан омборхона сифатида фойдаланиб келинаётган майдони 504,9 м2 нотурар объектни турар жой тоифасига ўтказишга рухсатнома берилган ва маҳаллий бюджетга мазкур объектдан солиқ тушумлари 13 бараварга камайган.
Олтинчидан, Кадастр агентлиги тизимида ички назорат механизмлари, шу жумладан, коррупциянинг олдини олиш ва меҳнат интизомини таъминлаш борасида кўрилаётган чораларга қарамасдан қонунчилик талабларига риоя этилмаслик ҳамда мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ ҳолатлар сақланиб қолмоқда.
Жумладан, республика судлари томонидан 2025 йилда кадастр идоралари мансабдор шахсларининг қарорларини ҳақиқий эмас деб эътироф этишга, уларнинг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлигини қонунга хилоф деб топишга доир 3 мингдан ортиқ низолар кўриб чиқилган.
Шунингдек, Кадастр агентлиги томонидан айрим ҳолларда судларга ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларни қайтариш билан боғлиқ даъво аризалари етарли ҳуқуқий асосларсиз киритилган.
Судлар томонидан 2024-2025 йиллар ва 2026 йилнинг ўтган 6 ойида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерларни қайтариш билан боғлиқ 31,5 мингта иш кўриб чиқилган бўлиб, шундан 6,1 мингта иш бўйича даъволар қаноатлантирилмаган (2,6 мингтаси рад этилган, 3,2 мингтаси кўрилмасдан қолдирилган, 341 таси бўйича иш юритиш тугатилган).
Кадастр органлари ва уларнинг мансабдор шахслари устидан судларга мурожаатлар сонининг юқорилиги қарор қабул қилиш жараёнларида қонунчилик талабларига тўлиқ риоя этилмаётганини, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари бузилишига оид ҳолатлар сақланиб қолаётганини кўрсатади.
Ўтган 2025 йилда энг юқори кўрсаткичлар Тошкент (451 та), Самарқанд (356 та), Хоразм (309 та), Фарғона (245 та), Наманган (64 та) вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида (245 та) қайд этилган.
2026 йилнинг дастлабки олти ойида 1 300 та низо кўриб чиқилган бўлиб, ушбу даврда ҳам энг кўп ҳолатлар мазкур ҳудудларда кузатилган.
Мамлакатимизда коррупциявий хавфларни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, тизимда коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳамон учрамоқда.
Хусусан, Кадастр агентлиги тизимининг 2025 йилда 82 нафар, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида эса 30 нафар ходимига нисбатан коррупциявий ҳолатлар билан боғлиқ жиноят ишлари қўзғатилган.
Еттинчидан, жорий йилнинг биринчи ярмида кадастр хизматларидан фойдаланиш бўйича 1 млн.дан ортиқ ариза келиб тушган бўлса, уларнинг 330 мингтаси ёки 30 фоизи рад этилган. Яъни, амалда ҳар учта аризадан биттаси қаноатлантирилмаган.
Бундай ҳолатлар фуқароларнинг ортиқча вақт ва маблағ сарфлашига, масаласини ҳал қилиш учун яна бошқа идора ёки шахсларга мурожаат этишига сабаб бўлиб, коррупциявий хавфларни ҳам кучайтирмоқда.
Хизматларни рақамлаштириш жараёнида барча қарорларни марказлашган тартибда қабул қилиш амалиёти шакллангани ҳам аҳоли учун ортиқча тўсиқларни юзага келтирмоқда.
Хусусан, нотурар объект тоифасини ўзгартириш учун вилоят ва республика даражасидаги ташкилотлар розилиги талаб қилинмоқда. Битта масалани ҳал қилиш учун фуқаролардан бир неча марта ариза топшириш ва ҳар бир ариза учун алоҳида тўлов қилиш зарур бўлади.
Масалан, битта ҳовлини ака-ука ўртасида бўлиш учун тўртта, битта меросни уч қисмга ажратиш учун эса олтита ариза талаб қилинади. Битта ариза туман, вилоят ва республика даражасида 30 — 50 та босқичда кўриб чиқилиб, жараён ўртача 15 — 20 кунгача чўзилмоқда.
Саккизинчидан, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш бўйича ҳам ишлар айрим ҳудудларда етарли даражада ташкил қилинмаган.
Хусусан, Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармалари томонидан Навоий вилоятидаги 204,1 мингта объектнинг атиги 44,4 мингтаси ёки 21,7 фоизи, Хоразм вилоятида эса 437,5 мингта объектнинг 127,6 мингтаси ёки 29,2 фоизи хатловдан ўтказилган.
Шу билан бирга, Хоразм вилоятида 2,4 мингта, Навоий вилоятида 148 та объект ҳалигача Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш ахборот портали — «ЭЪтироф» тизимига киритилмаган.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш жараёнида «Маҳалла еттилиги»нинг фаолияти ҳам талабга жавоб бермайди, улар томонидан фаоллик етишмайди.
Тарғибот ишларини айнан «маҳалла еттилиги» орқали «хонадонбай» тарзда олиб бориш аҳолининг қонунга бўлган ишончини оширади ва уларни қонунийлаштириш жараёнида фаол иштирок этишга ундайди.
Юқоридагиларни инобатга олиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Конституциявий Қонуннинг 12-моддаси ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати:
кўчмас мулк объектларининг бозор қийматини белгилаш механизмларини жорий этиш ҳамда стратегик инвесторларга ер участкаларини ажратиш тартибини соддалаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш;
аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган кадастр хизматлари сифатини ошириш, мурожаатлар ҳамда асосли эътирозлар сонини қисқартириш, давлат хизматларини кўрсатишда қонунчилик талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш, асоссиз рад этиш, белгиланган муддатларни бузиш ва ортиқча ҳужжат талаб қилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан таъсирчан чоралар кўриш;
тизимда коррупциянинг олдини олиш, ички назорат ва комплаенс тизими самарадорлигини ошириш, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, пора олиш ва фирибгарлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шунингдек, судлар томонидан қонунга хилоф деб топилаётган қарорлар ҳамда мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) сонини камайтириш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш;
ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш ишларини жадаллаштириш;
ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар эътироф этилгандан сўнг, уларни алоҳида ариза талаб этмаган ҳолда автоматик тарзда «UZKAD» тизимида давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини жорий этиш;
«маҳалла еттилиги»ни ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш жараёнига жалб этиш ва аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш;
нотурар жойларни турар жой тоифасига қайта ихтисослаштириш бўйича белгиланган талаб ва шартларга риоя этилмаган ҳолда қабул қилинган қарорларни бекор қилиш юзасидан тегишли чоралар кўриш ҳамда бундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган таъсирчан ва самарали назорат механизмларини жорий этиш;
кадастр органлари фаолиятида қонунчилик талабларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, қарор қабул қилиш жараёнларининг қонунийлиги ва асослилиги устидан ички назорат механизмларини кучайтириш ҳамда судларда низолар сони юқори бўлиб қолаётган ҳудудлар фаолиятини танқидий таҳлил қилиш;
ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш ишларини жадаллаштириш, хатловдан ўтказиш кўрсаткичлари паст бўлган ҳудудлар фаолиятини танқидий таҳлил қилиш ҳамда судларга асоссиз даъво аризалари киритилишига йўл қўймаслик юзасидан кўрилаётган чоралар ва юқорида қайд этилган бошқа масалалар бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарингизни баён қилиш талаби қўйилган.
ПАРЛАМЕНТ СЎРОВИ
билан мурожаат этади ҳамда жавобингиз Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама этилиб, унинг якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилиниши маълум қилинади.